Ўзбекистон ва дунё: Ҳаводан сув олиш мумкин – қишлоқ йигитлари буни қандай уддалашди?

Сурат манбаси, URAVU
2016 йилда Ҳиндистоннинг Каликут номи билан ҳам танилган Кожикоде шаҳри қаттиқ қурғоқчиликка учраганида, аҳоли, жумладан, талаба Свапнил Сривастав ҳам ҳар куни чекланган миқдорда сув оларди.
"Бизга кунига икки челак сув беришарди, уни цистерналарда тўплардик", дейди у.
Унинг айтишича, сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар кўпинча Ҳиндистоннинг баъзи қисмларига таъсир қилади, бу жаноб Сривастав ва минтақадаги бошқалар учун оғир ой бўлди. "Бу жуда нам жой эди. Назорат қилиб бўлмасди."
Жаноб Сривастав сув танқислиги масаласига анча илгари қизиққан. 2012 йилда шаҳар сувининг келажаги ҳақида талабалар ўртасидаги танловда ғолиб чиққан, аммо бошидан ўтказган тажриба уни ечим топишга ундади.
"Мени илҳомлантирган нарсалардан бири "Юлдузлар уруши" фильмидаги ҳаводан сув олиш қурилмаси эди. Нега буни синаб кўриш мумкинмас, деб ўйладим. Ўшанда бу кўпроқ шунчаки қизиқувчанлик эди".
Бир неча йил ўтгач, 2019 йилда бу ғояни амалга ошириш учун у, Говинда Балажи ва Венкатеш Ражу Бенгалорда Uravu Labs стартапини ташкил қилишди.
Уларнинг ҳаводан намликни ютувчи қурилмасида атмосферадаги намликни ютувчи генераторлар бор.

Қуёш нури ёки қайта тикланадиган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда, улар қурилмани 65°С га қадар иситади, бу намликни пайдо қилади, кейин у конденсацияланиб, ичимлик сувига айланади.
Жаноб Сриваставнинг айтишича, бутун жараён тахминан 12 соат давом этади. Бугунги кунда ҳар бир агрегат 2000 литрга яқин ичимлик суви ишлаб чиқармоқда.
Бироқ унинг мақсади сув танқислигидан қийналган аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўлсада, унинг фикрича, бу молиявий жиҳатдан қулай лойиҳа эмас.
"Биз ушбу технологияни кенгайтириш ва харажатларни камайтириш учун ҳали кўпроқ вақт кераклигини тушунамиз, - дейди жаноб Сривастав. - Ёки кимдир уни молиялаштириши керак, аммо Ҳиндистонда ёрдам топа олмадик."
Бунинг ўрнига улар ҳозирда сувни меҳмонхоналар соҳасидаги 40 мижозга сотмоқда.
"Биз нотижорат ташкилотлари ва КИМ (корпоратив ижтимоий масъулият) бўлимларига мурожаат қилдик... лекин кўплаб компаниялар технологиядан қочади. Улар бу қурилма иш бермайди, деб ўйлашди. Биз тижорий истеъмолчиларга ўтишдан бошқа йўлимиз қолмади, чунки улар пул тўлашга тайёр эди."
Сув танқислиги янгилик эмас, лекин кўплаб мамлакатлар, айниқса глобал жанубда, иқлим ўзгариши натижасида кучли қурғоқчилик ва сув тошқинларини бошдан кечирмоқда, бу эса сув манбаларини ифлослантирмоқда.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 50% дан ортиғи - тўрт миллиард киши камида ойига бир марта сув танқислигини бошдан кечиради ва 2025 йилга келиб 1,8 миллиард одам «мутлақ» қурғоқчил мамлакатлар ёки минтақаларда яшаши кутилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Атмосферадан сув олиш технологияси жавоб бўлиши мумкинми? Энергия самарадорлиги анъанавий сув инфратузилмасига муҳтож бўлмасдан тоза сув олишнинг бир усули бўлиб, уни узоқ жойларда жозибадор вариантга айлантиради.
Бу технология учун бозор бор. Global Market Insights ҳисоботига кўра, 2022 йилда 3,4 миллиард долларга баҳоланган атмосфера суви ишлаб чиқариш бозори 2032 йилда 13,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Атмосфера сувини олишнинг иккита асосий усули мавжуд. Биринчиси, совитиб конденсациялаш бўлиб, у нам ҳавони томчи сувга айлантиради.
Иккинчиси ҳаводан намликни ютиш учун гигроскопик материаллардан фойдаланадиган тизим бўлиб, сўриб олинган намлик иситиш орқали сувга айлантирилади.
Бет Коиги Majik Water корхонасининг ҳаммуассиси ва бош директори. Унинг корхонаси Кениянинг қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудларида ҳаводан намлик олиб совутиш ва конденсациялаш усулларидан фойдаланиб, 40 га яқин атмосфера суви генераторларини юритади.
Коиги хоним 2016 йилда Найробида ўқиб юрганида сув танқислигини биринчи марта бошдан кечирганидан сўнг 2017 йилда Majik Water'ни ташкил этишга қарор қилди.
Кўп одамлар овқат пишириш, ичиш ва ювиниш учун сув олиб келгани яқин атрофдаги дарёга борарди, аммо Коиги ифлосланган сувни ичишни истамаганини айтади.

