Украина уруши: Россиянинг 9 май паради оташкесимига Украина рози бўлди

Украинанинг Харкв шаҳрига Россия ҳужуми оқибати

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Украинанинг Харкв шаҳрига Россия ҳужуми оқибати
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россия Мудофаа вазирлиги «Совет халқининг Улуғ Ватан урушидаги Ғалабасини нишонлаш муносабати билан оташкесим" эълон қилди.

Вазирлик баёнотига кўра, у 8 майдан 9 майгача амал қилиши керак.

Ушбу баёнот ортидан Украина Президенти Володимир Зеленский уруш жабҳасида "сукут режими"ни эълон қилди.

Бу режим 5 майдан 6 майга ўтар кечаси бошланиши хабар қилинди.

"Украина томони ҳам ўрнак олади, деб умид қиламиз", дея баёнот берди Россия Мудофаа вазирлиги Ўзининг Telegram каналида. Вазирликка кўра, Президент Владимир Путин қарорига биноан 9 майда ўт очишни тўхтатмоқчилар.

Шундан кўп ўтмай Украина Президенти Володимир Зеленский ижтимоий тармоқларда шундай ёзди:

"Бугунги кунгача Россия ижтимоий тармоқларида айтилган жангларни тўхтатиш шартлари бўйича Украинага ҳеч қандай расмий мурожаат бўлгани йўқ".

"Биз инсон ҳаётини ҳар қандай санани "нишонлаш"дан анча қиммат ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан 5 майдан 6 майга ўтар тун соат 00:00 дан бошлаб сукут режимини эълон қиламиз".

Iqtibos

Россия Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида, шунингдек, Украина Президентининг Ереванда бўлиб ўтган Европа сиёсий жамияти саммитидаги сўзларига ишора қилиб, бу сўзларни "айнан 9 май куни Москвага зарба бериш таҳдидлари" сифатида талқин қилди.

"Россия 9 май куни Москвада ҳарбий техникасиз парад ўтказилишини эълон қилди. Агар бу амалга ошса, бу кўп-йиллардан бери илк бор улар ҳарбий техникани қўллай олмасликларини ва Қизил Майдонга дронлар учиб келишидан қўрқаётганларини англатади", — деди Президент Зеленский 4 май куни Ереванда.

Оташкесим эълон қилингани ҳақида маълум қилар экан, Россия Мудофаа вазирлиги "Киев режими Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 81 йиллигини нишонлашни издан чиқариш мақсадида жиноий режаларини амалга оширишга уринса", "Киев марказига кучли ракетали зарба" бериш билан таҳдид қилди.

Зеленский бу баёнотга шундай жавоб қайтарди:

"Агар Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг яхши ниятисиз Москвада парад ўтказа олмаймиз деб ҳисоблаётган бўлса, демак, Россия раҳбарларига ўз урушини якунлаш йўлида реал қадам ташлаш вақти келди".

Кремл Спасск минораси атрофида ҳимоя иншоотини қураётган ишчилар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сўнгги Украина дрон ҳужуми Кремлдан олти километр узоқликда рўй берди

Ўтган ҳафта Россия Мудофаа вазирлиги жорий оператив вазият сабаб 9 май куни бўлиб ўтадиган парадда ҳарбий техника қатнашмаслигини маълум қилди. Москва Қизил Майдонидаги парадда ҳарбий техника иштирок этмаслиги Россиянинг 2022 йили Украинага бостириб киришидан бери илк бор кузатилмоқда.

Кремл бўлажак парадда ҳаарбий техника бўлмаслигини "террорчилик таҳдиди", шунингдек, "сананинг юбилей эмаслиги" билан изоҳлади.

29 апрел куни Россия Президенти Путин билан АҚШ Президенти Доналд Трамп ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Шундан сўнг АҚШ раҳбари Россия президентига Украинадаги уруш муносабати билан 9 майга қадар «кичик оташкесим» эълон қилишни таклиф этганини айтди. Кремл эса Путин байрам муносабати билан бир кунлик оташкесим эълон қилишни таклиф этгани ҳақида хабар берди.

Россия таклифини Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига "пиар-акция", Ғарбдаги шерикларга сохта конструктивликни кўрсатишга қаратилган манипуляция деб атади. У Украина тинчлик саъй-ҳаракатларига содиқ эканини ва бир неча бор шартсиз оташкесимга тайёр эканини билдирганини қўшимча қилди.

Шу йил апрел ойи бошида Россия Президенти Путин Православ насронийларнинг Пасхаси муносабати билан оташкесим эълон қилиш буйруғини берган эди. Ўшанда жанглар 11 апрел соат 16:00 дан 12 апрель куни охирига қадар тўхтатилиши айтилган. Кейинчалик икки томон ҳам оташкесим режимини кўп марта бузишда бир-бирларини айбладилар.

Ўтган йили ҳам Путин 9 май муносабати билан 72 соатлик оташкесим эълон қилган эди. Украина расман Россия президентининг таклифини қабул қилмаган. Киев оташкесим уч кун эмас, камида 30 кун давом этиши кераклигини таъкидлаган.

Путин эълон қилган бир томонлама оташкесим бошланганидан кўп ўтмай, украиналик расмийлар Россия армиясини фронт чизиғида оташкесимни юзлаб ҳолатларда бузганликда айблади. Россия Мудофаа вазирлиги ҳам Украина оташкесимга риоя қилмаётганини билдирган.

"Искандерлар" билан зарбалар

Полтава вилоятидаги ўт ўчириш

Сурат манбаси, State Emergency Service of Ukraine

4 майдан 5 майга ўтар кечаси ҳам Украина, ҳам Россия ҳужумлар ҳақида хабарлар тарқатдилар.

Украина Ҳаво кучларига кўра, шу тун Россия 11 та "Искандер-М" баллистик ракетаси, 164 дрон билан Украинанинг 14 та ҳудудини нишонга олган.

Украина саккиз ракета ва 149 дронни уриб туширгани ҳақида хабар қилди.

Полтава шаҳридаги энергетика иншоотига зарба бўлгани, ёнғинни ўчиришга келган ўт ўчирувчилар устига иккинчи маротаба ракета келиб тушгани ва инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди Президент Зеленский.

Россия расмийлари шу тунда 289 Украина дрони уриб туширилгани хабарини тарқатдилар.

Москва шаҳри ҳокими Сергей Собянин пойтахтга қараб учиб борган олти дрон уриб туширилганини хабар қилди.

Ленинград вилоятидаги Россиянинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи - "Киришинефтеоргсинтез"га Украина 29 дрон учиргани, улар уриб туширилганини хабар қилдилар вилоят маъсуллари.