Ўзбекистон: Путин ва Лукашенко Мирзиёевни аллақачон президент сайловидаги "ишончли" ғалабаси билан қутлади - O'zbekiston saylov prezident yangiliklar


Сурат манбаси, daryo.uz
Россия ва Беларусь президентларининг Шавкат Мирзиёевга устма-уст табрик қўнғироқларига оид расмий хабарлар Ўзбекистонда якшанба кунги президент сайловининг дастлабки натижалари эълон қилиниши кутилаётган бир пайтга тўғри келди.
Путин ва Лукашенконинг Мирзиёевга сим қоқишгани ҳақида шу соатларда ҳар икки давлат президентларининг расмий веб саҳифаларида хабар қилинди.
Расмий Кремлнинг маълум қилишича, Россия президенти Шавкат Мирзиёевга табрик телеграммаси ҳам юборган.
Россия томонига кўра, ўзаро мулоқот чоғида президентлар икки давлат ўртасидаги бутун стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама ривожлантиришга ўзаро мойилликларини ҳам тасдиқлашган.
Яқинда бўлажак Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи шу йил ноябрь ойида бўлиб ўтиши кутилаётгани расман хабар берилган.
Аммо Ўзбекистоннинг қайта сайланган президенти ўзининг илк хорижий расмий ташрифини дунёнинг қай бир давлатига амалга ошириши ҳозирча маълум эмас.
Шавкат Мирзиёев илк бор Ўзбекистон президенти этиб сайланган пайтда ўзининг дастлабки расмий ташрифини Туркманистондан бошлаган.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси Шавкат Мирзиёевнинг янги ғалабасини эълон қилган дақиқаларда Қозоғистон президенти ҳам уни табриклаганига оид хабарлар олинди.
Бу ҳақда ҳам Қозоғистон президентининг расмий веб саҳифаси хабар берди.
Расмий хабарда Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ҳам Ўзбекистонга президентига сим қоққани айтилди.
Ҳозирга келиб, мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти, элбоши Нурсултон Назарбоев, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркия президентларининг ҳам Шавкат Мирзиёевни табриклашганига оид хабарлар олинди.
Мустақил Ўзбекистон тарихидаги олтинчи президент сайлови кеча, 24 октябрь куни бўлиб ўтган.
Унда амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев илова жами беш нафар номзод президентлик учун кураш олиб боришган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистонда расман қайддан ўтган беш сиёсий партия президентликка ўз номзодларини илгари суришган.
Уларнинг орасидан амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик учун қайта беллашаётган ягона номзоддир.
Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, бир шахс фақат икки муддатга президент этиб сайланиши мумкин.
Бутун мамлакат бўйлаб сайлов шохобчалари эрталабки соат 08:00 да очилган ва сайловчиларнинг кечки соат 20:00 га қадар овоз беришлари мумкинлиги айтилган.
Бу галги президент сайловида 21 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик сайловчи сифатида рўйхатга олинганди.
Ўзбекистон Марказий Сайлов ҳайъатининг сайлов участкалари расман ёпилиши ортидан эълон қилган дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, президент сайловида 80.8 фоиз одам овоз берган.
Бу жами сайловчиларнинг ярмидан кўпи ёки 16 миллион 36 минг 914 нафари деганидир.
Марказий Сайлов комиссияси ўзининг дастлабки ҳисоб-китобларини эълон қиларкан, Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкалари овоз беришлар ҳануз давом этаётганини алоҳида эслатиб ўтган.
АҚШ ҳам дунёнинг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд саноқли давлатларидан бири бўлади.
Қўшма Штатларда юз минглаб ўзбекистонликлар яшаши айтилади.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссиясининг дастлабки ҳисоб-китоблари бу галги президент сайловида сайловчиларнинг аввалгисига қараганда нисбатан фаол бўлганликларига ҳам далолат қилган.
Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти сабаб муддатидан илгари чақирилган 2016 йилги сайловда эса, жами 87.7 фоиз одам овоз берган.
Ўзбекистонлик масъуллар сайлов шохобчалари ёпилгунига қадар қонунбузарликларга оид бирор бир маълумот олмаганликларини айтишган.
Фақат "оилавий овоз бериш анъанаси" ҳануз давом этаётганидан шикоятда эканликлари кўрилган.
Улар бунга оид ўзларига маълум бўлган ҳолатларнинг аллақачон текширилаётганини ҳам билдиришган.
Овоз беришларнинг учинчи соатидаёқ президент сайлови ҳақиқий ва ёки бўлиб ўтди, деб топилган.
"Улкан тарихий ютуқ"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 11:00 гача бунинг учун қонунда кўзда тутилган фоиздаги (33%дан ортиқ) одам овоз бериб бўлган.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси бунинг ортидан якшанба куни президент сайлови халқнинг "улкан тарихий ютуғи" эканини айтган.
Сайловчилар, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, барча даражадаги сайлов комиссияларининг 143 мингга яқин аъзоларига Марказий сайлов комиссияси номидан самимий миннатдорлик билдирган.
Зайниддин Низамходжаевга кўра, президент сайловининг дастлабки натижаси бугун, душанба, 25 октябрь куни расман эълон қилинади.
Маҳаллий вақт билан соат 16:00 да матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Дастлабки натижалар Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси томонидан эълон қилинади.
Шу соатларда комиссия матбуот хизмати раҳбари расман огоҳлантириш билан чиққан.
У, "Ижтимоий тармоқларда президент сайлови натижалари эълон қилинганлиги ҳақида хабар тарқатилаётгани, унинг ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслиги"ни айтган.
Жалолиддин Усмонов ҳам президент сайлови натижаларининг бугун, 25 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 да бўлиб ўтажак матбуот анжумани чоғида Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев томонидан эълон қилинишини яна бир карра эслатиб ўтган.
Бу галги президент сайлови глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.
Сайлов махсус йўриқнома тартиб-қоидалари асосида ҳам ўтказилган.
