АҚШ-Исроил ҳужуми: Эроннинг шериклари Россия ва Хитой қани?

Эрон телерадиокомпанияси биносига ҳужум, 1 март 2026 йил

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрон телерадиокомпанияси биносига ҳужум, 1 март 2026 йил
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Британия Вашингтонга Эронга қарши АҚШ-Исроил уруши доирасида "мудофаа" зарбалари учун ўз ҳаво базаларини очиб берганини айтар экан, Теҳронга четдан қандай ёрдам бўлаётгани борасидаги саволлар ҳам юзага келган.

Россия ва Хитой Эрон билан мустаҳкам дипломатик, савдо ва ҳарбий алоқаларга эгалар, аммо ҳозирги можаро бу икки давлат Эронни ҳимоя қилиш учун нималар қилишни исташларига эътиборни қаратяпти.

Россиядан баланд овозли, лекин чекланган дастак

Iranian President Masoud Pezeshkian and Russian President Vladimir Putin shake hands before a meeting on the sidelines of the Shanghai Co-operation Organisation summit in Tianjin, China, on 1 September 2025

Сурат манбаси, SPUTNIK/KREMLIN POOL/EPA/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Украинадаги урушида Россия Эроннинг дастагига таянаётган бўлса-да, унинг Теҳронга қўллови фақат оғзаки бўлиб қоляпти

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қўшма ҳужумларига Москванинг жавоби баланд, аммо чекланган бўлиб, ғазаб ила Теҳрон билан бирдамликни кўрсатмоқда, лекин шу билан бирга Россияни тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка тортадиган қадамлардан эҳтиёткорлик билан қочмоқда, дейди BBC News Russian мухбири Сергей Горяшко.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларга қарамай, вазият "тўғридан-тўғри тажовузга айланиб кетганидан чуқур умидсизлик" ҳисси ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Москва Эрон раҳбарияти ва можарога тортилган Форс кўрфази давлатлари билан доимий алоқада.

Россия ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши "асоссиз тажовуз"ни танқид қилди, ҳамда сиёсий суиқасдлар ва суверен давлатлар раҳбарларини "овлаш"ни қоралади.

Якшанба куни Президент Владимир Путин Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоменеийнинг ўлдирилиши муносабати билан Эрон президенти Масъуд Пезешкиёнга ҳамдардлик билдирди ва буни "инсон ахлоқи ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши" деб атади.

Шунга қарамай, Кремл АҚШ Президенти Доналд Трампга нисбатан шахсий танқидлардан сезиларли даражада қочди ва ҳали ҳам Украина бўйича Америка воситачилик ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирмоқда.

Душанба куни Москва энди Вашингтонга қандай ишониши мумкинлиги ҳақидаги саволга Песков Россия "биринчи навбатда фақат ўзига ишонади" ва ўз манфаатларини ҳимоя қилади, деб жавоб берди.

Бу манфаатлар, Теҳрон Украинага бостириб кирганидан бери Москванинг энг яқин иттифоқчиларидан бирига айланганига, дронлар етказиб берганига ва Россияга Ғарб санкцияларидан қочиш йўлларини ишлаб чиқишда ёрдам берганига қарамай, Россиянинг Эронни қўллаб-қувватлаши нима учун асосан оғзаки бўлиб қолаётганини тушунишга ёрдам беради, дейди мухбиримиз.

Эрон, шунингдек, Кремлнинг давлат ҳуқуқлари инсон ҳуқуқларидан муҳимроқ бўлган ва ҳукуматлар ўз ҳудудида кенг назоратни амалга оширадиган кўп қутбли тартиб ҳақидаги тасаввурига мос келади. Бундай режимнинг қулаши бу моделга зарба бўлади.

Шу билан бирга, Кремл илгари ҳам ҳамкорлари учун, хоҳ Венесуелада, хоҳ Сурияда бўлсин, хоҳ 2025 йил ёзида Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик уруш пайтида бўлсин, ўзини қурбонлик қилмаслигини кўрсатган эди.

