Одамзод ва Дунё: Инсон қандай қилиб Ер юзида ҳукмрон жонзотга айланди - dunyo ilm-fan yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жастин Роулэт ва Лоуренс Найт
- Role, BBC News
Одамлар иккита чўпни бир бирига ишқалаб, олов ёқишни ўрганганларидан то қазилма ёқилғилар саноат инқилобини алангалатгунча энергия бизнинг тур ўлароқ ривожланишимизда муҳим роль ўйнаган. Аммо жамиятларга қувват берадиган манбани яратиш инсоният учун энг катта муаммодир. Бу муаммони ҳал қилиш учун бутун ақл- заковатимиз сафарбар қилинади.
Энергия инсониятнинг дунёга ҳукмрон бўлишида калит эди.
Нафақат бизни дунёнинг исталган чеккасига зумда етказадиган реактив ёқилғи ёки бутун шаҳарнинг кулини кўкка совурадиган бомбалар, балки кундалик ҳаётимизда ишлатадиган улкан миқдордаги энергия.
Тасаввур қилинг, дам олаётган одамга эски чўғланма лампа ўзининг метаболизми учун керак бўладиган миқдорда - 90 ватт энергия керак бўлади.
Аммо агар бунга бирор ерга бориш, уй қуриш ва уни иситиш, егуликларимизни ўстириш ва бошқа барча эҳтиёжларни ҳам қўшсак, ривожланган давлатдаги бир одам ўртача бу миқдорнинг 100 бараварини ишлатади.
Масалан, ўртача америкалик 10 000 ватт энергия сарфлайди.
Бу бизнинг бошқа ҳайвонлардан фарқимиз - биологиямиз, цивилизациямиз, бемисл фаровон ҳаётимиз борасида жуда кўп нарсани изоҳлайди.

Сурат манбаси, Science Photo Library
Чунки Ер юзидаги деярли барча жониворлардан фарқли ўлароқ, биз инсонлар метаболизм берадиган энергия билан чекланмаймиз.
Биз олов жонзотларимиз.
Инсониятнинг энергия билан муносабати юзлаб минг йил илгари оловни кашф қилиши билан бошланган.
Олов нафақат иситган, балки бизни ёввойи ҳайвонлардан асраган, овда муҳим восита бўлган.
Кўплаб антропологлар олов бизнинг биологиямиз шаклланишига ҳам таъсир қилганига ишонади.
"Организмга самарали энергия олиши учун қўл келадиган исталган нарса, ўша организмнинг эволюцион йўлида катта таъсирга эга бўлади", дейди Ҳарвард университети профессори Рэйчел Кармоди.
Унинг ишонишича, ҳал қилувчи ривожланиш овқатни пишириб ейиш бўлган. Пишириш емакдан олинадиган мавжуд энергияни ўзгартириб юборган.
Танамизга қувват берадиган углеводородлар, оқсил ва ёғлар қиздирилганда ишга тушади.
Бу эса овқатни хомлигича егандан кўра кўпроқ калория ажратиб олишда ҳазм қилиш ферментлари янада самарали ишлашига шароит яратади.
Буни овқатни ҳазмга тайёрлаш йўли деса ҳам бўлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Проф. Кармоди ва унинг ҳамкасблари ишонишича, бу йўл билан олинган қўшимча энергия инсонда ингичка ичаклар ривожланиши ва бизни бошқа приматлардан фарқлаб турадиган энергияга оч миямиз каттаришига замин ҳозирлаган.
Миямиз ўсишни бошлар экан, бу ҳолат ижобий ўзгаришлар занжирини бошлаб берган.
Сутэмизувчи жонзот миясида нейронлар кўпаяр экан, интеллект ҳам юқори суръатда ўса бошлайди, дейди Тенессидаги Вандербильт университетидан нейролог Сюзана Херкулано-Хаузель.
Ақллироқ мия билан бизнинг ов қилиш ва овқат топиш қобилиятимиз ҳам яхшиланган.
Ва биз озиқ-овқатимиздан янада кўпроқ калория ажратиб олиш йўлларини топдик - уларни тош билан майдалаб, толқон қилиб ёки шунчаки чиритиш ва, албатта, оловда пишириш орқали.
Шундай қилиб, танамизга борадиган энергия миқдорини кўпайтирдик.

