Ўзбекистон: Ҳамма хонадонларни қуёш энергияси билан арзон таъминлаш мумкинми? O‘zbekiston, video, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, Behruzhamzayev

Сурат тагсўзи, "Юртимизда 310 кун қуёш чарақлайди. Мадҳиямиз ҳам "серқуёш", деган сўз билан бошланади. Нега тайёр қуёш нурини увол қилишимиз керак?" дейди тадбиркор
Ўқилиш вақти: 3 дақ

"310 кун қуёшли кунимиз бор. Нега шундан тўлиқ фойдаланмаймиз?" - дейди мамлакатдаги барча хонадонларни электр билан таъминлаш мумкинлигини билдирган тадбиркор. Беҳруз Ҳамзаевнинг айтишича, аслида бу жуда осон ва арзон.

Йилдан йилга энергетика тақчиллиги чуқур ҳис этилаётган Ўзбекистонда қуёшдан электр олишни кўпайтириш таклифлари бот-бот ўртага чиқади.

Бироқ ҳозирча қимматлиги сабабли бу усул билан уйини ёритишга ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳам қурби етмайди.

Беҳруз Ҳамзаев эса қуёшдан фойдаланган ҳолда ҳар бир хонадонни анчайин арзон ва барқарор электр энергияси билан таъминловчи лойиҳага қўл урганини айтади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Увол бўлаётган қуёш нури

Шоҳимардонда туғилиб ўсган Беҳруз ўзининг болалик кунлари ҳам чироқсиз ўтганидан мамлакатдаги энергия муаммосини ҳал этиш ҳақида бош қотира бошлагани ҳақида гапиради.

"Қишлоқда чироқ ўчса нима қиласиз? Шаҳарда бўлсангиз, дўстларингиз билан кўчага чиқиб, паркларни айланишингиз мумкин. Қишлоқда эса электрсиз ҳаёт тўхтайди.

Болалигимда китоб ўқишни яхши кўрардим. Тоғли қишлоқ бўлганидан Шоҳимардонда Қуёш тез ботади. Қоронғида китоб ўқиш имконсиз, шам ҳам узоққа етмайди. Шундан бери электр муаммосини қандай ҳал қилиш йўлларини ўйлаб бошлаганман", ҳикоя қилади Беҳруз.

У муаммони табиий ёруғлик манбаи - Қуёш орқали осонгина ҳал этиш мумкинлигини таъкидлайди.

Беҳруз Ҳамзаев қуёш панеллари Ўзбекистон учун янгилик эмаслиги, аммо у қуёш энергиясидан янгича усулда фойдаланишни таклиф қилаётгани ва бу усул билан хонадонларни бор-йўғи 1 миллион сўмдан бошлаб ёритиш мумкинлигини билдиради.

"Ўрганишларимизга қараганда, электр энергиясининг асосий қисми уйни совитиш ёки иситишга сарфланар экан. Бу учун эса одамларда муқобил йўллар кўп - кўмир, ўтин, газдан фойдаланиш мумкин.

Биз эса ана шу қулайликлар чиқариб ташланса, уйни қуёш панеллари ёрдамида ёритиш ва телефонларни қувватлантириш, телевизор, музлаткичларни ишлатиш анча арзонга тушишини англаб етдик", лойиҳасини тушунтиради Беҳруз.

Loyiha

Сурат манбаси, courtesy

Тадбиркор қуёш энергиясидан шунчаки инновацион усулда фойдаланишни таклиф этаётгани ҳақида гапиради.

"Қуёш панеллари ва энергия жамлагичларнинг ишлаш принципи 70 йиллардан буён ўзгармаган. Биз шунчаки бу усул билан соддароқ кўринишда, ҳамёнбоп электр етказиб бериш йўлини ишлаб чиқдик.

Юртимизда 310 кун қуёш чарақлайди. Мадҳиямиз ҳам "серқуёш", деган сўз билан бошланади. Нега тайёр қуёш нурини увол қилишимиз керак?" дейди у.

Беҳруз ўзи таклиф этаётган қуёш панеллари 20 йил, жамлагичлар эса 5 йил ишлаб бера олишини қўшимча қилади.

"Эҳтиёж эмас, имконият"

O'zbekiston

Сурат манбаси, Behruzhamzayev

Сурат тагсўзи, Тадбиркор электрга оддий эҳтиёж сифатида эмас, балки одамларга имкон эшикларини очувчи восита ўлароқ қараш лозимлигини таъкидлайди

Тадбиркор энергияни одамларга етказиб беришдаги муаммолар Ўзбекистондаги электр тақчиллигининг асосий сабабларидан бири экани, агар хонадонларни муқобил энергия билан мустақил таъминлаш кўлами кенгайтирилса, саноат ҳам ривожлана бошлашини таъкидлайди.

"Бизнинг давлатда ишлаб чиқарилаётган умумий электр энергиясининг 28 фоизи аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтирилади. Тўғри, анча қийин ва узоқ вақт талаб қиладиган йўл - лекин ўйлаб кўринг, агар аҳоли муқобил энергия билан мустақил таъминланса, қанча ўзгаришлар қилиш мумкин.

Ўша 28 фоиз электр саноатга йўналтирилса, ишлаб чиқариш камида икки баробарга ортади. Тадбиркорлар, ҳунармандлар 24 соат тинимсиз ишлай бошлайди", давом этади тадбиркор.

Охирги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ҳам муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кўпайтиришга эътибор қаратган.

Бундан бир йил аввал Энергетика вазирлиги 2030 йилга қадар умумий қуввати 8 минг мегаватт бўлган қуёш ва шамол электр станциялари қурилажагини эълон қилган.

Ҳукумат қайта тикланувчи электр манбаларидан фойдаланишга қарор қилган аҳолига қатор имтиёзлар жорий қилган бўлса-да, одамларда қуёш панеллари самарадорлигига нисбатан ишончсизлик ҳали аримагани кўзга ташланади.

Беҳруз Ҳамзаев эса бу муаммодан чўчиш керакмаслигини айтади.

"Одамлар ушлаб кўрмаган нарсасига ишонмайди. Биз илк қурилмаларимизни Шоҳимардондаги қариндошларникига ўрнатиб, синаб кўрдик. Улар жуда хурсанд.

Одамлар қуёш энергиясидан фойдаланмаётгани - бу Ўзбекистонда қуёш панелларини ҳеч ким олмайди, дегани эмас. Одамларга кўрсатиш, тушунтириш керак. Биз бу жойда муаммо эмас, имкониятни кўряпмиз".

Тадбиркор электрга оддий эҳтиёж сифатида эмас, балки одамларга имкон эшикларини очувчи восита ўлароқ қараш лозимлигини таъкидлайди.

"Ҳар бир инсонда бир суткада 24 соат вақт бор. Лекин чироқ бўлмаса, кимдир бу вақтни сифатли ўтказа олмайди - китоб ўқий олмайди, ўз устида ишлай олмайди.

Биз электрга шунчаки маиший эҳтиёж эмас, балки имконият замини яратиб берувчи восита сифатида қарашимиз лозим".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek