Имомали Раҳмон видеоси саломатлиги ҳақидаги миш-мишларга қарши чиқарилдими?

Сурат манбаси, president.tj
- Author, BBC Monitoring
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Хитой Янги йили бошлангани муносабати билан Хитой Президенти Си Цзпинпинга видео табрик йўллади.
Хитой анъанасига кўра, Ой тақвими бўйича янги йил ёки баҳор бошланишини англатади.
Уч минутлик видео Имомали Раҳмон оммага икки ҳафта кўринмагани ортидан эълон қилинди.
Тожикистон президенти расмий веб-саҳифасида эълон қилинган видеода Президент Раҳмон Хитойни турли соҳаларда "мисли кўрилмаган зафарларга" эришгани учун мақтайди.
"Ўзининг конструктив глобал ташаббуслари натижасида мамлакатингиз замонамизнинг асосий тенденцияларида етакчидир. Биз эса ўзимизнинг яқин ва ишончли қўшнимизнинг ушбу муваффақиятларидан мамнунмиз", деди Президент Раҳмон.
Тожикистон президенти қўшимча қилишича, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар "ҳар тарафлама стртагетик шериклик шаклида ривожланишнинг юқори чўққисига чиқди".
Шунингдек, у Тожикистон билан Хитой кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида яқин ҳамкорлик қилаётганини урғулади.
"Мен ушбу конструктив жараёнларни мамлакатларимиз ўзак манфаатларига мос ривожлантиришга қўшаётган шахсий ҳиссангизни юқори баҳолайман", деди Президент Раҳмон Си Цзинпинга.

Жорий йилда кутилаётган икки мамлакат ўртасидаги олий мақом мулоқотлар "икки мамлакат ўртасидаги давлатлараро муносабатларни янада бойитиши"га ишончи комиллигини билдирди Тожикистон раҳбари.
Президент Раҳмоннинг видео қутлови Тожикистон президентининг Telegram ва Facebookдаги расмий каналларида ҳам тарқатилди.
"Озодлик" радиоси ёзишича, ушбу видео мужда Президент Имомали Раҳмоннинг узоқ вақт жамоатчилик кўзи ўнгида кўринмаганидан кейин унинг саломатлигига оид юзага келган хавотирларни тарқатиб, жамоатчиликни тинчлантиришга уринишнинг яна бир амали бўлган.
"Бундан олдин президент матбуот хизмати Имомали Раҳмоннинг дунё раҳбарларига ёзма табригини тарқатган бўлса-да, унинг хорижий раҳбарларга видео мурожаати камдан-кам эълон қилинган. Шунинг учун ҳам унинг янги муждаси охирги ҳафталарда ижтимоий тармоқларда тарқалган жамоатчилик овозларини тинчлантиришга уриниш ҳаракати деб кўрилди", деб ёзди радио "Озоди".
"Унинг омма олдида ва давлат телевидениесида кам кўриниши у касал деган мишмишлар тарқалишига олиб келди. Бироқ айрим манбалар унинг дам олишга Хитойнинг Ҳайнан оролига кетгани ҳақида айтдилар", деб ёзди радио веб-сайти.
Президент Раҳмон видео мурожаатидан бир кун олдин президент веб саҳифаси унинг Осиё Инфраструктура сармоя банки - AIIB президенти Цзоу Цзяи билан учрашуви видеосини эълон қилди.
Кузатувчилар Президент Раҳмоннинг омма кўзи ўнгида анча вақт кўринмай қолиши илк бор юз бермаётганини эслатаадилар.
Худди шундай "танаффуслар" 2017, 2020 ва 2022 йиллари ҳам бўлган, ўшанда Тожикистон расмийлари Президент Раҳмоннинг саломатлиги ҳақида изоҳ беришдан бош тортганлар.
1952 йили туғилган Имомали Раҳмон Тожикистонни 1992 йилдан буён бошқаради.
Дастлабки икки йилда мамлакат парламенти раиси сифатида, ундан кейин президент сифатида.
Охирги 30 йилда Имомали Раҳмон ўз оиласи аъзолари ва ўзига яқин инсонларни мамлакатдаги асосий лавозимларга тайинлаш билан ҳокимиятни ўз қўлида марказлаштирди.
Тожикистоннинг жорий конституцияси бўйича амалдаги президент ўз ваколатларини вақтинча ёки доимий адо этолмай қолса, масъулият парламент юқори палатаси - Миллий Мажлис спикерининг зиммасига юклатилади.
Ҳозир Мажлиси Миллийнинг раиси лавозимини Имомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли, 1987 йили туғилган Рустам Имомали эгаллайди.
