Мамлакат тиббиёт масъулларига кўра, овоз беришлар жараёнида жами 53 нафар сайловчида тана ҳароратининг ошиши аниқланган.
"Улар зудлик билан алоҳида хонага ажратилиб, тегишли тиббий ёрдам кўрсатилган".
"Шу билан бирга, яширин овоз беришлари ҳам ташкил этилган".
Маълум бўлишича, президент сайловида мамлакатдаги шифохоналарда даволанаётган беморлар ҳам фаол иштирок этишган.
150 дан ортиқ тиббиёт муассасаларида сайлов участкалари очилган.
Сайловни ўтказишда 21 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш мутахассислари фаолият кўрсатишгани айтилган.
Худди шу бугун якшанба кунги президент сайловини кузатган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти тўлақонли миссиясининг ҳам ўз ҳисоботини эълон қилишига оид хабарлар бор.
Якшанба кунгиси мисолида Ўзбекистондаги бир сайловни иккинчи бор ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) тўлақонли миссияси кузатган.
Ҳар икки галги ташриф ҳам Шавкат Мирзиёев бошқаруви даврига тўғри келган.
Агар, расмий статистикага таянилса, бу галги президент сайловини кузатишлари учун жами мингга яқин халқаро кузатувчи Ўзбекистонда расман аккредитациядан ўтказилган.
Ўзбекистонда шу пайтгача бўлиб ўтган ва деярли барчаси мамлакатнинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви даврига тўғри келган сайлов ва референдумларнинг бирортаси халқаро ҳамжамият томонидан рақобатли, адолатли ва эркин, деб топилмаган.
Мамлакат Сайлов кодексига мувофиқ, президент сайловида икки нафардан ортиқ номзод иштирок этаётган бўлса ва агар улардан ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилардан ярмидан кўпининг овозини олмаган бўлса, такрорий овоз бериш ўтказилади, унда энг кўп овоз тўплаган икки номзод иштирок этади.
Марказий сайлов комиссияси такрорий овоз бериш кунини президент сайлови ўтказилган кундан эътиборан бир ой ичида, лекин сайлов ўтказилган кундан камида ўн беш кун кейин ўтказиладиган қилиб тайинлайди.
Такрорий овоз бериш ўтказилиши ҳақидаги хабар матбуотда эълон қилинади.
Сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинишига саноқли соатлар қоларкан, президент Шавкат Мирзиёев бир қатор ички ишлар органи ходимларини мукофотлаган.
Президентнинг айни хусусдаги фармони Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ўттиз йиллиги муносабати билан қабул қилингани айтилмоқда.
24.10.2021
Ўзбекистон: Президент сайлови қонунан ўтган, деб топилди ... ким нимадан умид қилмоқда?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ўзбекистон ўзининг янги президентини сайламоқда. Бу - мамлакат мустақиллиги тарихидаги олтинчи президент сайловидир. Мустақил Ўзбекистон тарихида президент фақат бир маротаба алмашган. 2016 йилги муддатидан илгари чақирилган сайловда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ғолиб чиққан.
Шу соатларга келиб, аксарият сайловчилар ўз овозларини бериб бўлишган.
Сайлов шохобчалари расман ёпилишига саноқли соатлар қоларкан, овоз берганларнинг сони 70 фоиздан ошган.
Дунёнинг ўнга яқин давлатида эса, сайлов участкалари аллақачон ёпилган.
Марказий Сайлов Комиссияси раиси ортидан Ўзбекистон Бош прокурори ҳам қонунбузарликларга оид маълумотлар ҳалича ўзларига келиб тушмаганини маълум қилган.
Аммо шу соатларда пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, МСК раиси ўринбосари "оилавий" овоз бериш ҳолатлари учраётганини маълум қилган.
Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган материаллар прокуратура органларига топширилганини билдирган.
Янгиланмоқда. Ўзбекистон: Президент сайлови қонунан ўтган, деб топилди ... ким нимадан умид қилмоқда? Видео
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Ўзбекистон: Президент сайловида овоз бериш бошланди
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
2016 йилга қадар бўлиб ўтган президент сайловларининг барчасида мамлакатнинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримовнинг энг кўп фоиз билан ғалаба қозонгани эълон қилинган.
Орада унинг президентлик ваколати яна референдум йўли билан икки бор узайтирилган.
2016 йилги муддатидан илгари сайловнинг чақирилишига айнан Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти сабаб бўлган.
Аммо Ўзбекистонда шу пайтгача бўлиб ўтган сайлов ва референдумларнинг бирортаси халқаро ҳамжамият томонидан рақобатли, адолатли ва эркин, деб топилмаган.
Жами беш президент сайловидан фақат биттаси - 1991 йилда бўлиб ўтган дастлабкиси бир мухолифат партия вакили иштирок этгани сифатида мамлакат мустақиллиги тарихида қолган.
Қолган президент сайловидаги номзодларнинг барчаси амалдаги президентнинг сиёсатини дастаклаб келганликда танқидга тутиб келинишган.
Бу галги президент сайлови ҳам истисно бўлмаган.
Сайлов арафасида айрим минтақавий нашрлар бу "янги Ўзбекистон барпо этишга ваъда берган президент учун бой берилган имконият бўлгани" ҳақида ҳам ёзишган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистонда расман қайддан ўтган беш сиёсий партия президентликка ўз номзодларини илгари суришган.
Уларнинг орасидан амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик учун қайта беллашаётган ягона номзоддир.
Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, бир шахс фақат икки муддатга президент этиб сайланиши мумкин.
Мамлакатдаги барча сайлов участкалари маҳаллий вақт билан эрталабки соат 08:00 да давлат мадҳиялари остида очилган. Овоз бериш жараёни кечки 20:00 га қадар давом этади.
Сайлов шохобчалари очилган уч соатнинг ичидаёқ президент сайлови ўтган, деб ҳисобланиши учун етарлича овоз (33.6%) берилгани айтилди.
Шу соатларга келиб, президентликка беш номзоднинг барчаси сайловда ўз овозларини бериб бўлишган.
"Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров пойтахт Тошкентдаги 116-сайлов участкасида овоз берган.

Сурат манбаси, .
Бунинг ортидан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳам овоз бериш жараёнида иштирок этиб бўлганига оид хабарлар олинган.

Сурат манбаси, Twitter/saidamirziyoyeva
Хабарларга кўра, Ўзбекистон президенти овоз бериш учун 9 нафар оила аъзоси билан бирга келган.
Шу соатларда унинг бир неча ойдан буён Жанубий Кореяда даволанаётгани айтилувчи кенжа куёви, президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳам қўлларида Ўзбекистон паспортлари билан ўзи ва рафиқасининг бирга тушган суратини Instagram акаунтига жойлаган.
Сурат остига, "Конституциявий ҳуқуқми, фуқаролик бурчми ёки иккаласи ҳамми? Бугун.", деб ёзиб қолдирган.
Халқ демократик партияси вакиласи Мақсуда Ворисова эса, Учтепа тумани 116-мактабдаги 206-сайлов участкасида овоз берган.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Орада "Адолат" Социал-демократик партияси номзоди Баҳром Абдуҳалимов ҳам ўз оила аъзолари билан бирга овоз бериб бўлганига оид хабарлар олинган.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов Тошкент шаҳридаги 579-сайлов участкасида овоз берган. Партия бу йил илк бор президентликка ўз номзодини илгари сурган.

Сурат манбаси, ЎзА
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов эса, Тошкент шаҳридаги 520-сайлов участкасида овоз берган.
Хабарларга кўра, Бош вазир ҳам сайлов участкасига оила аъзолари билан бирга ташриф буюрган.
Марказий Сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, сайлов шохобчалари иш бошлаган бир соатнинг ўзида президент сайловида икки ярим миллионга яқин киши овоз берган.
Сайловчиларнинг энг фаол иштироки Фарғона вилоятида, энг сусти эса, пойтахт Тошкентда қайд қилинган.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раҳбарининг маълум қилишича, президент сайловида қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида ҳозирча маълумот келиб тушмаган.
Шу соатларда Сенат раиси, мамлакат Ташқи ишлар, Халқ таълими вазирлари ва мусулмонлар диний идораси раиси, муфтийнинг ҳам сайловда иштирок этиб бўлишгани хабар берилган.
Ўзбекистон президентлиги учун номзодлар ким ва улар қандай ваъдалар беришмоқда?

