Тожикистон ҳукуматида йирик кадрлар алмашиши нимани англатади?

Сурат манбаси, President.tj
Тожикистонни 30 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Имомали Раҳмон ҳукуматида катта ўзгаришлар қилди. Бошқа ёпиқ жамиятларда бўлгани сингари жамоатчилик ушбу кадр ўзгаришлари асл сабабларини билмайди, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари фақат тахминларнигина илгари сурмоқдалар.
Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзо 12 йилдан кейин лавозимидан четлатилди.
Президент Раҳмон парламентдан 10 йилдан буён Бош Прокурор бўлиб келган Юсуф Раҳмонни бўшатишни сўрагани хабар қилинмоқда.
Тожикистон ҳукумати Алоқа хизмати деб номланадиган муассасани 14 йил бошқарган Бег Сабур ўрнига ёш алоқачи мутахассис Исфандиёр Саъдулло тайинлангани маълум қилинди.
Ижтимоий тармоқларда ишидан кетказилган Тожикистон амалдорлари ҳақида "ўз соҳасининг билимдони", тажрибали мутахассис", "Миллат Пешвосига содиқ ватанпарварлар" деган таърифларни ўқиш мумкин.
Аммо танқидчиларга кўра, бир шахс бор қудратни ўз қўлида жамлаган мамлакатда янги раҳбарлардан кўп нарса кутиб бўлмайди.
"Расмийлар узоқ йиллар давомида ўзгартирилмаган муҳитда оддий одамлар бундай ўзгаришлар ўзларининг аҳволи ва турмуш даражаларини яхшилайди деб умид қиладилар. Шерали Мирзо Мудофаа вазирлигини бошқарган 12 йил давомида зўравонлик, таҳқирлашлар ва аскарларнинг ўлимлари ҳақида жуда кўп хабарлар тарқалди. Юсуф Раҳмон бошқаруви йилларида ўнлаб жамоат фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳибсга олиндилар ва узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилиндилар", деб ёзди Озоди.орг нашри.
Тожикистонда Интернет қиммат, Интернет тезлиги аниқроғи секинлиги бўйича дунёнинг 143 мамлакати орасида 139-ўринни эгаллайди.
Шунингдек, мобил алоқа сифати ҳам танқид қилинади.
Халқаро ташкилотлар Тожикистон ҳукуматини Интернетни "бўғиш" билан сўз эркинлигини чеклашда айблайдилар.
Алоқа хизмати раҳбари ўзгаргани ортидан айрим тожикистонликлар Интернет тезлиги оширилишига умид билдирганлар.
"Биз кадрлар ўзгариши юз берган мамлакатларда ўзгаришлари бўлгани ва вазият яхшиланишини кўрамиз. Тожикистонда ҳамма қадриятлар бир оила атрофида марказлашган, шунинг учун бирор ўзгаришни кутиб бўлмайди, деб айтди муҳожиротдаги Тожикистон Ислоҳот ва тараққиёти мухолифат ҳаракати раҳбари Шарофиддин Гадоев.
"Янги одамлар тизим ичидан келган одамлардир. Тожикистонда шахс ўзгаришининг аҳамияти йўқ, аҳвол бундан ҳам бадтар бўлиб бораверади. Олдинги тажрибадан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, келган ҳар бир янги раҳбар олдингисидан ҳам ёмонроқ бўлади", дея муносабат билдирди муҳожиротдаги Тожикистон Миллий Алянси мухолифат коалицияси раҳбари Муҳиддин Кабирий.
Сиёсий таҳлилчилар Тожикистондаги ушбу кадрлар ўзгаришининг Афғонистон бошқаруви Толибон назоратига ўтган, ўшандан буён Тожикистон ва Толибон раҳбарияти муносабатлари таранглашган вақтда рўй бераётганига ҳам эътибор қаратадилар.












