Ўзбекистон: Президент айтган қуёш панелларини ўрнатиш товуқ сотиб олишдек бизнесми? Янгиликлар Yangiliklar

Навоий вилоятида яшовчи журналист Руслан Сабуровнинг ўз Фейсбук саҳифасида ёзишича, Кармана тумани Малик маҳалласида барча уйларнинг томига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича топшириқ берилган.
"Уйлар ташкилотларга тақсимланибди. Улар мажбурловчи ролини бажаришади бу ўринда" - деб ёзади журналист.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрида Олий Мажлисда қилган чиқишида қуёш энергияси аҳамиятини алоҳида урғулаб, "аҳолига қуёш панелларини ўрнатишга субсидияларни икки баравар" оширишини айтганди. "320 кун қуёш бор бизда, нега фойдаланмаймиз? Қуёш панелларини ўрнатишга мажбурмиз", деган эди давлат раҳбари.
Аммо, маҳаллий журналистларга кўра, аҳоли уйларига панелларни ўрнатиш мажбурий ислоҳот шаклида, ҳамда муайян компаниялар пул ишлаши мақсадида қилина бошланган.
Руслан Сабуров, хусусан, қуйидагиларни ёзди:
«Ҳозиргина "Микрокредитбанк" Кармана филиали вакили қўнғироқ қилиб қолди. Бизнинг уй ушбу ташкилотга бириктирилган экан. Кредит берамиз, дадангиз кўнмаяпти, тушунтиринг дейди. Кредит керак эмас, имкон бўлганида ўзимиз қўйиб оламиз, дедим. Йўқ, кўнмайди. "Бизни ҳам мажбурлашяптида, вилоят ҳокимлигидан, туман ҳокимлигидан", дейди.
Нима эмиш, кредит олиб томга қуёш панели ўрнатишимиз керак экан. Кредит олмасдан ўрнатаман, десам 2 кунда ўрнатасизми, дейди яна. Аста масаланинг ичига "мўраласам", ўрнатиб берувчилар ҳам тайёр экан... Биламан, у банк ходимида айб йўқ, у топшириқни бажаряпти. Вилоят ва туман ҳокимлигида шу топшириқни бериб, мажбурлаётганларга эътироз туғилади-да беихтиёр.
Биринчидан, маҳалладаги ҳамма хонадон бу нарсага тайёрми, деган савол атрофида ўйлаб кўриш керак назаримда: мазкур маҳалладаги барча оилаларнинг иқтисодий имконияти бир хил эмас (деярли барчасини танийман). Ишсизлар, эҳтиёжмандлар, оғир аҳволдагилар бор. Елкасига кредит илиб қўйиш уларнинг аҳволини янада оғирлаштиради.
Иккинчидан, маҳалладаги барча ҳам бюджет ташкилотида ишламайди. Кредит расмийлаштириш учун унинг қайтиш манбаси бўлиши керак. Ура-урда холасининг ўғли-ю аммасининг жияни номига расмийлаштирилиб ташланган кредитлар вақт ўтиб банкка ҳам, ўша хонадонга ҳам бошоғриқ бўлади.
Учинчидан, нега айнан битта ўрнатиб берувчи тиқиштириляпти? Олдин шунақа хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини кўпайтириб қўйинглар, нарх ва сифат масаласида танлаш имконияти бўлсин.
Тўртинчидан, 2 кунда деган талаб буткул нотўғри. Олдин намуна сифатида 3-4 хонадонга қўйиб, унинг самарасини исботлаб беринглар одамларга. Энг тўғри тушунтириш шунақа бўлади, одамлар кўзи билан кўрса ишонади. Бирданига бориб, топшириқ бўлди, кредит оласиз ва томга қуёш панели ўрнатасиз, дейиш буткул нотўғри.
Бешинчидан, оддий одамда ҳам ҳисоб-китоб бўлади: 25 млн сўм атрофида кредит берамиз деяпти, унинг фоизи ҳам бор. Хўп, ўша 25 млн сўмлик қуёш панели қанча электр энергия бера олади ва у қанча уй жиҳозларини электр энергияси билан таъминлай билади? Қанча муддат ишлаб бера олади ва ҳоказо. Буни ким тушунтиради ва кафолат беради? Товуқни ҳам бойиб кетасизлар деб сотишганди, ўзлари бойиб кетди.
Хуллас, бу ишлар ҳақиқий режа билан қилиниши ва одамларга тўғри тушунтирилиб, амалий кўрсатиб берилиши керак. Бунақа қилиб одамларнинг "қулоғига тепманглар."
(Имло ўз ҳолида сақланди - таҳр.)

Сурат манбаси, President.uz
Журналист бу постидан бир кун ўтиб унга бошқа туманлардан ҳам мурожаатлар ёғилиб келаётганини билдирди.
"Демак, бу "панелсоққа" фақат Кармана эмас, Навоий вилояти бўйича экан. Хўш, бу "панелсоққа" ортида ким турибди? Нега аҳолини кредит олишга ва қуёш панели ўрнатишга мажбурлашяпти?" дейди у.
Би-би-си айни масалани ўрганиш учун "Микрокредитбанк"нинг Кармана тумани филиалига боғланишга уринди, аммо бунинг имкони бўлмади.
"Микрокредитбанк"нинг Тошкентдаги Республика қароргоҳига боғланиб, жисмоний шахслар учун кредитлар мутахассиси билан гаплашганимизда эса, банк ходими қуёш панеллари учун беш йилгача 15 фоиз кўрсаткичли кредитлар ажратилаётганини билдирди, аммо аҳоли бунга мажбурланаётганини рад этди.
Би-би-си Кармана тумани Малик маҳалласига шу банк ходимидан қўнғироқ бўлганини айтганида, мутахассис бу каби қўнғироқ "Микрокредитбанк" эмас, маҳаллий ҳокимиятдан бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди.
Айни дамда Kun.uz ўрганган маълумотларга кўра, бу каби «тарғибот» вилоятнинг Навбаҳор, Хатирчи туманларида ҳам кузатилган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













