Фермерлар президентдан нимани сўраган бўлишарди? Кластер, нарх ва мажбурий экинлар «Диққат, BBC»да

"Диққат, BBC" дастурининг бу сони фермерлар эркинлиги ҳақида
Сурат тагсўзи, "Диққат, BBC" дастурининг бу сони фермерлар эркинлиги ҳақида
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида Президент Шавкат Мирзиёев қўли остида кўп ислоҳотлар қилинганига шубҳа йўқ. Аммо, масала бу ислоҳотларнинг ижроси қандай олиб борилаётганида.

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб бир чорагини ташкил этувчи қишлоқ хўжалигида нон топаётган кўпларнинг фикрида, ечилиши лозим бўлган муаммолар жуда кўп.

Қишлоқ хўжалиги давлатнинг қаттиқ назорати остида қолмоқда. Ҳукумат соҳанинг кўп жиҳатларини ҳануз назорат қилади, хусусан пахта ва буғдой каби экинларга квоталарни белгилайди.

Деҳқонларга эса кўпинча муайян экинни экиш буюрилади.

Дастурни томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Етиштирилган маҳсулотга нархни белгилаш эркинлаштирилгани айтилса-да, аслида кўп ҳолларда вазият бошқача.

Президентнинг энг кўзга кўринарли ислоҳотларидан бири – кластер тизими. Уни ташкил қилишдан мақсад хом аёшни етказувчи, уни қайта ишловчи ва маҳсулотга айлантирувчи ширкатлар ўз ихтиёрлари билан бир тизимга бирлашиб, бозор иқтисодининг қийинчиликларини биргаликда енгиб ўтиши, ҳамда даромадни адолатли тарзда ўзаро тақсимлаши бўлган.

Аммо, мана бир неча йилдирки, фермер ўз ҳудудидаги «қудратли» кластер билан шартнома тузишга мажбурланади ва амалда унга бошқа вилоятдаги кластер билан келишишга рухсат берилмайди.

Кластерларга эса, улар давлатдан ҳоли ширкатлар бўлса-да, куч ишлатувчи идоралар ёрдам беради. Бу куч тизимлари маҳаллий ҳокимнинг оғзаки буйруғи билан ҳам истаган даласига кириб бориши ва уни пайҳон қилиши мумкин, деҳқонни эса осонгина қамаб қўя олади.

Деҳқонни кишанлардан озод қилиш учун яратилган кластер аслида унинг эркинлигини янгича усуллар билан чеклагандек.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Шу кунларда қишлоқ хўжалигига масъул қатор ҳукумат идоралари, хусусан Савдо-саноат палатаси, бизнес-омбудсман, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўзбекистонлик фермерлар билан учрашувлар ўтказишди.

"Диққат, Би-би-си" дастуримизга шу учрашувларда иштирок этган шовотлик фермер Неъмат Ишчанов ва янгийўллик фермер, "Агробизнес уюшмаси" раҳбари Комолиддин Икромовларни таклиф эттик.

Нарх эркинми?

"Буғдой – бозор нархида, буғдой ички бозорга қоляпти. Пахта – дунё бозори нархида, ички эмас, дунё бозори нархида", - деди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов фермерлар билан учрашувида.

Лекин, фермерларга кўра, вазият анча чигалроқ. Ғалла ва пахтага оид нархлар белгиланиши бир-биридан фарқ қилади.

Ишчонов: Биринчидан, пахта биржада тола ва чигит ҳолида сотилади. Кластерлар пахтани фермердан хом ашё сифатида олади, сўнг ўзлари уни тола ва чигит сифатида сотяпти. Фарқ шу ерда. Улар бу Ню-Йорк биржаси, ёки Ливерпул биржасидаги котировкага тенглаштирилган, дейишади. Буни бир неча марта таҳлил қилганмиз, ундай эмас. Паст баҳолайди давлат. Эркинлик йўқлигининг кўриниши шу. Фермер қонунан нархни ўзи қўйиши керак ё келишиши керак. "Биржанинг нархи мана шундай", дея эълон қилишнинг ўзи нотўғри. "Биз белгиламадик-ку, эълон қилдик" дейишади. Бу фермерлар ва ҳокимларнинг миясига "белгилаш" бўлиб сингиб кетган. Дунё бозорида тушган пахта нархларини таҳлил қилганимизда, йил охирида пахта нархи 9 минг атрофида бўлиши керак эди. Лекин, йил охирига келиб 6,800 сўмга тушириб ташлашди. Фермер ўзи етиштирган маҳсулотга ўзи эркин нарх белгилолмайди. Ундан ташқари, қуйи поғонадаги маҳаллий ҳокимиятлар аралашиб, "ўзингнинг туманингдаги кластер билан шартнома қиласан", дея шартномавий эркинликни ҳам чеклашяпти.

BBC
“Birjaning narxi mana shunday”, deya e’lon qilish noto‘g‘ri. “Biz belgilamadik-ku, e’lon qildik” deyishadi. Bu fermerlar va hokimlarning miyasiga “belgilash” bo‘lib singib ketgan.
Ne'mat Ishchanov
Fermer (bbc.com/uzbek)

Кластер ҳукуматнинг эркатой фарзандими?

"Чиқаётган қарорларнинг ҳаммаси фермерни кластер билан шартнома қилишга мажбурлаётган қарорлар, бу ерда тенг рақобат йўқ", - деди қорақалпоғистонлик фермерлардан бири давлат идоралари билан ўтган учрашувда.

Би-би-си журналисти фермерлардан ўз муаммоларини билан ўртоқлашишни сўраганида, улардан келган хат ва овозларнинг кўпчилиги кластерлардан ўз маҳсулотлари учун тўловларни ололмаётганлари ва бунинг ортидан ўзлари қарзга ботиб кетаётганликлари ҳақида бўлди.

Муаммоларни эфирда очиқ гапириб бериш сўралганда эса, фермерларда қўрқув борлиги яққол кўринади. Қўрқув шунчаки бир фирма ё шахсдан эмас, айнан ваколати давлатга тенглаштирилган ва маҳаллий маъмурият қўллаб-қувватлайдиган бир кучдан. Кластер – улар учун гўё давлат.

"Кластерлар иссиқхона шароитларида ўстирилди", - дейди Икромов.

Фермерлар муаммолари ҳақида кўп гапирилади, лекин кластерлардан кўп эшитмаймиз. Хўш, уларнинг аҳволи қандай?

Икромов: Бошида пахта нархи пастлиги туфайли кластерлар ишга қийинчиликлар билан киришди, лекин ўта арзон имтиёзли кредитлар ёрдамида яхши ишлашди. Лекин, 2020 йилга келганда, пандемияда пахта нархи кескин ошиб кетти. Ўшанда пахта толасида фойда килограммига 1 долларга тўғри келиб қолди ва кўплаб бизнесменлар кластер тизимига киришга ҳаракат қилишди. «Массовый бум» бўлди. Билса-билмаса, илми бўлса-бўлмаса, кластер бўлиб қолди. Яхши бошқаруви бўлмагани ва бу соҳани билмаганликлари учун кўп хатоларга йўл қўйишди. Бу – биринчиси. Иккинчиси – улар норози бўладиган томони, уларга кўп ижтимоий юкламалар юкланди: боғча, мактаб, чорвачилик каби ўзлари тушунмайдиган соҳалардаги ишлар уларга юкланди. Ўшанда уларнинг операцион харажатлари кўпайиб кетти. Ичларида эскидан пахта заводларида ишлаб юрган одамлар бор, улар авваллари қандай қўшиб ёзиш ва ўғирликларни қилган бўлишса, кластерларда ҳам шу ишлар давом этти ва катта йўқотишларга учради. 2023 йилга келиб улар шу йўқотишларни фермерлар ҳисобидан қоплашни бошлашди. Инсофсиз кластерлар орасида фермерларга 2-3 йиллаб пулини бериши нияти ҳам йўқлар бор. Фермерларнинг пулларини олиб бошқа соҳаларга йўналтиришган. Айримлари ўзини банкрот қилиб, янги кластерлар очиб олишди.

Ikromov
BBC
Tekstil sanoatga katta pullar yo‘naltirilgan. Shu pullar o‘zini oqlamaguncha, paxtachilik shu yo‘sinda ketsa kerak.
Komoliddin Ikromov
Fermer (bbc.com/uzbek)

Кластер тизимидаги тенгсизлик ва қарзларнинг тўланмаслиги муаммоси бир неча йилдан бери давом этаётган бўлса-да, унинг ечимига ҳукумат жиддий киришган кўринмайди. Ҳукумат вакиллари билан учрашувда бир неча фермерлар, уларнинг қўлларида суд ҳукми бўлса-да, Мажбурий ижро бошқармаси (МИБ) уларнинг қарзларини кластерлардан ундириб бермаслиги, лекин мабодо фермерда қарздорлик бўлса, МИБ зудлик билан уларни босим остига олишидан шикоят қилишди.

Икромов: Инсофсиз кластерлар ортида кимлардир бор. Коррупцион ҳолатлар бор. Уларга унча-мунчанинг кучи етмайди. Вазиятдан чиқиб кетишади.

Ҳўш, кластерлар тизими силлиқ ишлаши учун, нима қилиш керак?