Сурат манбаси, MAJIK WATER
"Сув доим бор бўладигандек туюлади бизга", дейди у.
У сув олиш манбалари бўйича турли ғояларни ўргана бошлади ва ҳаводан сув олиш қурилмасини ишлаб чиқишдан олдин сув фильтрлаш компаниясига асос солди.
Majik Water нодавлат нотижорат ташкилотлари ва гуманитар ташкилотлар билан ишлайди ва маҳсулотлари дўконларда ҳам сотилади.
Корхонанинг энг катта қурилмаси 24 соат ичида 500 литр сув олади.
Унинг маҳсулотларига талаб бўлса-да, Коиги хоним буни доимий ечим сифатида кўрмайди.
"Очиғини айтсам, бу сув танқислигига ечим деб ўйламайман, - деди Коиги хоним. - Бу вақтинчалик ечим ... асосан арзон эмаслиги сабабли."
Global Market Insights'да тадқиқот ва консалтинг бўйича директор ўринбосари Авинаш Сингх айтишича, ишлаб чиқарувчилар ҳаводан сув олиш тизимларининг энергия самарадорлигини оширишга эътибор қаратмоқда.
"Масалан, компрессорлар, иссиқлик алмаштиргичлар ва нам сўргичлардаги инновациялар бундай тизимларнинг энергия самарадорлигини оширмоқда".
Унинг қўшимча қилишича, давлат ёрдами, субсидиялар ёки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидалари ушбу технологияни янада жорий этишга ёрдам беради.
Бундай сув тизимларини қабул қилишга ёрдам берган ривожланишлардан бири рақамли тўловларга ўтишдир.
Veragon бош офиси Италияда жойлашган бўлиб, Яқин Шарқ, Осиё, Африка ва Жанубий Америкада сув чиқариш операцияларини амалга оширади.
Veragon глобал бизнес директори Стивен Уайт: "Биз дастлаб интернетга уланмаган жамоалар билан иш бошлаганимизда, бу нобарқарор нақд пулга асосланган жамият эди... у энди рақамли бўлиб бормоқда", дейди.
"Масалан, Камбоджанинг аксарият қисмида 4G коммуникация бор ва Ковид пайтида электрон ҳамёнлар кечкин кўпайди. Хусусий инфратузилма ва ҳамкорлик анча яхшиланди - ҳукумат бунга аралашиши шарт эмас ва биз сувни анча арзонроқ нархда сотамиз".
Унинг айтишича, келгуси бир неча ой ичида барча бўлимлар рақамлаштирилади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













