Ўзбекистон: Чегарадаги махфий туннель ва январдаги блэкоут туфайли истеъмолчиларга 5,7 миллиард сўм қайтарилди – O'zbekiston, yangiliklar

saidov

Сурат манбаси, Taraqqiyot strategiyasi markazi

  • Акмал Саидов яна Конституциявий ислоҳот ҳақида гапирди;
  • Қирғизистон билан чегарада махфий туннель топилди;
  • Блэкоут сабаб истеъмолчиларга 5,7 миллиард сўм қайтарилди;
  • Ўзбекистон россияликлар танлаётган энг оммабоп манзиллардан бирига айланди;
  • 2020 йилдан буён ис газидан 366 инсон ҳалок бўлгани айтилди;

Ислоҳотлар шарпаси

Ўзбекистонда старт берилган Конституцияга ўзгартириш киритиш жараёнига бош-қош бўлувчи комиссия раҳбарига айланган Акмал Саидов ушбу ислоҳот нега ҳозирги кунда зарур бўлиб қолгани ҳақида гапирган.

"Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг "Коммунистик партия манифести" биринчи жумласи "Европада коммунизм шарпаси кезиб юрибди", деган сўз билан бошланган. Мен шуни сал бошқачароқ қилиб, ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди, демоқчиман", дея Акмал Саидовнинг 24 май кунги тадбирдаги сўзларидан иқтибос келтирган Kun.uz нашри.

Конституциявий комиссия раҳбари бугунги кунда бирор давлатда "ўзгартириш киритилмаган конституция" қолмаганини таъкидлаган.

Алоқадор мавзулар:

Май ойининг ўртасида "Миллий тикланиш" ва ЎзЛиДеП фракциялари Конституцияга ўзгартириш киритиш жараёнини бошлаган ва 20 май куни ушбу масала юзасидан Конституциявий комиссия тузилган эди.

Комиссияга Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Акмал Саидов раислик қилиши эълон қилинган.

Кузатувчилар Конституцияни ўзгартиришга ҳаракатлар амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бош қомус бўйича сўнгги президентлик муддати даврига тўғри келаётганига эътибор қаратганлар.

Тармоқдаги муҳокамаларда айни дамда Конституцияни ўзгартиришга эҳтиёж қанчалик юқори экани савол остига олинган.

Махфий туннель

tunnel

Сурат манбаси, Kaktus media

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув туманида Ўзбекистон билан боғловчи махфий туннель топилган, дея хабар бермоқда Кактус Медиа нашри Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига асосланиб.

Хабарга кўра, 15 метр чуқурликда жойлашган, узунлиги 270 метр бўлган туннель орқали икки мамлакат ҳудудига бемалол ўтиш мумкин.

Бироқ хабарда туннелдан қандай мақсадда фойдаланилганига ойдинлик киритилмаган.

Туннель топилган ер майдони эгаси руҳий касалликлар шифохонасида даволанаётгани ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси айни вақтда ашёвий далилларни олиб қўяётгани маълум қилинган.

Блэкоут ва 5,7 миллиард сўм

blackout

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Январь ойи охирида бутун мамлакат ҳудудида электр таъминоти узилиши ортидан иссиқлик таъминоти етказиб берилмаган истеъмолчиларга 5,7 миллиард сўм қайтариб берилган.

23 май куни ўтган брифингда бу ҳақда маълум қилган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги матбуот котиби Моҳрухсор Тоғаева Тошкент шаҳрида 4,5 миллиард сўм, республиканинг 9 ҳудудида эса 1,2 миллиард сўм миқдоридаги ортиқча олинган маблағлар истеъмолчиларга қайтарилганини тилга олган.

25 январь куни кузатилган блэкоут ортидан мамлакатда ижтимоий объектлар, вокзаллар, аэропортлар, электр станциялари, табиий газ қазиб олиш конлари ва етказиб берувчи линиялар фаолияти тўхтаб қолган ҳамда энергия таъминотини тиклашга тўрт кун вақт кетган эди.

Бир томонлама чипталар

plane

Сурат манбаси, Reuters

Ўзбекистон Украинада бошланган урушдан сўнг россияликлар бир томонлама авиачипта харид қилаётган энг оммабоп манзиллардан бирига айланган.

РБК нашрининг хабар беришича, уруш ортидан Россияда харид қилинган бир томонлама авиачипталар улуши 70 фоизга етган.

2019 йилда эса бундай чипталар буюртмаларнинг учдан бир қисмини ташкил қилган, холос.

Украинага ҳужум бошланганидан кейин ўн минглаб дастурчилар, маркетологлар, менежерлар каби замонавий касблар эгалари Ғарб санкциялари таъсири, расмий Москванинг кескинлашган сиёсати ва бошқа омиллар туфайли Россияни тарк этишга қарор қилган.

РБКнинг ёзишича, март-апрель ойларида бир томонлама чипталар харид қилган россияликлар танлаган манзиллар орасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Исроил, Озарбайжон каби давлатлар энг оммабоп бўлган.

Ис гази қурбонлари

gas

Сурат манбаси, FVV

Ўзбекистонда 2020 йилдан жорий йилнинг шу вақтига қадар 366 нафар инсон ис гази қурбонига айланган ва 307 инсон турли даражада жароҳатланган.

Бу ҳақда 24 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинган.

"Истеъмолчиларда табиий ва суюлтирилган газ ҳамда муқобил турдаги ёқилғидан фойдаланишда хавфсизлик маданиятининг шаклланмаганлиги, газда ишловчи қурилмаларнинг дудбурон ва шамоллатиш каналлари соз ҳолатда эмаслиги, сифатли тозаланмаганлиги ва белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилмаётганлиги ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳамон кўплигича қолишига асосий сабабларидан бири бўлмоқда", дейилади Сенат хабарида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek