Ўзбекистон: “Буханка” нон қимматлашди, инфляция 11 фоизга етди, энди газ-свет нархи ҳам ошадими? Янгиликлар O'zbekiston Yangiliklar

Тошкентда қолипли нон нархи 2 800 сўмга чиқди;
Йиллик инфляция кўрсаткичи 11 фоизга етди;
Газ ва свет нархи оширилиши зарурлиги айтилди;
Самарқанддаги тўйда оммавий заҳарланиш юз берди;
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Чегарадаги махфий туннель ва январдаги блэкоут туфайли истеъмолчиларга 5,7 миллиард сўм қайтарилди – янгиликлар
- Ўзбекистон: Конституцияни ким ва нега ўзгартирмоқчи? Мирзиёв нима истайди? Видео
- Ўзбекистон: Конституция ислоҳотига Акмал Саидов бошчилик қилади ва Толибон нега электрдан қарзини тўлолмаяпти? – янгиликлар
- Ўзбекистон: ИИВ эркакларнинг соқолини олишни қачон тўхтатади, соқолли британиялик нима қилган бўларди?
Қимматлашган "буханка"
1 июндан Тошкентда "буханка" нони нархи 2 800 сўмга чиққан.
Бунга қадар у, ўртача, 1 600 сўмдан сотилиб келинаётган эди.
30 май куни Молия вазирлиги департамент мудири Тўлқин Мирзаев ёпган нон нархининг ошишига унинг барча турлари импорт қилинган ундан тайёрланиши сабаб экани ҳақида гапирган эди.

Сурат манбаси, Social media
Шунингдек, Мирзаев қолипли нон ёки "буханка" нархи 2800 сўмдан ошиб кетмаслиги, "уннинг нархидан фойда кўрмоқчи бўлган шахсларга чора кўрилиши"ни таъкидлаган эди.
Бир вақтнинг ўзида, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга импорт қилинган буғдойнинг нархи, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан, 128,7 фоиз, ун нархи эса 141,2 фоиз қимматлаганини маълум қилган.
11 фоизлик инфляция
Май ойида йиллик инфляция ўтган йилнинг август ойидан бери биринчи мартда 11 фоизлик кўрсаткичга қайтди, дея хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси.
Маълум қилинишича, ўтган ойда ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,3 фоиз, озиқ-овқатлар 1,2 фоиз ва хизматлар 0,4 фоизга қимматлаган.
Май ойида ойлик инфляция даражаси 1 фоизни ташкил этган.
Ой давомида озиқ-овқатлардан ун (9,6 фоиз), пиёз (8,9 фоиз), сабзи (7,2 фоиз) ва шакар (4,3 фоиз) энг юқори даражада қимматлаган.
Украина уруши садоси
Расмийлар нарх-наво ошишига, асосан, Украинадаги уруш туфайли Ғарбнинг Россия ва Беларусга қарши қўллаётган санкциялари боис жаҳонда озиқ-овқат нархлари ҳамда логистика тарифлари қимматлашиши сабаб бўлаётганини билдирмоқда.
Шундай бир манзарада - 31 май куни йиғилиш ўтказган Президент Шавкат Мирзиёев "нархларни сунъий ушлаб туриб, бу масалада кўзбўямачилик ёки ура-урачиликка йўл қўйиб бўлмаслиги" ҳақида гапирган.
Президент ўтказган йиғилишда аҳолини озиқ-овқат билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 2023 йил 1 январига қадар гўшт, балиқ, сут, мева, ўсимлик ёғи каби 22 турдаги истеъмол ва озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божларидан озод этилиши юзасидан қарор қабул қилинган.
1 июндан бошлаб эса пахта, кунгабоқар ёғи ва уруғи ҳамда бошқа ёғ ўсимликлари уруғлари ва меваларини экспорт қилиш вақтинча тақиқланган.
Газ ва светга "ижтимоий норма"

"Газ ва электр энергия нархининг "ижтимоий норма" асосида оширилиши энергетика тизимини соғломлаштириш учун зарурий қадам ва якунда таъминот ҳозиргидан нисбатан яхшиланади".
Бу ҳақда 31 май куни Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев гапирган.
Бундан аввал электр энергияси ва газ истеъмоли учун нархларни "ижтимоий норма" асосида белгилаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.
Лойиҳада нархларни 1 июлдан ошириш кўзда тутилган.
Унда аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмолини ойига 250 кВт соатгача - 325 сўм, ундан юқори ҳар 1 кВт соат учун 650 сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, аҳоли учун 1 куб метр табиий газ истеъмолини ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача — 410 сўм, бундан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1 200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача — 410 сўм, ундан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1 200 сўм этиб белгилаш кўзда тутилмоқда.
Эслатма ўрнида, электр энергиянинг ҳозирги нархи 295 сўм бўлса, табиий газ нархи эса 380 сўм.
31 май кунги брифингда Умид Обидхўжаев энергетика соҳасига субсидия тўлашда давом этиш нормал ҳолат эмаслиги, бу маблағларни муҳимроқ бўлган бошқа соҳаларга йўналтириш кераклиги ҳақида гапирган.
У тарифлар қимматлашишини соҳани соғломлаштириш учун зарур "аччиқ дори"га ўхшатган.
"Шу нарсадан ўтишимиз керак. Натижада таъминот ҳозирги ҳолатга нисбатан яхшиланади. Кирим бўлмаса, чиқим ҳам бўлмайди-ку. Тизимни яхшилаш учун қаердандир оқим керак. Одамларга тарифларни нисбатан енгилроқ қилайлик, солиқларни оширмайлик деб, хорижий инвесторларни жалб қилмоқчи бўлсак ҳам, ҳамма нарса бориб ҳозирги тарифларга тақалади. Даромад йўқ бўлса, ҳеч қайси инвестор бу соҳага кирмайди", - деган Обидхўжаев.
Самарқандда оммавий заҳарланиш

Сурат манбаси, BBC/illyustrativ tasvir
Самарқанд шаҳрида ўтказилган хатна тўйида қатнашган 19 инсон овқатдан заҳарланиш ташхиси билан даволанмоқда.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Самарқанддаги ресторанда ўтган тўйда 200 инсон заҳарлангани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.
Вилоят ИИБ ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги, шифохонага мурожаат қилган 14 инсон соғлиги қониқарли эканлиги сабабли амбулатор шароитда даволанишга юборилгани ва яна 5 инсон шифохонада даволанаётганини билдирган.
Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси тўйда 350 нафарга яқин инсон қатнашгани, соғлиги ёмонлашган инсонлар муаммоси тўйда истеъмол қилинган гўштли ассорти маҳсулотлари билан боғлиқлиги аниқланганини маълум қилган.
Расмийлар барча беморлар ҳолати ижобий томонга ўзгаргани, тўйхонада эса белгиланган тартибда текширув ўтказилишини қўшимча қилганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















