Саломатлик: Қандай озиш керак – хавфли ва хавфсиз усуллар – Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳозир айримларимиз келгуси йил учун режалар тузадиган вақт.
Озиб, қоматни яхшилаш аксариятимиз ҳар йили қарор қиладиган мақсадлардан биридир.
Бунга эришиш учун биз кўпинча ейишни камайтириб, жисмоний машқларни кўпайтиришга ҳаракат қиламиз.
Таомдаги энергия миқдори калорияларда ҳисоблангани учун кўпчилигимиз калория истеъмолини камайтирсак, озишимиз мумкин деб ўйлаймиз.
Аммо бу тўғри ёндашувми, буни эҳтимол яна бир ўйлаб кўриш вақти келгандир?
Айрим экспертлар калория ҳисоблашни нафақат эскирган усул, балки уни хавфли деб ҳам ҳисоблашади.
Калория нима ва бу атама қаердан келган?

Сурат манбаси, Getty Images
Калория асосан озиқ-овқатнинг озуқавий қийматини ифодалаш учун ишлатиладиган энергия бирлигидир.
Бу атама лотинча calor сўзидан келиб чиққан бўлиб, иссиқлик деган маънони англатади ва бир асрдан кўпроқ вақт давомида қўлланилмоқда.
Кембриж университети молекуляр нейроэндокринология профессори доктор Жайлес Йео Би-би-сига айтишича, "Николас Клеман калорияни бир литр сувни денгиз сатҳи баланликда 1 даража цельсийгача қиздириш учун зарур бўлган иссиқлик миқдори сифатида кўрсатган."
Француз олими Клеман XIX-аср бошларида иссиқлик двигателлари ҳақидаги маърузаларда биринчи бўлиб бу сўзни ишлатган.
Шундай қилиб, бугунги таърифга кўра, калория 1 кг сув ҳароратини 1°С га кўтариш учун зарур бўлган иссиқлик энергиясидир.
Унинг кашфиёти бутун дунёга қандай таъсир кўрсатди?

Сурат манбаси, Getty Images
Озиқ-овқатдаги калория миқдорини аниқ ўлчаш муҳим босқич бўлди.
"Биз маълум бир одамнинг овқатланиши унинг ирқи, у яшаган иқлим, ижтимоий синфи ва, албатта, жинси билан бевосита боғлиқ бўлган дунёни тўсатдан тарк этдик. Унда икки тур таомни қиёслаб бўлмасди. Аммо ҳозир уларни бир-бирига бемалол солиштириш мумкин", дейди Блумингтон Индиана университетининг тарих ва халқаро тадқиқотлар профессори Ник Каллатер.
Озиқ-овқат ҳақидаги фикрларимиз кескин ўзгарди. Одамлар озиқ-овқатни оқсиллар, углеводлар, микроэлементлар, ёғлар ва бошқалар каби кўплаб таркибий қисмларнинг йиғиндиси сифатида кўра бошладилар.
"Энди тана двигатель, озиқ-овқат эса унинг ёқилғиси сифатида кўрина бошлади, бу эса озиқ-овқатга муносабатни ўзгартирди", дейди Каллатер.
XX-асрда калориялар ижтимоий сиёсатга ҳам таъсир қила бошлади.

1920 ва 1930-йиллари Япония ҳарбий денгиз кучлари ўз денгизчилари учун овқатланиш стандартларини жорий қилган. Буғдой, гўшт ва, айниқса, чўчқа ва товуқ гўшти денгизчилар рационига киритилади ва бутун япон жамиятига ҳам шу тарғиб қилинади. Афтидан, биз япон ошхонаси деб атайдиган таомлар ана шу ўзгаришлар самараси ўлароқ пайдо бўлган.
Ўтган ўн йиллар давомида АҚШ очарчиликдан азият чекаётган мамлакатларга қанча озиқ-овқат ёрдами юборишни аниқлаш учун калорияни ҳисоблашдан фойдаланган. Биринчи Жаҳон урушидан сўнг вужудга келган Миллатлар Лигаси озиқ-овқатни махсус ўрганиб, 1935 йили глобал стандартни жорий қилган ва унда ҳар бир катта одам учун кунлик 2500 калория тавсия қилинган эди.
Ҳозирда бу стандарт эркаклар учун 2500, аёллар учун 2000 калорияни ташкил этади.
Калорияни ҳисоблаш нимаси билан хавфли?

Сурат манбаси, Getty Images
Баъзи экспертларнинг таъкидлашича, калорияни ҳисоблаш эскирган усулдир.
Турли хил озиқ-овқатлар бир хил энергия қийматига эга бўлса ҳам, уларнинг соғлиққа фойдаси ёки озуқавий қиймати бир хил бўлмаслиги мумкин. Мисол учун, бир стакан сутда тахминан 184 калория бор, шунга ўхшаш стакандаги тоза пивода камроқ - 137 калория.
"Биз аслида калория истеъмол қилмаймиз; биз овқат истеъмол қиламиз, кейин танамиз калорияни ундан ажратиб олиш учун ишлаши керак. Қандай овқат - сабзи, пончик ёки стейк истеъмол қилишингизга қараб, танамиз ундан калорияни олиш учун турли даражада ишлаши керак", дейди генетик Жайлес Йео.
Супермаркетлардаги озиқ-овқатлар қадоғида бир порцияда қанча калория борлиги кўрсатилади, аммо танамиз ўша калориянинг қанчасини ўзлаштира олиши ҳақида маълумот йўқ.
"Биз истеъмол қиладиган ҳар 100 калория протеиндан фақат 70 калорияни ўзлаштирамиз. Шундай қилиб, биз ўзимизга керакли калориядан 30 фоизи кўпроқ калорияли протеин истеъмол қилишимиз керак", дея қўшимча қилади у.
"Бошқа томондан, ёғ жуда энергия манбаси саналади. Биз истеъмол қилган ҳар 100 калория ёғнинг 98 дан 100 калориягачасини ўзлаштира оламиз", дейди Йео.