Сурат манбаси, Science Photo Library
Бу эса янада ақлли миянинг тадрижий ривожланишига йўл очган ва мияларимиз ўз синфининг энг юқори чўққисига кўтарилган.
Юз минг йиллар давомида иқлим барқарор ўзгарган, шимолий яримшарда музлик кенгайиб, торайиб турган.
Охирги музлик даври 12 000 йил илгари тўхтаган. Глобал ҳаво ҳарорати кескин ўсган ва барқарорлашган, инсоният энергия трансформациясининг янги босқичига қадам қўйган.
Бу дунёни мисли кўрилмаган технологик ўзгаришларга олиб борган инқилоб эди.
"2000 йил ичида бутун дунёда - Хитой, Яқин Шарқ, Жанубий Америка, Месопотамияда одамлар ўсимликларни хонакилаштира бошлади", дейди Калифорния Дэвис университетидан доктор Роберт Беттингер.
Унинг ишонишича, музлик даврида ўсимликларни хонакилаштириш имконсиз эди, аммо янги илиқ иқлим ва атмосферада карбонад ангидрид ортиши ўсимликлар учун жуда катта имконият эди.
Пиширувчи маймун энди деҳқон маймунга айланди.

Сурат манбаси, Getty Images
Бунинг учун инсондан оғир меҳнат кўринишида катта энергия талаб қилинарди. Аммо эвазига аждодларимиз мўл ва ишончли озиқ-овқат таъминотига эга бўлган.
Экин экиб, ўстираётганингизда нималар қилишингиз кераклиги ҳақида ўйланг.
Далалар мисоли қуёш панели кабидир, аммо улар электр қуввати чиқармайди, балки қуёш энергиясини ҳазм қилинадиган кимёвий энергияга айлантириб беради.
Ҳаммасидан бурун донли эканлар - хонакилаштирилган буғдой, жўхори ва гуруч жамғариш мумкин бўлган энергия валютаси бўлди.
Уларни ертўлага жойлаб, қиш ойларида истеъмол қилишингиз мумкин эди. Ёки бозорга олиб бориб, бошқалар билан савдолашасиз. Ёки келаси йилги экин учун уруғликка олиб қўясиз.
Ёки улар ёрдамида ҳайвонларни семиртириб, энергияни гўшт, сутга айлантирасиз.

Сурат манбаси, Getty Images
Асрлар ўтар экан, турли жойларда хонакилаштирилган ҳайвон ва ўсимликлар қишлоқ хўжалигининг ягона пакетига айланди, дейди Мелинда Зедер. У Смитсон институтида деҳқончиликнинг ривожланишини ўрганаётган археолог.
Ўсимликлар ҳайвонларни тўйдиради. Ҳайвонлар ерни ишлайди. Уларнинг тезаги ўсимликларни тўйдиради. Улар ягона бир пакетга айланиб, ишонарли ва мўл озиқ-овқат манбаига айланади, дейди доктор Зедер.
Кўп овқат кўп одам демакдир. Кўп одамлар эса янги ҳудудларга тарқайди ва янада кўпроқ овқат ишлаб чиқарувчи янги технологияларни ривожлантиради.
Бу ҳам ижобий занжирли жараён, аммо буниси қишлоқ хўжалиги орқали қуёш энергиясидан қувват олади.
У ҳосил қилган қўшимча энергия янада кўпроқ аҳолини боқа олишимизни англатади ва энг муҳими ҳар бир одам деҳқончилик қилиши шарт эмас.
Одамлар асбоблар ясаш, уйлар қуриш, металга ишлов бериш ёки бошқа одамларга йўл йўриқ кўрсатишга ихтисослашиши мумкин эди.
Цивилизация ривожланди, унга қўшилиб одамлар ўртасидаги муносабатларда фундаментал ўзгаришлар рўй берди.
Овчи термачилар ресурсларни анча адолатли тақсимлар эди, деҳқончилик қилувчи жамоаларда эса, аксинча, чуқур нотенглик ривожланди.

Сурат манбаси, Getty Images
Узоқ вақт далада ишлаган одам ҳосилни тўлиқ ўзига олишни исташи табиий. Яна солиқ кўринишида бу ҳосилдан улуш оладиган қуроллилар ҳам бўлган.
Қишлоқ хўжалиги кенгайишига қарамай, аслида минглаб йиллар давомида Ер юзидаги аксар аҳолининг яшаш шароити кўп ҳам яхшиланмаган.
"Овчи термачи жамиятлар ўзига тўқ яшаган, - дейди Клэр Уолтон, у Ҳэмпширдаги Батсер қадимий фермасини ўрганаётган археологдир. - Улар ҳафтасига 20 соат меҳнат деб атаса бўладиган юмуш билан шуғулланган."
Қиёслаш учун, неолит, темир асри, Рим ва Саксон деҳқонлари бундан икки баробар кўпроқ меҳнат қилган", дейди у.
Фақат қироллар ва аслзодалар фаровон яшаган, бўш вақтнинг кўпроқ бўлиши бизнинг кунимизга келибгина кўпроқ одамга насиб қилди.
Бунинг учун энергиядан фойдаланишда жуда катта ўзгариш керак бўлди, бу ўзгариш қазилма ёқилғилар сабабли юзага келди.

