СССРни нима қулатди ва бунинг ҳозирги Россия сиёсатига таъсири қандай?

26 декабр, 1991 йилда Шўролар давлати қулади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 26 декабр, 1991 йилда Шўролар давлати қулади
    • Author, Катерина Хинкулова & Ольга Ившина
    • Role, BBC Russian

1991 йил 25 декабрида Михаил Горбачев Совет Иттифоқи Президенти лавозимидан расман истеъфога чиқди. Эртаси куни, 26 декабрь куни мамлакат парламенти - Олий Кенгаш 15 янги мустақил давлат мустақиллигини расман тан олди ва шу билан Совет Иттифоқининг мавжудлигига чек қўйди. Бир вақтлар дунёдаги энг қудратли кучлардан бирининг рамзи бўлган болға ва ўроқ тасвирланган қизил байроқ Кремль тепасидан туширилди.

Горбачев ҳокимиятга 1985 йилда келган, ўшанда у атиги 54 ёшда эди. У турғун мамлакатга янги ҳаёт киритиш учун бир қатор ислоҳотларни бошлади.

Кўпчиликнинг таъкидлашича, "Перестройка" (қайта қуриш) ва "Гласность" (ошкоралик ва сўз эркинлиги) деб ном олган бу ислоҳотлар мамлакатнинг таназзулга юз тутишига олиб келди. Бошқалар фикрича эса, Совет Иттифоқи ўзининг мавжуд тузилишини ҳисобга олганда сақланиб қолиши мумкин эмас эди.

Бу ерда биз инқирознинг асосий сабабларини кўриб чиқамиз. Ушбу сабаблар ҳозирги Россиянинг ўзини қандай кўришига ва дунёнинг қолган қисми билан ўзаро муносабатига чуқур таъсир кўрсатган.

1. Иқтисод

Иқтисодиётнинг қулаши Совет Иттифоқидаги энг катта муаммо эди. Иттифоқ бошқа мамлакатлардаги бозор иқтисодиётидан фарқли ўлароқ, марказлаштирилган режали иқтисодиётга асосланар эди.

СССРда давлат ишлаб чиқариш ҳажмини ҳал қиларди (қанча машина ёки жуфт пойабзал ёки нон).

Soviet shop queue

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, In the final years of the Soviet Union, basic necessities were in short supply and queues in shops were common

Шунингдек, у ҳар бир фуқарога қанча нарса кераклигини, уларнинг нархлари ва одамлар қанча тўлаши кераклигини белгиларди.

Назарияга кўра, бу тизим самарали ва адолатли бўлиши керак эди, аммо амалда у тўғри ишлай олмади.

Таклиф ҳар доим талабдан орқада бўлган ва пул кўпинча ҳеч қандай маънога эга эмас эди.

Совет Иттифоқидаги кўп одамлар камбағал эмас эди, лекин улар оддийгина асосий товарларни ололмас эдилар, чунки товар етарли бўлмасди.

Машина сотиб олиш учун йиллаб навбат кутишга тўғри келарди. Пальто ёки қишки этик сотиб олиш учун сиз кўпинча соатлаб навбатда турар, ўзингизга мос ўлчамдагиси аллақачон сотиб бўлинганини билиб ортга қайтардингиз.

Совет Иттифоқида одамлар бирор нарсани сотиб олиш ҳақида эмас, балки уни топиш ҳақида гапиришган.

Вазият 1950 йиллар охирида бошланган Совет Иттифоқи ва Қўшма Штатлар ўртасида космик тадқиқотлар ва қуролланиш пойгасига сарфланган маблағлар сабабли мураккаблашди.

СССР орбитага одам юборган дунёдаги биринчи давлат бўлди ва у ядро қуроллари ва юқори технологияли баллистик ракета арсеналига эга эди, аммо буларнинг барчаси жуда қимматга тушди.

Совет Иттифоқи бу пойга харажатлари учун нефть ва газ каби табиий ресурсларига таянди, аммо 1980 йиллар бошида нефть нархи тушиб кетди ва шундоқ ҳам заиф иқтисодиётга қаттиқ зарба берилди.

Горбачёвнинг қайта қуриш сиёсати бозор тамойилларини жорий қилди, аммо улкан Совет иқтисодиёти жадал ислоҳотга тайёр эмасди.

Истеъмол товарлари ҳали ҳам танқис эди ва инфляция ўсди.

1990 йилда ҳукумат пул ислоҳотини ўтказди, бу миллионлаб одамларнинг арзимас жамғармаларини ҳам йўқ қилди.

Ҳукуматдан умидсизлик кучайди.

Нима учун бугунги кунда бу муҳим?

Истеъмол товарларининг тақчиллиги постсовет аҳолиси тафаккурига узоқ вақт таъсир қилди.

Ҳозир ҳам - бир авлод ўтиб - асосий эҳтиёжлар таъминланмай қолишидан қўрқув сақланиб қолмоқда.

Бу кучли туйғу бўлиб, ундан сайловолди ташвиқотларида осонгина фойдаланиш мумкин.

2. Мафкура

Горбачевнинг очиқлик сиёсати ўнлаб йиллар давомида репрессив режим остида бўлган, одамлар ўз фикрини айтишдан, савол беришдан ёки шикоят қилишдан қўрққан мамлакатда сўз эркинлигини кўпроқ таъминлашга қаратилган эди.

У миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган Иосиф Сталин (1924-1953 йиллардаги совет раҳбари) давридаги қатағонларнинг асл кўламини кўрсатадиган тарихий архивларни очишни бошлади.

У Совет Иттифоқи ва унинг куч тузилмалари келажаги, илдам қадам ташлаш учун уларни қандай ислоҳ қилиш кераклигини муҳокама қилишга чақирди.

У ҳатто Коммунистик партиянинг ҳукмронлигига қарши чиқиб, кўппартиявийлик ғоясини илгари сурди.

Горбачёвни ватанида ёмон кўришар, Ғарбда эса олқишлашарди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Горбачёвни ватанида ёмон кўришар, Ғарбда эса олқишлашарди

Совет ғоясини шунчаки ўзгартириш ўрнига, бу сиёсат СССРда кўпчиликни Коммунистик партия бошқарадиган, барча амалдорлар танловсиз сайловларда тайинланадиган ёки сайланадиган тизим самарасиз, репрессив ва коррупцияга очиқ, деган фикрга олиб борди.

Горбачёв ҳукумати ошиғич равишда эркинлик ва адолат унсурларини сайлов жараёнига киритишга ҳаракат қилди, аммо жуда кеч эди.

Бугунги кунда бу нимаси билан муҳим?

Россия президенти Владимир Путин кучли миллий ғоя тўла шаффоф ва демократик бўлмаган ҳукумат учун нечоғли муҳимлигини эрта англаб етди.

У ўз президентлиги учун мўътабар миллий идеални яратишда рус ва совет ўтмишининг турли даврларига оид мотивлардан фойдаланди: Россия империясининг бойлиги ва жозибаси, Сталин даврида Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг қаҳрамононалиги ва қурбонлари, 1970 йиллардаги сокин барқарорлик ғурур ва ватанпарварликни уйғотиш учун (ва бугунги кунда Россияда кундалик ҳаётнинг кўплаб муаммоларидан эътиборни чалғитиш учун) аралаштириб юборилди..

3. Миллатчилик

Совет Иттифоқи кўп миллатли давлат ва Россия империясининг ҳуқуқий вориси эди.

У 15 та республикадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири назарий жиҳатдан қардош халқлар сифатида тенг ҳуқуқли эди.

Дарҳақиқат, Россия энг катта ва энг қудратли эди, рус тили ва маданияти кўп соҳаларда устунлик қиларди.

Очиқлик сиёсати бошқа республикалардаги кўплаб халқларга ўтмишдаги этник зулм, жумладан, 1930 йиллардаги Украина очарчилиги, СССР ва нацистлар Германияси ўртасидаги дўстлик пакти бўйича Болтиқбўйи ва Ғарбий Украинанинг босиб олиниши, Иккинчи жаҳон уруши даврида кўплаб этник гуруҳларнинг мажбурий сургун қилиниши ҳақида баҳсларга имкон берди.

Бу ва бошқа кўплаб воқеалар миллатчилик ва ўз тақдирини ўзи белгилаш талаблари кучайишига олиб келди.

Совет Иттифоқининг халқларнинг бахтли оиласи ҳақидаги ғояси ҳалокатга учради, республикаларга кўпроқ мухторият бериш орқали уни ислоҳ қилишга шошилинч уринишлар жуда оз ва жуда кеч деб қабул қилинди.

Миллатчилик кайфияти Иттифоқнинг турли бурчакларида кўриниш бера бошлади - Украина, 1991 йил

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Миллатчилик кайфияти Иттифоқнинг турли бурчакларида кўриниш бера бошлади

Бугунги кунда бу нимаси билан муҳим?

Ўзининг марказий роли ва таъсир доирасини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган Россия ва кўплаб постсовет давлатлари ўртасида кескинлик сақланиб қолмоқда.

Москва ва Болтиқбўйи давлатлари, Грузия ва охирида Украина билан ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлаётган таранглик Европа ва ундан ташқарида геосиёсий ландшафтни шакллантиришда давом этмоқда.

4. Ишончни йўқотиш

Кўп йиллар давомида совет халқига Ғарб "чириётгани", унинг халқи капиталистик ҳукуматлар остида қашшоқлик ва таназзулдан азият чекаётгани айтиб келинган.

1980 йиллар охиридан, саёҳат ва оддий одамлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар кенгайганидан сўнг кўпчилик учун бу тасаввур пучлиги аён бўлиб қолди.

