Янгиликлар. Марказий Осиё: СССРдан қолган мерос минтақа учун шунчалик хавфлими? Rossiya Markaziy Osiyo Dunyo Yangiliklar

Tojikiston

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek

Сурат тагсўзи, Мутахассислар Тожикистон Шимолидаги барча радиацион чиқиндихоналарни тўлиқ зарарсизлантириш учун "Росатом" ва Россия ҳукумати томонидан ҳали катта маблағлар талаб этувчи қатор лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлашади.
    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Минтақада янги хавотир...

Алоқадор мавзулар

Тожикистон шимолидаги собиқ Табошар, ҳозирги Истиқлол шаҳридаги "Табошар" саноат майдончасида уран чиқиндихоналарини зарарсизлантириш лойиҳаси ниҳоясига етказилган.

Россиянинг "Росатом" давлат корпорацияси матбуот хизматининг билдиришича, лойиҳа кўзда тутилган муддатдан олдин муваффақиятли тугалланган.

Мазкур корпорация бош директори ўринбосари Николай Спасскийнинг айтишича, чиқиндихона усти бир ярим метрлик қалинликдаги тоза тупроқ билан ёпилган.

Таркибида уран мавжуд бўлган қум баландлиги 65 миллиметрдан 35 миллиметргача пасайтирилган.

"Бойитилмаган рудалар фабрикаси чиқиндихоналари устини ёпиш", деб аталган лойиҳа тугалланиши муносабати билан ўтказилган маросимда Николай Спасский билан бирга Тожикистон Республикаси Саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир, Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода қатнашишган.

"Росатом" вакили радиацион чиқиндихоналарни зарарсизлантиришга қаратилган лойиҳанинг халқаро стандартлар ва талабларга мувофиқ ўтказилганини таъкидлаган.

Лойиҳани татбиқ қилиш ишига Тожикистон ва россиялик мутахассислар жалб этилган.

Натижада бойитилмаган рудалар фабрикаси ва 4 та радиацион чиқиндихона зарарсизлантирилган.

Ўтказилган текширувлар натижасида бу чиқиндихоналар атрофида радиация даражаси табиий даражага тушгани маълум бўлди, деб хабар берган Тожикистон Миллий фанлар академияси химия, биология, радиацион ва ядро хавфсизлиги агентлиги.

Tojikiston

Сурат манбаси, Getty Images

Тожикистон томонининг айтишича, тугалланган лойиҳа минтақада экологик муҳитнинг яхшиланишига ва аҳоли ҳаёти хатарсизлигида муҳим ўрин тутади.

Мутахассислар Тожикистон Шимолидаги барча радиацион чиқиндихоналарни тўлиқ зарарсизлантириш учун "Росатом" ва Россия ҳукумати томонидан ҳали катта маблағлар талаб этувчи қатор лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлашади.

Айни бир пайтда улар тугалланган лойиҳага қанча маблағ сарфлангани ошкор этилмаётганини урғулашмоқда.

Шўролардан қолган хатарли мерос

Аҳоли зич жойлашган Бобожон Ғафуров туманидаги ядровий чиқиндилар "қабристони"

Сурат манбаси, .

Икки йилдан сўнг Тожикистон Шимолида уран рудаси қазиб олиниши ва қайта ишланиши бошланганига саксон йил тўлади.

Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган пайтда ҳозирги Бобожон Ғафуров тумани марказида айни шу мақсадда тажриба заводи ишга туширилди.

Аҳоли ҳозиргача бу ерни "Опытний" (Тажрибавий) деб атайди. Худди шу тажриба заводида ишлаб чиқарилган урандан СССРнинг биринчи атом бомбаси тайёрлангани ҳақида расмий маълумотлар бор.

Кейинроқ аҳоли орасида 6-комбинат деб аталадиган корхона Тоғ-кон комбинати деб номлана бошланади.

Айни шу корхона қурилиши боис Тажриба заводидан 4-5 чақирим нарида янги шаҳар бунёд этилади.

Чкаловск деб атала бошланган ҳозирги Бўстон шаҳрига ўша пайтда Россиянинг турли шаҳарларидан мутахассислар қўчириб олиб келинади.

Бу комбинат номигина сир тутилганидан ташқари, у жойлашган шаҳар ёпиқ шаҳар бўлади ва рақам билан юритилади.

Аввалги йиллари уран рудаси Тожикистоннинг ўзидаги, Табошар, Адрасмон шаҳарчалари ва ҳатто ҳозирги Хўжанд шаҳрига яқин конлардан қазиб олинади. Кейинчалик руда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан ташиб келинади.

Tojikiston

Сурат манбаси, Getty Images

СССР ҳукумати таназзулга юз тута бошлагач, тоғ-кон комбинатида уран ишлаб чиқариш сусая бошлайди ва бора-бора тўхтаб қолади.

Шўролар мамлакатидан эса, Тожикистонга катта майдондаги радиоактив - инсон ҳаёти учун хатарли чиқиндихоналар мерос бўлиб қолади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа бўйича иқтисодий комиссияси маълумотларига кўра, Тожикистон шимолидаги қўриқланмайдиган объектларда 54,8 миллион тонна радиацион чиқинди мавжуд.

Собиқ тоғ-кон комбинати, кейинчалик "Востокредмет", деб атала бошланган бирлашмада узоқ йиллар атроф муҳитни сақлаш бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Леонид Павлюк вақтида Шимолий Тожикистондаги радиация хатари мавжуд бўлган объектлар ҳақида гапирар экан ана шундай ўнта объектдан фақат биттаси "Опытний" яқинидаги чиқиндихона халқаро меъёрлар асосида хатарсиз қилиб кўмилганини айтганди.

Бу ҳали СССР тугалланиши арафасида юз берганди.

Чиқиндихона яқинида туман марказий беморхонаси қурилишига қарши чиққан шифокорларнинг Тоғ-кон комбинатининг тўғридан-тўғри Москва билан гаплашадиган бош директори Опланчукка ёзган очиқ хати вилоят газетасида эълон қилинади. Лекин хатни эълон қилишга журъат топган жасур журналист боши балога қолади.

Опланчукнинг редакцияга йўллаган жавоб хатида шифокорлар келтирган барча иддаолар рад қилинади.

Фақат эътиборсизлик, ё бошқа сабаб туфайлими, хатда қавс ичига олинган бир жумла Опланчук раддиясини чиппакка чиқаради.

У жумлада чиқиндихона туравергани сари радиация даражаси кучайиб боравериши айтилганди.

Журналист айнан худди шу жумла биллан чиқиндихонани кўмиш зарурлиги, йўқса, шифокорлар хатида келтирилгандайин фақат тепалик устида юрган ит ва мушуклар ўлмасдан, одамлар орасида ҳам тузатиб бўлмас касалликлар авж олишини исботлайди.

Шундан кейин комбинат томонидан чиқиндихона-тепалик усти шағал билан ёпила бошланади.

Аввалига режа бир метрлик бўлса, амалда радиацион чиқиндихона уч метрлик қалинликда шағал биллан қопланади.

Орадан ҳозир деярли 35 йил ўтди.

Опланчук хатида қавсда келтирилган ҳақиқат яна бўй кўрсата бошлади.

Мутахассисларга кўра, тепаликка яқин аҳоли манзилларида оғир касалликларнинг кўпаяётганлиги яна радиация сизиб чиқаётгани билан боғлиқ.

Халқаро ташкилот ёрдамида бўлса-да, тепалик атрофи баланд девор билан ўраб олингани бежиз эмас, дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожон.

Леонид Павлюк аҳоли ва атроф муҳит учун радиацион хатарга эга объектлар мавжудлиги ҳақида гапирган пайтда Табошар (ҳозирги Истиқлол шаҳри)даги бойитилмаган рудалар фабрикаси чиқиндихоналарини алоҳида тилга олган эди.

"У ерда 2 миллион тонна радиоактив модда мавжуд. Шунингдек, яна иккита ўта хавфли радиацион чиқиндихона бор. Улардан бири Табошар шаҳридаги 10 гектарга чўзилган Саримсоқлисой чиқиндихонаси. Иккинчиси эса, Чкалов шаҳридаги илгари радиоактив моддалар сақланган омбор ўрни. Гарчи ҳозир бу ерда уран рудалари йўқ бўлса-да, лекин радиация даражаси бир ярим минг микрорентген-соатгача бориб етиши аниқланган", деган эди Леонид Павлюк.

Собиқ Табошар шаҳрида маҳаллий шифокорларнинг радиацион хавфу хатар тўла бартараф этилмас экан, аҳоли орасида ўсма ёки онкологик, лейкоз ёки оққон каби хавфли хасталиклар олдини олиш қийин кечиши борасида бонг уришлари ҳам бежиз эмас эди.

Шаҳар раҳбарлари Тожикистоннинг тезроқ МАГАТЭга аъзо бўлишига, шундагина чиқиндихоналарни зарарсизлантириш учун зарур маблағ топиш имконияти пайдо бўлишига умид боғлашарди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа комиссияси ҳам энг йирик чиқиндихоналар ҳозирги Истиқлол шаҳрида, яъни Табошарда жойлашган бўлиб, у ерда 12 миллион тонна радиоактив модда мавжудлигини айтганди.

Nj;brbcnjy

Сурат манбаси, Getty Images

Аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган чиқиндихоналардан бири Хўжанд шаҳридан тўрт-беш километр наридаги Руҳак адирликларида жойлашган.

Бу ерга олтинчи комбинатдан тортиб келинган йирик ҳажмли қувурлардан чиқиндилар ташланарди.

Сап-сарғайиб кетган, тарам-тарам ёрилган чиқиндихона иқтисодий қийинчилик йилларида айрим кишиларнинг тирикчилик манбаига айланди.

Тўп-тўп бўлиб келаётган одамлар ўз саломатликларини ўйламасдан, чиқиндихонадан металл қазиб олишар ва сотишарди.

Кейинроқ чиқиндихона девор билан ўраб олинди.

Бундан беш-олти йил олдин эса, чиқиндихона устини кўмиш бошланди.

Тожикистон қонунчилигида зарур ўзгаришлар юз бергач, МАГАТЭ - халқаро ташкилотга аъзо бўлиш имкони туғилди.Тожикистон 2001 йилда МАГАТЭ га аъзо бўлди.

Бир йилдан сўнг Тожикистон Республикаси Миллий фанлар академиясининг химия, биология, радиация ва ядро хавфсизлиги агентлиги тузилди.

Агентлик АҚШ Ядрони мувофиқлаштириш комиссияси ва Энергетика департаменти, Европа комиссияси, Буюк Британия, Норвегия, Германия, Туркия мамлакатлари, Халқаро илмий-техника маркази ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга ошириш борасида халқаро муносабатлар ўрнатган.

Yorliq

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek

Жорий йил май ойида Душанбе шаҳрида МАГАТЭ томонидан Марказий Осиё семинари бўлиб ўтди.

Унда ядро соҳаси фаолияти қонунчилик томонлари муҳокама этилди.

Семинарда Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон билан бирга яна дунёнинг турли томонларидан келган еттита, жами ўн битта давлат вакиллари иштирок этишди.

Тожикистон Миллий фанлар академиясининг химия, биология, радиация ва ядро хавфсизлиги агентлиги директори Илҳом Мирсаидов мазкур семинарнинг ядро қонунчилигига амал қилишда муҳим ўрин тутганини қайд қилди.

Худди шу ўринда қонунчиликни яхши билиш ядровий зарар учун жавобгарлик кимнинг зиммасига тушишини англаб олиниши ҳам айтилди.

"Табошар" саноат майдончасидаги уран чиқиндихоналарини зарарсизлантириш лойиҳаси тугалланишига бағишланган маросимда сўзлаган "Росатом" бош директори ўринбосари Николай Спасский Россия Тожикистонда катта ё кичикроқ бўлмасин, атом станцияси қуриб беришга тайёргарлигини айтди.

Ва бу ҳали келажак ўйлари эканлигини, Тожикистон АЭС қурилишига қизиқса, Россия томони бахтиёр бўлишини қистириб ўтди.

Ҳозирча Марказий Осиёда Ўзбекистон АЭС қурилишини бошлаш арафасида.

Лекин оқар сувларга бой бўлган Тожикистон "яшил энергия"дан фойдаланишни афзал кўраётир.

Мамлакат раҳбарлари, мутахассислар халқаро тадбирларда айнан бу борада такрорлаб келишмоқда.

Устига, кузатувчиларнинг фикрича, ҳали Тожикистонда оғриғи йўқолмаган асорат бор.

Бу ҳам бўлса, жуда катта маблағ талаб қилинадиган радиацион чиқиндихоналар! Ва албатта уларни тугал зарарсизлантириш муаммоси!

Бу маблағ эндигина ривожланиш йўлига кираётган, хорижий сармояга муҳтож бўлиб турган Тожикистонда топилиши қийин.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Шўроларнинг ядровий меросхўри, ўз атом қуроли билан бот-бот дағдаға қилиб турадиган Россия эса, Тожикистондаги радиацион чиқиндихоналарни буткул зарарсизлантириш учун зарур маблағ топиб бериш тўғрисида ҳали ишора ҳам қилган эмас.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002