Ўзбекистон Испаниядан нимани ўрганса бўлади? Испания 100% яшил энергияга ўтишни бошлади

Фермерлар ва оддий хўжаликлар аллақачон қуёш энергиясидан фойдаланяпти
Сурат тагсўзи, Фермерлар ва оддий хўжаликлар аллақачон қуёш энергиясидан фойдаланяпти
    • Author, Ибрат Сафо
    • Role, Би-би-си Ўзбек, Андалусия
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Испания 2050 йилгача ўз электр таъминотини буткул қайта тикланувчи манбалардан олиш, ва кўп ўтмай, қазилма ёқилғилардан бутунлай воз кечишдек ўта дадил режани эълон қилди. У 2030 йилгача барча ядровий реакторлар ва кўмир билан ишлайдиган электр станцияларини ёпишини билдирди.

Аср ўртасига бориб, мазкур режага кўра, иссиқхона газлари 90-йиллардагидан 90 фоизга камайтирилади.

Бу режани амалга ошириш учун Испания ҳукумати келгуси 10 йил ичида ҳар йили ҳажми 3 000 мегаваттга тенг шамол ва қуёш энергияси қурилмаларини ўрнатишга бел боғлади.

Шамол фермаларини Испания бўйлаб тобора кўп учратиш мумкин. Уларнинг сони бугун 4 500та. Шу баҳайбат чархпалаклар, таъбир жоиз бўлса, шамолдан ҳосил олади ва бу электр энергиясига айлантирилади.

Улар шунчалик самаралики, бу йил Испания ишлаб чиқарилган электр энергиясининг сал кам 20 фоизи шамол фермаларидан олинган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, Испанияда актив бўлган еттита ядровий реактор ҳам мамлакатдаги энергиянинг 20 фоизини ишлаб чиқаради.

Шамол кучли бўлган кунлари Испания электр таъминоти шамол ҳиссаси бундан анча ошиб ҳам кетади. Масалан 2015 йилнинг ноябрида Испания ярим оролида истеъмол қилинган электрнинг 70,4 фоизи шамол турбиналаридан олинди.

Бу ўз навбатида электр нархига ҳам ижобий таъсир қилган - бу йил энергия ўтган йилгига қараганда 46 фоизга арзонлашди. Испания уни ҳатто экспорт қилмоқда.

Ҳукумат қазилма ёқилғи секторидан воз кеча бошлар экан, кончиларини қайта ўқитиб, қайта тикланувчи энергия соҳасига жалб қилмоқда. У 2030 йилгача барча ядровий реакторлар ва кўмир билан ишлайдиган электр станцияларини ёпишини эълон қилди.

Қуёш қуввати

Испания жанубидаги Андалусия вилояти мамлакатнинг шимолий ва марказий вилоятлари билан солиштирганда, шамол бўйича илғор ўринларни эгалламас, аммо қуёш энергияси бобида унга етадиган йўқ. Дарҳақиқат, йилига ўртача 320 кун қуёш чарақлаб турадиган бу вилоят мамлакатдаги энг серқуёш ҳудуддир.

Андалусияда ҳатто қишлоқлар йўли четидаги чироқлар ҳам қуёш энергияси билан ишлайди
Сурат тагсўзи, Андалусияда ҳатто қишлоқлар йўли четидаги чироқлар ҳам қуёш энергияси билан ишлайди

Шундай экан, бу ҳудудда қуёшдан электр энергиясини олиш йўлга қўйилмоқда. Уларни нафақат ҳукумат бинолари, хусусий фермалар ё уйлар томида кўрасиз, балки ҳатто қишлоқлар йўл четига ўрнатилган чироқларни қувватлантираётганига гувоҳ бўласиз.

Саноатлаштирилган ва арзон бўлмаган йирик шамол турбиналаридан фарқли ўлароқ, қуёш панелларини ўрнатиш оддий хўжаликлар учун ҳамёнбоп.

Ричард Кейсер тўрт йил аввал Лондондаги ҳаётини йиғиштириб, оиласи билан Андалусиядаги беш гектарлик ташландиқ ерга кўчиб ўтди. Кўп йиллар унинг орзуи фермерлик қилиб, табиат қўйнида яшаш эди. У ўз қўли билан тошлардан тозалаган бу чўққида уй қуриб, бугун 370та зайтун ва 150та бодом дарахтидан мева оляпти.

Аммо, иҳоталанган ҳаётнинг ўз ноқулайликлари бор, албатта - бу ерлар электр тармоғига уланмаган. Бироқ, Ричард бу муаммо ечимини ҳам табиатдан топди.

"Бу ерда қанчал панелингиз бор ва бу қанча электр ишлаб чиқаради", - деб сўрайман ундан.

"15та панель. Ҳар бири 250 ватт ишлаб чиқаради, бу сал кам 4 киловатт дегани. Бу ердаги кабеллардан батареялар сақланувчи хонагача йўлда 10 фоизча энергия исроф бўлади."

"Ва бу сизнинг хўжалигингиз учун етарли, шундайми?"

