Ўзбекистон-Россия: "Содиқ иттифоқчи", иттифоқ қўрқуви ва савол остига олинган мустақиллик – сарҳисоб

Сурат манбаси, PREZIDENT.UZ
Президент Мирзиёевни ҳаммадан аввал табриклаб юборган Путин, ўзбекистонлик фаолларни ташвишга солган Евроосиё иқтисодий иттифоқи, биргаликдаги ҳарбий ўқув машғулотлари ва сони рекорд даражага етган ўзбекистонлик муҳожирлар.
Йил якунига етар экан, турли соҳалардаги ютуқ-камчиликлар, ўзгаришлар сарҳисоб қилинганидек, якунланаётган йил давомида Ўзбекистоннинг энг яқин ҳамкори ўлароқ кўрилган Россия билан муносабатларида кўзга ташланган энг муҳим воқеаларга қайта назар ташлаймиз.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Январь
Ўзбекистон-Россияга доир муҳим янгиликлар тугаётган йил аввалида меҳнат муҳожирларига боғлиқ тарзда бошланди. Россия нашрлари мамлакатда карантин чоралари юмшатилиши ортидан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар қарийб 30 фоизга ошгани ҳақида ёздилар.
Февраль
4 февраль куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов россиялик ҳамкасби Михаил Мишустин билан Қозоғистонда учрашди. Учрашув давомида Мишустин Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги кузатувчи давлат ўлароқ илк бор Евроосиё Ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида иштирок этаётганини кўришдан хурсанд эканини билдирди.
Мишустиннинг бу сўзлари Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ғояси танқидчиларини яна хавотирга солди.
Шунингдек, феврал ойида Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллиги Россиядаги ўзбекистонликлар учун шу ернинг ўзида паспорт берилишини эълон қилишди. Бу вақтга қадар Россиядаги ўзбекистонликлар паспорт олиш учун Ўзбекистонга бориб-келишларига тўғри келарди.
Март
5 март куни президент Путин 2009 йилдан бери фаолият юритиб келган Владимир Тюрденев ўрнига Олег Малгиновни Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўлароқ тайинлади. 17 март куни эса президент Мирзиёев Россиянинг дипломатик ваколатхонасига 11 йилдан кўпроқ вақт бошчилик қилиб келган Тюрденевни фахрий ёрлиқ билан тақдирлади.
Бундан икки кун бурун яъни 15 март куни Сенат раиси Танзила Норбоева Россия дохил хорижда ишлаб юрган ўзбекистонлик аёллар тақдирига тўхталиб, уларни ортга қайтариб олиб келиш ҳақида гапирган эди.

Сурат манбаси, TMMA
Ўзбекистон Меҳнат вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов Ўзбекистонда Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ҳамда кўптармоқли миграция марказларининг ваколатхонаси иш бошлашини маълум қилган.
Апрель
Россия 1 апрелдан бошлаб карантин чекловлари туфайли 2020 йилнинг мартидан тўхтатиб қўйилган Ўзбекистон билан авиақатновларни тиклашини эълон қилди.
Ой охирида эса икки давлат мудофаа вазирлари 2025 йилга қадар мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлик дастурини имзоладилар. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу расмий Москва Ўзбекистон армияси жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий кадрлар тайёрлашда ёрдам бериши ҳақида гапирди.
Бироқ ушбу битимнинг имзоланиши ортидан Ўзбекистоннинг Россия таъсирига янада кенгроқ тушиб қолиши, Россия қўшинларининг мамлакатга киритилиши эҳтимоли борасида хавотирлар юзага келди.
Май
5 май куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бундай хавотирларда ҳеч қандай асос мавжуд эмаслигини билдириб, Ўзбекистон ўз ташқи ва ички сиёсатини мустақил белгилайдиган суверен давлат эканини эслатиб ўтган.
Июнь
22 июнь куни Абдулла Арипов Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан яна бир бор учрашган.

Сурат манбаси, Government.ru
Бу сафар Москвада ўтган учрашувда Мишустин баҳсларга сабаб бўлиб келаётган Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи масаласига яна тўхталиб ўтган. Россия Бош вазири Ўзбекистоннинг иттифоқда тўлақонли иштирок этиши мамлакат иқтисодиёти учун қўшимча турки бериши, ўзбекистонликлар олдида сезиларли имкониятлар пайдо бўлишини тилга олган.
Табиийки, россиялик сиёсатчининг бу таъкидлари Ўзбекистонда мавзу атрофидаги баҳсларни қиздиргандан қиздирган.
Июль
Июль ойига келиб Ўзбекистон-Россия муносабатларидаги фаоллик анчайин кучайган. Бунга Афғонистонда кечаётган кескин ўзгаришлар сабаб бўлган.
Ой бошида Самарқандда икки мамлакат ҳарбийларининг қўшма ўқув машғулотига старт берилган. 14 кун давом этган машғулотлар давомида ҳарбийлар ўзаро тажриба алмашгани хабар қилинган.
16 июль куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари учрашиб, Афғонистондаги вазият бўйича қўшма баёнот қабул қилганлар. Учрашувда мамлакатдаги жангари ҳаракатлардан хавотир билдирган томонлар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун биргаликда имкон излаш заруратини тилга олганлар.
Ёз ойлари давомида Россияда меҳнат муҳожирлари иштирокидаги оммавий тўқнашувлар авж олди ва бу Кремлгача етиб борди.
Август

Сурат манбаси, Mudofaa.uz
Август ойига келиб Ўзбекистон аскарлари Толибон пойтахт Кобулга яқинлашиши фонида Тожикистон ва Сурхондарёда россиялик ҳарбийлар билан бирга яна ўқув машғулотлари олиб борганлар.
Шундай бир манзарада АҚШ Афғонистондан олиб чиқаётган қўшинларининг бир қисмини Марказий Осиёга жойлаштириш борасида музокаралар олиб бораётгани тўғрисидаги хабарлар юзага чиққан. Бундай мақсадни жиддий танқид қилган Россия минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон позицияси Ғарб қўшинларининг ўз ҳудудига жойлаштирилишига қарши бўлганини билдирган.
23 август куни эса президент Мирзиёев Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг навбатдан ташқари сессиясида меҳмон ўлароқ иштирок этган.
Сентябрь
Ушбу воқеалар, айниқса, Толибоннинг ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистон ташқи сиёсати вектори, асосан, Россия томон йўналиб кетгани танқид қилинган. Сентябрь ойида Тошкентга келган Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко бу каби хавотирларга изоҳ бериб, расмий Москванинг Марказий Осиё бўйича ҳеч қандай махфий кун тартиби йўқлиги ҳақида гапирган.
Руденко, шунингдек, Россия минтақа давлатларини мажбуран геосиёсий танловлар қаршисида қолдириш режасида эмаслиги, Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини қарийб ўн йил аввал тўхтатган бўлсада, Россия расмий Тошкентни ишончли ва содиқ иттифоқчи ўлароқ кўришини таъкидлаган.
Октябрь
Октябрь ойи бошида Россия 150 минг ўзбекистонлик учун мамлакатга кириш тақиқини олиб ташлаган.

Мамлакатлар муносабатига оид кульминация эса Ўзбекистонда ўтган президент сайловига дохил равишда ўз чўққисига чиққан. Президент Путин ҳали Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини расман эълон қилмасдан туриб, Шавкат Мирзиёевни қайта сайлангани билан табриклаган. Ўзбекистон расмийлари нега Россия томони расмий сайлов натижаларидан муддатидан аввал бохабар бўлганига оид мубоҳасани жўяли изоҳлагани кўзга ташланмаган.
Мирзиёевнинг қайта сайланиши Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига эҳтимолий аъзо бўлиши атрофидаги баҳсларни янада қиздирган.
Экспертлар иттифоққа аъзолик мамлакат иқтисодиёти учун қанчалар фойдали бўлиши ҳақидаги қарашларда иккига бўлинган. Таниқли сиёсатшунос ва мутахассислар Тошкентнинг сиёсий мустақиллигига жиддий дарз кетиши мумкинлиги ҳақида гапирганлар.
Октябрь ойида Россия Ўзбекистонга миллион гектар ерни ижарага бермоқчи бўлгани икки давлат ОАВ ларида ва кенг жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ноябрь
Иккинчи муддатга қайта сайланган президент Мирзиёев 19 ноябрь куни Россияга бориб, президент Путин билан учрашган. Кузатувчилар раҳбарлар учрашувида совуқ кайфият ҳукмрон бўлганини тилга олганлар.
Масалан, таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Мирзиёев ташрифининг атиги ярим суткага чўзилгани, учрашув мақоми, музокаралар ҳажми инобатга олинса, расмий Москва ўз қониқмаслигини билдиргандек, мамлакатлар ўртасидаги геосиёсий масофа кенгайгандек тасаввурга келгани ҳақида ёзган.

Сурат манбаси, Senat.uz
Давлатлар раҳбарлари учрашуви турли саволларга сабаб бўлган бир вақтда 26 ноябрь куни Сенат раиси Танзила Норбоева ва Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко мамлакатлар муносабатлари мустаҳкамланишига қўшган хиссаси учун бир-бирларини орден ва медаллар билан тақдирлаган.
Декабрь
Декабрь ойида икки мамлакат муносабатларидаги энг муҳим воқеа, шубҳасиз, яна давлат раҳбарларининг учрашгани бўлган. 28 декабрь куни Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида қатнашиш учун Санкт-Петербургга борган.
Йил сўнгига яқин Россия меҳнат муҳожирлари кўрсатгичи 12 млн га етиб, пандемиядан олдинги кўрсатгичдан ҳам ошганини эълон қилди. Ва декабрь ойининг сўнгги кунларида Россия ИИВ нинг миграция қонунчилиги ва хорижликларнинг Россиядаги мақомлари, хужжатлари борасидаги бир қатор янги тартиб-қоидалари кучга кирмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














