Ўзбекистон Қорақалпоғистон воқеаларини қандай текширмоқчи, вабо чегараоша ўтиши мумкинми ва Ўзбекистон ҳужумга тутилдими ёки йўқ? Дайжест O'zbekiston Dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, kun.uz
Мустақил комиссия янги ташаббус билан чиқди. Ўзбекистон вабо хавфининг олдини олмоқчи. Мудофаа вазирлиги нега расман баёнот берди? Ўзбекистонга шунча кўп пул келдими?
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: 200 минг сўмлик пул чиқарилади, ЕИда тан олинувчи дипломни қандай олиш мумкин ва кунлар янада қизийдими?
- Ўзбекистон: «Президентлик муддати ноллаштирилади» - Мирзиеёв яна номзодини қўйиши учунми?
- Ўзбекистон АҚШ рўйхатига тушди, Қозоғистонга автомобиль йўли очилди ва Абе хотирасига ҳурмат келтирган вазир ким? – Янгиликлар
- Ўзбекистон: ‘Рус пропагандаси Тошкент дарвозаларини очтириб берса ажабмасʼ – Нозим Сафаров, video
Мустақил комиссия ва ишонч телефони
Қорақалпоғистонда ишонч телефони ишга тушди.
Июль воқеаларини ўрганиш учун тузилган мустақил комиссия янги ташаббус билан чиқди.
Янгилик Омбудсман бошчилигидаги мустақил комиссия Қорақалпоғистонда ўз ишини бошлашидан кун ўтиб олинди.
Мустақил комиссия 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси томонидан тузилган.
Унинг Қорақалпоғистонда шу ой бошида юз берган воқеаларни мустақил текшириши айтилган.
Расмий хабарларга кўра, ишонч телефони орқали одамлар Қорақалпоғистондаги ҳолат ва содир бўлган ҳодисалар юзасидан ўз мурожаатларини йўллашлари мумкин бўлади.
Айтилишича, барча мурожаатлар мустақил Комиссия томонидан ўрганиб чиқилади.
Ўзбекистон вабодан хавотирдами?

Сурат манбаси, Getty Images
Вабо хавфли касалликми? Ўзбекистонда вазият қандай?
Ўзбекистон Санитария-эпидемиология хизмати расмий билдиришнома билан чиқди.
Хизмат шу кунларда турли ижтимоий тармоқларда Афғонистоннинг икки вилоятида вабо сабаб бир кунда 40 га яқин одам вабодан вафот этганлиги ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганлигини қайд этаркан, бунинг Ўзбекистон учун қанчалик хавфли эканига ойдинлик киритди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистонда вабо касаллигининг тарқалиши ва олдини олиш бўйича ишлар аллақачон бошланиб кетган.
Давлат чегара-божхона постларидаги санитария-карантин пунктлари томонидан касалланиш тарқалган қўшни давлатлардан ташриф буюрадиган фуқароларнинг тиббий назорати кучайтирилган.
Юқумли касалликлар шифохоналарида, орал-регидратация пунктларида ўткир диареяга чалинган беморларни Соғлиқни Сақлаш Вазирининг амалдаги буйруқлари талаблари асосида вабога текширилиши ҳам ташкил этилган.
Касаллик мавсумида ҳар ҳафта очиқ сув хавзаларидан намунлар олиб, вабо чақирувчиларига текширилиши амалга ошириб келинмоқда.
Касалликка чалинган (гумон қилинган) беморларни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизиш мақсадида шифо-ўринлари захираси ташкил этилган;
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади.
Аммо ўзаро чегара энг кучли қўриқланувчиси ва қолганлари билан таққосланганда, энг қисқаси ҳисобланади.
Ўзбекистон яна ракета ҳужумига тутилдими?

Сурат манбаси, SCREENSHOT/ARXIV
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги кутилмаганда расмий баёнот билан чиқди.
Вазирлик Ўзбекистон Афғонистондан учинчи бор ракета ҳужумига тутилганига оид ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни расман рад қилди.
Расмий баёнотда айтилишича, айни мазмунда тарқатилаётган хабарлар ёлғон ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.
Вазирлик, ўз ўрнида, ўзбекистонликлардан бу каби ёлғон хабарларга ишонмаслик ва расмий манбаларга таянишларини сўраб қолган.
Афғонистон томони ҳозирча бу хусусда жим, ижтимоий тармоқларда тарқалган бу каби хабарларга ҳалича ўзининг муносабатини билдирмаган.
Аммо воқеаларнинг сўнгги ривожи Толибон муваққат ҳукумати яқинда Афғонистондан Ўзбекистон ва Тожикистонга ракета ҳужумларини уюштирган гуруҳ қўлга олинганини расман маълум қилиши ортидан кузатилган.
Толибон томонига кўра, бу «жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси ўлдирилган, 5 нафари ҳибсга олинган».
Афғонистон муваққат ҳукумати уларни "Хаворижлар", деб тилга олган.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг кеча, якшанба кунги расмий баёнотида билдирилишича, Афғонистон билан давлат чегараси ўз ҳарбийлари томонидан тўлиқ назорат қилинмоқда, вазият эса, барқарор.
Ўзбекистонга пул оқими жиддий ортдими?

Сурат манбаси, ADEK BERRY/AFP/GETTYIMAGES
Ўзбекистон Марказий Банки янги ҳисоб-китобларини эълон қилди.
Банкка кўра, сўнгги ярим йил ичида Ўзбекистонга келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари 6.5 миллиард долларни ташкил этган.
Пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 96 фоиз, яъни 3.2 миллиард долларга ошган.
Ўзбекистон минтақанинг энг кўп - миллионлаб сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Уларнинг энг кўпи йилларки Россия ҳисобига тўғри келади.
Ўзбекистон Марказий Банкининг янги ҳисоб-китоблари эса, Украина уруши боис Россия Ғарбнинг устма-уст ва кескин молиявий, иқтисодий жазо чоралари остида бўлган бир пайтга тўғри келаётгани билан ҳам кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















