Ўзбекистон: «Президентлик муддати ноллаштирилади» - Мирзиеёв яна номзодини қўйиши учунми? МДҲ, янгиликлар

мирзиеев

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, 64 ёшли Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президент лавозимига киришгунга қадар мамлакат ҳукуматини 13 йил бошқарган.
  • Халқаро тажриба - фақат президентлик муддатини "ноллаштириш"ми?
  • Ўзбекистондан Тожикистонга «маршрутка» қўйилди
  • Россияда ишсизлик ортиши кутилмоқда
  • Мигрантлар Россияга энди поездда кета оладими?

Алоқадор мавзулар:

«Сайловда қатнашиш Мирзиёевнинг ҳақ-ҳуқуқи»

Ўзбекистон Сенат раҳбарининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мамлакат конституциясига киритилган ўзгартиришлар амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг аввалги президентлик муддатини "нолга тенглаштириши"ни тасдиқлади. Бу ҳақда у «Кун.уз» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

конс

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Конституцияси мустақилликнинг 30 йилида 16 марта ўзгарди ва қисқа вақт ичида дунёда энг кўп ўзгартирилган қонунлардан бири ҳисобланади.

«Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради.

Президентимиз бу имконият ва ҳуқуқдан фойдаланадими, фойдаланмайдими, бу биринчи навбатда ушбу шахсга ҳавола. Бу шахсни кўрсатадиган сиёсий партияга ҳавола. Лекин бу ҳақ-ҳуқуқ у кишида бўлади», - деди Содиқ Сафоев.

Конституция ўзгартирилишини «халқаро тажриба» деб изоҳлаган мулозим демократик мамлакатлар сиёсати ва халқаро тажрибасида Президентлик муддатига амал қилиниши ҳақида тўхталмаган.

конс

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Янгиланган Конституция Владимир Путинга ҳокимиятда 2036 йилга қадар қолиш имконини берган.

Шунингдек вице-спикер нашрга берган интервьюсида шахсий фикрларини очиқлаган.

«Охирги беш йилда Ўзбекистонда ҳам ички сиёсат, ҳам ташқи сиёсатда қилинган ишлар мисолида дунёда энг йирик давлатлар томонидан янги формациядаги лидер сифатида эътироф этилган - Ўзбекистон президенти эканини ҳамма тан олмоқда. Бу - мамлакатимизнинг, халқимизнинг катта ютуғи ва далдаси десак бўлади, буни йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Бугунги таҳликали дунёда айнан дунё томонидан эътироф этилган лидер Ўзбекистонга йўлбошчи бўлиши бу халқимиз учун керак» дея амалдаги президентни қўллаб-қувватлаган.

Бу чиқиш - Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали мулозимининг конституцияга киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги биринчи очиқ изоҳидир.

Ўтган йилнинг октябр ойида иккинчи ва охирги муддатга сайланган Шавкат Мирзиёев 2026 йилга мўлжалланган режалари ҳақида сўз юритмаганди.

Сафоевнинг баёноти Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЙХҲТ) Ўзбекистондаги миссияси сайловлар бўйича якуний ҳисоботини тақдим этганидан сўнг янгради.

Комиссия сайловларда ҳақиқий рақобат йўқлиги, янги ва мухолиф партияларнинг рўйхатдан ўтишига рухсат берилмаганини танқид қилди.

1991 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти этиб сайланган Ислом Каримов 2016 йил сентабрида вафотигача Конституцияга киритилган ўзгартиришлар йўли билан тўрт марта президент этиб сайланган ва референдум орқали бир марта президентлик муддатини узайтирганди.

Ўзбекистон Конституцияси мустақилликнинг 30 йилида 16 марта ўзгарди ва қисқа вақт ичида дунёда энг кўп ўзгартирилган қонунлардан бири ҳисобланади.

64 ёшли Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президент лавозимига киришгунга қадар мамлакат ҳукуматини 13 йил бошқарган.

каримов

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ислом Каримов ҳам Конституцияни ўзгартириш орқали ўлимига қадар Ўзбекистонни бошқарган эди.

«Ишсизлик кўпайиши мумкин»

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълум қилишича, Украинага бостириб киришдан кейин Россияга киритилган санксиялар натижасида Россиядаги иқтисодий таназзул ва иш ўринларининг йўқолиши Марказий Осиёдан пул ўтказмалари ва мигрантлар оқимига салбий таъсир кўрсатмоқда.

мигр
Сурат тагсўзи, Россия - ҳамон ўзбекистонликлар энг кўп меҳнат муҳожирлигига чиқувчи мамлакат бўлиб турибди.

Ташкилот маълумотларига кўра, Россияда тўрт миллионга яқин Марказий Осиёдан келган муҳожирлар бор: уларнинг икки миллионга яқини Ўзбекистондан, Тожикистон ва Қирғизистондан қарийб бир миллиондан ва Қозоғистондан 200 мингга яқин муҳожир меҳнат қилади. Уларнинг пул ўтказмалари Марказий Осиё мамлакатлари ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизини ташкил этди.

ХМТ Россияга қарши жорий қилинган санкциялар Россия иқтисодиёти ва меҳнат бозорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлайди. Гап икки миллионга яқин иш ўринларининг йўқолиши ва ишсизликнинг 4,4% дан 7,8% гача ўсиши ҳақида бормоқда.

Россия иқтисодиётидаги таназзул муқаррар равишда у ерда ишлаётган муҳожирларнинг даромадларига ва демакки, ўз мамлакатларидаги иқтисодий вазиятга таъсир қилади.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда умумий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан Ўзбекистонда — 21 фоизга, Қозоғистонда — 17 фоизга, Тожикистонда — 22 фоизга ва Қирғизистонда — 33 фоизга қисқариши кутимоқда.

Ўзбекистондан Тожикистонга «маршрутка»да

чегара
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон-Тожикистон чегара-назорат ўтказиш масканлари шу йили 2 йиллик танаффусдан сўнг қайта очилганди

Ўзбекистондан Тожикистонга микроавтобус қатнови йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабарига кўра, микроавтобуслар Сирдарё вилоятидан Тожикистонга қатнайди.

- «Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридан Тожикистон Республикасининг Истаравшан (Ўратепанинг эски номи) йўналиши бўйича "Янгиер - Истаравшан - Янгиер" халқаро йўналишида микроавтобуслар синов режимида ҳаракатга келтирилди. Маршрут узунлиги 69 км. Йўл ҳақи 27 000 сўм (2,5 доллар). Рейслар сонини кунига иккидан тўрттага ошириш режалаштирилган», - дейилади хабарда.

Маълумотга кўра, маршрут рейслар ҳар икки томондан кунига бир марта амалга оширилмоқда.

Олийгоҳларга қанча ёшлар қабул қилинади?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 июндаги фармойиши билан 2022/2023 ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Маълумотга кўра, Жорий йилда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига 110 мингдан ортиқ абитуриент қабул қилинади. Бундан ташқари, 10 мингдан ортиқ талаба магистратурага қабул қилинади.

Ўзбекистонда айни пайтда олий таълим олишнинг кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий таълим турлари бор. Энг кўп квора кундузги таълимга ажратилган.

Россияга поездлар тикланади

мигрант
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон - Россия темирйўл қатновлари карантин чекловлари туфайли вақтинча тўхтатилганди.

Шу йилнинг 23 июнидан бошлаб "Тошкент-Самара-Тошкент" йўналишидаги поезд ҳаракати йўлга қўйилади.

- "Тошкент - Самара - Тошкент" поезди ҳафтанинг пайшанба куни соат 19:05 да Тошкент-Марказий темир йўл вокзалидан жўнаб кетади ва шанба куни соат 18:14 да Россия Федерациясининг Самара темир йўл вокзалига етиб боради, дейилади Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабарида.

25 июндан бошлаб эса "Тошкент - Волгоград - Тошкент" поезди қатнов ҳаракати ҳам бошланади.

Хабарга кўра, Волгоградга поезд Тошкент-Марказий вокзалидан шанба куни соат 23:58 да жўнайди ва сешанба куни соат 09:56 да Волгоград вокзалига етиб боради. Волгограддан жўнаш сешанба кунлари 19:59 га ва Тошкент вокзалига етиб келиш - жума куни соат 06.54 га тўғри келади.

Ўзбекистонликлар энг кўп йўл олувчи Москва, Санкт-Петербург ва Новосибирск шаҳарларига мунтазам темирйўллар қатновининг қайта тикланиши ҳақида маълумотлар ҳозирча берилмаган.

Ўзбекистон - Россия орасида темирйўл қатновлари пандемия даврида карантин чекловлари туфайли вақтинча тўхтатилганди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.