Икромов: Кластерлар гаров қўйиши керак. Анча йилдан бери айтиб келамиз. Қанча маҳсулот олиши керак бўлса, масалан 10 минг тонна пахта олмоқчи бўлса, 10 минг тоннага гаров қўйсин. Шунда фермер ҳам қўрқмай сотади маҳсулотини. Бу тизим қурувчилик соҳасида қилинди, пахта ҳам қилиниши керак, шунга етиб келдик ҳозир.

Пахта керакми?

Пахтанинг йирик саноат сифатида шаклланиш тарихи Чор Россиясининг бугунги Ўзбекистон ерларини мустамлака қилишига бориб тақалади. Биринчи Жаҳон урушида ўзбек ерлари рус армияси учун зарур бўлган маҳсулотни етказиб берувчи асосий манбага айланди.

Совет Иттифоқи барпо этилиши билан эса, бу саноат янада кенгайди ва уни озиқлантириш учун Орол денгизи ҳам қуриди. "Оқ олтин"га тенгланган маҳсулотга бутун республика, ёш боладан тортиб қариялар сафарбар қилинди. Ўзбекистон ҳатто мустақил давлатга айланганида ҳам мажбурий меҳнат танқидларига учраб, халқаро майдонда пахтаси бойкот қилинди.

Пахтанинг йирик саноат сифатида шаклланиш тарихи Чор Россиясининг бугунги Ўзбекистон ерларини мустамлака қилишига бориб тақалади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Пахтанинг йирик саноат сифатида шаклланиш тарихи Чор Россиясининг бугунги Ўзбекистон ерларини мустамлака қилишига бориб тақалади.

Исми сир қолишини сўраган чироқчилик фермер пахтани бу мавсумда бир неча марта суғоришга мажбур бўлаётгани, чунки сув қайнаб кетаётганини айтти.

Бугунга келиб кескинлашган иқлим шароитлари, сув танқислиги, қурғоқчилик, шўрланиш муаммоларига қарамай, пахтанинг Ўзбекистон учун яхши ё ёмон маҳсулот эканлиги бўйича фикрлар ҳануз турфахил.

Икромов: Ҳукумат мавқеига қарайдиган бўлсак, тўқимачилик саноатига энг кўп иш жойларини берувчи саноат деб қаралади. Унга пахта хом ашёси керак. Бу саноатга катта пуллар йўналтирилган. Шу пуллар ўзини оқламагунча, шу йўсинда кетса керак. Айни дамда, айрим кластерлар пахтани четдан ҳам олиб кела олишларини очиқ айтишяпти. Балки ўйлаб кўриш керакдир. Ҳукуматнинг ўз ҳисоб-китоблари бор. Лекин сув етмаяпти, қайнаб кетаётган, етмаётган жойлари бор. Шу сабабдан, пахтани қаердадир қисқартириш керакдир. Чунки фермер экса-ю, зарарига чиқса, пулини ололмаса – бу қийин ҳолат.

Хоразмлик фермер қандай фикрда? Орол денгизи қуришидан энг кўп шикаст еган ва шўрланиш, қурғоқчиликларга ют тутган воҳада пахтани етиштириш Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан бир неча марта қийинроқ. Хоразмга пахта керакми?

Ишчонов: Керак. Пахта кўп сув ичади, деганларга мен унча қўшилмайман. Мен экиб юрибман-ку пахтани. Пахта вегетация даврида жуда кам сув ичади. Шўрланишга келсак, Хоразм ва Қорақалпоғистонда нафақат пахтани, балки ҳар қандай экинни экиш учун далани ювиш керак. Пахта – фойда келтирадиган деҳқончилик, уни экиш керак. Ўтган йили сал эркинлик берилганда, кимлардир пиёз экиб кўрди, тарвуз экиб кўрди, бу яхши натижа бермади. Пахта – экспортбоп маҳсулот. Маҳсулот экспортбоп бўлгани яхши, ички бозор учун эмас. Ички бозор учун бўлса, ҳамма шуни экади ва бозорда шу маҳсулот тўлиб кетади. Ўтган йили шоли шундай бўлиб қолди. Шоли жуда кўп етиштирилди, лекин унга жуда кўп сув кетади. Маҳаллий бозорларимиз гуручга тўлиб кетти, ундан фойда кам. Пахтани эса четга тола, ип ё тайёр маҳсулот сифатида сотилса, катта фойда кўриш мумкин.

Ҳукумат вакиллари билан учрашувда фермерлар ўзлари истаган техникани олиш ҳуқуқига эга эмасликларини айтишди.

Сурат манбаси, Savdo-sanoat palatasi

Сурат тагсўзи, Ҳукумат вакиллари билан учрашувда фермерлар ўзлари истаган техникани олиш танловига эга эмасликларини айтишди.

Айни дамда, хоразмлик фермер, иқлим унинг фермерлик билан шуғулланаётган 23 йили давомида ўз кўзи ўнгида ўзгараётганини айтади.

«Илк йилларимда, шўрни ювганимздан кейин ҳам, ариқлар бўйнимизгача сувга тўлиб келиб турарди. Ҳозир ундай эмас», - дейди у.

Икромов: Бу йил мана қурғоқчилик бўлди, бу кейинги йил ҳам давом этиши кутиляпти. Прогнозларга кўра, кейинги йил кучлироқ бўлади. Ҳозир гуруҳларимизда энг кўп кўтарилаётган муаммо сув бўляпти.

Ишчонов эса сувни етказиб бериш давлатнинг мажбурияти эканини урғулайди. Унга кўра, ер ижара шартномасида давлат фермерни сув билан таъминлаб берилиши мажбурият сифатида белгилаб қўйилган.

Алоқадор мақолалар

Нотекис ислоҳот

Қишлоқ хўжалигида кўплаб ислоҳотлар қилиняпти, тинимсиз қонун-қоидалар, президент қарорлари чиқяпти.

Мақсад – aфтидан қишлоқ хўжалигини замонавийшлаштириш.

Лекин, айни дамда, замонавийлаштирилмай қолаётган тизим – маъмурий тизим. Унда ислоҳот йўқ.

Яъни, қоғозда фермер эркин ва давлат буюртмаларидан ҳоли дейилади, лекин маъмурий тизимдаги маҳаллий ҳокимларга ҳануз Тошкентдан пахта ва ғалла бўйича режалар ва ўз ҳудудидаги экспорт бўйича режалар белгилаб берилади. Ҳоким планни тўлдирмаса, унинг ҳам ҳоли вой.

Бир томонда қонунда замонавийлашган фермер, иккинчи томонда эса ҳали замонавийлашмаган ҳоким.

Ишчонов: Давлат хариди бекор қилингандан кейин, фермерга нима экиши ва қанча етиштириши бўйича буйруқ берилмаслиги керак. Лекин, бари тақсимотга бориб тақалади. Вазирлар маҳкамаси республика иқтисодий режаларини ишлаб чиққанида, масалан, мана бунча пахта етиштирилиши керак дея белгиланади. Ҳокимларниям, вазирларниям тўғри тушунимиз керак, чунки уларга топшириқ келади.

Хўш, фермерлар эмин-эркин ишлашлари, юрт дастурхонларини тўкин сочин қилишлари учун, маъмурий босимлар, кластерларга оид коррупция ва таниш-билишчилик, иқлим муаммоларини ҳал қилиш билан бир қаторда яна қандай ечимларни таклиф қилиш мумкин?

Президент Мирзиёев совет давридан қолган маъмурий тизимни ҳам ислоҳ қилишга тайёрми?

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев маъмурий тизимни ҳам ислоҳ қилишга тайёрми?

Давлат раҳбари бир неча йилдан бери тадбикорлар билан учрашувлар уюштиряпти, лекин аграр давлат ҳисобланган юртнинг фермерлари билан ҳали алоҳида учрашгани йўқ.

Агар фермерлар президент билан учрашишса, нималарни сўраган бўлишарди?

Ишчонов: Шикоятимиз ижроя ҳукуматдан. Қонунлар бор, қарорлар бор, ажойиб. Президентнинг қарори чиқади, бу қарорга Вазирлар маҳкамаси тартиб тайёрлайди. Ўша ерда кўп нарса ўзгариб кетади. Сўнг қуйи поғоналар, вилоят ва туман даражасига тушганида, ҳаттоки қарор ўзгариб кетади. Мен президентга айтган бўлардим: ҳурматли президент, сизга раҳмат, халқ ва фермерлар учун ҳақиқатдан жон куйдиряпсиз, фармон ва қарорларингизга шикоятимиз йўқ, лекин ижросини яхшироқ назорат қилсангиз, яхши бўларди.

Икромов: Ислоҳотлар қилинса, биринчи ўринда суд тизимини ислоҳ қилиш керак. Судлар мустақил бўлса, кимдир ноқонуний ҳаракат қиладиган бўлса, жабр кўрган одам суд орқали адолатни топадиган бўлса, ноқонуний иш қилган ким бўлишидан қатъий назар қонуний жазосини оладиган бўлса, одамларнинг ишончи ортиб, ишлайверади. Коррупция ҳамма жойда бор, ҳаттоки Америкада ҳам, ЯИМси ортиб бораётган Кореяда ҳам. Лекин, уларда суд тизими яхши ишлайди, шунинг учун у ерда ривожланиш бор.