Агар мен Ўзбекистон президенти бўлганимда... O'zbekiston saylov nomzod - video

Президент сайлови
Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ўзбекистон

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM/ILLYUSTRATIVTASVIR

Маошларни оширган, қонунлар ишлашини таъминлаган, иқтисодни кўтарган, коррупцияга қарши курашган, мамлакат табиий бойликларини фақат халқ учун сарфлаган, камбағалликни аритган, кўплаб янги иш ўринлари яратган ва таниш-билишчиликка барҳам берган бўлардим... - Би-би-си Ўзбек хизмати президент сайлови арафасида ўзбекистонликларнинг бу хусусдаги фикрлари билан қизиқди.

Би-би-си Ўзбек хизматининг кичиккина сўрови ижтимоий тармоқлардаги аксарият фолловерларимизни бефарқ қолдирмаган.

Бу хусусда юзлаб ўзбекистонликлар ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишган.

Ўзбекистон президенти бўлганларида, ўзларининг нималар қилган бўлишларини айтишган.

Бир куннинг ўзида қолдирилган коментларнинг сони юзлаб экани баробарида, уларнинг мазмуни ҳам кенг қамровли экани билан кишининг диққатини ўзига тортиш даражасида эканини кўриш мумкин бўлган.

Улар қонун устиворлигини таъминлашдан тортиб, ойлик маошларни кўтаришу нарх-наволарни арзонлаштириш қадар сўз юритишган.

Коментлар, бир маънода, бугун Ўзбекистон аҳолиси тўқнаш келиб турган энг долзарб муаммоларнинг мазмун-моҳиятига ҳам далолат қилмай қолмаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Агар сўнгги эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, сони 35 миллион кишидан ортади.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп сондаги фуқароси четда меҳнат муҳожирлигида банд мамлакати саналади.

Аммо, шунинг баробарида, табиий захираларга бой, туристик потенциали ҳам юқори давлатларидан бири ҳисобланади.

Янги ҳукуматининг жиддий саъй-ҳаракатларига қарамай, камбағаллик, ишсизлик ва коррупция Ўзбекистон ҳануз тўқнаш келиб турган энг долзарб муаммолар сирасига киради.

Ижтимоий тармоқ

Сурат манбаси, Getty Images

"Мен президент бўлсам, биринчи навбатда сенатдан бошлаб, ҳокимгача - ҳар қайсисининг бюджетини текшириб, иккинчиси, халқимнинг ойлигини кўтариб, завод, фабрикаларни кўпайтириб, Россиядан халқимни олиб келиб, ўша 1000 доллар олаётган ойлигини берардим! Учинчиси, уйсиз юрганларга бошпана берардим, ички маҳсулотларни арзон қилиб қўярдим. Халқ бой бўлса, давлатга пул тушади. Қачонки, халқнинг давлат ишида ойлиги яхши бўлса, у инсон ҳам "дом" ва ҳам машина ола билади, бўлмаса, қаердан олади, кредит бу қайта камбағал қилади", - дейилади қолдирилган коментларнинг бирида.

Бошқасида эса, "Ҳурматли бўлажак президентлар. Аввало ишни шаҳардан эмас, қишлоқлардаги муаммолардан, сўнг бозордаги ўзбошимчалик билан кўтарилаётган нарх-наволарни, кредит фоизини камайтириш ва албатта, мактабларни замонавий қилиб ўзгартиришдан бошланг, илтимос", - дейилади.

Яна бир фолловеримиз эса, ўз коментини, "Агар президент бўлсам, биринчи халқнинг онгини ўзгартирардим", - деб бошлаган.

У бу ишни, "шу халқ машина ва растаможка ҳақида ўйламаслиги учун" қилишини айтган.

Сабабига келганда эса, "Кимни сўрама, дарров машина ҳақида гапиради. Машинадан бошқа проблема йўқдек", - деган сўзлари билан изоҳлаган.

