Бокира туғруқ: Ўзини ўзи эркаксиз ҳомиладор қилган - Dunyo Yangiliklar

Тухумидан чиқаётган тимсоҳ

Сурат манбаси, Joe Wasilewski

Сурат тагсўзи, ''Бокира туғруқлар" тимсоҳлар орасида кенг тарқалган бўлиши мумкин, дейишади тадқиқотчилар
    • Author, Паллаб Гош
    • Role, Би-би-сининг илм-фан мухбири

Урғочи тимсоҳ ўзини ўзи ҳомиладор қилгани ҳодисаси илк бор Коста-Рика ҳайвонот боғида кузатилди.

У дунёга келтирган тимсоҳча генетик жиҳатдан 99,9 фоиз онасининг ўзи бўлган.

"Бокира туғруқ" деган ҳодиса табиатда кўп учрайди.

Алоқадор мавзулар:

Турли қушлар, балиқлар ва бошқа судралиб юрувчи жонзотларнинг урғочилари эркаксиз ҳомиладор бўлиши фанда аниқланган.

Бироқ тимсоҳ ўзини ҳомиладор қилиши биринчи марта кузатилди.

Олимларнинг фикрича, бу ҳодиса жониворларга эволюцион аждодларидан мерос бўлиши мумкин, бир замонлар динозаврлар ҳам шу йўлда кўпайганлари эҳтимоли бор.

Тимсоҳнинг ҳомиладор бўлиши ҳодисаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари Британия Қироллик фан жамиятининг "Биология мактублари" журналида нашр этилди.

Коста-Рикадаги Parque Reptilandia деб номланадиган ҳайвонот боғида сақланган 18 яшар Ўткир тумшуқли тимсоҳ(Crocodylus acutus) 2018 йили тухум қўйган.

Тухум ичидаги ҳомила тўлиқ шаклланган, бироқ ўлик туғилган - тухумни ёриб чиқолмаган.

Урғочи тимсоҳ икки ёшлигида тутилган ва бутун умри мобайнида бошқа тимсоҳлардан айро яшаган.

Унинг тухум қўйганидан ҳайратланган ҳайвонот боғи ходимлари АҚШдаги Виржиния Тех тадқиқот университетида фаолият юритаётган доктор Уоррен Бусга мурожаат этганлар.

Доктор Бус фанда партеногенез деб аталадиган бокира туғилишлар ҳодисалари бўйича 11 йилдан буён тадқиқот юритиб келади.

Доктор Бус ўлик туғилган ҳомилани ўрганди ва у онасига 99,9 фоиз ўхшаш, отаси бўлмаган, деган хулоса берди.

Би-би-си билан суҳбатда доктор Бус бу кашфиётдан ҳайратга тушмаганини айтди.

'Биз бундай ҳодисани акулаларда, қушлар, илонлар ва калтакесакларда кўрганмиз. Бу нарса анча кенг тарқалган", дейди у.

Доктор Бус тахминича, шу вақтгача партеногенез ҳодисаси тимсоҳларда ҳам учраши кўпчиликка аён эмаслиги сабаби, тимсоҳларни мунтазам кузатишнинг имкони йўқлигидандир.

''Одамлар ўзларининг уйларида хонаки ҳайвон сифатида илон боқишни бошлаганларидан кейин партеногенез хабарлари кўпайиб кетди. Лекин оддий ҳайвон боқувчи уйида тимсоҳ боқмайди-ку", дейди у.

Олим айтишича, бу борада илгари сурилаётган назариялардан бири шундан иборатки, жонзотларнинг сони камайиб қирилиб кетиш ёқасига келиб қолганида улар эркаксиз ҳомиладор бўлишга қодир бўладилар.

Доктор Буснинг Би-би-сига айтишича, иқлим ўзгариши оқибатида динозаврларнинг айрим турлари буткул қирилиб кетишларидан олдин урғочилари эркаксиз ҳомиладор бўлган бўлишлари мумкин.

''Жуда кўп жонзотларда партеногенез механизми бир хил экани факти шундан далолат берадики, у жуда қадимий ва узоқ вақт мобайнида мерос бўлиб келган. Бу эса динозаврлар ҳам шу йўлда кўпайганлар деган ғояни тасдиқлайди", дейди доктор Бус.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002