Ўзбекистон: Конституция ислоҳотини бошлаш таклиф қилинди ва барча русийзабонларга Россия фуқаролиги бериладими? – O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Xalqaro islom akademiyasi
- ЎзЛиДеП фракцияси Конституция ислоҳоти жараёнини бошлаш таклифи билан чиқди;
- Жаҳон Банки МОда пул ўтказмалари инқирози эҳтимолидан огоҳлантирди;
- Россия Давлат думасида русийзабонларга фуқаролик бериш таклифи илгари сурилди;
- Чусовитинага юбка "кийдирган" рассом ўз шахсини очиқлади;
Конституция ислоҳоти
16 май куни ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари мамлакат Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиққан.
Фракция аъзолари Конституцияни ислоҳ қилиш "адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадларни амалга ошириш" йўлида зарур эканини таъкидлаган.
"Бу борада фракция аъзолари Конституциянинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни бугунги реал воқеликка мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун янада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш бўйича ўзларининг аниқ позицияларини маълум қилишди", дейилади ЎзЛиДеП матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Алоқадор мавзулар:
- Видео. Диққат Украина: Россия энди Ўзбекистон ва минтақа учун ҳам таҳдидга айланадими?
- Ўзбекистон: ИИВ эркакларнинг соқолини олишни қачон тўхтатади, соқолли британиялик нима қилган бўларди?
- Ўзбекистон: Болалар учун нафақат даволаниш, балки узлуксиз таълимни давом эттириш имконияти - Видео
- Ўзбекистон: Қирғизистон чегарасида яна отишма ва Мирзиёевнинг олтин тангаси чиқдими? – янгиликлар
Шунингдек, Конституция ислоҳоти ташаббусини ЎзЛиДеП ва "Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилишида муҳокамага қўйиш таклиф қилингани ҳам билдирилган.
Ўтган йилнинг декабрь ойида ўзининг иккинчи муддат президентлигига эндигина киришган Шавкат Мирзиёев Конституцияга қатор ўзгартиришлар киритиш таклифи билан чиққан эди.
Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, экологик хавфсизлик каби масалаларни қамраб олган ушбу Конституция ислоҳоти таклифига нисбатан кузатувчилар Бош Қомусга биноан охирги президентлик муддатини ўташга киришган Мирзиёевнинг ҳокимиятда кўпроқ қолиши учун замин яратилиши эҳтимолидан хавотир билдирган эди.
Пул ўтказмалари инқирози

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Жаҳон Банки Украинадаги уруш ва Ғарб санкциялари ортидан иқтисодиёти чўкаётган Россиядан юборилувчи пул ўтказмалари жорий йилда 40 фоизга камаяши кутилаётгани ва бу ҳолат Марказий Осиё давлатларига жиддий таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Жаҳон Банкининг "Миграция ва ривожланиш" номли янги ҳисоботида иқтисодиётида меҳнат мигрантлари юбораётган пуллар катта ўрин тутувчи Марказий Осиё давлатлари иқтисодий шокка юз тутиши эҳтимоли ҳақида сўз боради.
Ҳисоботда таъкидланишича, Россия иқтисодиётининг заифлашиши, айниқса, меҳнат мигрантлари жўнатаётган пуллар ЯИМИнинг, мос равишда, 34 ва 33 фоизини ташкил этувчи Тожикистон ва Қирғизистонга жиддий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳам жорий йилда сезиларли камайиши кутилаётгани айтилган.
Ҳисоботда келтирилган маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонга хориждан юборилган $9 миллиарддан зиёд пул мамлакат ЯИМИнинг 13 фоиздан кўпроғини ташкил қилган ва бу пулларнинг 56 фоизи Россиядан жўнатилган.
Жаҳон Банки Россияда ишсизлик даражасининг ортиши, иқтисодий ўсишнинг кескин секинлашиши, рублнинг қадрсизланиши ва расмий Москванинг хорижга нақд пул жўнатиш механизмларини қийинлаштириши ортидан марказий осиёлик мигрантларнинг даромади тушиши, ватанига юбораётган пул миқдори сезиларли камайиши ушбу давлатлар ҳукуматлари олдида жиддий муаммолар туғдириши прогноз қилинган.
"Мазкур мамлакатларга пул ўтказмалари истиқболининг қисқа муддатли прогнози ўта ноаниқ. Прогноз аниқлиги Украинадаги уруш кўлами ва Россияга қўйилаётган санкцияларнинг самарадорлигига боғлиқ. Бироқ жорий санкциялар пакети ақл бовар қилмас эканидан узоқ муддатли оқибатлар анчайин кескин бўлиши мумкин", дейилади янги ҳисоботда.
Русийзабонларга фуқаролик

Сурат манбаси, Reuters
Россия Давлат думасида барча рус тилида сўзлашувчиларга автоматик тарзда фуқаролик бериш ғояси илгари сурилган.
Бу ҳақда Давлат думаси депутати Евгений Федоров "Говорит Москва" радиоси билан суҳбатда маълум қилган.
Федоровнинг сўзларига кўра, ушбу ғоя доимий аҳолиси камайиб бораётган Россия учун муҳимдир.
"Аҳолимизни тўлдиришимиз зарур. Мазкур механизмнинг маъноси шундаки, туғилганидан рус тилида сўзлашувчи ҳар қандай инсон рус, деб ҳисобланиши ва автоматик тарзда фуқаролик олиши лозим", Федоровнинг сўзларини келтирган "Говорит Москва".
"Маълумотномалар йиғиш шарт эмас. Агар шахс рус тилида сўзлашса, у учун она тили бўлса, қаердан келган бўлмасин, автоматик тарзда фуқаролик олиши керак", қўшимча қилган депутат.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил август ойидаги маълумотларига кўра, мамлакатда яшаётган этник руслар сони 720 минг нафардан кўпроқни ташкил қилади.
Юбка "кийдирилган" Чусовитина

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Таниқли спортчи, Олимпиада ўйинларининг саккиз карра иштирокчиси Оксана Чусовитина граффитисига ўзгартириш киритган рассом шахси маълум бўлган.
Ижтимоий тармоқ орқали ўзини танитган рассом Ҳасан Майчеев шов-шувга сабаб бўлган ушбу ҳолат сабабларига ойдинлик киритган.
Бундан аввал таниқли стрит-арт устаси Inkuzart Чусовитина шарафига чизган граффити номаълум рассом томонидан ўзгартириб кетилгани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Граффитининг асл кўринишида Чусовитина махсус спорт либосида тасвирланган бўлса, янгиланган шаклида унга юбка "қўшиб қўйилган" эди.
Ушбу ўзгартиришларни ўзи амалга оширганини тан олган Майчеевнинг сўзларига кўра, чемпионнинг граффитисига зарар етган, муаллиф бўлмиш Inkuzart эса суратни қандай тузатиш тўғрисида маслаҳат беришдан бош тортган.
"Шундан сўнг мен суратнинг шикаст етказилган қисмларини тиклашга киришдим. Менинг чин дилдан ёрдам бериш ниятим кўплаб салбий муносабатларга сабаб бўлганидан афсусдаман. Менда ўзганинг ишини бузиш нияти йўқ эди ва ҳамкасбим олдида шахсан узр сўрашга тайёрман", деб ёзган Майчеев ўзининг Instagram саҳифасида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














