Янгиликлар. Митти қуёш яратилди: Энди қарийб чексиз электр энергия олинади - Ilm-fan, Dunyo, O'zbekiston

Quyosh yuzasi

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Эсме Сталлард
    • Role, BBC News

Илм фанда улкан янгилик: Ядро синтези орқали қарийб чексиз электр энергия олиш имкони яратилди. Энди бутун дунё ва Ўзбекистонда ҳам электр таъминоти тубдан ўзгарадими?

АҚШ олимлари деярли чексиз энергия етказиб бериши мумкин бўлган жараённи қиёмига етказиш бўйича муҳим ютуққа эришди.

Ядро синтези реакцияси қазилма ёқилғиларга боғлиқ эмас ва атмосферага иссиқхона газларини чиқармайди, ана шу жиҳати билан у иқлим ўзгаришини жиловлашда ёрдам бериши мумкин.

Ядро синтези нима?

Қуёшда энергия айнан ядро синтези туфайли вужудга келади.

50дан ортиқ мамлакатдан олимлар 1960‑йиллардан бери Ерда ана шундай энергияни олиш йўлларини излаб келади.

Улар бу энергия дунё учун улкан миқдорда тоза қувват бўлишига умид қилмоқда.

Ядро синтези икки атом қиздирилиб, ўзаро бирикиб каттароқ атом ҳосил бўлиши жараёнидан иборат.

Бу реакция ядро парчаланишидан фарқ қилади. Ядро парчаланишида оғирроқ атом бўлинади. Ҳозирги атом электр станциялари атом парчаланиши орқали ишлайди.

Нима учун ядровий синтез жуда муҳим?

Ядро парчаланиши ўзидан жуда кўп хавфли радиоактив чиқиндиларни қолдиради ва уни дархол хавфсиз жойда сақлаш керак, эҳтимол юзлаб йиллар сақланиши керак бўлади.

Ядро синтези натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар камроқ радиоактивдир ва тезроқ парчаланади.

Ядро синтези нефть ёки газ каби қазиб олинадиган ёқилғиларни талаб қилмайди. Шунингдек, у қуёш иссиқлигини тутиб қоладиган ва иқлим ўзгаришига сабаб бўладиган иссиқхона газларини чиқармайди.

Кўплаб термоядровий тажрибаларда денгиз суви ва литийдан олинадиган водороддан фойдаланилади, яъни ёқилғи захиралари миллионлаб йилларга етиши мумкин.

Бу энергия ишлаб чиқаришнинг "муқаддас чашмаси" бўлиши мумкин.

Ядро синтези қандай ишлайди?

Водород каби енгил элементнинг иккита атоми қиздирилса ва гелий каби оғирроқ элементни ҳосил қилиш учун бирлаштирилса, реакция вақтида фойдаланиш мумкин бўлган жуда кўп энергия пайдо бўлади.

Sintez

Аммо иккита бир хил элементни бирлаштириш жуда қийин.

Улар бир хил зарядга эга бўлгани учун - иккита батареянинг мусбат томонлари каби табиий равишда бир-биридан итарилади.

Бу қаршиликни енгиш учун кўп энергия керак бўлади.

Қуёшда бу цельсий бўйича ўн миллион даража ҳарорат ва Ер атмосферасидан 100 миллиард марта кўпроқ босим остида кечади.

Ерда олимлар бу шароитларни синаб кўриш ва қайта тиклаш учун турли усуллардан фойдаланганлар.

Аммо юқори ҳарорат ва босимни етарлича узоқ вақт ушлаб туриш жуда қийин бўлди.

АҚШ Миллий Оташлаш мажмуаси (NIF) 192 нурли лазердан водородни 15-20 та чойнакни қувватлашга етадиган даражада энергияга муваффақиятли айлантиргани ҳақида эълон қилди.

Бу шуни англатадики, олимлар биринчи марта тажриба учун сарфланадиган лазер энергиясидан кўра кўпроқ энергия ишлаб чиқаришга яқинлашди.

Катта миқёсдаги ядровий синтез қачон мумкин бўлади?

Сўнгги бир неча йил ичида бир қатор истиқболли ютуқларга эришилганига қарамай, кенг кўламли ядровий синтезга ҳали бор.

Reaktor ichi

Сурат манбаси, Getty Images

Февраль ойида Британиянинг JET лабораториясидаги европалик олимлар беш сонияда ишлаб чиқарилган энергия миқдори бўйича ўзларининг жаҳон рекордини янгиладилар.

Аммо АҚШдаги муваффақиятли NIF тажрибаси ҳам лазерларнинг ишлаши учун зарур бўлганидан кўпроқ энергия ишлаб чиқармади ва бу мақсадга эришиш учун тадқиқот дастури миллиардлаб долларга тушди.

Физиклар АҚШ натижаларини ҳақиқий ютуқ сифатида олқишлаган бўлсалар ҳам, улар ядровий синтездан уйлар ёки корхоналарни энергия билан таъминлаш учун фойдаланишга етгунча хали кўп иш қилиш кераклигини таъкидламоқда.

Энди олимлар термоядровий синтезни тезроқ ва арзонроқ амалга оширишга эътибор қаратишади.

Ядро синтези қанчалик хавфсиз?

Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик ядровий синтезни умуман олганда хавфсиз деб ҳисоблайди.

Синтезловчи реакцияни сақлаб туриш муҳити шу қадар экстремалки, унинг назоратдан чиқиб кетиши имконсиз.

"Синтезланиш ўзини чекловчи жараёндир, агар реакцияни назорат қилиб турмасангиз, у ўчиб қолади", дейди агентликдан Сеҳила Гонсалез де Висенте.

Ядро парчаланишидан кўра ядровий сентездан қолган чиқиндини сақлаш ҳам анча осон.

Ядровий синтез глобал исишни тўхтата оладими?

Ядро синтези нефть ёки газ каби қазиб олинадиган ёқилғига таянмайди ва глобал исишга олиб келадиган иссиқхона газларини ишлаб чиқармайди.

Қуёш ёки шамол энергиясидан фарқли ўлароқ, у қулай об-ҳаво шароитларига боғлиқ эмас.

Унда Ерда учрайдиган иккита нисбатан кенг тарқалган манбадан фойдаланилади: литий ва водород.

Ушбу энергиядан кенг миқёсда фойдаланиш мамлакатларга 2050 йилга бориб эмиссия миқдорини нолга тушириш мақсадларига эришишда ёрдам бериши мумкин.

Бироқ, сўнгги тажриба муваффақиятлари кенг қўлланиши учун кўп йиллар керак бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek