Сир очилди: Қирғизистондан чиққан битта бактерия қандай қилиб Европа ва Осиёда ўн миллионлаб одамни ўлдирган? Dunyo Yangiliklar Markaziy Osiyo

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Малу Курсино
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Тадқиқотчилар орадан 600 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, ҳалокатли "қора ўлат"нинг қаердан келиб чиққанлигини аниқладик, дейишмоқда.
Улар илдизини аниқлашга муваффақ бўлдик деяётган қаттол таёқча Европа, Осиё ва Шимолий Африкада ўн миллионлаб одамнинг ёстиғини қуритган.
Ўзбек мигрантлари Россияга вабо, ўлат ташияптими?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қора ўлат манбаси
14-аср ўрталарида юз берган тиббий офат инсоният тарихидаги энг жиддий эпидемиялардан бири ҳисобланади.
Тадқиқотчи ва олимлар "қора ўлат"нинг манбасини аниқлаш учун йиллаб изланишган.
Аммо шунча уринишларига қарамай, унинг илдизини топишга муваффақ бўлмай келишаётганди.

Сурат манбаси, Getty Images
Энди эса, улар қора ўлат 1330-йилларда Қирғизистондан бошланган, деган ишончда.
Сўнгги тадқиқотни Шотландиянинг Стирлинг, Германиянинг Макс Планк институти ва Тюбинген университетлари тадқиқотчилари олиб боришган.
Улар Иссиқ-Кўл яқинида жойлашган қабристонлардаги скелетлар тишларидан олинган қадимги ДНК намуналарини таҳлил қилишган.
Олимлар айнан 1338 ва 1339 йилларда қабрлар сони жиддий ортиб кетганини назарда тутиб, тадқиқотлари учун айни шу ҳудудни танлашган.
Тюбинген университетидан доктор Мария Спироунинг айтишича, гуруҳ еттита скелетдан ДНК кетма-кетлигини аниқлаган.
Докторга кўра, кўплаб қон томирларини ўз ичига олиши ва "қон орқали юқувчи ҳалокатли патогенларни аниқлаш имконияти юқори экани боис", айнан тишларни тадқиқ қилишган.
Маълум бўлишича, тадқиқотчилар гуруҳи скелетларнинг учтасида вабо таёқчаси (Yersinia pestis - лот.)ни аниқлашга муваффақ бўлишган.
Баҳолар
Кашфиётга баҳо бераркан, Стирлинг университети тарихчиси Филип Славин, "тадқиқотлари инсоният тарихидаги энг катта, энг қизиқарли саволлардан бирига жавоб топгани, инсонларнинг энг қаттол қотили қачон ва қаердан ибтидо топганини аниқлаб берган".
Лекин намуналар ҳажми кичик экани каби тадқиқотнинг айрим ноқисликлари ҳам бор.
Мазкур тадқиқотда бевосита иштирок этмаган эса-да, Янги Зеландиянинг Отаго университетидан доктор Майкл Кнапп уни "ҳақиқатан қимматли", - дея олқишлаган.
Аммо, "Янада кўпроқ одамлар, даврлар ва минтақалардан олинган маълумотлар бу ерда тақдим этилганлари аслида нимани англатишини аниқлашга ёрдам берган бўлиши"ни ҳам таъкидлаган.
Тадқиқотчиларнинг ишлари нуфузли The Nature журналида чоп этилган ва "Марказий ЕвроОсиёдаги XIV асрда юз берган қора ўлат манбаси", деб номланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













