Кел, жуфтлашамиз: Одамзод маймун тилини тушуниши исботланди - Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Одамзод ёввойи маймунларнинг кўплаб имо-ишорасини тушунади. Хусусан, шимпанзе ва боноболар мулоқот қилганда, улар нима деганини англаш биз учун қийин эмас. Нега бундай ва бу нимани англатади?
Олимлар маймунлар мулоқот қилган видеоларни ўрганишган. Тажрибада қатнашган кўнгиллилар маймунларга қараб, улар имо-ишора орқали нима деганини изоҳлашган.
Тадқиқотни Сент-Эндрюс университети олимлари олиб боришган.
Алоқадор мавзулар:

Олимларга кўра, мазкур илмий хулоса одамзод ва шимпанзеларнинг охирги умумий аждоди шу каби имо-ишора тилини ишлатганини англатиши мумкин.
Айни пайтда, бу тил бизларнинг инсоний тилимиз ривожланишида бошланғич қадам бўлган.
Илмий хулосалар PLOS Biology илмий нашрида чоп этилган.
Бош тадқиқотчи Кирсти Гремнинг тушунтиришича, имо-ишорага асосланган ушбу мулоқот усулини горилла ва орангутан каби маймунлар ҳам қўллашади.
"Одам боласи ҳам гўдаклигида бу имо-ишораларнинг айримларини қўллайди" - дейди Кирсти Грем.
"Бизларнинг умумий аждодларимиз бундай имо-ишора тилидан фойдаланишган, деб анчадан бери фараз қилиб келардик".
"Энди эса ота-боболаримиз имо-ишора орқали мулоқот қила бошлашгани ва шу асно ҳозирги тилимиз ривожланганига ишончимиз комил бўлди".
Тадқиқотнинг бир мақсади - бизнинг яқин қариндошимиз бўлган маймунларнинг мулоқот усулларини ўрганиш ёрдамида тилларнинг келиб чиқишини тушуниш эди.
Қариндошларга қараб

Сурат манбаси, Getty Images
Олимлар узоқ йиллар ёввойи шимпанзеларни кузатишган.
Олдинроқ улар бу маймунлар 80 хилдан кўпроқ имо-ишора "ибораларини" ишлатишини аниқлашганди.
Айни имо-ишоранинг ҳар бири бошқа маймунга муайян фикрни етказади.
Масалан, "мени қашила" деган гапни айтиш учун маймун ўз кўкрагини қашилайди.
"Овқатингдан бер" демоқчи бўлса, қўли билан оғзини силайди.
Маймун ва одам тили нега яқин?

Сурат манбаси, Getty Images
Олимлар маймунлар имо-ишораси аксланган видеоларни тажрибада қатнашган кўнгиллиларга кўрсатишган.
Мақсад - маймунларнинг имо-ишорасини англашадими, деган саволга жавоб топиш эди.
Иштирокчилар эмаймунларнинг имо-ишоралари нимани англатиши ҳақидаги турли жавоблар орасидан биттасини танлашган.
Натижа эса кутилганидан ҳам юқори бўлган.
Кўнгиллилар бонобо ва шимпанзелар имо-ишорасини 50% дан ҳам кўпроқ ҳолатда тўғри талқин этганлар.
Олимларнинг таъбирича, одамзод табиий равишда тушуна оладиган маймунларнинг мулоқот усуллари "эволюцион жиҳатдан жуда қадимий ва - биз инсонлар дохил - барча йирик маймунлар қўллаган умумий имо-ишора калималаридир".
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














