Ўзбекистонда гўшт нега қиммат? У қачон арзон бўлади?
Гўшт. Уни сотиб олиш имкони Ўзбекистонда ҳар бир оиланинг ўзига тўқлигини белгиловчи норасмий кўрсаткичлардан биридир. Бугун эса кўпчилик гўшт қимматлигини ва уни сотиб олиш имконияти камаяётганини айтмоқда.

Пойтахтнинг доимий гавжум бозорларидан бири, Чорсуга кираркансиз, харидорларни чорлаётган қассоблар растасини пайқамасликнинг деярли иложи йўқ. Бир тарафда маҳаллий аҳолига хос нарх устидаги тортишувлар бўлса, бошқа тарафдан пичоқларнинг чархланаётгани-ю, ойболтанинг тақ-туқ овози қулоққа чалинади. Бозор қизийди, гўшт сотилади.
Бироқ сўнгги пайтларга келиб, бу расталарда сотув кайфияти ўзгарган. Гўшт нархи ошмоқда. Маҳаллий аҳоли эса даромадга таққослаганда нархдаги бу ўсиш қимматчиликка айланаётганидан ёзғиради.
Мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган шаҳри Тошкентда яшовчи Карим бобо ҳам йиллардирки маҳаллий бозорнинг доимий харидорларидан. Бироқ охирги йилларда гўшт сотиб олиш унинг хонадони учун ҳам оғирлик қилмоқда:
"Тошкентнинг гўшти қиммат. Ҳамён кўтармайди. Мажбур бўламиз четнинг гўштини олишга. Маҳаллий гўштни 140 минг деяпти. Қаердан оламиз уни? Бола-чақага қандай едирамиз? Шу сабабли ё товуқ гўшти, ёки четдан импорт қилинган музлатилган гўшт оламиз", — дейди у.
Пойтахтлик отахоннинг фикрлари кейинги йилларда давлат бошқарувининг энг юқори минбарларида ҳам янграмоқда. Ҳатто шахсан Президент Мирзиёев чорвачилик ва гўшт етиштиришни кучайтириш, соҳани ислоҳ этиш зарурлигига эътибор қаратган.
Ҳукумат охирги йилларда чет элдан гўшт импорт қилишга алоҳида енгилликлар беришни бошлади. Баъзи ҳолларда бу соҳада имтиёзлар яратилмоқда. Масалан, айрим давлатлардан майда чорва моллари келтирганлар учун харажатларнинг муайян қисмини қоплаш каби чоралар кўрилмоқда.
Бироқ шунга қарамасдан ҳам, мамлакатда гўштга бўлган талаб тўлиқ қондирилмаётгандек кўринади. Нарх ошишда давом этмоқда. Аксар ҳолатларда эса аҳоли даромадига нисбатан гўшт нархининг юқори қолаётганидан шикоят қилинади.
Ўзбекистонда айни вақтда энг кам ойлик маош 1 271 000 сўм. Бу 100 АҚШ долларидан бироз ошади. Бир килограмм мол гўшти эса 120-130 минг сўм атрофида баҳоланди. Бу тахминан 10 АҚШ доллари дегани. Бошқача айтганда, бир ойлик энг кам даромадга Ўзбекистонда 9-10 кг мол гўшти олиш мумкин.
"Бизда ем-хашакларнинг қимматлиги, чорва етиштиришнинг камайганлиги сабабли ҳам нарх-наво ўз-ўзидан ўсиб боряпти… Агар бизда ҳам чорва кўпайиб, ем-хашак кўпроқ етиштирилса, бу нарх тушади деб ўйлайман", — дейди Чорсуда иш юритадиган қассоб Нодир.
Masalan, Hindiston mol go‘shti 80-90 ming so‘m bo‘lsa, O‘zbekiston mol go‘shti
130 ming so‘m.O‘rtadagi farq esa ozmuncha emas.
Бозорда маҳаллий, яъни Ўзбекистон гўшти ҳатто узоқ ўлкалардан келтирилган гўштлардан ҳам қимматроқ. Масалан, Ҳиндистон мол гўштининг килоси 80-90 минг сўм бўлса, Ўзбекистон мол гўштининг бир килоси 130 минг сўм. Ўртадаги фарқ эса озмунча эмас. Нафақат харидорларнинг аксарияти, балки қассобларнинг ўзи ҳам хориждан келган гўштнинг талабгорига айланган. Улар арзонроқ ҳамда мусулмон кўпчилик яшовчи Ўзбекистон бозорига мосланган бўлиб, "ҳалол" сертификатига эга эканлиги айтилади.
"Четдан келган гўштларнинг арзонлиги сабабини мен ўзим ҳам, тўғриси, билмайман. Лекин келаётган гўштларимизнинг ҳаммаси ҳалол, сертификатлари бор. Мисол учун, аҳолининг ҳаммаси мана шу гўштдан еётгани учун ўзим ҳам шу гўштдан ейман. Аслида маҳаллий гўштдан егим келади, лекин бироз қимматлиги, чўнтак кўтармаганлиги учун шундан [хориждан келтирилган гўштдан] еяпмиз", — дея фикр билдиради Аҳмад қассоб музлатилган гўшт бўлакларини кесиб тайёрлай туриб.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бироқ Ўзбекистонда гўштни арзонлатиш ёки аҳоли даромадига мослаш мумкинми, бунинг учун нима қилиш керак? Иқтисодчи Камолиддин Шодмонқулов буни ем-хашак базасининг етишмаслиги, аҳолида чорвачиликка бўлган қизиқишнинг сўнаётгани ва импорт қамрови ҳануз чеклангани билан изоҳлайди.
"Биз биламизки, биринчи навбатда гўшт нархини арзонлаштириш учун ем-хашак базасини яхшилашимиз керак. Ем-хашак етиштирилаётган майдонларни кўпайтиришимиз лозим. Жуда кўплаб хўжалик фойдаланадиган ерлар қаровсиз ёки унумдорлиги паст ерлар ҳисобланади. Уларни ўзлаштиришни кўпайтиришимиз, сув захирасини оширишимиз керак. Кейин, иккинчидан, аҳолини чорва етиштиришга қизиқтириш лозим. Олдинлари билардик, ҳар бир уйда чорва моллари бўларди. Уларга имкониятлар яратиб бериш, ҳукумат томонидан имтиёзлар, имтиёзли кредитлар ажратиш керак. Фаол аҳолини қўллаб-қувватлаш лозим. Бу ҳам нархга таъсир қилади. Кейинги асосий сабаблардан бири — импорт географиясини кенгайтиришимиз керак. Ҳозир уч-тўртта давлатдан импорт қилаётган бўлсак, масалан, Қозоғистон, Беларусь, Покистон, Ҳиндистондан келаётган бўлса, бу рўйхатни янада кенгайтириш керак. Шундагина гўшт нархи арзон бўлади", — дейди иқтисодчи.
Go‘sht narxini arzonlashtirish uchun yem-xashak bazasini yaxshilashimiz kerak... [Xo‘jalik yerlarini] o‘zlashtirishni ko‘paytirishimiz kerak. Suv zaxirasini ko‘paytirish kerak.
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми Қизилқум ва қуриган Орол денгизи ўрнидаги Оролқум саҳросидан иборат. Чўллашиш жадал. Мамлакат истеъмол қиладиган сувнинг ҳам аксарият қисми қўшни Тожикистон ва Қирғизистондан келади.
Бутун Марказий Осиё аҳолисининг ярмига яқини айнан Ўзбекистонда яшайди. Совет даврида узоқ йиллар асосан пахтага асосланган интенсив деҳқончилик қилинган. Бунинг устига, ҳозир иқлим ўзгариши омиллари ҳам қўшилмоқда. Мутахассислар шу каби омиллар чорвачиликка ҳам таъсир қилишини айтишади.
"Биринчидан, чорвачиликда ем-хашак нархининг қимматлиги — арпа, беда ва шу кабилар гўшт нархига бевосита таъсир қилмоқда. Энг катта омиллардан бири шу. Иккинчидан, чорвачилик учун ем етиштириладиган яйловларнинг йилдан-йилга қисқариб бораётганлиги. Учинчидан, иқлим шароитининг ўзгариши. Охирги йилларда кўраётган бўлсак, қурғоқчилик келиши, сув камлиги ҳам чорвачиликда гўшт нархининг ошишига сабаб бўлмоқда. Кейин эса аҳоли сонининг ортиши ва чорва сонининг унга номутаносиб равишда камаяётганини мисол қилиб келтиришимиз мумкин", — дея мулоҳаза қилади иқтисодчи Камолиддин Шодмонқулов.

Ўзбекистондаги чорвачилик бозорлардаги гўшт нархини ва аҳоли дастурхонидаги таом баҳосини белгиловчи асосий омилдир. Бироқ иқлим ўзгариши, сув ва яйловларнинг камайиши, аҳоли сони ортиб, гўштга бўлган эҳтиёжнинг юксалиши ҳам бор гап.
Шундай ҳолатда қатор саволлар ҳамон очиқ қолмоқда: бундан кейин мамлакатда гўшт етиштириш қимматлаб бораверадими ёки эҳтиёж импорт гўшт ҳисобидан қопланадими? Ўзгараётган иқлим ҳамда камайиб бораётган захиралар яқин келажакда Ўзбекистондаги гўшт нархига яна қандай таъсир қилади?




























