Аждодларимиз бизни қандай яратишган, ким билан яқинлик қилишган - инсоният ва дунё

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Зария Горветт
- Role, BBC Future
Аждодларимиз бизни қандай яратишган - ким билан яқинлик қилишган, дейлик, қандай ўпишишган? Олимлар бу хусусда баъзи тафсилотларни ҳатто чуқур ўрганишга муваффақ бўлишди. Уларнинг бу муваффақиятлари ажабтовур, деган баҳоларга ҳам сабаб бўлди.
Уларнинг нигоҳлари ўта қадимий Руминия тоғларида бир-бирига қаратилди.
У (эркак) неандертал эди, устидаги мўйнали ёпинчиғини ҳисобга олмаса, қип-қизил яланғоч. Унинг қомати адл, териси оқ, эҳтимол қуёш нурида бироз қизарган. Бир томондаги йўғон, мушакдор бицепси атрофига бургут тирноғи боғлаб олган. У (аёл) илк замонавий одам, бўри териси билан ҳошияланган ҳайвон терили кийим кийган. Унинг териси ранги қорачадан келган, оёқлари узун, сочлари ўрилган.
Неандертал эркак томоғини қирди, аёлга бошдан-оёқ разм солиб, юмшоқ овоз билан иложи борича чиройли қилиб сўзлашни бошлади. Аёл ҳеч нарсани тушунмай унга тикилиб турарди. Эркакнинг бахтига улар битта тилда сўзлашмас экан. Улар бир-бирига ноўнғай жилмайдилар. Хўш, кейин нима бўлганини тахмин қилсак бўлади.
Албатта, бу романтик ҳикоянинг қайноқ манзарасидан мутлақо узоқ бўлиши ҳам мумкин эди. Эҳтимол аёл аслида неандертал, эркак эса бизнинг туримиздан бўлгандир. Балки уларнинг муносабати шунчаки тасодифий, прагматик характерда бўлгандир, зеро ўша вақтларда атрофда одамлар кўп бўлмаган. Яна шундай тахминлар ҳам бор - уларнинг муносабати ўзаро розилик асосида - консенсуал бўлмаган.
Бу учрашувда ёки шунга ўхшаш бошқаларида аслида нима бўлганини биз ҳеч қачон била олмасак-да, бундай жуфтликлар бўлган. Тахминан 37 000-42 000 йиллар ўтиб, 2002 йил февралида икки тадқиқотчи жануби ғарбий Карпат тоғларида, Руминиянинг Анина шаҳарчаси яқинида ерости ғор тизимини кашф қилди.
Ҳатто у ерга етиб бориш ҳам мураккаб эди. Биринчи куни улар бўйинларигача ер ости сувига ботиб, 200 метр юришди. Кейин ерости сув йўли бўйлаб акваланг билан сузишди, сўнг яна 300 метрча тепага кўтарилиб, "сичқон тешик" - аввал маълум бўлмаган ғор камерасига киравериш тешикка етиб бордилар.
"Peştera cu Oase" ёки "Суяклар ғори" ичида улар сутэмизувчи ҳайвонларнинг минглаб суякларини топишди. Узоқ тарихи давомида бу ер қўнғир айиқнинг қирилиб кетган қариндоши - эркак ғор айиғининг макони бўлган деб ишонилган. Улар орасида инсоннинг жағ суяги ҳам бор эди. Радиоуглерод текширув унинг Европадаги бизга маълум энг қадимий замонавий одамга тегишлилигини аниқлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу қолдиқлар сув оқизиб, ғор ичига кириб қолган ва ўшандан бери шундайлигича турибди, деб ишонилган эди. Ўша вақтда олимлар жағ суягининг кўриниши шубҳасиз замонавий одамники эканини билган бўлсалар-да, унда ноодатий яна бир жиҳат бор эди - неандерталга хос белгилар. Йиллар ўтиб бу жумбоқ ечилди.
Топилдиқлардан олинган ДНКни олимлар 2015 йили таҳлил қилганларида, суяк эгаси эркак экани, 6-9 фоиз атрофида неандертал бўлиши мумкинлигини аниқладилар. Бу илк замонавий одамлар генидаги неандерталга хос қисмнинг энг катта концентрациясидир. Ҳозирги европалик ва осиёлик одамларда бу кўрсаткич 1-3 фоиздир.
Геномда жуда узун, бўлакланмаган неандертал генлар кетма-кетлиги бор эди. Олимлар жағ эгасининг тўрт ёки олти авлод нарида неандертал аждоди бўлгани эҳтимолини ҳисобладилар. Бу катта, катта, катта бобо-буви ёки катта, катта, катта, катта бобо-буви неандертал бўлганини билдиради. Улар бу учрашув ундан тахминан икки аср аввал бўлган бўлиши мумкин, деб ҳисобладилар.
Жағ суягига қўшимча, олимлар гуруҳи "Суяклар ғори"да бошқа бир индивидга тегишли бош чаноғи парчаларини топишди. У ҳам аввалгиси каби хусусиятларга эга эди. Олимлар бу парчалардан ҳозирча ДНКни ажратиб олишгани йўқ, аммо жағ суяги каби булар ҳам бирор яқин неандертал аждоднинг авлоди бўлиши мумкин, деб ҳисобланмоқда.
Ўшандан буён, илк замонавий одамлар ва неандерталлар ўртасида жинсий муносабат бўлганини тасдиқловчи далиллар кўпайиб бормоқда. Бугунги кундаги одамлар геномларидаги яққол далиллар бундай учрашувлар бир неча марта ва жуда катта жўғрофий ҳудудда бўлганини кўрсатади. Ҳозиргача камида иккита фарқли неандертал популяцияларидан келган генларни олиб юрган одамлар бор. Таҳлиллар бу неандерталлар Европа ва Осиёда бир неча марта замонавий одам билан қўшилганини асослайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Аслида неандертал ДНКсини бугунги ҳар бир одамдан, ҳаттоки аждодлари неандерталлар билан бевосита учрашмаган деб ҳисобланилган африкаликлардан ҳам топса бўлади. Трансфер бошқа йўл билан ҳам бўлган. 2016 йили олимлар Сибирнинг Олтой тоғларида тақрибан 100 000 йил илгари яшаган неандерталлар 1-7 фоиз генини замонавий одам билан бўлишганини кашф этдилар.
Энг муҳими, бу қадимий учрашувлар ҳақидаги батафсил далиллар тарихгача бўлган даврлар қаърига сингиб кетган деб ўйлашингиз мумкин бўлса ҳам, улар бугун қандай бўлган бўлиши мумкинлигига ишора қилувчи белгилар ҳамон бор. Мана, инсоният тарихидаги ҳаяжон қўзғовчи эпизодлар ҳақида билмоқчи бўлганларингиз.
Ўпиш
2017 йили Пенсильвания штат университетидан антрополог Лора Вейрих 48 000 йил илгари яшаган одамнинг тишларида қолиб кетган микроскопик қолдиқларни кашф қилди.
"Мен ўтмишни ўрганиш учун қадимий микробларга қарайман, тиш қолдиқларини текшириш қадимий одамларда яшаган микроорганизмларни реконструкция қилишнинг ишонарли йўлидир", дейди Вейрих. У неандерталлар нима билан озиқлангани, атроф-муҳит билан қандай муносабатда бўлганига қизиқади. Буни билиш учун у учта ғордан топилган тишлардаги микроорганизмлар қолдиқларидан олинган ДНК кодларини аниқлади.
Иккита намуна Испания шимоли ғарбида жойлашган Эл Сидрон ғоридан топилган 13 та неандертал қолдиқларидан олинган. Бу жой яқингача жуда сирли эди, чунки бу индивидларнинг аксари қандайдир туғма касалликдан азоб чеккан. Масалан, умуртқа ва тизза суяклари деформацияланган, сут тишлари индивид вояга етгандан кейин ҳам тураверган. Бу гуруҳда яқин қариндошларнинг узоқ вақт жинсий муносабати ва ички кўпайиши бўлгани боис, уларда рецессив генлар сони ортган, деб тахмин қилинади. Оила бахтсиз оқибатга дуч келган, уларнинг суяк қолдиқларида каннибализм асоратлари қолган. Улар ер юзидаги энг сўнгги неандерталлар бўлган деб ҳисобланилади.
Вейрих учун кутилмаганда Эл Сидрондан топилган бир тишда бактерияга ўхшаш микроорганизм - Methanobrevibacter oralis гени қолдиқлари бор экан. Бу организм ҳозир ҳам тишларимиздан топилади. Неандерталникини ҳозирги одамникига қиёслаб, улар тахминан 120 000 йил аввал бир биридан ажралганини ҳисоблаш мумкин.
Агар неандерталлар ва замонавий одамлар оғзида бир хил микроорганизмлар бўлганда эди, бу фақат 450 000 йил муқаддам бўлганини тахмин қилишингиз керак бўларди. У вақтда бу икки тур бир биридан ажраб, алоҳида эволюцияга учраган. "Бу ўшандан кейин ҳам микроорганизм уларнинг биридан иккинчисига ўтганини билдиради", дейди Вейрих.
Бу қандай рўй берганини аниқ айтиш имконсиз, аммо уни 120 000 йил аввал рўй берган нимагадир боғлаш мумкин. "Мен учун қизиғи, бу даврни замонавий инсон ва неандертал ўртасидаги илк чатишиш давридир, - дейди Вейрих. - Микробнинг ана шу ҳодисаларга алоқадор бўлиб қолгани жуда қизиқ."

Сурат манбаси, Getty Images
Вейрихнинг изоҳлашича, микробнинг эҳтимолий трансфер йўли ўпишишдир. "Ким биландир ўпишсангиз, оғизлардаги микроблар унисидан бунисига ўтади, - дейди у. - У бир марта ўтган бўлиши, сўнг ўша гуруҳ одамлар қирилиб кетмаса, микроб ҳам қандайдир йўл билан кўпайиб, яшайверган бўлиш мумкин. Аммо трансфер бир марта эмас, мунтазам бўлгани эҳтимоли ҳам бор."
Бу микробларни ўтказишнинг бошқа йўли, овқатни бўлиши танавул қилишдир. Гарчи неандерталлар илк замонавий одамларга овқат тайёрлаб бергани ҳақида бевосита далил бўлмаса ҳам, романтик таом M.oralis учун муқобил манба бўлиши мумкин эди.
Вейрих учун бу кашфиёт жуда ҳаяжонли, чунки қачонлардир яшаган икки тур одамларнинг ўзаро муносабатлари бугун бизда яшайдиган микроорганизмларни шакллантирган.
Бу Вейрих учун янги саволларни ўртага чиқаради: Биздаги микробиом тўғри ишлаяптими, зеро биз айрим микроорганизмларни неандерталлардан олганмиз?"
Масалан, M.oralis замонавий одамларда турли милк касалликларига сабаб бўлиши мумкин. Вейрихнинг айтишича, у тарихгача бўлган даврда яшаган соғлом тишли кўплаб одамларда бу микроб изларини топган. Келажакда у қадимги одамлар тиш қолдиқларини ўрганиш асносида олинган билимларга таяниб, бугунги замонавий одамлар учун соғлом оғиз микробиомини реконструкция қилишни ният қилмоқда.
Эркак ёки аёл неандерталлар
Неандертал аёллар замонавий эркак одамлар билан учрашганми ёки тескариси бўлганми аниқ айтиш имконсиз. Аммо баъзи белгилар бор.
2008 йилда археологлар Россиянинг Олтой тоғларидаги Денисова ғоридан битта жағ тиш ва бармоқ суягини топишади. Шу асосда мутлақо янги инсон зоти кашф қилинди. Йиллар давомида "денисоваликлар" ҳақида ана шу жойдан топилган арзимас қолдиқлар ва улардан ажратиб олинган ДНК таҳлиллари орқалигина билардик. Ўша таҳлилларга кўра уларнинг мероси бугунги Шарқий Осиё ва Меланезия одамларида сақланиб қолган.

Сурат манбаси, AFP
Денисоваликлар неандерталларга бугунги одамлардан кўра кўпроқ яқин бўлган. Бу икки инсон зоти Осиёдаги катта ҳудудда юз минг йиллар давомида ёнма-ён яшаган. Бу 2018 йили ёш бир қизга тегишли - унга Денни деб ном беришган - суяклар топилганда янада аниқ бўлди. Унинг онаси неандертал, отаси денисовалик бўлган.
Демак, неандерталларнинг эркак жинсий хромосомаси денисоваликларникига ўхшаш бўлган. Аммо олимлар 38 000-53 000 йиллар муқаддам яшаган учта неандерталдан олинган ДНК кодларини ўрганганда, уларнинг Y хромосомаси бугунги кундаги одамларникига кўп жиҳатдан ўхшашлиги маълум бўлди.
Тадқиқотчиларнинг айтишича, бу неандерталлар ва илк замонавий одамлар ўртасида "кучли генетик оқим" бўлгани улар ўзаро чатишганига далилдир. Ўз мавжудликлари поёнлаб қолганда неандерталларнинг сони кескин камайган, уларнинг Y хромосомаси ҳам бутунлай йўқолган ва ўрнини бизники эгаллаган. Бу шуни англатадики, замонавий одамларнинг қадимги аждодлари асосан аёл неандерталлар билан чатишган.
Аммо ҳикоя шу билан тугамайди. Бошқа бир тадқиқот кўрсатишича, айни шу тақдир неандертал митохондрия - ҳужайрадаги шакарни энергияга айлантириб берувчи машинанинг бошига ҳам тушган. Улар онадан болаларга ўтган, шунинг учун 2017 йилда илк инсон митохондрияси неандертал қолдиқларида аниқланган, бу эса аждодларимиз эркак неандерталлар билан ҳам алоқа қилганини кўрсатади. Аммо бу сафар чатишиш 270 000 ва 100 000 минг йиллар оралиғида бўлгани эҳтимол. Бу вақтда замонавий инсонлар асосан Африкада яшаган.
Жинсий йўл билан ўтувчи касалликлар
Бир неча йил олдин Вилле Пименофф жинсий йўл билан ўтувчи инсон папиллома вирусини (ИПВ) ўрганаётганда ғалати нарсани пайқаб қолди.
Папилломавирус ҳайвонлар орасида, жумладан, айиқлар, дельфинлар, тошбақалар, илонлар ва қушларда кўп учрайди. Аслида унинг бор-йўқлиги текширилган деярли барча турларда топилган. Инсонларнинг ўзида унинг юздан ортиқ штамми бор бўлиб, бачадон бўйни саратонларининг 99.7 фоизига сабабчи бўлади. Улардан энг қаттоли ИПВ 16дир. У инсон танасида йиллар давомида ўзини билинтирмай яшайди ва ҳужайраларни ишдан чиқаради.
Аммо вируснинг қайси штамми тарқалганига қараб, ҳудудларга ажратиш мумкин. Дунёнинг кўп қисмида вируснинг А турини учратиш мумкин. Тропик Африкада асосан В ва С тарқалган. Қизиғи, уларнинг тарқалиши неандертал ДНКсининг тарқалишига устма-уст тушади. Тропик Африкадаги одамларда нафақат ИПВнинг ноодатий штамми учрайди, балки уларда неандерталдан ўтган ДНК материали ҳам оз.
Бу масалани чуқурроқ ўрганиш учун Пименофф замонавий А туридаги ИПВнинг генетик хилма-хиллиги тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиб, бу тур биринчи марта тахминан 60 000-120 000 йил олдин пайдо бўлганини ҳисоблаб чиқарди. Яъни, А туридаги вирус ИПВ-16 га қараганда анча ёшроқ, ва энг муҳими, у биринчи замонавий одамлар Африкадан келиб, неандерталлар билан алоқада бўлган даврда пайдо бўлган. Буни исботлаш ўта қийин бўлса-да, Пименофф улар зудлик билан жинсий йўл билан юқадиган касалликлар билан алмашинишни бошлади ва ИПВ-16нинг турли вариантлари пайдо бўлгани биз А тур вирусни уларнинг ўтмишдошларидан олганимизни акс эттиради.

Сурат манбаси, AFP
"Мен буни ҳисоблаш усулларидан фойдаланган ҳолда минг марта текширганман ва ҳар сафар натижа бир хил чиқади - бу энг ишонарли сенарий", дейди Пименофф. Бугунги кунда ИПВ вирусларининг тарқалиш йўлларини ҳисобга олган ҳолда, олим бу вирус замонавий инсонга бир марта эмас, бир неча марта, алоҳида ҳолатларда юққан, деб тахмин қилмоқда.
"Бу фақат бир марта юққан бўлиши эҳтимоли жуда оз, чунки шундай бўлганда вируснинг тарқалиши давом этмаслиги мумкин эди", деб тушунтиради Пименофф. "Бундай жинсий алоқа Евроосиёда - одамларнинг ҳар икки зоти ёнма-ён яшаган жойларда жуда кенг тарқалган бўлиши керак."
Пименофф, шунингдек, А туридаги вируснинг неандерталлардан юққани нима учун бу вирус одамларда тез-тез саратонни келтириб чиқаришини изоҳлайди, деб ҳисоблайди. Бунинг сабаби шундаки, одамлар ушбу вирусга нисбатан кейинроқ дуч келган ва бизнинг иммун тизимимиз унга қарши қандай курашишни ҳали ўрганмаган.
Дарҳақиқат, неандерталлар билан жинсий алоқада бўлиш бизга бошқа кўплаб вируслар, жумладан, ВИЧнинг қадимий қариндошини ҳам ўтказган. Бироқ биз аллақачон қирилиб кетган ўтмиш қариндошларимиздан ғазабланмаслигимиз керак, чунки биз ҳам уларга жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, шу жумладан, герпесни юқтирганимиз ҳақида далиллар мавжуд.
Жинсий аъзолар
Кўпчилик учун неандерталларнинг жинсий олатлари ва қинлари қандай кўринишда бўлганига қизиқиш ёқимсиздек туюлса ҳам, турли жониворларнинг жинсий аъзолари илмий тадқиқотлар мавзуси ҳисобланади. Ушбу мақола ёзилаётган вақтда "Google Scholar" жинсий олат эволюцияси бўйича 98 000 та ва қин эволюцияси бўйича 87 000 та натижани кўрсатди.
Маълум бўлишича, ҳайвонларнинг репродуктив органлари тузилиши уларнинг турмуш тарзи, жуфтлашиш стратегияси ва эволюцияси ҳақида кўп нарсани айтиб бериши мумкин. Шунинг учун, ҳайвонларнинг жинсий аъзоларига оид саволлар бериш уларни яхшироқ ўрганишнинг яна бир усули ҳисобланади.
Ҳайвонот дунёсида умуман тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада турли хил шаклларни топишингиз мумкин. Улар орасида аргонавт саккизоёқлар бўлиб, уларнинг қуртга ўхшаш, танадан ажраладиган олати бор, улар урғочи билан қовушиш учун ўзи алоҳида сузиши мумкин - уларнинг эркаклари катталиги урғочисининг атиги ўндан бирига тенглигини ҳисобга олсак, бу жуда амалий ечим. Урғочи кенгурулардаги учта қин ҳақида ҳам ўйлаб кўринг, бу уларга осон ҳомиладор бўлишига имкон беради.
Инсон олатини ҳайвонларнинг жинсий аъзосидан ажратиб турадиган хусусиятлардан бири бу унинг силлиқлигидир. Ҳайвонот дунёсидаги энг яқин қариндошимиз шимпанзенинг (улар билан 99 фоиз ДНКмиз муштарак) жинсий олатида тиканга ўхшаш суяклар бор. Соч ва терини ташкил қиладиган моддадан (кератин) иборат бўлган бу кичик "суяклар" бошқа эркакнинг уруғини чиқариб ташлаш ва урғочи қинига бироз жароҳат етказиб, уни кейин бошқа эркак билан бўлишдан тийилишга мажбурлашга хизмат қилади. Олат суяклари "шаҳватпараст" турларда эркакнинг авлод қолдириш имкониятини орттиради.
2013 йилда олимлар олат суякларини пайдо қиладиган генлар неандерталларда ҳам, денисоваликлар геномларида ҳам, шунингдек, замонавий инсонлар геномларида ҳам йўқлигини аниқладилар. Бу бизнинг умумий аждодларимиз камида 800 минг йил олдин бу суякдан айрилганини кўрсатади. Бу жуда муҳим, чунки жинсий олат суяклари насл қолдириш жараёнида фойдали восита ҳисобланади, чунки улар эркакларга авлод қолдиришда устунлик беради. Бундан олимлар неандерталлар ва денисоваликлар асосан моногам бўлган деб хулоса чиқардилар.
Полигамия
Шунга қарамай, неандерталлар замоанавий одамларга нисбатан кўпроқ жинсий партнерга эга бўлганини кўрсатувчи далиллар бор.
Эмбрион тадқиқотлари шуни кўрсатдики, бачадонда тестостерон каби эркаклар жинсий гормонлари юқори бўлганда, улар туғилиб улғайгач, бармоқлар узунлигининг ўзаро нисбатига таъсир қилиши мумкин - кўрсатгич бармоқнинг узунлигини узук тақиладиган бармоқ узунлигига бўлиб ҳисобланилади. Тестостерон даражаси юқори бўлганда нисбат анча паст чиқади. Бу биологик жинсдан қатъий назар ишлайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Мана шу кашфиёт қилингандан бери олимлар бармоқлар нисбати ва юзнинг жозибадорлиги, жинсий ориентация, таваккалга мойиллик, ақлий даража, аёлларнинг қанчалик эмпатиклиги, эркакнинг қанчалик доминантлиги ва уларнинг мояклари ҳажми ўртасидаги боғлиқликни топдилар. Аммо бу соҳадаги айрим тадқиқотлар баҳслидир.
2010 йилда олимлар айни шу ҳолат инсоннинг энг яқин қариндошлари бўлган жониворларда ҳам борлигини аниқладилар. Умуман олганда "шаҳватпарастроқ" ҳисобланган шимпанзе, горилла ва орангутанда бармоқлар узунлиги нисбати пастроқ, Исроилдаги ғордан топилган замонавий инсон қолдиқлари ва бугунги кун одамларида бу нисбат баландроқ (мос равишда 0.930 ва 0.957).
Одамлар асосан моногам, шунинг учун тадқиқотчилар бармоқлар нисбати ва жинсий стратегия ўртасида алоқа борлигини тахмин қилади. Агар улар ҳақ бўлса, неандерталлар - уларда бармоқ нисбати ўртача 0.928 бўлган - илк ва ҳозирги замонавий одамларга нисбатан камроқ моногам бўлган.
Кун ботарга бориш
Неандертал одам ва илк замонавий одам жуфтлиги топишганда улар эркак яшайдиган жой яқинига ерлашдилар ва кейинги авлодлар буни анъанага айлантирди. Неандерталлар ДНКси кўрсатадики, уларнинг оиласида қариндош эркаклар, уларнинг жуфтлари ва болалари яшаган. Аёллар эса ўзига жуфт топгач, ўз оиласини тарк этган.
Неандертал ва биринчи замонавий одам ўртасидаги жуфтликдан кейин воқеалар қандай ривожлангани ҳақида яна бир маълумот замонавий Исландия одамлари генларини ўрганишдан олинди. Ўтган йили 27 566 кишининг геноми таҳлил қилинганда неандерталлар неча ёшда фарзанд кўргани аниқланди: гарчи неандертал аёллари илк замонавий одамлар аёлларига қараганда кечроқ бола кўрган бўлса ҳам, неандертал эркаклар эртароқ ота бўлишган.
Агар ўша жуфтлик бола кўрган бўлса, неандерталлар каби она болани тўққиз ой эмизиб, 14 ойда тўлиқ сутдан чиқарган. Саноат ривожланмаган замонавий жамиятлардаги инсонлардагидан қисқароқ муддат бу.
Бу қадимий учрашувларга қизиқиш неандерталлар умуман қандай яшагани ва нима учун йўқ бўлиб кетганига ойдинлик киритмоқда.
Сўнгги Неандертал: сафар ниҳояси
Ҳатто қадимги одамлар ҳаётига қизиқмаганингизда ҳам, бу жуфтликлар бугунги одамлардаги кўплаб хусусиятларга - тери рангидан тортиб, соч рангию қандай ухлашимиз, кайфият ва иммун тизимимизгача ҳисса қўшган. Буларни ўрганиш аллақачон замонавий касалликларнинг эҳтимолий даволари, жумладан, Ковид-9нинг оғир ўтишига сабабчи бўлаётган неандертал генни нишонга олувчи дорилар яратилишига олиб бормоқда.
Тақрибан 40 000 йил илгари неандерталларнинг қирилиб кетишига қисман ўзаро бир-биримизга интилганимиз, шунингдек, кутилмаган иқлим ўзгариши ва яқин қариндошлар ўртасидаги жуфтлашишлар сабаб бўлгани эҳтимол деб ҳисобланади.
Бир янги назарияга кўра, икки инсон зоти ўртасидаги касаллар - ИПВ ва герпес - бошданоқ кўринмас тўсиқ пайдо қилган; уларнинг ўз ҳудудларини кенгайтириши ва учрашувларига халал берган. Улар ўзаро ёнма-ён яшаган кичик ҳудудларда ўзаро чатишганлар ва бундан замонавий одам ютган - улар ўзларига керакли иммунитетни ҳосил қилиб, ўз яшаш ҳудудларини яна кенгайтириб боришган.
Аммо неандерталлардан омад юз ўгирган, моделлаштиришлар кўрсатишича, улар орасида аввалига касалланишлар ҳам кўп бўлган. Неандерталлар ҳатто замонавий одам билан чатишмаганда ҳам, улар келтирган вирусларнинг янги штаммлари олдида ожиз эди. Бу улар учун катта зарба эди. Пировардида, ҳозирги одамларнинг аждодлари кўпроқ жойга тарқалиб, неандерталларни қириб юборган.
Бошқа бир ғояга кўра, уларнинг нисбатан кичик аҳолисини замонавий одамлар ўзига сингдириб юборган. Улар шундоғам биздан Y хромосома ва митохондрия олган. Аммо ҳозирги одамларда уларнинг камида 20 фоиз генлари сақланиб қолган.
Эҳтимол тарихгача бўлган Руминия ҳудудидаги ўша жуфтлик шу мақолани ўқиётганлардан кимдадир яшаётгандир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