Сурат манбаси, Getty Images
18-асрга келиб, бизнинг борган сари каттариб бораётгани аҳолимиз қуёшдан олинаётган энергия миқдори қўйган чекловга яқинлашди.
Мальтузча ҳисоб-китоб ишга тушди. Бунча оғизни тўйдириш учун озиқ-овқатни қаердан оламиз? Ёки уйларимиз кемаларимизни қуришга, метал асбобларимизни эритиш учун кўмир учун ёғочни қаердан оламиз?
Шундай қилиб, эътиборимизни қазиб олиб, ёқиш мумкин бўлган беҳисоб қора тошларга қаратдик.
Кўмир миллион йиллар давомида қуёш энергияси жамланган тош қотган ўрмонлар қолдиғидир.
20-асрда бу қора модда ўрнини янада бой геологик фотосинтетик энергия манбаи - нефть ва табиий газ эгаллади.
Улар билан бирга, янги турдаги фаолиятлар вужудга келди.
Нафақат қазилма ёқилғилар мўл эди, улар янада каттароқ қувват билан таъминладики, бизни ҳайвонларга қарамликдан озод қилди.
Аввал кўмирдан олинадиган иссиқликни ҳаракатга айлантирадиган буғ машиналари пайдо бўлди. Сўнг ички ёнув двигатели. Кейин реактив двигателлар.

Сурат манбаси, NASA
"От сизга битта от кучини бериши мумкин", дейди Кембридж университетида атроф- муҳит тарихчиси Пол Варде.
"Ҳозир бизда ўн минглаб от кучига тенг саноат машиналари бор ва бу ҳатто Сатурн V ракетаси - сизни Ер юзасидан космосга олиб чиқадиган, 160 миллион от кучига тенг аппаратгача ўсиб чиқди.
Қазилма ёқилғилар автомашиналардан кўра кўпроқ нарсаларда асқатади.
Масалан, дунёдаги табиий газнинг 5 фоизи аммиак ўғитлари ишлаб чиқариш учун сарфланади, бунингсиз дунё аҳолисининг ярми оч қоларди.
Дунё кўмир истеъмолининг 13 фоизи темирни пўлатга айлантиришга сарфланади.
Атмосферага ажралиб чиқаётган карбонад ангидриднинг 8 фоизи цемент ишлаб чиқариш сабаблидир.
Аммо қазилма ёқилғиларни ишлатиш бизнинг турмуш даражамизга жуда катта таъсир кўрсатади.
Саноат инқилобидан бери биз соғломроқ, бўйдорроқ бўлиб қолдик, ўртача инсон умри сезиларли ортди, ривожланган давлатларда аҳоли 30дан 40 баробаргача яхшироқ яшамоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Буларнинг бари қазилма ёқилғилар сабабли юзага келган энергия инқилоби шарофатидандир, дейди Канададаги Манитоба университетидан Вацлав Смил. У энергиянинг жамиятларимиздаги роли бўйича таниқли экспертдир.
"Қазилма ёқилғисисиз оммавий транспортлар ҳам, парвозлар ҳам, ортиқча истеъмол маҳсулотлари ҳам, Хитойда ишлаб чиқарилиб, Саутгемптонга 20 000 контейнерни орқалаган улкан кемаларда келтирилаётган телефонлар ҳам бўлмасди. Буларнинг бари қазилма ёқилғидандир", дейди у.
Биз қазилма ёқилғи жамиятида яшаяпмиз, деб ишонади Смил.
Аммо улар бизни аграр турмуш оғирликларидан халос қилгани, глобал иқтисод ва юқори турмуш шароитини яратгани ҳолда улар сабабли юзага келаётган фалокатли иқлим ўзгариши, жамияларимизга таҳдид солмоқда.
Икки аср илгари қишлоқ хўжалигининг чегарасига етиб келганимиз каби ҳозир глобал исиш кўмир, нефть ва газдан фойдаланиш чегарасига ҳам олиб келиб қўйди.
У инсониятни аввал кўрилмаган катта синовга рўпара қилди, энди кундалик энергия эҳтиёжини аввалгидек қуёшдан олинадиган энергия билан қондириб бўлмайди, Ер юзида қарийб саккиз миллиард аҳоли яшаяпти.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














