Одамзод табиатан бир жуфтга қаноатлими ёки кўп жуфт истайди?

Сурат манбаси, gettyimages
Танишув иловалари чексиз имкониятлар таклиф этаётган, муносабатлар ҳақидаги қарашлар эса тобора ўзгариб бораётган бугунги дунёда, инсонлар чиндан ҳам табиатан бир жуфтга содиқми, яъни моногамми, деган савол ҳар қачонгидан ҳам долзарб тус олмоқда.
Кўп жуфтли муносабатларни (барча иштирокчиларнинг хабардорлиги ва розилиги билан бир неча самимий алоқаларни сақлашни) бошидан ўтказгач, Лондонда яшовчи руминиялик Алина ҳам бу ҳақда ўйлаб қолди.
«Яқинда доим кўп жуфтликка ишонган бир одам билан танишдим, – дейди у. – Мен шунчаки жамият сифатида нега бир жуфтликни танлаганимиз сабабини билишни истардим»
Бу саволга жавоб топиш учун инсонга яқин турдаги маймунларнинг кўпайиш стратегияларини ўрганиш фойдали бўлиши мумкин.
«Гориллаларда полигамия бор – битта эркак бир нечта урғочи билан жуфтлашади», дейди Буюк Британиядаги Бристол университети эволюцион биологи доктор Кит Опи. «Натижада гуруҳдаги болаларнинг барчаси бир отанинг фарзанди, аммо турли оналардан туғилган».
Бироқ бу самарали кўпайиш модели эмас, дейди доктор Опи, чунки у болаларни ўлдириш ҳолатларини кўпайтириши мумкин.
«Горилла ҳаётидаги энг даҳшатли ҳолатлардан бири – чақалоқларни ўлдиришдир, – дейди у. – Яъни, эркак горилла ўзига тегишли бўлмаган болаларни ўлдиради, шунда оналар тезроқ овуляция ҳолатига қайтади ва у улар билан жуфтлаша олади. Бу биз истамайдиган эволюцион стратегия».
Инсонга яқин бошқа маймун турлари – масалан, шимпанзе ва боноболарда эса аёллар бошқача йўл тутади. Улар бир нечта эркак билан жуфтлашиш орқали оталикни ноаниқлаштиради ва шу тариқа болаларни ҳимоя қилади.
Инсонлар ҳам дастлаб кўп эркакли ва кўп аёлли жуфтлик гуруҳларида яшаган бўлиши мумкин. Бироқ тахминан икки миллион йил олдин бу тизим ўзгарган.
«Бунинг асосий сабаби иқлим ўзгариши бўлган», дейди доктор Опи.
«Қора Африкада, аждодларимиз яшаган ҳудудларда иқлим қуриб, кенг майдонлар саваннага айланган. Илк инсонлар йиртқичлардан ҳимояланиш учун катта гуруҳларда яшашга мажбур бўлган. Катта, мураккаб гуруҳларда яшаш миянинг ҳам ривожланишини талаб қилган ва натижада болаларни эмизиш даври узая бошлаган».
Шундай катта гуруҳларда кўп эркак бўлса, оталикни ноаниқлаштириш анча мушкул бўлган.
«Бундан ташқари, болаларни катта қилиш учун аёллар айнан шу гуруҳдаги эркаклардан бирининг ёрдамига муҳтож эди. Шу сабабли моногамияга ўтиш заруратга айланган».
Бир жуфтлик энг яхшими?

Сурат манбаси, gettyimages
Доктор Опи таъкидлашича, бу ўзгаришнинг сабаби бир жуфтлик энг яхши усул бўлгани эмас, балки у вақтда амалга ошиши мумкин бўлган ягона стратегия бўлганидир.
Инсон болалари катта мияли ва секин ўсадиган бўлгани сабабли, уларни катта қилиш улкан ота-она меҳнати ва доимий ғамхўрликни талаб қилган – буни аёл киши ёлғиз уддалай олмасди.
Бироқ инсонлар бир жуфтликни танлашга ҳар қанча мойил бўлмасин, кўплари бир жуфтга содиқ қолишда қийналади.
«Бутун умри давомида бир жуфтликка содиқ қоладиган ва хиёнат қилмайдиган турлар бор, лекин улар жуда кам учрайди», дейди доктор Опи.
«Инсонга энг яқин бўлган содоқатли тур – гиббонлар. Улар бошқа жуфтлардан узоқроқ яшайди, шунинг учун ҳам эркак ва аёл гиббонлар ўз ҳудудларига ким кириб-чиқаётганини осонроқ назорат қилади».
«Аммо инсонлар каби кўп эркакли ва кўп аёлли гуруҳларда яшашда, бундай назорат жуда қийин. Жуфтингиз хиёнат қиляптими-йўқми – буни билиш осон эмас».
Демак, бир жуфтлик – табиий ҳолат эмас, балки эволюцион заруратдан келиб чиққан омон қолиш стратегияси бўлган. Албатта, бу стратегия ҳам ўзига хос камчиликлар билан келган.
Муҳаббат кимёси

