Ўзбекистон: Нега таниқли фаол Ташанов яна судга тортилмоқда?

Охирги йилларда Ташановга қарши босимлар кучайган

Сурат манбаси, gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Охирги йилларда Ташановга қарши босимлар кучайган
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, у судга тортилмоқда. ВВС боғланганида, у суд чоршанба куни Тошкент шаҳар Миробод тумани судида бўлиб ўтишини билдирди.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раисининг ўз Фейсбук саҳифасида ёзишича, унга қарши Республика ҳарбий прокурори Отабек Холбоевнинг 28 феврал кунги қарори билан, унга нисбатан "ёлғон хабар тарқатиш" айби билан маъмурий иш қўзғатилган.

"Дастлабки суриштирув жараёни Ўзбекистон Реcпубликаси Ҳарбий прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси терговчиси, подполковник Тимур Муҳитдинов томонидан олиб борилди", - дейди Ташанов.

ВВС мустақил равишда иш материаллари билан танишмаган. Ташановнинг айтишича, маъмурий ишга Фейсбукдаги саҳифасида "Икки мулозим давлатга хоинликда айбланган", "Ваҳшиёна қийноқ, зўраки иқрорликлар. Маҳкум аҳволи оғирлигини иддао қилмоқда" ҳамда"Ваҳшиёна қийноқ, халқаро ташкилот баёноти ва прокурорнинг журъати" номли постлари, ҳамда Озодлик радиосига "Офис қурбони: Алламжоновга қарши кўрсатма учун қийнашди" номли кўрсатув доирасида берган интервьюси сабаб бўлган.

Тергов материалларида, Ташановга кўра, бу билан у Ўзбекистон Республикасининг қонуний равишда сайлаб қўйилган ҳокимияти ва орган вакилларининг қадр-қиммати камситилиши ва обрўсизланишига олиб келадиган ахборотларни тарқатгани айтилган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Ҳолбуки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятига мурожаат қилган фуқаро Баҳодир Абдуллаев ўғли Нозим Абдуллаевнинг Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармасида мамлакатнинг юқори лавозимли шахсларига нисбатан кўрсатма беришга мажбурлангани, қийноқларга солингани ҳақидаги материалларни тақдим қилган. Менинг постларим доим мурожаат ва ҳужжатларга асосланади, бу мурожаатлар муаллиф томонидан Президентдан тортиб, Омбудсмангача 10 дан ортиқ идораларга бир йил давомида йўлланган", - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Демократик ва қонун устувор бўлган давлатларда президент ва омбудсманга йўлланган мурожаатлар самарасиз қолгач, уларни жамоатчиликка очиқ тақдим қилиш легитим активизм ҳисобланади. Бу каби мурожаатлар жамоатчилик манфаатида бўлса, мурожаатчи аҳлоқан тўғри мавқедан келиб чиқиб амал қилса ва далил-исботларга эга бўлса, у судга тортилмайди.

Tashanov
Kun.uz
OAV va ijtimoiy tarmoqlardagi chiqishlarim yuzasidan tegishli ekspertiza markazlarida o‘rganishlar olib borilayotganiga oid ma'lumotlar mavjud. Ehtiyotingizni qiling, deyishdi.
Abdurahmon Tashanov
"Ezgulik" jamiyati raisi (bbc.com/uzbek)

"Шунингдек, менинг ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларим юзасидан тегишли экспертиза марказларида ўрганишлар олиб борилаётганига оид маълумотлар мавжуд. Менга бу ҳақда айтишди, эҳтиётингизни қилинг, дейишди. Қонундан паноҳ сўраш, ўзимни маҳкамада ҳимоя қилишдан ўзга эҳтиётим йўқ. Ва, албатта, дуоларингиздан, қўлловингиздан умидворман", - дея постни якунлайди Ташанов.

Абдураҳмон Ташанов кўп йиллардан бери Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларини ёритиб келади. У мунтазам равишда ноҳақ қамалгани иддао қилинган фуқаролар ишлари, ҳибс вақтидаги қийноқлар ва ўлимлар, ҳамда тутқунликдаги шароитларни омма эътиборига олиб чиқади.

Ўз фаолияти давомида у бир неча бор судга тортилган, аммо афтидан охирги йилларда бу ҳоллар тезлашган.

Ўтган йил майида Ташанов "Сизга ачинаман, жаноблар!" сарлавҳали пости учун Тошкент юридик университетининг икки ўқитувчига 50 миллион сўм маънавий зарарни тўлаши буюрилган суд қарори қабул қилинди. Постида Ташанов, хусусан, қуйидагиларни ёзганди: "Эшитишимча, Тошкент Давлат юридик университетининг бир қатор домлаларига менинг суд-ҳуқуқ тизимида учраётган муаммолар хусусидаги чиқишларимга раддиялар билдириш бўйича топшириқ бўлибди. Доцент-у профессорларнинг айтишича, мен оммада суд-ҳуқуқ тизимига ишончсизлик уйғотаётган эмишман. Гўё, халқимизда бу ахлат тизимга (президент Мирзиёев таъбири) ишонч юқоридек. Ҳолингиз хароб, домлалар, уялинг! Рамазон ойида сизларни дуо қиламиз, соғайиб кетинг".