Германия: Ўзбек энергетик немисларнинг уйларини қандай ёритяпти? – Видео Янгиликлар Ўзбекистон Yangiliklar

Германияда Energiewende сўзи сиёсат ва матбуотда энг муҳим сўзлардан бирига айланган. У қазиб чиқарилувчи ёқилғилардан табиатга зарарсиз ва ишончли, ҳамда арзон энергия турларига ўтиш жараёнини англатади.
Бу жараённинг катта воқеаси 15 апрелда юз берди. Бу куни мамлакатдаги охирги учта ядровий реактор иши тўхтатилди ва шу билан 60 йилдирки немисларга хизмат қилган атом энергиясидан буткул воз кечилди.
Ҳукумат 2035 йилгача ўзидаги энергиянинг 100 фоизини қуёш ва шамол каби қайта тикланувчи манбалардан олишни режалаяпти. Бу катта таваккал. Атом ёқилғисидан воз кечилиши кўп мутахассисларнинг танқидига ҳам сабаб бўлди, чунки уларнинг фикрида, Германия ҳали тўлалигича қайта тикланувчи энергияга ўтиш учун инфратизилмани яратмаган ва атом ўрнини ҳатто заҳарли кўмир билан тўлдиряпти.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Аммо, бу ўзгаришларга Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳам катта туртки бўлди. Ўз газининг қарийб ярмини Россиядан сотиб олишга ўрганган Германия Москвага қарши санкцияларни қўллаши билан рус гази таъминоти кескин камайди. Четдан келадиган энергияга ишонч сўнган.
Немисларда шундоқ ҳам энергетик мустақилликка чақириқлар кучли эди. Бир оммавий фикр сўровига кўра, 85% германияликлар яшил энергияни кучайтириш тарафдорилар.

Ўтган йили германияликлар қуёш панелларини ўрнатиш бўйича Европада биринчи ўринни олдилар. Йирик компаниялар катта ҳажмдаги қуёш станцияларини қуришда бюрократия ва аҳоли орасида қаршилик кўплигидан нолийдилар, шундай экан қуёш панелларини асосан хусусий томларда кўрасиз.
Ундан ташқари, бу энергетик инқилобни қила оладиган усталар Германияда танқис. Ўсиб бораётган талабни эса ўзбекистонлик Зафар Сафоев каби мутахассислар қондиришга уриняптилар. Унинг "Bright Solar" компанияси хусусий уйлар ва бизнесларга қуёш энергияси қурилмаларини ўрнатиш билан шуғулланяпти. Талаб шунчалик каттаки, Зафар баъзида "йўқ" дейишга мажбур.

Тошкентда Иқтисод университетининг туризм факультетини тамомлаган Зафар 2009 йилда Германияга келиб немис тилини ўрганди ва энергетика соҳасига қизиқиб қолди. Унинг қайта тикланувчи энергияга зарурат ошиб бориши борасидаги башоратлари тўғри чиқди.
Бу заруратни унинг ватани бўлмиш Ўзбекистон ҳам тобора чуқур англаб етяпти. Ўтган қиш мавсумининг совуқ келиши ва энергетик инқироз мамлакат энергетика ислоҳотига муҳтож эканига яна бир ишора бўлди.
Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келган 2016 йилда Зафар Германияда Лейбниц университетида ўқиётган ва Volkswagen компаниясида уста бўлиб ишлаётганди. Ўзбекистонда эсаётган ислоҳотлар шамолидан илҳомланиб у Мирзиёев ҳукуматига 15 варақлик мактуб йўллади. Бу мактубида Зафар энергетика тизимини буткул ислоҳ қилиш, хусусан, газ исрофгарчилигига чек қўйиш, қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш, чиқиндилардан энергия заҳираси сифатида фойдаланиш каби таклифларни илгари сурган. Аммо, унинг ғоялари эътиборсиз қолган.
Ибрат Сафо Германиянинг турли ҳудудларида Зафар Сафоевга ҳамроҳ бўлиб, унинг иш тартиби ва фикрларини ўрганди.
Тelegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