Сурат манбаси, gettyimages
Хўш, инсон миясида муҳаббат туйғулари пайдо бўлганда ёки жуфтга содиқ қолишда қийналганда нима рўй беради?
АҚШдаги Эмори университети докторанти Сара Блументал дашт сичқонларини ўрганади – улар инсонлар сингари узоқ муддатли моногам муносабатларда яшайди.
Жуфтга содиқ бўлмайдиган қариндошларидан фарқли ўлароқ, бу сичқонларда миянинг мукофот марказларида окситоцин рецепторлари яхши ривожланган.
Окситоцин – кўпинча «эркалаш гормони» деб юритилади – бу жисмоний яқинлик ва ҳиссий боғланиш пайтида мияда ажраладиган кимёвий модда.
«Агар биз бу сичқонларда окситоцин ишлаш жараёнини бузсак, улар жуфтлари билан мустаҳкам боғланолмайди, бирга вақт ўтказишга камроқ майл қилади», дейди Блументал.
Инсонларда ҳам окситоцин деган моддага асосланган тизим бор – у яқинликни мияда мукофот каби қабул қилишга ёрдам беради. Бу шундан далолат берадики, миямиз яқин алоқаларни қадрлайди. Бироқ бошқа бир муҳим модда – допамин янгиликка чанқоқлик ва садоқат ўртасидаги қарама-қаршиликда роль ўйнайди. Яқинликнинг бошланғич босқичида допамин мияни тўлдириб, кучли интилиш ва очиқлик ҳиссини уйғотади. Аммо алоқа мустаҳкамланганидан кейин допамин даражасида ўзгаришлар юз беради.
Кўпэрли аёллар
Butun umri davomida bir juftlikka sodiq qoladigan va xiyonat qilmaydigan turlar bor, lekin ular juda kam uchraydi.
Эволюцион нуқтаи назардан якка никоҳ (моногамия) фойдали, деб қаралса-да, тарихда инсон жамиятларида турли хил муносабат шакллари бўлган.
Чикагодаги Иллинойс университети антропология профессори доктор Кэти Старквезер дунё бўйлаб аёллар бир нечта эрли бўлган 50 дан ортиқ ҳолатни ҳужжатлаштирган. Бунга Непал, Тибет, Африка ва Америкадаги айрим жойларда дуч келиш мумкин.
Гарчи аёллар кўпэрли бўладиган муносабатлар – полиандрия кўпхотинликка нисбатан камроқ учраса-да, Старквезер бундай муносабатларни эҳтимолдан узоқ деб ҳисобламаслик кераклигини айтади.
"Аёллар кўпэрли бўлиш орқали иқтисодий жиҳатдан ютиши мумкин. Агар асосий эри ҳалок бўлса ёки узоқ вақт йўқ бўлиб қолса – масалан, Шимолий Америкадаги айрим маҳаллий гуруҳларда бўлганидек – захирангиз борлиги қўл келади", дейди у.
Баъзи ҳолларда эса бундай муносабатлар генетик жиҳатдан ҳам фойда келтирган. "Агар одамлар кўп касалланадиган ва ўлим хавфи юқори бўлган муҳитда яшаса, турли генетик таркибга эга фарзандларга эга бўлиш катта устунлик бериши мумкин, – дейди у. – Бундай болалар мавжуд муҳитга яхшироқ мослашади".
Бироқ бир нечта жуфтлик билан муносабатда бўлиш ҳам осон эмас. Бу катта вақт, ҳиссий куч ва келишув талаб этади. "Бир нечта жуфтни бир вақтда қўллаб-қувватлаш – эркак бўласизми ё аёл – жуда қийин. Бу ҳам
иқтисодий, ҳам ҳиссий жиҳатдан оғир. Шунинг учун, статистикага қарасак, якка никоҳ ҳали ҳам энг кенг тарқалган шакл бўлиб қолмоқда", дейди Старквезер.
Полиамория
Алина учун моногамия олдинги муносабатида иш бермаган. Энди у бир вақтнинг ўзида бир нечта инсон билан муносабатда бўлган ҳолда — полиаморияни танлаган ва бу жараёнда турли ҳис-туйғуларни бошдан кечирмоқда.
"Рашк жуда оғир ва кучли бўлиши мумкин, – дейди у. – Лекин кўп ҳолларда, фикримча, бу ростгўйлик етишмаслигидан келиб чиқади. Агар рост айтилганини билсам, бу ҳисни енгишим осон бўлади".
Унинг жуфти ҳам шунга ўхшаш фикрда: "Менимча, асосий муаммо рашк эмас. Энг катта қийинчилик – бир нечта соғлом муносабатни бир вақтда сақлаш учун зарур бўлган вақт ва меҳнат".
Шу билан бирга, иккиси ҳам бу муносабатларга арзийди, деб ҳисоблашади. "Ҳеч қандай қатъий қоидалар йўқ, – дейди Алина. – Бундай муносабатлар сиз одатда суҳбатлашмайдиган мавзуларни муҳокама қилишни талаб этади ва айнан шу жиҳат муносабатимизни янада мустаҳкамлади".












