Иқлим ўзгариши. Қайси овқат дунё учун зарарли?

masalliq
    • Author, Нассос Стилиану, Клара Гибур ва Ҳелен Бриггс
    • Role, Би-би-си

Мавжуд илмий тадқиқотларга кўра, гўшт ва сут маҳсулотларидан воз кечиш атроф-муҳитга таъсирингизни камайтиришнинг энг самарали усулларидан биридир.

Ўсимликларга асосланган диетага ўтиш иқлим ўзгаришига қарши курашда ёрдам бериши мумкин, дейилади БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро гуруҳи (IPCC) ҳисоботида. Унга кўра, Ғарбда гўшт ва сут маҳсулотларининг кўп истеъмол қилиниши глобал исишга ҳисса қўшмоқда.

Лекин мол гўшти ва товуқ ўртасидаги фарқ нима? Бир пиёла гуруч бир ликоп чипсдан кўра кўпроқ иссиқхона газларини чиқарадими? Шароб пивога қараганда экологик жиҳатдан яхшироқми?

Оксфорд университети томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, озиқ-овқат ишлаб чиқариш глобал исишга ҳисса қўшадиган барча иссиқхона газлари чиқиндиларининг чорак қисмини ташкил қилади.

Бироқ, тадқиқотчилар турли маҳсулотларнинг атроф-муҳитга таъсири турлича бўлишини аниқладилар.

Уларнинг натижалари шуни кўрсатдики, гўшт ва бошқа ҳайвон маҳсулотлари биз истеъмол қиладиган калориянинг фақат бешдан бир қисмини таъминласа-да, озиқ-овқат билан боғлиқ иссиқхона газлари чиқиндиларининг ярми шунга тўғри келади.

Тадқиқотда таҳлил қилинган барча озиқ-овқатлар ичида мол ва қўй гўшти атроф-муҳитга энг ҳалокатли таъсир кўрсатиши аниқланди.

Топилмалар Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро гуруҳнинг (IPCC) одамларнинг иқлим ўзгаришини қандай камайтириши мумкинлиги ҳақидаги тавсияларига мос келади.

Бизнинг таомномамиз ҳақида гап кетганда, IPCC гўшт, сут, пишлоқ ва сариёғни камроқ сотиб олишимиз кераклигини, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарилган мавсумий маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилишимиз ва уни исроф қилмаслигимиз зарурлигини айтади.

iqtibos

IPCC, шунингдек, уйларни изоляция қилишни, учоқлар ўрнига поэздлар ва автобуслардан фойдаланишни ва иш сафари ўрнига видеоконференциядан фойдаланишни тавсия қилади.

"Science" журналида чоп этилган Оксфорд тадқиқотига кўра, гўшт ва сут маҳсулотларини таомномангиздан чиқариб ташлаш озиқ-овқат сабабли чиқадиган углеродни учдан иккига камайтириши мумкин.

Иқлим ўзгариши ёки биологик хилма-хилликнинг йўқолиши бўладими, дунёдаги энг катта экологик муаммолар ортида турган энг кучли омиллардан бири биз еяётган нарсадир", деди тадқиқотчи Жозеф Пур Би-би-сига.

Диетангизни ўзгартириш сизнинг атроф-муҳитга кўрсатадиган таъсирингизда катта ўзгариш пайдо қилиши мумкин, сувни тежашдан ифлосланиш ва ўрмонсизлашувнинг камайишигача, дейди у.

"Бу сизнинг озиқ-овқатингизни ишлаб чиқариш учун керак бўлган ҳудудларни тахминан 75 фоизга қисқартиради - бу жуда катта қисқаришдир, айниқса, уни глобал миқёсда олиб кўрсангиз", деб тушунтиради Пур.

Агар сиз мунтазам парвоз қилиб турсангиз, рейсларни бошқа транспорт турларига ўзгартириш диетангизни ўзгартиришдан кўра углерод миқдорига кўпроқ таъсир қилиши мумкин. Лондондан Нью-Йоркка бир йўналишда учаётган йўловчининг углерод изи ярим тоннадан сал камроқ иссиқхона газларини ташкил этади. Оддий бензинли автомобилдан электромобилга ўтиш бир йил ичида икки баробардан кўпроқ тежаш имконини беради.

Озиқ-овқатингиз қандай ва қаерда ишлаб чиқарилганини билиш ҳам муҳимдир, чунки айни бир хил маҳсулотлар атроф-муҳитга таъсирида катта фарқлар пайдо қилиши мумкин.

Масалан, ўрмонлар кесилиб очилган ерларда етиштириладиган қорамоллар табиий яйловларда боқиладиган сигирларга қараганда 12 баробар кўп иссиқхона газларига сабаб бўлади.

Жанубий Америкадаги ўртача мол гўшти иссиқхона газларини Европада ишлаб чиқарилган мол гўштидан уч баравар кўпроқ кўпайтиради ва 10 баравар кўпроқ ерни банд қилади.

Гўшт ва сут маҳсулотлари катта таъсир қилиши мумкин бўлган ягона озиқ-овқат эмас.

Кесилган тропик ўрмонлардан олинган шоколад ва қаҳва нисбатан юқори даражада иссиқхона газларига сабаб бўлади.

Экологик тоза помидорлар учун газ ёки нефть билан иситиладиган иссиқхоналарда эмас, очиқ ҳавода ёки юқори технологияли иссиқхоналарда етиштирилганларини танланг. Экологик фикрлайдиган пиво ичувчилар эса бутилкага солинган пивони эмас, қуйиб бериладиганларини танлагани маъқул, чунки қайта ишланадиган идишлар ёки шиша бутилкалар кўпроқ углерод чиқишига сабаб бўлади.

Ҳатто энг иқлимга мос гўшт вариантлари ҳам ловия ёки ёнғоқ каби вегетариан оқсил манбаларига қараганда кўпроқ иссиқхона газларини ишлаб чиқаради.

Атроф-муҳитга таъсири қандай ҳисобланади?

Оксфорд университети тадқиқотчиси Жозеф Пур ва Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги Агроэкология ва атроф-муҳит тадқиқотлари марказидан Томас Немечек бутун дунё бўйлаб истеъмол қилинадиган маҳсулотларнинг катта қисмини ташкил этувчи 40 та асосий озиқ-овқатнинг атроф-муҳитга таъсирини ўрганишди.

Улар ушбу маҳсулотларнинг иссиқхона газлари эмиссиясига таъсирини ва уларни ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида, шу жумладан, қайта ишлаш, қадоқлаш ва ташишда (пишириш жараёни бундан мустасно) ишлатиладиган ер майдонлари ва чучук сув миқдорини ҳисобладилар.

40 000 га яқин фермер хўжаликлари, 1600 та процессорлар, қадоқлаш турлари ва чакана сотувчилардан олинган маълумотларни таҳлил қилиб, Пур ва Немечек турли ишлаб чиқариш усуллари ва географиялари сайёрамизга қандай таъсир қилишини баҳолашга муваффақ бўлдилар.

Порция ўлчамлари ҳақида нима дейиш мумкин?

Маълумотларда ҳар хил озиқ-овқатларнинг ҳар бирининг 1 килосининг атроф-муҳитга таъсирини кўриб чиқди.

Ушбу мақола учун бу маълумотлар Британия Диететик Ассоциацияси (БДА) ва BUPAнинг соғлом овқатланиш бўйича белгиланган порцияларга айлантирилди.

БДА ва BUPA тавсияларига асосланган порция ўлчами одатда ресторанлардаги порция ўлчамидан пастроқ бўлади, шунинг учун индивидуал истеъмол таъсири калькулятор кўрсатадиган рақамлардан каттароқ бўлиши ҳам мумкин.

Оқсилга бой озиқ-овқатлар Пур ва Немечек тадқиқотида кўрсатилган ҳар 100 грамм оқсил таъсири асосида, пиширилган ва хом овқатлар ўртасидаги фарқни эътиборга олиш учун БДА маълумотларидан олинган ҳар бир порциядаги оқсил миқдори асосида ҳисоблаб чиқилади.

Иссиқхона газлари нима?

Иссиқхона газлари эмиссияси учун рақамлар карбонат ангидрид эквивалентининг килограммида (СО2экв) келтирилган. Бу метан ва азот оксиди каби ҳар хил турдаги иссиқхона газлари таъсирини мос миқдордаги карбонат ангидрид бирлигига айлантиради.

Менинг таомномам автомобилда босиб ўтиган неча милга тенг эканлигини қандай биласиз?

Муайян озиқ-овқатни истеъмол қилишнинг йиллик таъсири, фойдаланувчи томонидан тақдим этилган ҳафталик маълумот асосида ушбу озиқ-овқатнинг бир порцияси таъсири йил давомида истеъмол қилинган сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Кейин улар бошқа кундалик одатлар сабабли ажраладиган углерод эмиссияси кўрсаткичлари билан таққосланади. Европа атроф-муҳит агентлигининг ҳисоб-китобига кўра, анъанавий бензинли транспорт воситасини бошқариш СО2-экв/миль 392 г ишлаб чиқаради.

Иқлим ўзгариши бўйича қўмита маълумотларига кўра, Британиядаги ўртача уйни иситиш йилига 2.34 тонна СО2-экв ишлаб чиқаради. 2018 йилги маълумотга кўра, Лондондан Малагага қайтишда ҳар бир йўловчининг углерод изи 320 кг СО2-эквни ташкил қилади.

Ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотининг йиллик истеъмолга етадиган миқдорини ҳисоблаш учун ер майдони 261 квадрат метр бўлган қўшалоқ теннис корти ҳажми билан таққосланади.

Йиллик истеъмол қилинадиган сув миқдори, душда сарфланадиган сув миқдори билан таққосланади, унга кўра, душ ўртача саккиз дақиқа давом этади ва 65 литр сув сарфланади. Маълумотларга фақат "кўк сув" киритилган, яъни дарёлардан ёки ер остидан олинадиган сув.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002