Туркия: ўзбекистонлик Марҳабо нега ўз боласини ололмаяпти? Ўзбекистон, аёл мигрантлар

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Самарқандлик Марҳабо Истанбулда турмушга чиқиб, фарзандли бўлган. Аммо кўп ўтмай, оиласи билан ажрашган. Энди эса у ўғилчасини Истанбулдаги болалар уйидан қайтариб ололмай сарсон.

Бир ёшли бола Туркия-Озарбайжон чегарасида хужжатсизлиги учун отасидан олиб қўйилган.

Ўзбекистонлик муҳожирнинг фарзанди чегарага қандай қилиб онасиз олиб кетилди?

Нима учун Марҳабога ўз ўғли қайтариб берилмаяпти?

мархабо
Сурат тагсўзи, Марҳабо болалиги қийинчиликда ўтгани, оиласига уй олиш учун Истанбулга келганини айтади.

Алоқадор мавзулар:

Марҳабо 2019 йилда Истанбулга ишлашга келган.

- Болалигим қийинчиликда ўтган. Ота-онам ажрашиб кетишди, мен иккисининг орасида қатнаб ўсдим. Новвой эдик, ишлардим. Уйимиз йўқ эди. Бир дугонам Истанбулда уй ишида ишларди, у иш топишга ёрдам беришини айтди. Оилада 5 фарзандмиз. Акам вафотидан кейин қийналиб қолдик. Онамга Истанбулга кетишимни айтганимда рози бўлмадилар. Ҳар ой пул юбораман, уй оламиз, дедим. Шундай қилиб, дугонамнинг кўмаги билан бу ерга келиб уй ишига жойлашдим, - муҳожирлик тарихини ҳикоя қилади Марҳабо.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Муҳожир қиз аввал уй иши, кейин сотувчилик каби бир неча жойларда ишлайди.

- Оқсаройда сумка сотувчиси бўлиб ишлаб юрган пайтимда йигитим билан танишиб қолдик. 21 ёшда эдим. Жуда сиқилиб юрган пайтим эди. Унга шароитимни, дардимни айтдим. Мени тушунди, ёрдам беришни айтди. Шу тариқа бирга яшай бошладик, - дейди Марҳабо.

Ёшлар расмий никоҳдан ўтишмаган. Марҳабонинг айтишича, йигит Озарбайжон фуқароси бўлиб, Туркияда ҳужжатсиз юргани учун расмий идораларга боришга чўчиган.

- Диний никоҳни ҳам анча кеч ўқитдик. Ҳомилали бўлдим. Бошида ҳаётим яхши эди. Мен уйда ўтирардим, у ишлаб оила боқарди. Аммо кейин жанжаллар бошланди. Мени кўп калтаклаб урарди, ҳамма ёғим кўкариб, шишиб юрардим, - дейди Марҳабо.

Марҳабо 2021 йил 27 январда она бўлган. Ҳужжатларининг муддати ўтиб кетганлиги боис, ўғли Муҳаммадалига туғилганлик тўғрисидаги маълумотномани ололмаган.

- Жанжаллар давом этди, мен болам учун яшадим. Ҳам эримни севардим. Кейин Истанбулга Озарбайжондан эримнинг онаси келди. Ҳаётимиз баттар ёмонлашди. Она-бола бирга мени ерга ётқизиб урарди, - дейди Марҳабо.

Марҳабо калтаклашлар бўйича полицияга боришни истагани, аммо ҳужжатсизлиги учун депортация қилинишидан қўрққанини айтди.

мархабо 2
Сурат тагсўзи, Унинг қўшнилари оилада ҳамиша жисмоний зўравонликка учраганига гувоҳ бўлишганини айтишди.

Биз Марҳабо яшайдиган маҳаллага бордик ва унинг қўшнилари билан гаплашдик. Қўшни аёллар Марҳабонинг оилада жисмоний зўравонликларга тез-тез учраганига гувоҳ булишгани гапириб беришди.

Марҳабо қайнонаси келгач, ундан болани олиб қўйишга уринишлар бўлганинини айтади.

- Бир неча марта жонимга қасд қилишга ҳам уриндим, яна болам учун яшадим, дейди муҳожир.

Марҳабонинг айтишича, қайнонаси ва эри унга Ўзбекистонга билет олишган ва кузатиш учун аэропортга кузатиб келишган. Аммо Марҳабо учиб кетмасдан ижара уйига қайтган ва ўғлини олиб кетаётганликларининг устидан чиққан.

- Менга кейин пул юбориб сени Озарбайжонга чақириб оламиз, дейишди. Боламнинг ҳужжати йўқ, менсиз чегарадан ўтказишмайди, дедим. Қулоқ солишмади, кетишди. Туркия-Озарбайжон чегарасида уларни тўхтатиб, текширишган. Ҳужжати йўқ боламни олиб қўйиб, болалар уйига жойлаштиришган, - дейди Марҳабо.

Шундан буён она ўз фарзандини болалар уйидан қайтариб олишга уринаяпти.

- Боламни менга кўрсатишмаяпти. Сабабини сўрасам, эринг онаси яхши аёлмас, деб ёзиб берган, дейишаяпти. Мен ишлаб боламни боқишга қурбим етади. Боламни олишни, ўзим катта қилишни истайман. Уни олиб, Ўзбекистонга кетаман. Фақат менга боламни беришсин, - куйиниб гапирди муҳожир аёл.

мархабо 3
Сурат тагсўзи, Марҳабо "Болалар уйи"га жўнатиб юборилган ўғилчасини ололмай сарсон.

Биз Марҳабонинг айтганларини текширишга ҳаракат қилдик. Қайнонаси ва эри билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бола нима учун онасига кўрсатилмаётганини билиш учун болалар уйига қўнғироқ қилдик. Болаларни қўриқлаш маркази раҳбари деб айтган шахс ўзимизни таништиргач, телефонни ўчириб қўйди.

Марҳабонинг иши бўйича Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консуллиги ва Туркияда «Ўзбек хотин-қизларини ҳимоя қилиш жамияти»га мурожаат қилдик.

Айни пайтда "Ўзбек хотин-қизларини ҳимоя қилиш жамияти" фаоллари Марҳабога кўмак кўрсатишга ҳаракат қилмокдалар.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.