Ўзбеклар ва дунё: Москвадан Душанбею Лондонгача, узундан-узоқ навбатлар ёки четдаги ўзбекистонликлар қандай овоз беришмоқда? Video O'zbekiston saylov nomzod yangiliklar


Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп фуқаролари четда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади. Сонлари эса, бир неча миллионга нисбат берилади. Худди шу боис ҳам бугунги президент сайловида уларнинг қандай овоз беришаётгани алоҳида эътибор тортган савол ва мавзулардан бири бўлган.
Мамлакат масъуллари ҳали анча аввал четдаги ўзбекистонликлар учун дунёнинг 50 га яқин давлатида 54 та стационар ва 316 та кўчма сайлов пункти ташкил этилишини маълум қилишган.
Уларнинг ҳам 14 ва 20 октябрь кунлари муддатидан аввал овоз беришларига имконият яратишларини айтишган.
Марказий Сайлов Комиссияси маълумотларига кўра, жами 421618 нафар ўзбекистонлик бу каби имкониятдан фойдаланишган.
Аммо улардан фақат 120 мингдан ошиқроғининг хориждаги ўзбекистонликлар ташкил этиши айтилган.
Ўзбекистондаги айрим етакчилари интернет нашрлари бугун ҳали кун аввалидаёқ Россия пойтахти Москвадаги овоз беришлар билан боғлиқ вазиятга ўз диққатларини қаратишган.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида сайловчиларнинг катта навбати акс этган суратни чоп қилишган.
Шу соатларда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида кечаётган овоз бериш жараёнини ёритиш учун борган Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Соҳиба Ҳаёт ҳам худди шундай ҳолатга гувоҳ бўлган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Россия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Ўзбекистон фуқаролари учун, йилларки, энг йирик меҳнат бозори саналади.
Президент сайлови пандемия боис, ортга қайтишга мажбур бўлган минглаб ўзбекистонликлар яна Россияга келаётган бир пайтга тўғри келган.
Ҳозир Россияда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд Ўзбекистон фуқароларининг сони яна бир миллиондан ошгани айтилади.
Расмий маълумотларга кўра, у ердаги ўзбекистонликлар учун пойтахт Москва илова Россиянинг етти шаҳрида сайлов участкалари ташкил қилинган.
Ўзбекистоннинг консуллик муассасаларидан узоқда жойда яшовчи ва сайлов куни яшаш жойларида бўла олмаганларининг муддатидан илгари овоз бера олишлари учун 300 дан ортиқ кўчма сайлов шохобчалари ҳам очилган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Россиядаги Ўзбекистон фуқароларининг аниқ қанчаси овоз бериш ҳуқуқига эга эканликлари маълум эмас.
Четдаги муддатидан илгари сайловда иштирок этиб бўлган 120 мингдан ошиқ ўзбекистонликнинг неча фоизи Россиядагилари ҳисобига тўғри келиши ҳам ҳалича очиқланмаган.
Аммо Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига кўра, сайловчиларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, овоз бериш ва вақти ҳақида фуқароларини хабардор қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган.
Россия пойтахтидаги айрим ўзбекистонлик мигрантлар Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда Москва кўптармоқли миграция марказига патент расмийлаштириш учун боришганида у ерда ташкиллаштирилган кўчма сайлов участкасида ўзларининг овоз беришга "мажбурланганликлари"ни айтишган.
Омскдаги меҳнат муҳожирлари эса, ўзлари яшаб, ишлаб турган жойларида президент сайлови яхши ташкиллаштирилганини билдиришган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ўзбекистондаги президент сайлови Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашаётган, пойтахт Москва яна бир ҳафталик карантинга қайтаётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Россияда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд бўлган энг катта сондаги ўзбекистонликлар эса, айнан Москва ва Москва вилояти ҳисобига тўғри келади.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси билдиришича, муддатидан олдин овоз бериш жараёни эпидемиологик хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда ташкил қилинган.
Москвадаги мухбиримиз Соҳиба Ҳаётнинг хабар беришича, Ўзбекистоннинг элчихонага яқин метро бекатларида полиция ходимларининг сони ҳам одатдагисидан кўра кўп эканига гувоҳ бўлган.
Сайловга келаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳужжатлари элчихона олдидаги метро бекатида текширилаётгани, элчихонага келгунча йўлларга қўйилган бир нечта тўсиқлардан ўтишларига тўғри келаётганини кўрган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ўзбекистонлик сайловчилар орасида овоз бериб бўлгач, мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов ёдига ўрнатилган ҳайкал пойида селфига тушаётганларининг борлигига ҳам кўзи тушган.
Лондондаги ўзбеклар

Сурат манбаси, COURTESY
Жорий пайтда Британия пойтахтида турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликларнинг сони бир неча юз экани айтилади.
Сўнгги йилларда Лондоннинг айрим мавзеъларида ўзбекистонлик ўнлаб оилалар яшовчи ўзбек маҳаллалари ҳам пайдо бўлган.
Бу ердаги ўзбекистонликларнинг аксарияти Британияда доимий яшаш ҳуқуқига эга, молия, банк ва ҳуқуқ соҳасида ишлашади.
Бу тоифа ўзбекистонликлардан кейин Лондонда бўлган энг катта сондаги ўзбекистонликларни талабалар ташкил қилишади.
Лондондаги ўзбекистонликлар орасида талабалик визаси билан келиб, кейин шу ерда қолишга муваффақ бўлган, нисбатан оз сонда эса-да, яна ўзининг бизнесини юритаётган ёки турли бошқа юмушларда бандлари ҳам бор.
Ўзбекистондаги президент сайлови Буюк Британияда ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият қайта издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келган.
Сўнгги кунларда кундалик кўрсаткичларнинг 50 мингдан ошгани кўрилган, бу масъулларнинг жиддий хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Пойтахт Лондондаги Ўзбекистон элчихонасининг маълум қилишича, бу ердаги фуқароларининг овоз беришлари учун барча шароитлар яратилган.
Овоз бериш жараёни санитария-эпидемиология талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказилмоқда.
Элчихонаси қошида 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган 10 сонли сайлов участкаси ташкил этилган.

Сурат манбаси, COURTESY
Ўзбекистонликларга қулайлик яратиш ва уларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида элчихона ҳузурида ташкил этилган сайлов комиссияси томонидан улар ихчам тарзда истиқомат қилаётган Борнмут шаҳри ва Лондоннинг Вулчич туманида муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилган.
Муддатидан олдин овоз беришда 150 дан ошиқ Ўзбекистон фуқароси иштирок этишган.
Кўчма сайлов участкасига оила аъзолари билан ташриф буюрган ўзбекистонликларга турли консуллик масалалари бўйича мурожаат қилишлари ва кўтарилган масалалар бўйича тегишли маслаҳатлар олишларига ҳам имконият яратилган.
24 октябрь куни элчихона биноси ҳудудида ташкил этилган 10-сонли сайлов участкасида овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 08:00 дан бошланган.
Жараённинг кечки 20:00 қадар давом этиши айтилган.
Тожикистон: ўзбекистонликлар не мақсадларда овоз беришди?
Мустақил журналист,
Тожикистон

Сурат манбаси, courtesy
Бугун Тожикистон пойтахти Душанбеда бу шаҳарда бўлган ўзбекистонликлар Ўзбекистон Президенти учун овоз беришди. Улар овоз бериш учун Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасида очилган сайлов участкасига келишди.
Тожикистоннинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида бўлган ўзбекистонликлар эса, ҳали 20 октябргача овоз бериб бўлиб бўлишганди.
Улар Бохтар, Турсунзода шаҳарлари, Қабодиён тумани ва Суғд вилоятининг Хўжанд ҳамда Истаравшан шаҳарларида очилган сайлов участкаларига бориб, овоз беришди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиевнинг Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдиришича, хориждаги элчихоналар ва консуллик идоралари ҳузурида 37 та давлатда 54 та сайлов участкалари, 149 та шаҳарда 380 та қўшимча кўчма сайлов участкалари ташкил этилган.
Тожикистонда овоз берган аксар Ўзбекистон фуқаролари ўз мамлакатларининг янада ривожланиши, аҳоли ҳаётининг яхшиланиши билан бирга Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини давом эттириш ва мустаҳкамлаш учун овоз беришганини изҳор этишди.
Ислом Каримов даврида Тожикистон билан муносабатларнинг совуқлашиши ҳар икки мамлакат фуқаролари учун борди-келдини деярли йўққа чиқарган, айниқса, қариндошлар ҳатто ўз яқинларининг мотамларига бора олмасдан, норози бўлишарди.
Фақат Ислом Каримов вафотидан сўнг кўп ўтмай, икки қўшни мамлакат президентларининг халқ манфаатларини кўзлаган сиёсатлари боис орадаги чегаралар очилиб, виза тартиби бекор қилинган эди.
"Бизни дарсдан озод қилишди"

Сурат манбаси, courtesy
Суғд вилояти маркази - Тожикистоннинг иккинчи йирик шаҳри Хўжанддаги Тошхўжа Асирий номли вилоят марказида очилган кўчма сайлов участкасига эрта тонгдан сайловчилар кела бошлашди.
Уларнинг аксарияти Хўжанддаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар эди.
- Мен аслида Тошкент вилоятининг Бўка туманидан бўламан. Хўжанд давлат университетининг табиий фанлар факультетида, химия ва биология ихтисоси бўйича ўқияпман, - деди ўзини 22 ёшда эканлигини айтган Акмал Қурбонов. - Университетимиз раҳбарлари бизга сайловда қатнашиш учун имконият яратиб беришди. Бугун - чоршанба, ўқув куни. Бизни дарсдан озод қилишди.
Акмалнинг айтишича энг муносиб номзод учун овоз берган. Бу номзоднинг ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича айтаётган гаплари маъқуллигини таъкидлади.
- Мен ўзим танлаган номзод сайланса, биз ёшларга аввало илм ўрганишдаги имкониятлар янада кенгайишига ишонаман. Янги Ўзбекистонни ёшлар бунёд этишади, улар учинчи ренессанс ижодкорлари бўлишади, дея бизга билдирилаётган ишонч учун овоз бердим, - деди Акмал Қурбонов.
Хўжанд давлат университетида таҳсил олаётган бошқа бир талаба, 21 ёшли Бекзод Узоқов биринчи марта Президентлик сайловида иштирок этаётганидан бироз ҳаяжонда эканлигини айтди.
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилиб ўсган Бекзод айнан яхши қўшничилик сиёсати туфайли Тожикистонга келиб ўқиётганлигини айтар экан, ўзи овоз берган номзод Президентликка сайланса, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига ишонишини айтди.
- Мен икки йиллик ўқиш давримда Хўжандда жуда кўп тожикистонлик дўстлар орттирдим. Бу ерга келиб, ўзбек ва тожик халқлари дўстлиги ҳақида минбарларда, матбуотда, телевидениеда айтилаётган гаплар шунчаки гаплар эмаслигига ишондим. Қиёфаси, урф-одати, анъаналари бир бўлган икки халқни янада яқинлаштириш учун маданият ҳафталиклари, адабиёт ва санъат ўн кунликлари, халқаро учрашувларнинг кўпроқ ўтказилишини истайман.
Ўзбекистонлик Гулчеҳра Бекназарова Хўжандда савдо-сотиқ билан шуғулланади.
- Қўшни қўшнининг бозори, дейдилар. Мен Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Тожикистон бозорларига янада кўпроқ келтирилишини, Тожикистон товарларининг эса, Ўзбекистонга юборилишини истайман. Ўзим овоз берган Президентликка номзоднинг эса, биз - тадбиркорларга, савдо аҳлига янада яхшироқ имкониятлар яратиб беришига ишонаман, - деди Гулчеҳра Бекназарова.
Фақат у эмас, кўчма сайлов комиссиясига келиб овоз берган Хўжанд ва унинг атрофидаги шаҳар-қишлоқларда савдо, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ўзбекистонликлар янги Президент айниқса, чегаралардан мол олиб ўтишда енгилликлар берилиши, божхона тўлови миқдори камайишини ҳисобга олишини исташларини айтишди.
"Биронта янги партия йўқ!"

Сурат манбаси, courtesy
Тошхўжа Асирий номли вилоят кутубхонасидаги кўчма сайлов участкасида қатнашган сайлов комиссияси аъзоларидан бирининг айтишича, Хўжанд ва Истаравшан шаҳрида камида 400 нафар ўзбекистонлик сайловда қатнашиб, овоз берган.
У бу яхши кўрсаткич эканлигини таъкидлади.
Ҳозирча, Тожикистондаги барча сайлов участкаларига неча нафар ўзбекистонлик келгани ва овоз бергани тўлиқ ҳисоблаб чиқилмаган.
- Сайловчиларнинг ўз фуқаролик бурчларини бажариш учун келишгани яхши. Лекин суҳбат давомида улардан кўпларининг Ўзбекистон Президентлигига номзодларнинг сайловолди дастурлари билан таниш эмасликлари билиниб қолди, - деди маҳаллий кузатувчилардан бири.
- Жаҳоннинг демократия ривожланган мамлакатларида кейинги йилларда Ўзбекистонда бошқа соҳаларда бўлгани каби сайлов ўтказишда ҳам яхши ўзгаришлар бўлгани таъкидланмоқда. Лекин, агар хато қилмасам, бу йил Ўзбекистон Президентлигига ўз номзодини кўрсатган сиёсий партиялар орасида Ислом Каримов давридан кейин тузилган биронта ҳам партия йўқ, - деди тожикистонлик таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.
"Майли, сайлов натижаларини кутиб турайлик-чи! Ким қанча овоз тўпларкин? Биз, қўшнилар, бўлажак Президентнинг халқ танловини оқлаши учун бор куч-қувватини сарфлашига ишонамиз", дея қўшиб қўйди таҳлилчи. Ўзбекистон президентлиги учун номзодлар ким ва улар қандай ваъдалар беришмоқда?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