Навбатдаги фолловеримиз эса, "Диний таълим йўлга қўйилмас экан, давлатда ўзгариш қилиш қийин. Ҳалол-ҳаром, иймон, халқнинг, етимнинг ҳаққи, деган тушунчаларни мактаб дарсликларига киритиш керак!!!", - деб ёзган.

"Биринчи ўринда матбуот эркинлиги ва демократия, қонунларнинг ҳаққоний ишлаши"ни таъминлаш истагида бўлганларнинг ҳам борлиги кўрилган.

Яна айрим коментларда эса, "Коррупция бўлган, бўлади, қийин иш. "Налог"ни камайтирсин, ойликлар кўпайсин, икки ватандошликка рухсат берилсин, машиналарнинг нархи пасайсин, иш билан таъминлансин, хуллас, айтаманг десанг, гап кўп", - дея мулоҳаза юритилган.

"Президент ким бўлсаям, шуни эътиборга олса, миннатдор бўлишлари" айтилган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM/ILLYUSTRATIVTASVIR

Навбатдаги коментда, "Коррупция учун ўлим ҳукмини чиқарардим", - дейилган бўлса, бошқасида, "совуқ кунларда свет ва газ берилса, шунинг ўзи етиши" таъкидланган.

Яна бир фолловеримиз эса, "Мен ёғ, ун ва гўшт нархини пасайтирардим, кундалик учун зарур маҳсулотларни, қолгани ўз-ўзидан бўлиб кетаверади", - деб ёзган.

Ўз фикру мулоҳазалари билан бўлишганлар орасида, "Тиббиётни, шифохоналарда ётиб даволанишни бепул қилар эдим. Жуда қийин", - дея комент қолдирганларининг ҳам борликлари кўрилган.

Яна бирлари эса, "IT соҳасига бор-будимни тикардим. Ҳозирги даврда мана шу соҳа ҳар қандай иқтисоди ўтирган давлатни ботқоқдан олиб чиқади", - дея ўз "режалари" билан ўртоқлашган.

Бошқа бир фолловеримиз эса, бу хусусда анчайин батафсил комент қолдирган.

Унда, "Энг аввало ҳозирги юқори мансабда ўтирган гумроҳ каламушлардан тўлиқ тозалаш. Халқ манфаатини кўзлаб, халқ турмуш шароитини, миллий даромадни кўтариш, табиий бойликлардан олинаётган фойда ҳисобидан ҳар бир фуқаро жон бошига улушнинг тақсимотини йўлга қўйиш. Каттакон каламушлар чет элларга олиб чиқиб кетган бойликларни ватанга қайтариш, нарх-наво устидан назоратни кучайтириш, жамоат назоратини йўлга қўйишни таъминлаш керак. Юқоридан пастгача барча раҳбарлар хатти-ҳаракати устидан ДХХ, Бош прокуратура, ИИВ ҳамда махсус махфий хизмат назоратини ўрнатиш орқали коррупцияни йўқотишнинг чораларини кўриш лозимлигини кўзда тутаман ва бажарилишини шахсий назоратим остига оламан", - дейилган.

Яна бирлари, "Биринчи ўринда Россия таъсиридан қутулишга ҳаракат қилардим", деган бўлса, бошқалари наздида, "Ҳамма нарса Ўзбекистонда зўр. Кўп пул топиш йўлини қидириш керак, шу".

Ўзбекистонда президент сайлови 21 октябрь кунига режаланган.

Сайловда жами беш номзод президентлик учун беллашишади.

Уларнинг орасида амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам бор.

Номзодлар, қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистонда расман қайддан ўтган беш сиёсий партия вакиллари бўлишади.

Ораларида мустақил номзод йўқ.

Шу якшанба куни бўлиб ўтажак сайловда жами 20 миллиондан ортиқ сайловчининг иштирок этиши кутилмоқда.

Президент сайлови

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek