АҚШ Эрон мина жойлаштирувчи кемаларини йўқ қилганини айтмоқда

Сурат манбаси, US Central Command
АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Ҳўрмуз бўғозига мина ўрнатаётгани айтилган Эроннинг 16 ҳарбий кемасини йўқ қилгани ҳақида хабар тарқатди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги Centcom ўзининг Х(собиқ Твиттер)даги саҳифасида кемаларга снаряд тегиб портлаётгани акс этган видеони эълон қилди.
Centcomга кўра, 10 март куни Ҳўрмуз бўғози яқинида 16 та мина жойлаштирувчи кемани "йўқ қилган".
Бундан олдин АҚШ Президенти Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғозини миналашга ҳаракат қиладиган ҳар қандай Эрон кемаси йўқ қилинади деб таҳдид қилган эди.
Америка ҳарбийларига кўра, Эрон ҳарбий денгиз флотини вайрон этиш ушбу ҳарбий амалиётда Пентагон олдига қўйилган уч асосий мақсаддан бири ҳисобланади.
Ҳўрмуз бўғози Яқин Шарқдаги энг муҳим халқаро юк ташиш йўли ҳисобланади.
Эрон ҳам, Яқин Шарқдаги нефт ва газдан даромад қиладиган аксар мамлакатлар ҳам Ҳўрмуздан фойдаланадилар.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан кейин денгиздаги тор йўлак бўшаб қолди.
Эрон ҳужумига учрашдан қўрққан нефт ва суюлтирилган газ ортилган кемалар бўғоз атрофида "қамалиб қолдилар".
Бу нарса жаҳон бозорида нефт нархининг ҳар баррели учун 120 долларгача сакраб кетишига олиб келди.
АҚШ матбуотининг разведка манбаларига таяниб хабар қилишича, Ҳўрмуз бўғози "ёпилгангани"га қарамасдан, Эрон нефтини Хитойга етказиш тўхтамаган.
11 март тонгида Британия денгиз савдо кемалари ҳаракатланишини назорат қиладиган UKMTO юк ортилган кемага "номаълум снаряд" урилгани ҳақида хабар тарқатди.
Ҳодиса Ҳўрмуз бўғозининг Ўмон шимолий соҳилидан 11денгиз мили узоқлигида рўй берган.
Юк кемасида ёнғин келиб чиққан.
Бундан сал олдин ҳам контейнер ортилган кемага "номаълум снаряд" келиб текканини хабар берди UKMTO.
Мужтаба Хоманаий яраланмаган

Сурат манбаси, Reuters
11 март куни АҚШда нашр этиладиган "Ню-Йорк Таймс" газетаси учта исми ошкор этилмаган эронлик расмийга таяниб, Эроннинг янги олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Мужтаба Хоманаий "оёқлари шикастлангани, аммо ҳушёр экани, алоқа имконияти чекланган, юқори хавфсизликдаги жойда паноҳ топгани" ҳақида хабар тарқатди.
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг ўғли Юсуф Пезешкиён Мужтаба Хоманаий соғ-саломат эканлигини хабар қилди.
"Мен жаноб Мужтаба Хоманаий яралангани ҳақида хабар эшитдим. Алоқалари бор баъзи дўстларимдан сўрадим. Улар менга шукр, у омон ва соғ эканини айтдилар", — деб ёзди ўзи ҳозир ҳукумат маслаҳатчиси ҳам бўлган Юсуф Пезешкиён ўзининг Telegram-каналида.
Эрон давлат телевидениеси Мужтаба Хоманаийни "Рамазон урушининг ярадор фахрийси" деб атади, аммо унинг жароҳати табиати ҳақида маълумот бергани йўқ.
Янги олий раҳбар — Ислом Республикасининг узоқ муддат ҳукмронлик қилган раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли ва вориси ҳисобланади.
Али Хоманаий 28 феврал куни Эронга қилинган АҚШ–Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлди.
Бу эса бутун Яқин Шарқ бўйлаб урушларга етаклади.
56 ёшли Мужтаба Хоманаий жамоат олдида жуда кам кўринган ва расмий тадбирларда деярли нутқ сўзламаган шахс сифатида танилган.
Якшанба куни уни олий раҳбар деб эълон қилишганидан бери у ҳали халққа мурожаат қилгани ёки ёзма баёнот бергани йўқ.





