Сурат манбаси, Getty Images
Соддароқ айтганда, агар сиз 100 калория чипс истеъмол қилсангиз, 100 калория сабзи истеъмол қилганингиздан кўра кўпроқ калория истеъмол қилган бўласиз.
Йеонинг таъкидлашича, нимани истеъмол қилаётганингизни ҳисобга олмасангиз, соғлом овқатланиш учун калорияни ҳисоблаш бемаъниликдир. Аммо мураккаблик шу билан тугамайди.
Бирор таомдан қанча энергия олишимиз ёшимиз, қанчалик уйқуга тўйганимиз, ошқозон бактерияларимиз миқдори, гормонларимиз ва таомни қанчалик чайнаганимиз каби бир қатор индивидуал ўзига хосликларга ҳам боғлиқ.
Овқатлар обдон қайта ишланганда ундаги оқсил ва толалар йўқолади, овқатнинг калориясини кўпайтирадиган ёғ, шакар ва туз қўшилади. Аммо бу овқатнинг фойдалилик даражаси тушади.
"Калория сизга фақат рақамни беради. Аммо бу тўйимлилик эмас. Бу рақам сизга унда қанча ёғ, шакар, углевод, тола ва витамин борлигини айтмайди. Калория билан боғлиқ менинг муаммоим ана шунда. У жуда ўтмас асбоб", дейди Йео. Унинг таъкидлашича, фақат калорияни ҳисоблаш бизнинг танловимиз хато бўлишига сабаб бўлади.
Хавфли мубталолик

Сурат манбаси, Getty Images
Нью-Йоркдаги Корнелл университетида озиқ-овқат ва соғлиқни сақлаш бўйича америкалик тарихчи Эдриен Роуз Битар, калорияларга бу қадар ружу қўйиш ва калорияни камайтириш дастурларида қатнашиш муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини айтади: "Бу калорияга бу қадар ружу қўйиш одамларга зарар етказмоқда".
"Шунчаки тўхтатиш мумкин бўлган алкоголдан фарқли ўлароқ, сиз овқатланишни тўхтата олмайсиз. Анорексия, булимия, орторексия каби кўплаб овқатланиш бузилишлари калория ҳисоблашдан бошланади", дейди Битар.
Унинг айтишича, баъзи парҳез режалар одамларга хавфли даражада паст калория парҳезларини маслаҳат беради.
Бунга муқобил нима бор?

Сурат манбаси, Getty Images
Озиқ-овқат саноатидан ташқарида энергия калорияларда эмас, балки жоулларда ўлчанади. Баъзи озиқ-овқат компаниялари ҳозир озиқ-овқат қийматини киложоулда кўрсатмоқда.
Аммо калориялар омманинг хаёлини шунчалик эгаллаганки, ҳатто унинг нима эканлигини билмайдиганлар ҳам жуда кўп калория истеъмол қилиш соғлиқ учун зарарли эканлигини тушунади.
Баъзи мутахассислар, масалан, Британия Озуқа Жамғармасидан Бриджид Бенелам, ортиқча калориялардан эҳтиёт бўлишга чақиради. Унинг айтишича, барча камчиликларга қарамай, калория функционал аҳамиятга эга.
"Семизлик, эҳтимол, ҳозир биз дуч келаётган энг катта соғлиқни сақлаш муаммосидир. Шунинг учун одамларнинг ортиқча вазни ва семириб кетишига нима сабаб бўлаётганини тушуниш муҳим", дейди Бенелам.
Унинг айтишича, озмоқчи бўлган баъзи одамлар учун калорияни ҳисоблаш вазн ташлаш учун парҳезни режалаштиришда жуда фойдали бўлиши мумкин.
"Одамлар нимани истеъмол қилаётганини ва бу калориялар қаердан келаётганини тушуниши муҳимдир. Шундай қилиб, масалан, одамлар жуда кўп тўйинган ёғ истеъмол қиляптими ёки йўқлигини билмоқчи бўлсак, биз буни улар тўйинган ёғлардан қанча калория олишига қараб ҳисоблаймиз. Шундай қилиб, илмий нуқтаи назардан, бу ўлчаш учун ҳам, тушуниш учун ҳам муҳим нарсалардир", дейди у.
Буюк Британияда Миллий Соғлиқни сақлаш хизмати одамлар ўзлаштирилаётган энергияни сарфланаётган энергияга мувозанатлаши кераклигини уқтиради. Агар сиз баъзида жуда кўп овқат истеъмол қилсангиз, ортиқча ташвишланмасликни маслаҳат беради: "Фақат кейинги куни камроқ энергия олинг".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