Совет фуқаролари бошқа кўплаб мамлакатларда турмуш даражаси, шахсий эркинлик ва фаровонлик даражаси ватанларидагидан анча юқори эканлигини кўришлари мумкин эди.

Горбачёв ва Рейган, 1985 йил

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Горбачёв ва Рейган, 1985 йил

Шунингдек, улар ўз ҳукуматлари йиллар давомида халқаро саёҳатларни тақиқлаш, хорижий радиостанцияларни (масалан, Би би си Жаҳон Хизмати) ёпиш ва Совет Иттифоқида рухсат этилган ҳар қандай хорижий адабиёт ва фильмларни цензура қилиш орқали нимани яширишга ҳаракат қилганини кўришлари мумкин эди.

Горбачёв Ғарб билан муносабатларни яхшилаш орқали Совуқ урушни тугатишдаги ва ядровий қарама-қаршилик таҳдидига барҳам беришдаги хизмати учун олқишланди, аммо бу яхшиланган муносабатларнинг кутилмаган натижаси шу бўлдики, совет халқи ўз ҳаёти бошқа халқларникига қараганда қанчалик ёмон эканини тушуниб қолди.

Горбачёв хорижда тобора мақталди, ўз ватанида эса уни кўпроқ танқид қилишарди.

Бугунги кунда бу нимаси билан муҳим?

Россия ҳукумати ОАВ хабарларини ўз манфаати йўлида манипуляция қилишни ўрганди.

Дунёнинг қолган қисми билан ноқулай таққослашларга йўл қўймаслик учун Россия кўпинча ўзини маданий ва тарихий жиҳатдан ноёб, айни чоғда, ёвуз ниятлилар қуршовида қолган ёлғиз жангчи сифатида кўрсатади.

Оммавий ахборот воситаларида мамлакатнинг илмий ютуқлари, Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалаба ва маданий меросдан одамларга миллий эксклюзивлик ғоясини сингдириш ва русларнинг эътиборини кундалик муаммолардан чалғитиш учун доимий фойдаланилади.

5. Етакчилик

Горбачёв Совет иқтисодиёти ва ижтимоий ахлоқнинг янада ёмонлашишини тўхтатиш учун туб ўзгаришлар зарурлигини билар эди, аммо бунга қандай эришиш мумкинлиги ҳақидаги тасаввури тиниқ эмасди.

Совуқ урушни тугатгандан сўнг, у ташқи дунё учун қаҳрамонга айланди, лекин ўз уйида уни етарли ҳаракат қилмаётганликда ислоҳотчилар ва жуда ошириб юборганликда консерваторлар танқид қиларди.

Натижада у иккала лагердан ҳам бегоналашди.

1991 йил августида консерваторлар Горбачевни ҳокимиятдан четлатиш учун муваффақиятсиз давлат тўнтаришини уюштирди.

Муваффақиятсиз уриниш СССРни қутқариш ўрнига унинг парчаланишини янада тезлатди. Орадан уч кун ўтмай, давлат тўнтариши етакчилари мамлакатдан қочишга уринди ва Горбачёв ҳокимият тепасига қайтарилди, лекин кўпга эмас.

Россияда Борис Ельцин ва СССРнинг қолган қисмида маҳаллий раҳбарлар тепага чиқди.

Кейинги ойларда кўплаб республикаларда мустақиллик референдумлари бўлиб ўтди ва декабрга келиб супер давлатнинг умри битди.

Михаил Горбачёв 1991 йил, 26 декабрда "хайрлашув" зиёфатида

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Михаил Горбачёв 1991 йил, 26 декабрда "хайрлашув" зиёфатида

Бугунги кунда бу нимаси билан муҳим?

Владимир Путин Россияда энг узоқ вақт ҳукмронлик қилганлардан бири ҳисобланади.

Унинг ҳокимиятдаги узоқ умр кўриш сирларидан бири Россияни биринчи ўринга қўйиши ёки ҳеч бўлмаганда уни шундай кўрсатишидир.

Михаил Горбачёв Совет Иттифоқининг машаққат билан қўлга киритилган кўплаб мавқеларидан бир томонлама воз кечгани, масалан, Совет қўшинларининг Шарқий Германиядан шошқалоқлик билан олиб чиқилиши танқид қилинган бўлса да, Владимир Путин нимани Россия манфаати деб билса, ўша учун қаттиқ курашмоқда.

Берлин девори қулаган ва Совет қўшинларини олиб чиқиб кетиш тартибсизликларига гувоҳ бўлган пайтда Путин Шарқий Германияда КГБ зобити эди.

Орадан 30 йил ўтиб, у НАТОнинг Россия чегараларига яқинлашишига кескин қарши чиқди ва бу қаршиликни куч билан дастаклашга тайёр, буни яқинда Украина яқинида рус қўшинлари тўплангани ҳам тасдиқлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek