Ўзбекистон: Бу галги президент сайлови нега аввалгиларига ўхшамайди? O'zbekiston saylov nomzod


Сурат манбаси, daryo.uz
Ўзбекистонда президент сайлови бошланди. Аммо бу галги сайлов аввалгиларига ўхшамайди.
Пандемия
Сайлов Ўзбекистон тарихида илк бор глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келмоқда.
Ўзбекистон жорий пайтда минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлади.
Мамлакатда жами коронавирус ва пневмония ҳоллари ҳозир 180 мингдан ортган.
Масъуллар сайлов арафасида Россиядаги кескинлашиб бораётган вазият Ўзбекистонда ҳам касалланиш ҳолати ортиши эҳтимолини пайдо қилишини инкор этишмаган.
Аммо "ҳозирча локдаун ҳақида гап бўлиши мумкин эмас"лигини таъкидлашган.
Россияда сўнгги кунларда коронавирус билан боғлиқ аҳвол кескин ёмонлашган.
Касалликка чалиниш ва ундан ўлим ҳоллари устма-уст рекорд даражага етган.
Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси пандемия даврида президент сайловини ўтказишга оид махсус йўриқномани шу йил август ойида қабул қилган.
Сайловнинг худди шу йўриқнома тартиб-қоидалари асосида бўлиб ўтиши айтилган.
Сайлов арафасида буни мамлакатнинг Бош давлат санитария врачи яна бир бор эслатиб ўтган.
Пандемиянинг Ўзбекистондаги овоз бериш жараёнларига таъсир қилиш-қилмаслиги ҳозирча маълум эмас.
Сайлов санаси олдинга сурилган
Бу галги президент сайлови шу йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ ҳар доимгидек йил якуни ёки бошида эмас, октябрь ойида бўлиб ўтади.

Жами бешта номзод
Бугунги президент сайлови унда беллашаётган номзодларнинг сони жиҳатдан ҳам тарихга киради.
Унда жами 5 номзод президентлик учун кураш олиб боради.
Бундан ташқари, бу - амалдаги давлат раҳбаридан бошқа қолган тўрт номзоднинг Ўзбекистон президентлиги учун илк бор беллашишлари бўлади.
Аммо, танқидчиларга кўра, уларнинг орасида бирор бир "ростмана мухолифи" йўқ.
"Уларнинг барчаси амалдаги раҳбариятнинг сиёсатини қўлловчи сиёсий партиялар вакиллари бўлишади".
Муҳожиратдаги айрим мухолиф партияларнинг сайлов арафасида Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтиш уринишлари бу гал ҳам иш бермагани айтилган.
Мамлакатнинг амалдаги қонунчилиги ҳали-ҳануз сайловларда номзодларнинг мустақил ташаббус гуруҳлар томонидан илгари сурилишига изн бермайди.
Юзлаб халқаро кузатувчи ва тўлақонли миссия
Агар, расмий статистикага таянилса, бугунги президент сайловини жами мингга яқин халқаро кузатувчи кузатиб боради.
Уларнинг барчаси расман аккредитациядан ўтказилган.
Маълум бўлишича, бу кузатувчилар Европа Иттифоқи, Европа парламенти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркия тиллий давлатларнинг Парламент Ассамблеяси, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти, Осиё Парламент Ассамблеяси, АҚШ, Буюк Британия каби қатор Ғарб ва Европа давлатларини намоён этишади.
Бугунгиси мисолида Ўзбекистондаги бир сайловни иккинчи бор ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) тўлақонли миссияси кузатади.
Президент сайловини ёритиш учун жами бир ярим мингга яқин маҳаллий ва икки юздан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳам аккредитациядан ўтказилганликлари айтилади.
21 миллион сайловчи
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Расмий ҳисоб-китобларда аҳолиси сони бугун 35 миллион кишидан ортади.
Марказий Сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, бу галги президент сайловида 21 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг овоз бериши кутилмоқда.
Уларнинг бир миллионга яқини бу йил илк бор ўзларининг сайлаш ҳуқуқларидан фойдаланишади.
Бутун Ўзбекистон бўйлаб 11 мингга яқин сайлов шохобчалари фаолият юритади.

Сурат манбаси, daryo.uz
Маҳкумлар овози
Маълум бўлишича, бу галги сайловда илк бор унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этгани учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам қатнашади.
Овоз бериш ҳуқуқига эга маҳкумларнинг сони 8200 дан ошиқ экани айтилади.
Хорижда овоз бериш
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги фуқаролари четда турли иш, юумуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Уларнинг президент сайловида иштирок этишлари учун дунёнинг 50 га яқин давлатида 54 та стационар ва 316 та кўчма сайлов пункти ташкил этилгани айтилган.
Масъуллар яқинда сайлов участкаларининг ҳатто Толибон назорати остидаги Афғонистонда ҳам очилишини расман маълум қилишган.
Муддатидан илгари овоз бериш
14-20 октябрь кунлари сайлаш ҳуқуқига эга ўзбекистонликлар учун муддатидан илгари овоз бериш жараёнлари ҳам йўлга қўйилган.
Марказий Сайлов Комиссияси маълумотларига кўра, жами 421618 нафар ўзбекистонлик бу галги президент сайловида муддатидан илгари овоз берган.
Улардан 120 мингдан ошиғи хориждаги ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келган.
Сайлов бюджети
Президент сайловига жами 300 миллиард сўмд маблағ ажратилган.
Сайлов кампаниясига 23 июль куни старт берилган. Номзодларнинг сайловолди тарғибот амалиётлари 20 сентябрь куни бошланган.
Ўзбекистон тарихидаги илк теле-дебат ҳам бу галги президент сайлови ҳисобига тўғри келган.
Аммо унда номзодларнинг ўзлари эмас, вакиллари тортишишган.
Лекин шунинг ўзи ҳам қатор экспертлар томонидан ижобий воқеълик, ўзгариш сифатида баҳо топган.
Оралиқ баҳо
Шу пайтгача ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги президент сайлови билан боғлиқ ўзининг оралиқ ҳисоботини эълон қилган.
Миссия, "номзодлар орасида мазмунли мулоқот бўлмади", деган хулосага келган.
Аммо президент сайлови билан боғлиқ айрим ижобий қадамларга ҳам тўхталиб ўтган.
Улар ортидан ўзининг ҳисоботи билан чиққан Хьюман Райтс Вотч халқаро инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти эса, "Ўзбекистон яна мухолифатсиз сайлов йўлини танлангани"га ўзининг диққатини қаратган.
Аммо Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти бу галги сайловларнинг "юксак демократик мезонлар асосида ўтиши"ни ваъда қилган.
Номзодлар ваъдалари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