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3
Ислом Каримов давридан бери мухолифатда бўлган "Эрк" Демократик партияси ва "Бирлик" Халқ ҳаракати сўнгги бир неча ўн йилликда асосан хориждан туриб фаолият юритиб келишади.
"Эрк" Демократик партиясининг Ўзбекистондаги фаолияти 1991 йилдан буён расман қайта тикланмаган.
Фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатлари ўтган йил Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан рад этилган.
Улар 1991 йилда расман қайд этилган партия низоми бекор қилинган эмас, деган иддаода.
Шу йил июнь ойида "Эрк" партиясидан номзоди президентликка сурилгани эълон қилинган хонанда Жаҳонгир Отажонов кейинчалик "ота-онасини ўйлаб", ўз сиёсий фаолиятини тўхтатиб туришини маълум қилган.
Партия лидери август ойида Ғарб нашрларидан бирига берган интервьюсида президент сайловини "бойкот қилиш"га ҳам чақирган.
Жаҳонгир Отажонов уйига ҳужум: нега у Эрк партиясига қўшилди?
26 май куни Тошкентдаги уйида "Эрк" партиясининг қурултойини ўтказган Жаҳонгир Отажонов нотаниш кишилар гуруҳи ҳужумига учради. Унинг уйига бостириб кирган шахслар Отажоновнинг"Эрк" номидан президентликка номзод этиб илгари сурилганидан норозилик билдирганлар. Ибрат Сафо ундан ҳодиса тафсилотлари, нега "Эрк"ка қўшилгани ва "Жингаламо" нега янги партия номи бўла олмаслиги ҳақида сўраган:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 4
Худди шу манзарада лидерлари президентлик учун беллашиш истагида экани кўрилган айрим мустақил янги партияларнинг ҳам Ўзбекистонда расман қайддан ўтиш ҳаракатлари иш бермаганига оид хабарлар олинган.
Жумладан, Ўзбекистон Адлия вазирлиги шу йил июнь ойида "Ҳақиқат ва тараққиёт" социал-демократик партиясини ҳам давлат рўйхатидан ўтказмаганини расман маълум қилган.
Вазирлик бунинг сабабини тақдим этилган имзолар талаб этилганидан бир неча баробар кам экани билан изоҳлаган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил декабрида "президент сифатида ўзининг мухолифатга қарши эмас"лигини айтган.
Аммо мухолифат Ўзбекистоннинг ўзида, ичкарисида пайдо бўлиши учун муҳит яратишлари кераклигини таъкидлаганди.
Ўзбекистон мухолифат бўлишидан манфаатдор экан, нега Оллоқулов номзодига рухсат берилмади?
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан Би-би-си суҳбати:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 5
Ўзбекистонда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ, сайловларда номзодларнинг мустақил ташаббус гуруҳлари томонидан илгари сурилишига изн берилмайди.
Президент сайлови шу йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, октябрь ойида бўлиб ўтаётир.
Бугунги сайловда жами 21 миллиондан ортиқ сайловчининг овоз бериши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йил Мустақиллик санасининг 30 йиллигида қилган чиқишида, "бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтиши ва янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этишига ишониши"ни айтган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Сайловни кузатиш учун ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Шавкат Мирзиёев бошқаруви даврида кетма-кет иккинчи бор ўзининг тўлақонли миссиясини юборган.
Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида бўлмагани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси дунё ва минтақа тажрибасида сайловларни кузатувчи энг муҳим ташкилотлардан бири саналади.
Овоз беришларни яна қатор йирик минтақавий ва халқаро ташкилотларни намоён этувчи юзлаб хорижий ва шу билан бирга, маҳаллий кузатувчиларнинг кузатиб боришлари ҳам айтилган.
Ўзбекистон президент сайлови билан боғлиқ хабарлар янгилаб борилади.
Агар мен Ўзбекистон президенти бўлганимда...

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM/ILLYUSTRATIV TASVIR
Маошларни оширган, қонунлар ишлашини таъминлаган, иқтисодни кўтарган, коррупцияга қарши курашган, мамлакат табиий бойликларини фақат халқ учун сарфлаган, камбағалликни аритган, кўплаб янги иш ўринлари яратган ва таниш-билишчиликка барҳам берган бўлардим...
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 6

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















