Янгиликлар. Хитой одамзодни ирсий ўзгартирмоқда: Дунё нега ваҳимада? Xitoy Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, TEK IMAGE/SCIENCE PHOTO LIBRARY
- Author, Паллаб Гош
- Role, Илмий мухбир
Инсон ирсиятини таҳрирлаш ишларини тартибга солиш бўйича Хитойнинг янги қоидалари етарлича қаттиқ эмас, деб огоҳлантиради етакчи эксперт.
Алоқадор мавзулар:
Хитойда ирсиятни таҳрирлашни назорат қилиш бўйича эксперт, Кент университетидан Жой Чжан расмийлар соҳани "Назоратга олишда сусткашликка" мойил экани ҳақида гапирди.
Бундан беш йил олдин хитойлик олим гени ўзгартирилган дунёдаги биринчи болаларни дунёга келтирганидан сўнг юзага келган норозиликлар ортидан соҳани тартибга солувчи қоидалар янгиланди.
Хитой бу янги қоидалар халқаро талабларга мувофиқ келишини айтмоқда.
Бу қоидалар ген ўзгартириш ишлари ахлоқан маъқуллланиши, назоратга олиниши ва текширилишини талаб қилади, аммо экспертлар улар хусусий секторга татбиқ қилинмаслигидан хавотирда.
Лондонда ўтган Инсон ирсиятини ўзгартириш бўйича халқаро саммитдаги асосий сўзловчилардан бири доктор Чжан "BBC News"га шундай деди: "Менинг асосий хавотирим шуки, янги қоидалар одатий илмий институтлардан ташқаридаги кучайиб бораётган сурункали муаммо бўлмиш хусусий ташкилотларни қамраб олмайди".
"Янги қоидалар Хитойда юз бераётган инновациялар суръатига мослаша олмаслиги мумкин."
Ирсиятни ўзгартириш янгича техника бўлиб, у орқали олимлар ДНКда аниқ ўзгаришларни қила олади. Олимларнинг ишонишича, ушбу техника ёрдамида кўплаб ирсий касалликларни бартараф этиш мумкин.
Аммо, шунга қарамай, у инсоннинг генетик тузилишида авлоддан авлодга ўтувчи доимий ўзгаришлар қилиши мумкин бўлгани учун баҳсли масалалигича қолмоқда.
Баҳсли тажриба
Беш йил муқаддам Гуандун провинциясидаги шэньчжэнлик доктор Хэ Цзянькуй дунёдаги биринчи гени таҳрирланган болалар - Лулу ва Нана исмли эгизакларни дунёга келтирганини айтганида, бу соҳадаги дунёнинг етакчи олимлари шокка тушиб қолди.
Қизларнинг ДНКси ҳомиланинг дастлабки босқичида бўлганида ўзгартирилган эди. Доктор Хэнинг таъкидлашича, бу уларни ОИВ инфекциясига чидамли қилиб қўйиши керак эди.
2019 йилда у жаримага тортилди ва уч йилга озодликдан маҳрум қилинди. Доктордан бошқа ҳеч ким эгизакларни кўрмаган эди. Аммо охирги ўтказилган илмий йиғилишда уларнинг соғлиғи яхши эканини айтди.
Ўтган ой озодликка чиққанидан сўнг, у Дюшен мушак дистрофияси деб аталадиган кам учровчи ирсий мушак касаллиги бор болаларни даволаш учун ген таҳрирлашдан фойдаланиб тадқиқот ўтказиш учун Гонконгда клиника очишни режалаштиргани маълум бўлди. Иммиграция хизмати ходимлари унинг жиноий ўтмиши борлигини аниқлагандан кейин визасини бекор қилинганини эълон қилишди.

Сурат манбаси, HE JIANKUILAB
Янги қоидалар доктор Хэга илгари фақат касалхоналарда инсон устида ўтказиладиган тажрибалар учун, масалан, дорилар синови учун қўлланган қоидалардаги ўтиш осон тирқишларни ёпади. Янгиланган қоидалар барча илмий-тадқиқот муассасаларини ва инсон билан боғлиқ барча нарсаларни - тўқималар, органлар ва эмбрион ҳужайралар билан ишлашни ҳам қамраб олади.
Саммит ташкилотчиси, йиғилиш бўлиб ўтаётган Крик институти профессори Робин Лловелл-Бэдж Хитойдаги тадқиқотларда ҳамон жуда кўп махфийлик борлигидан хавотирда эканини айтди.
"Хитой нега технология соҳасида етакчи бўлишни хоҳлаётганини тушунаман, бироқ алоҳида эътибор талаб қиладиган баъзи соҳалар бор ва генларни таҳрирлаш шулардан бири, - деди у. - Бу ишлар аниқ бошқарув ва назорат остида бўлиши керак, аммо буни кўрмаяпман."
Саммитда сўзга чиққан Хитой Фанлар академиясидан доктор Янгин Пэн ҳукумат ген таҳрирлаш бўйича қонун ва қоидаларга эга эканлигини айтди.
"Хитой ўз қонунлари ва қоидаларини сезиларли даражада кучайтирди, - деди у. - Доимий, ўтадиган ўзгаришлар қилиш тақиқланган, раҳбарият бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашган ва қонунларимиз халқаро қоидаларга мос келади."

Сурат манбаси, SPL
Далхаузи университетининг канадалик биоэтиги доктор Франсуаза Бейлис Хитойдаги янги қоидалар ҳақида кўпроқ маълумот олишни исташини айтди.
"Мен [янгиланган қоидаларда] тадқиқотлар ахлоқий тамойилларга мос келиши кераклиги белгиланганини кўрдим. Аммо мен ахлоқий тамойиллар деганда нима назарда тутилгани, улар қаерда баён этилганлиги ва муҳокама учун очиқ ёки йўқлигини билишни истардим", деди у.
Унинг қўшимча қилишича, Хитой хусусий секторни тартибга солишга қийналаётган ёлғиз давлат эмас.
"Шимолий Америкада, бизда ҳам шундай муаммолар бор, шунинг учун фақат Хитойга эътибор қаратиш тўғри эмас деб ўйлайман", дейди у.
Вашингтонда жойлашган "International Biosafety and Biosecurity Initiative" ташкилоти вакили доктор Пирс Миллетт шундай деди: "Хитой бу соҳадаги қоидаларни қайта кўриб чиқишда етакчилик қилиши мумкин".

Сурат манбаси, SEBASTIAN KAULITZKI/SCIENCE PHOTO LIBRARY
Кўплаб олимлар доктор Хэга қамоқдан кейин клиник тадқиқотларга қайтишга қандай қилиб рухсат беришганидан ҳайрон бўлишди.
"Мен, кўпчилик каби, Хитойда Хэ Цзянькуйни қўллаб-қувватлаган ёки ҳимоя қиладиган шахс ёки ташкилот бормикан, деб ҳайрон бўлдим", дейди доктор Чжан.
Аммо унинг сўзларига кўра, у "тартибга солишдаги лоқайдликнинг оддий намунасини" кўряпмиз деб ўйламоқда.
"Доктор Хэнинг иши аниқ бўлмай турган бир вақтда, яхши бошқарув ҳақидаги сўнгги гаплар иккиюзламачилик" дейди у.
"Мен Хэ Цзянькуй нима қилаётганидан эмас, балки Хитой расмийлари нима қилаётганидан кўпроқ ташвишдаман", дейди у.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