"Уч ётоқхонали уйни шундай таъминлаяпмиз, худди оддий таъминотга улангандек. Кир машинаси, идиш товоқ ювиш машинаси, музлатгич, телевизор, қаҳва машинаси, ҳоказолар..."

Кейсер оиласи учун буткул электр мустақиллиги ҳозирги кунгача 18 минг еврога тушди. Кимдир учун бу қиммат, кимнингдир қурби етади. Аммо, табиат учун унинг фойдаси бебаҳо. Ричарднинг айтишича, бу янада арзонроқ бўлиши лозим.

"Унга эришиш янада осонроқ бўлиши керак. Кўпроқ компаниялар бўлиши керак. Ўз истеъмолингиз ҳажмини бошқаришни ҳам ўрганишингиз керак. Испанияда меникига ўхшаган фермалар жуда кўп ва улар фақат қуёш энергиясида ишлайди, шундай экан технология ҳам ривожланиб, кичик хусусий компаниялар кўпайган. Уларни ўрнатиш ҳам осонлашиб қолган," - дейди у.

Ричард Кейсернинг фермаси ва уйидаги барча жиҳозлар қуёш энергияси билан ишлайди
Сурат тагсўзи, Ричард Кейсернинг фермаси ва уйидаги барча жиҳозлар қуёш энергияси билан ишлайди

Дарҳақиқат, Андалусиядаги махсус дўконларни кезар эканман, ҳозирда қуёш панеллари ва батареяларини ўрнатиш анча арзонлашганига гувоҳ бўлдим. Масалан, икки хонали уйда яшовчи кичик оила 4-6 минг еврога қуёш энергияси қурилмасини ўрнатиши мумкин.

Ричарднинг оиласи учун бунча энергия етиб ортиши ҳам мумкин эди, аммо унинг ери денгиз сатҳидан бир километр баландликда жойлашгани сабаб сувни ўта чуқур қудуқ, 150 метр чуқурликдан қазиб олиш учун сув насосини ишга солиши керак. Бу эса оила ишлаб чиқараётган электр энергиясига энг катта юк бўляпти - 2,5 киловатт сувни чиқаришга ишлатилади.

"Кунига 4 ва 6 минг литрча сув оламиз. Ҳаммасини ишлатмаймиз, албатта. Ғамлаб қўяпмиз. Бу сувни ерни суғориш учун ҳам ишлатаман. Лекин, одатда қишда суғоришга ҳожат йўқ."

"Демак, қишлоқ хўжалиги мақсадлари ҳақида гапирадиган бўлсак, электр энергияси сизга фақат суғориш учун сувни чиқаришга керак, шундайми?"

"Фақат суғориш учун. Чиққан сувни цистерналарда сақлайман ва мана бу қувурчалар орқали дарахтларни суғораман."

Испанияда ядровий иншоотларга қаршилик ошар экан, ҳукумат 2030 йилгача барча реакторларни ёпишини билдирди

Сурат манбаси, Marcos del Mazo/Getty Images

Сурат тагсўзи, Испанияда ядровий иншоотларга қаршилик ошар экан, ҳукумат 2030 йилгача барча реакторларни ёпишини билдирди

Фермер қўлда йиғиб олинган зайтун меваларини махсус тегирмонга олиб боради ва ундан олинган ёғни бозорга сотади. Ричарднинг терраса шаклидаги ери бўйлаб ўрнатилган чироқлар ҳам индивидуал тарзда энергияни қуёшдан олади.

Техник жиҳатдан бу осон иш эмасдир, ҳар қалай анча нарса ўрганишга тўғри келади.

Технология кундан кунга ривожланиб бормоқда. Яшил энергияни ривожлантиришга бел боғлаган ҳукумат инновация соҳасига ҳам пул тикмоқда. Вақт ўтиши билан қуёш батареяларнинг ҳам умр муддати анча узайишига эришилиши кутилади.

Қандай бўлмасин, Ричард оиласи билан ўзи истаган табиат қўйнидаги ҳаётни кечиряпти. Унинг ҳатто бассейнини тозалайдиган фильтр қурилмаси ҳам қуёш энергияси ёрдамида ишлайди.

Лекин, Испания қуёш энергияси бўйича ҳозирча қолган Европа давлатларидан орқада. Бунга 2013 йил иқтисодий инқироз туфайли киритилган "қуёш солиғи" сабаб бўлганди.

Кўплар бемаъни дея таърифлаган бу солиққа кўра, қуёш энергиясидан ҳосил олган компаниялар ва уй хўжаликлари давлат бюджетига солиқ тўлашлари керак эди, ва бу ўз навбатида секторнинг белига тепди.

Аммо, бу йил баҳорида янги ҳукумат уни бекор қилди ва Испания қуёш иншоотларини ўрнатиш бўйича зудлик билан Европада биринчи ўринга чиқиб олди. Соҳага инвестиция кескин кўпайган, чунки компаниялар энергияни давлат тармоғига сотишлари ҳам мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek