Янгиланмоқда: Яқин Шарқ бўйлаб ракеталар учишда давом этмоқда – Уруш бешинчи кунига кирди (Видео)

Сурат манбаси, EPA/Shutterstock
АҚШ ва Исроилнинг Эронга уруш бошлаганига 5 кун бўлди. Бугунга келиб уруш асоратлари минтақанинг бошқа ҳудудларига ҳам сачраётганини кўриш мумкин.
Минтақадаги сўнгги воқеалар:
Шри-Ланка ҳарбий-денгиз кучлари бугун эрталаб Эрон ҳарбий-денгиз флотига қарашли "IRIS Dena" кемасидан фалокат сигнали келиб тушганидан сўнг 32 кишини қутқарганини тасдиқлади. Тахминан 140 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Ҳодиса сабаби ҳозирча номаълум.
Исроил минтақада янги ҳужумлар тўлқинини бошлади. Ливанга қилинган зарбаларда бир неча киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Исроил мудофаа кучлари бу ҳужумлар "Ҳизбуллоҳ" аъзолари ва объектларига қаратилганини маълум қилди. Армия жанубий Ливандаги тинч аҳолини ҳарбий амалиёт олдидан "дарҳол" ҳудудни тарк этишга чақирмоқда.
Теҳронда кўплаб бинолар вайрон бўлди. Исроил ҳарбийлари маълумотига кўра, тунги ҳужумларда у ердаги "хавфсизлик қароргоҳлари" ҳам нишонга олинган.
Янги тасвирларда сешанба куни Эрон дрони ҳужуми ортидан Дубайдаги АҚШ консулхонаси ёнганини кўриш мумкин. Шунингдек, Қатардаги АҚШ ҳарбий-ҳаво базасига Эрон ракета зарбаси берилган.
Эрондаги вазият:
Шанба куни Исроил ҳужумида ҳалок бўлган Оятуллоҳ Хоманаийни сўнгги йўлга кузатиш маросими бугун бошланиши керак эди. Бироқ Эрон давлат ОАВлари хабар беришича, уч кунлик жаноза маросими "кейинга қолдирилган".
Олий раҳбарнинг ўрнини ким эгаллаши ҳақида тахминлар кучаймоқда. Reuters агентлигига гапирган икки эронлик манбага кўра, унинг ўғли Мужтабо Хоманаий ҳужумлардан омон қолган.
"Ҳар куни вазият ёмонлашмоқда", деди бир эронлик эркак BBCга. АҚШда жойлашган Human Rights Activist News Agency эса шанба куни бошланган АҚШ–Исроил ҳужумларидан бери Эронда камида 1 097 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирмоқда.
Эвакуация ишлари давом этмоқда:
Парвозлардаги жиддий узилишлар фонида давлатлар Яқин Шарқни тарк этмоқчи бўлган фуқароларини эвакуация қилиш устида ишламоқда. Буюк Британия ҳукумати томонидан махсус ташкил этилган илк рейс маҳаллий вақт билан соат 23:00 да Маскат халқаро аэропортидан учиб кетиши режалаштирилган.
Эрон: Жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борми? Испания Трамп таҳдидига жавоб қайтарди

Сурат манбаси, EPA
Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонаси Эронда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот берди. Олдинроқ Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Эрон Ташқи ишлар вазири билан телефон орқали суҳбатлашганди. Испания Бош вазири Доналд Трамп таҳдидларига жавоб берди.
Эронда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ
Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси маълум қилишича, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.
Элчихонага кўра, ҳозирги вақтда Эрон ҳудудида 81 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиб турибди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Шулардан 8 нафари — дипломатик ваколатхоналар ходимлари, 9 нафари — Қум шаҳрида таҳсил олаётган талабалар, 55 нафари — Эрон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар, 9 нафари — хусусий сафар билан борганлар", дейилади хабарда.
Олдинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Аракчи билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида айтди.

Сурат манбаси, Расмий
"Сўнгги воқеалар оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлгани муносабати билан таъзия изҳор этиб, жабрланган оилаларга нисбатан ҳамдардлигимизни билдирдик", деб ёзди Саидов Facebook саҳифасида.
Вазир ҳамкасби билан минтақадаги вазиятни муҳокама қилган ва ҳар қандай кейинги кескинлашув жиддий гуманитар ва хавфсизлик оқибатларига олиб келиши мумкинлигини қайд этишган.
"Барча келишмовчилик ва низолар фақат тинч йўл билан – мулоқот ва дипломатия орқали ҳал этилиши лозимлиги ҳақидаги қатъий ва изчил позициямизни яна бир бор тасдиқладик", дейди Бахтиёр Саидов.
Ўтган шанба куни АҚШ ва Исроил ҳужум бошлагандан бери Эронда камида 1097 тинч аҳоли ҳалок бўлган, демоқда Америкада жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари хабар агентлиги. Агентликка кўра, нобуд бўлганларнинг 181 нафари 10 ёшдан кичик болалар. Яраланган тинч фуқаролар 5402 кишига етган, уларнинг 100 нафари болалар демоқда агентлик.
Ўлимлар ҳақидаги яна юзлаб хабарлар текширилмоқда.
Педро Санчес Трампнинг таҳдидларига жавоб қайтарди: "Урушга йўқ деймиз!"

Сурат манбаси, La Moncloa Handout
Испания Бош вазири Педро Санчес Мадриднинг Эрон бомбардимон қилинишига қаршилиги сабабли Доналд Трамп томонидан икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини тўхтатиш билан боғлиқ таҳдидларига жавоб қайтарди.
Чоршанба куни эрталаб телевидение орқали қилган чиқишида Санчес ҳукумат мавқеини "урушга йўқ" деган сўзлар билан ифодалаш мумкинлигини айтди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
У 2003 йилги Ироққа бостириб кириш воқеаларига ишора қилиб, "ўтмишдаги хатоларни" такрорламасликка чақирди. Бош вазирга кўра, Ироқ уруши ўз мақсадларига эриша олмаган, аксинча, беқарорликни келтириб чиқариб, кўплаб инсонлар ҳаётини ёмонлаштирган.
Санчес Эронга қилинаётган ҳужумлар миллионлаб оддий одамлар учун худди шундай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб, ҳукумат бунга қарши чораларни кўриб чиқаётганини билдирди.
Кеча Трамп Санчеснинг АҚШга Эронга ҳужум қилиш учун ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат бермаганидан сўнг, Испания билан "барча алоқаларни узишга" ваъда берган ва мамлакатни "даҳшатли" деб таърифлаган эди. Мадрид мазкур ҳужумларни "асоссиз ва хавфли ҳарбий аралашув", деб атаган.



























