Одамзот ва Дунё: Оламда биз билмаган янги куч топилдими? Video dunyo ilm-fan yangiliklar

Сурат манбаси, REIDAR HAHN / FERMILAB
- Author, Паллаб Гош
- Role, Илм-фан масалалари бўйича мухбир, ББС
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Оламда биз билмаган янги куч топилдими? Олимлар бугун худди ана шундай фикрда. Уларга кўра, табиатнинг бешинчи эҳтимолий кучи мавжудлиги аломатлари топилган.
Магнитни совутгич эшигига ёпиштиришдан тортиб, коптокни баскетбол халқасига туширишгача, физик кучлар ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида роль ўйнайди.
Кундалик ҳис қиладиганимиз кучларни умумлаштириб, тўрт гуруҳга таснифлаш мумкин: гравитация, электромагнитизм, кучли ва заиф кучлар.
Ҳозир физиклар табиатнинг бешинчи эҳтимолий кучи мавжудлиги аломатлари топилганини айтмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Топилмалар Чикаго яқинидаги лабораторияда ўтказилган тадқиқотларда аниқланган.
Тўрт фундаментал физик куч борлиқдаги барча обьектлар ва зарраларнинг ўзаро таъсирлашувини бошқаради.
Масалан, гравитация сабабли нарсалар пастга тушади, оғир нарсалар худди ерга елимлаб қўйилгандек туради.
Британиянинг Фан ва технологиялар кенгаши айтишича, "тадқиқот натижалари кашф этилмаган субатом заррача ёки янги куч борлигини кўрсатувчи кучли далилдир".

Сурат манбаси, GIROSCIENCE / SPL
Аммо Мюон g-2 тажрибаси кашфиёт учун етарли бўлмаган.
Қирқ мингдан бир эҳтимол билан натижалар статистик омадли тасодиф бўлиши ҳам мумкин. Бунинг аниқлик даражаси 4.1 сигма кўринишида ифодаланади.
Кашфиёт даъво қилиш учун 5 сигма даражаси (3.5 миллиондан бир эҳтимол билан кузатув шунчаки тасодиф бўлиб чиқади) керак.
Британиядаги эксперимент раҳбари профессор Марк Ланкастер "BBC News"га шундай деди: "Биз мюонларнинг ўзаро таъсирлашуви Стандарт Моделга [бутун коинотдаги барча заррачалар ҳаракатини изоҳловчи кенг қабул қилинган назария] тўғри келмаслигини аниқладик".
Манчестер университети тадқиқотчиси қўшимча қилди: "Бу жуда ҳаяжонли натижалар, чунки келажакдаги янги қонунларга асосланган физикага ишора қилади. Булар шу пайтгача кўрилмаган янги зарра ва янги кучдир."
Бу топилмалар АҚШ, Япония ва Швейцария Франция чегарасидаги Катта Адрон Коллайдерда зарралар физикаси бўйича ўтказилаётган умидли тажрибаларнинг охиргиси бўлди.

Кембриж университетидан проф. Бен Алланах - у бу тадқиқотда иштирок этмаган - шундай дейди: "Ичимдаги овоз бу ростдан ҳам ҳақиқат деб такрорлаяпти".
"Бутун профессионал фаолиятим давомида бизга маълум бўлган кучлардан ташқаридаги зарра ва кучларни излаб келаман. Бу ана ўша, мен излаган нарса. Мен ана шу лаҳзараларни кутаётгандим, бу ҳақда эшитиб, ҳаяжонланганимдан ухлай ҳам олмаяпман."
Тажриба Иллинойс штатидаги Ферми Миллий Акселератор лабораториясида ўтказилган бўлиб, унда мюон деб аталадиган субатом зарраларни ўрганиш орқали физикадаги янги ҳодисалар, уларнинг аломатлари изланади.
Дунёмизни бунёд қилган атомдан ҳам майдароқ "ғиштлар" мавжуд. Бу субатом зарраларнинг айримлари янада майда таркибий қисмлардан иборат, бошқалари эса ортиқ парчаланмайди (фундаментал зарралар).
Мюон ана шу фундаментал зарралардан биридир; электронга ўхшайди, аммо ундан 200 мартадан кўпроқ оғирроқ.
Мюон g-2 экперименти заррани 14 метрлик халқа бўйлаб юбориб, уларга магнит майдони билан таъсир қилишдан иборат. Стандарт Моделда ифодаланган ҳозирги физик қонунларга кўра, мюонлар муайян тезликда тебранади.

Сурат манбаси, FERMILAB
Ҳозирги тажрибада олимлар мюонларнинг кутилганидан юқорироқ тезликда тебранишини аниқладилар. Булар фанга буткул номаълум бўлган табиат кучлари сабабли бўлаётган бўлиши мумкин.
Ҳеч ким бу номаълум куч мюонга таъсир қилишдан ташқари яна нималарга таъсир қилишини билмайди.
Назариётчи физикларнинг ишонишича, бу яна бошқа бир кашф этилмаган заррачага алоқадор бўлиши мумкин. Бу фаразий заррача қандай бўлиши ҳақида бир нечта концепциялар мавжуд. Улардан бири "лептокварк", бошқа бири "Z босон" деб аталади.
Ўтган ойда Катта Адрон Коллайдерда ишлаётган физиклар янги заррача ва кучга ишора қилувчи янги натижаларни эълон қилди.
Бу лойиҳада иштирок этаётган Лондон Империал Коллежидан доктор Митеш Пател шундай дейди: "Бу экспериментлардан олинган натижалар янги ниманидир асослашини кўрсатиб бериш учун пойга кетяпти. Бунинг учун янада кўпроқ маълумот, янада кўпроқ ҳисоблашлар керак бўлади ва умид қиламизки, номаълум куч мавжудлиги асосланади."
Проф. Алланах ўзининг назарий моделларида бешинчи кучга турли номлар берган. Улар орасида "Ҳидли куч", "Учинчи гиперкуч" ва энг қуруқроғи "B минус L12".

Сурат манбаси, ESA/HUBBLE AND NASA
Бизга нисбатан яхшироқ маълум бўлган гравитация ва электомагнит кучларга қўшимча, кучли ва кучсиз кучлар субатом зарралар ҳаракатларини бошқаради.
Бешинчи фундаментал куч орқали кейинги йилларда олимлар бошини қотираётган борлиқдаги катта жумбоқларнинг айримларини изоҳлаш мумкин.
Масалан, Коинотнинг кенгайиши тезлашиб бораётгани қандайдир сирли қора энергияга боғлаб тушунтирилади. Аммо айрим тадқиқотчилар буни бешинчи кучга боғлаш мумкин деб талқин қилади.
Би-би-сининг "Тунги осмон" дастури бошловчиси доктор Магги Адерин Пококнинг айтишича, "Бу бошни айлантирадиган масала. У физиканинг оёғини осмондан қилиб юбориши мумкин. Ечилмаган талай жумбоқлар бор. Ва бу ана шу жумбоқларни ечишда калит вазифасини бажариб бериши мумкин."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













