Россия Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси юқори босқичда дейди, аммо Ўзбекистон жим – Янгиликлар Yangiliklar AES

Сурат манбаси, Russian Foreign ministry
Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, Ўзбекистон ҳудудида Россия муаллифлигидаги атом электр станцияси (АЭС)ни жиҳозлаштириш лойиҳасининг "асосий шартлари борасидаги келишув тайёргарликнинг юқори босқичида" турибди. Бу ҳақида давлатга тегишли ТАСС агентлиги хабар тарқатди.
Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, энергетика - Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг энг муҳим қисми. "Иқтисодий алоқаларимизнинг етакчи лойиҳаси Ўзбекистон ҳудудида Россия муаллифлигидаги АЭСнинг жиҳозлантирилишидир. Бу лойиҳанинг асосий шартлари бўйича келишувга тайёргарлик юқори босқичда", - дейилади расмий хабарда.
Душанба куни Москвада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокаралар ўтказди.
Жаноб Саидов ўз телеграм каналида учрашув ҳақида хабар тарқатди, аммо АЭС мавзусини тилга олмади.
"Бугун Москва шаҳрида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Жаноби Олийлари билан илиқ ва самарали учрашув ўтказдик. Мулоқотда ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизнинг мисли кўрилмаган суръатини қайд этиб, келгусида алоқаларимизни янада бойитиш учун қатор соҳалар ва истиқболли йўналишларни белгилаб олдик", - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазири баёнотида.

Сурат манбаси, Facebook/Baxtiyor Saidov
Россия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида жаноб Лавровнинг ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашувидаги нутқи матни эълон қилинган. Унда Лавров "халқаро саҳнадаги бугунги ғайриоддий шароитлар" манзарасида Ўзбекистон билан ўзаро стратегик шерикликни кучайтириш ўта долзарблигини айтган, ҳамда "санкциявий тўсиқларга қарамай" 2022 йилда ўзаро маҳсулот айирбошлаш 26%га ўсиб 9 миллиард долларга чиққанини олқишлаган.
Ўзбекистон расмий манбаларида Россиянинг муаллифлигида Ўзбекистонда АЭС қурилиши борасида маълумотлар ўта кам бўлиб, охирги вақтда унинг тилга олиниши янада камайган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 декабрда Олий Мажлисдаги якуний нутқида энергетика соҳасидаги муаммолар ҳақида гапира туриб, 2023 йилда қайта тикланувчи энергия, хусусан қуёш энергияси тизимларини ривожлантиришга урғу берганди.
ЎзАтом агентлиги сайтида ҳам лойиҳанинг қай босқичда экани борасида маълумотлар йўқ.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













