Ўзбекистон: Президентликка номзод Алишер Қодиров ва Россия “афғон таҳдиди”дан кимларни ҳимоя қилмоқчи? O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Алишер Қодиров номзоди президентликка таклиф этилди;
- Тожикистонда уч томонлама ҳарбий ўқув бошланди;
- Қанча ўзбекистонлик вакцина олишни истамайди?
- Темир йўлда ухлаб қолган эркак поездни тўхтатиб қўйди;
Президентликка номзод Қодиров
Яқинлашиб келаётган президент сайловида "Миллий тикланиш" партиясидан Алишер Қодиров иштирок этадиган бўлди.
6 август куни ўтган "Миллий тикланиш" ДП навбатдан ташқари пленумида партия етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров мамлакат президентлигига номзод ўлароқ таклиф этилган.
Мавжуд қонунчиликка кўра, Қодиров сайловда иштирок эта олиши учун партия юқори органи унинг номзодини маъқуллаши, мамлакатдаги жами сайловчиларнинг камида 1 фоизи номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши керак бўлади.
Шу тариқа, Алишер Қодиров президент сайловида иштирок этишга тавсия қилинган учинчи номзодга айланган.
Бунга қадар Экопартия томонидан Нарзулло Обломуродов ва «Адолат» СДП томонидан Баҳром Абдуҳалимов номзод ўлароқ иштирок этиши маълум бўлганди.
Янги ҳарбий машғулотлар

Сурат манбаси, official
Тожикистоннинг Хатлон вилоятида Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон ҳарбийларининг қўшма машғулотлари старт олган.
Бу ҳақда Россия Марказий ҳарбий округи 5 август куни маълум қилган.
5 августдан 10 августга қадар давом этувчи ўқув машғулотида уч мамлакатдан 2,500 дан зиёдроқ ҳарбий хизматчи ва 500 тага яқин ҳарбий техника иштирок этади.
Уч томонлама ҳарбий машғулотлар Афғонистондаги вазият жиддий тус олаётган бир вақтга тўғри келган.
Айни машғулотлар бошланган куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Афғонистон томонидан бевосита таҳдид юзага келган ҳолатда мамлакатнинг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) чегаралари ҳимоясига отланишини таъкидлаган.
Шойгу КХШТ аъзо-давлатлари мудофаа салоҳияти бўйича Россияга тенг кела олмаслиги ва Афғонистон масаласида ёрдамга муҳтож экани ҳақида гапирган.
Мустақиллик йилларида ташкилот таркибидан икки бор чиқиб кетган Ўзбекистон, ҳозирда, қўшнилари Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ КХШТ аъзоси ҳисобланмайди.
Айни вақтнинг ўзида Сурхондарёда Россия ва Ўзбекистон ҳарбийларининг ўқув машғулоти давом этмоқда.
Россия МҲО ушбу қўшма машғулот "қўшни Афғонистондаги вазиятнинг беқарорлаши фонида Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизликни таъминлаш ва барқарорликни сақлаб қолиш йўлида эҳтимолий таҳдидларни қайтариш ҳамда амалий ҳаракатларни ишлаб чиқиш" мақсадида ўтказилаётганини маълум қилган.
"Вакцина олмайман!"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Ижтимоий фикр" Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровнома иштирокчиларининг 36,5 фоизи вакцина олишни истамаслигини билдирган.
Марказ сўровномада мамлакатнинг барча ҳудудларидан эркаклар ва аёллар, ёшлар ва қариялар иштирок этганини билдирган.
Иштирокчи эркакларнинг 39,7 фоизи вакцина олишдан бош тортишини маълум қилган бўлса, бу кўрсаткич аёллар орасида 45,2 фоизни ташкил этган.
Сўровномада қатнашганларнинг ҳар ўнинчиси эса коронавирусга қарши вакцина олиш ёки олмаслик бўйича ҳали бир қарор олмаганини билдирган.
"Эмланиш борасида бирор қарорга келмаган ёки эмланишни истамаган фуқароларнинг энг юқори даражаси 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар орасида аниқланди ва 28,4 фоизни ташкил этди", дейилади марказ хабарида.
Темир йўлдаги уйқи

Сурат манбаси, .
Фарғонада темир йўл устида ухлаб қолган эркак йўловчи поезд ҳаракатини 20 дақиқага тўхтатиб қўйган.
Шу билан бирга эркак сабабли темир йўл кесишмасида автотранспортлар тирбандлиги ҳам юзага келган.
"Ўзбекистон темир йўллари" матбуот котиби Алишер Болтабоевнинг маълум қилишича, локомотив бригадаси темир йўл излари ичида ётган одамни кўргач, фавқулодда тормозланишни қўллаган.
Болтабоев эркакнинг маст ҳолда бўлгани тахмин қилинаётганини билдирган.
"Фавқулодда тормозланиш темир йўлда ётган одам устидан поезд ўтиши олди олинмади, лекин хайриятки, унинг танаси пўлат излари орасида бўлгани боис унга хеч нима қилмаган. Бахтли тасодиф туфайли у киши нафақат боши омон қолди, ҳаттоки, воқеа жойидан бош олиб қочишга муваффақ бўлди", ёзган у.
Йўловчи поезд техник кўрикдан ўтганидан сўнг, поезд белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатини давом эттиргани хабар қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














