Ўзбекистон: Президентнинг ваколат муддати ўзгартирилмайдими ва дон захираси қачонгача етади? – янгиликлар, O'zbekiston, yangilik

cons

Сурат манбаси, Oqdaryo tuman hokimligi

  • Конституциянинг 90-моддасига оид масалага ойдинлик киритилди;
  • Ўзбекистондаги дон захираси қачонгача етиши айтилди;
  • Бензин нархи ошиши кутилмоқда;
  • 1 июнь куни болаларга пул тарқатилиши тўғрисидаги хабар рад этилди;
  • Эндиликда, давлат хизматчилари декларация топширади;

Президент ваколат муддати узайтирилмайдими?

Ўзбекистонда старт берилган Конституцияга ўзгартириш киритиш жараёни доирасида Бош қомуснинг 90-моддаси - президентнинг ваколат муддатини узайтириш ёки камайтириш борасида таклифлар келиб тушмаган ёки бу масала комиссия томонидан кўриб чиқилмаётир.

Kun.uz нашри Конституциявий комиссия матбуот котиби Одил Тожиев сўзларига таяниб, бу ҳақда хабар бермоқда.

Журналистлар билан суҳбатда Тожиев ҳозирги вақтда Конституциявий комиссия ўрганаётган лойиҳада бу масалага урғу берилмагани, шунингдек, Конституцияни ўзгартириш жараёнини бошлашда етакчи роль ўйнаган "Миллий тикланиш" ва ЎзЛиДеП ташаббуси пайтида ҳам бу масалага эътибор қаратилмаганини билдирган.

"Иккала партия кенгашининг йиғилишида ҳам иштирок этдим, лекин уларнинг ҳеч биридан бундай таклиф чиқмаган", деган Тожиев.

Конституциянинг 90-моддасида "айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас"лиги белгилаб қўйилган.

Алоқадор мавзулар:

Етарли дон захираси

grain

Сурат манбаси, FVV

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жаҳонда кечаётган озиқ-овқат инқирози манзарасида мамлакатдаги дон захираси шу йилнинг август ойига қадар етарли эканини билдирган.

Вазирликнинг Ғаллачилик ва дуккакли дон экинлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулла Мансуровнинг сўзларига кўра, ғалла ҳосилдорлиги, асосан, янги навлар ва экин майдонларининг ошиши ҳисобига ортиб бормоқда.

Мансуров ўтган йили ҳосилдорлик 64 центнерни ташкил қилган бўлса, бу йилда гектаридан 70 центнердан дон олиш режаланаётгани ҳақида гапирган.

"Яна шуниям айтиш керакки, майдонларнинг кенгайиши, ҳосилдорликни ортгани ҳисобига республикада ўтган йилдаги дон захираси 2022 йилнинг август ойигача етарли. Июнь ойида эса далаларимиздан 7 миллион тоннадан ортиқ ғалланинг янги ҳосилни йиғиштириб оламиз. Ушбу ҳосил ўтган йилдагидан 1 миллион тоннадан ортиқ бўлиши режалаштирилмоқда", деган масъул вазирлик сайтида эълон қилинган мақолада.

Билдирилишича, мамлакат аҳолиси истеъмоли ва бошқа эҳтиёжлари учун йилига 5,5 миллион тонна дон етарлидир.

"Яна 2 миллион тонна ортиқ дон етиштириш чорва, парранда, балиқни ҳам озиқлантиришга ва бу дон орқали бошқа соҳаларнинг ривожланишига олиб келади", қўшимча қилган Мансуров.

Бензин нархи ошади

gas

Сурат манбаси, Uzbekneftegaz

Давлат солиқ қўмитаси 1 июндан бошлаб нефть маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари ошишини эълон қилган.

Маълум қилинишича, 1 июндан нефть маҳсулотларининг оширилган солиқ ставкалари, эндиликда, 1 тонна АИ-80 бензини учун 275 минг сўм, 1 тонна АИ-92, АИ-93 ва АИ-95 бензини учун 275 минг сўм, 1 тонна дизель ёнилғиси учун 264 минг сўм бўлади.

Якуний истеъмолчига сотилувчи товарларга солинадиган акциз солиғи эса қуйидаги кўринишда бўлади:

  • бензин - 1 литр учун 385 сўм/1 тонна учун 512 минг сўм;
  • дизель ёнилғиси - 1 литр учун 385 сўм/1 тонна учун 468 минг сўм;
  • суюлтирилган газ - 1 литр учун 385 сўм/1 тонна учун 730 минг сўм;
  • сиқилган газ - 1 куб метр учун 550 сўм.

Бундан аввал, "Ўзбекнефтегаз" ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 маркали бензин 6 800 сўмдан сотила бошлангани хабар қилинган эди.

Давлат солиқ қўмитаси, шунингдек, нефть маҳсулотлари қаторида ишлаб чиқариладиган алкоголь маҳсулотлари турлари ва айрим тамаки турларига ҳам акциз солиғи ставкалари 10 фоизга кўтарилаётганини маълум қилган.

"Пул тарқатилмайди"

aid

Сурат манбаси, Xabar.uz

Ўзбекистонда 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан мамлакатдаги барча болаларга 200 минг сўмдан пул берилиши тўғрисидаги хабарлар рад этилди.

Бундай хабарлар ушбу сана арафасида ижтимоий тармоқда тарқай бошлаган эди.

Ўхшаш хабарларда "ҳар бир болага пул тарқатишга президент топшириқ бергани" ва ажратилган совғани "30 май - душанба кунидан банклардан олиб мумкин"лиги ҳақида сўз боради.

Ўзбекистонда сохта ахборотларга раддиялар учун расмий манба ҳисобланмиш Telegram'даги Antifake.uz канали мазкур хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини билдирган.

26 май куни президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг маълум қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатишни кўзда тутувчи қарорни имзолаган эди.

Бироқ ушбу қарорда ҳар бир болага 200 минг сўмдан бериш тўғрисидаги банд мавжуд эмас.

Амалдорлар декларация топширади

senate

Сурат манбаси, Senat.uz

28 май куни ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлисида "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

Ушбу қонун давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимиятлар тизимида ишлаётган давлат фуқаролик хизматчилари ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг фаолиятини тартибга солишни кўзда тутади.

Қонун билан давлат фуқаролик хизматчиларига ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, чет эл фуқароси бўлиш, республика ҳудудидан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш тақиқланмоқда.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларига педагогик, илмий-ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш, ўз мавқейидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиш ҳам ман этилмоқда.

Қонун асосида давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш мажбурияти ҳам юклатилмоқда.

Бундан ташқари, Сенат қонун билан коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматларига қабул қилинмаслиги белгилаб қўйилаётганини хабар қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek