Ўзбекистон: Конституция ислоҳотига Акмал Саидов бошчилик қилади ва Толибон нега электрдан қарзини тўлолмаяпти? – янгиликлар, O'zbekiston,

Сурат манбаси, Daryo.uz
- Конституцияни ўзгартириш бўйича комиссия тузилди;
- Кушербаев Twitter'ни блокдан чиқарилиши юзасидан сўров юборди;
- Хитой бераётган кредитлар сиёсий жиҳатдан хавфсизми?
- Толибон электр бўйича қарзини тўлай олмаётгани сабабини айтди
Конституциявий комиссия
Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ишларига бош-қош бўлувчи комиссия тузилди, дея хабар қилмоқда Daryo.uz.
20 май куни Олий Мажлис палаталари кенгашлари қўшма мажлисида тузилган комиссияга Акмал Саидов раис этиб тайинланган.
Қуйи палата спикери биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидовга эса ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов, "Миллий тикланиш" фракцияси раҳбари Алишер Қодиров, Қорақалпоғистон Жўқори Кенгеси раиси Мурод Камолов ҳамда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов ўринбосарлар ўлароқ тасдиқланган.
Шунингдек, комиссиянинг таркибига депутатлар, сенаторлар, барча ҳудудлардан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос, сиёсатшунос ва бошқа экспертлар киритилгани хабар қилинган.
Маълумот ўрнида - 16 май куни ЎзЛиДеП фракцияси мамлакат Бош қомусига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиққан.
Ушбу таклиф ўзининг сўнгги президентлик муддатини ўташга киришган Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги сўзларидан олти ой ўтиб янграган.
Блокдан чиқариш сўрови

Сурат манбаси, Telegram/Rasul Kusherbayev
Депутат Расул Кушербаев "Ўзкомзанорат" бошлиғига Twitter блокланишига оид сўров йўллаганини хабар қилган.
Кушербаев ўз депутатлик сўровида ижтимоий тармоқ блокланишини асослантирилган ҳолда тушунтириб бериш ва тармоқдан чекловни олиб ташлаш чораларини кўриш масаласини кўтаргани ҳақида ёзган.
"Фикримча, бу каби чекловлар ижобий натижадан кўра, кўпроқ салбий оқибат келтириб чиқармоқда. Чунки фойдаланувчилар Интернетдаги "блок"ларни айланиб ўтиш мақсадида турли VPN дастурларидан фойдаланиш ортидан бошқа хавфли ва таъқиқланган манбалардан ҳам фойдаланишга ўтиб, каттароқ ҳуқуқбузарликларга йўл қўйишмоқда", ёзган у ўзининг Telegram каналида.
Ўтган йилнинг июль ойи бошида Ўзбекистонда TikTok, VКontakte ижтимоий тармоқлари билан бир қаторда Twitter'дан фойдаланиш чеклаб қўйилган эди.
Кейинроқ чеклов сабаблари "фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг қонуний талаблари бузилганлиги" билан изоҳланган эди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Конституцияни ким ва нега ўзгартирмоқчи? Мирзиёв нима истайди? Видео
- Туркия: Ўзбекларни қийнаётган муаммолар, консуллик қандай ёрдам беряпти?
- Ўзбекистон: Конституция ислоҳотини бошлаш таклиф қилинди ва барча русийзабонларга Россия фуқаролиги бериладими? – янгиликлар
- Ўзбекистон: ИИВ эркакларнинг соқолини олишни қачон тўхтатади, соқолли британиялик нима қилган бўларди?
Хатарсиз кредит?

Сурат манбаси, Screenshot/Alter Ego
Хитой давлатларга бирор сиёсий шартларсиз кредит бермоқда ва ушбу давлат билан боғлиқ "қарз ўпқони" ҳақидаги хабарлар асоссиз.
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Сзян Ян Alter Ego лойиҳаси билан суҳбатда шундай деган.
Элчи матбуотда Хитой кредитларига оид "қолип фикрлар" юзага келиб қолганини таъкидлаб, давлатлар хитойлик кредиторларнинг тузоғига тушиб қолаётгани ҳақидаги хабарларни фейк, дея атаган.
Яннинг сўзларига кўра, кредитлар асосида Ўзбекистонда, биринчи навбатда, аҳоли учун шароитлар яратилмоқда, аммо мамлакатнинг асосий кредитори Хитой эмас, балки Осиё Тараққиёт банки ва Жаҳон банки ҳисобланади.
"Ғарб банклари ёки халқаро молия ташкилотлари қарз берса - пишлоқ, Хитой қарз ёки кредит берса - тузоқ. Одамлар баъзида фарқига боришмайди", таъкидлаган элчи.
$100 миллион электр қарзи

Сурат манбаси, Milliy elektr tarmoqlari
Афғонистоннинг импорт қилинган электр энергияси учун Ўзбекистон ва Тожикистон олдида $100 миллиондан зиёд қарзи мавжуд, аммо Толибон бу қарзни тўлашда қийинчиликларга юз тутмоқда.
Бу ҳақда Афғонистон Энергетика ва сув вазирлиги хабар қилган.
Вазирлик сўзчиси Аҳтар Моҳаммад Нусрат Афғонистон ушбу қарзни тўлашга ҳаракат қилаётгани, лекин банк тизимидаги муаммолар сабаб Ўзбекистонга пул ўтказиб бўлмаётганини билдирган.
Мамлакат расмийларининг маълум қилишича, Афғонистон йилига Марказий Осиё давлатларидан импорт қилинаётган электр энергияси учун $300 миллион атрофида ҳақ тўлайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