Россия Украина билан жуда банд. У дипломатик қўллаб-қувватлаш ва ҳарбий-техник ҳамкорликдан ортиқ ниманидир таклиф қилишни истамайдиган ва эҳтимол бунга қодир эмасдек кўринади.

2025 йил 17 январда имзоланган Россия-Эрон стратегик шериклик шартномаси ўзаро мудофаа шартномаси эмас эди, лекин шунга анча яқин.

Москва ва Теҳрон маълумот алмашиш, қўшма машқлар ўтказиш ва "минтақавий хавфсизликни таъминлаш"га ваъда беришди, аммо ҳужумга учраган тақдирда бир-бирларини ҳимоя қилишга ваъда беришмади. Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳам камтарона ва савдо ҳажми 4-5 миллиард доллар оралиғида қолмоқда.

Аммо ҳарбий ва саноат алоқалари ўсиб бормоқда. Феврал ойида Financial Times газетаси Россия Эронга 500 миллион евролик Верба кўчма ҳаво мудофааси тизимларини етказиб бериши керак бўлган йирик шартнома ҳақида хабар берди.

Эрон Як-130 ўқув самолётлари, Ми-28 ҳужум вертолётларини олди ва Су-35 қирувчи самолётларини кутмоқда, ҳали Верба тизимларини етказиб берилмаган.

Эронда ишлаб чиқарилган Шаҳед дронларидан фойдаланиш Украина фронтидаги Россия кучларининг тактикасини сезиларли даражада ўзгартирди. Аммо ўтган йили Москва ўзининг дрон ишлаб чиқаришини тез суръатлар билан кенгайтирди ва Эрон қуролларига қарамлигини камайтирди.

Москва учун Эроннинг қулаши жуда ёмон, аммо унинг учун курашиш учун жанг қилишчалик даражада ёмон эмас. Бу ҳисоб-китоб ўзгариши мумкин, аммо ҳозирча Россиянинг аралашуви асосан сўзлар билан чекланиб қоляпти.

Хитой ва Эрон

A handout photo made available by the Iranian Foreign Ministry shows Chinese President Xi Jinping greeting Iranian Foreign Minister Abbas Araghchi (L) during a meeting ahead of the Shanghai Co-operation Organisation (SCO) summit in Tianjin, China, on 15 July 2025.

Сурат манбаси, IRANIAN FOREIGN MINISTRY HANDOUT/EPA/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Хитой - Эроннинг энг йирик савдо шериги ва энг муҳим ёқилғи мижози

Хитой Оятуллоҳ Али Хоменеийнинг ўлдирилишини қаттиқ қоралади. Пекин тарихан бутун дунё бўйлаб АҚШнинг режимларни ўзгартириш стратегияларига қарши чиққан.

BBC Жаҳон Хизматининг Глобал Хитой бўлимидан Шон Юаннинг сўзларига кўра, Хитой-Эрон алоқаларининг марказида ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик ётади. Хитой Эроннинг энг йирик савдо ҳамкори ва унинг энг муҳим энергия мижозидир.

АҚШнинг йиллар давомида Эронни санкцияларини билан жазолаганига қарамай, Пекин Теҳроннинг иқтисодий ҳаётий таянчи бўлиб қолмоқда. У нефтни ташиш учун санкциялардан қочадиган сохта рўйхатдан ўтган кемалар - "арвоҳ флотлари" тармоғи орқали катта миқдорда чегирмали нархларда сотиб олмоқда.

Масалан, 2025-йилда Хитой Эрондан жўнатилган нефтнинг 80% дан ортиғини сотиб олди. Хитойдан келган даромадлар Эронга ўз иқтисодиётини барқарорлаштиришга ва Ғарб бозорлари ёпилган тақдирда ҳам ўз мудофаа харажатларини молиялаштиришга ёрдам берди.

2021 йилда имзоланган 25 йиллик стратегик шартнома муносабатларни мустаҳкамлади ва Эрон инфратузилмаси ва телекоммуникацияларига юзлаб миллиардлаб Хитой инвестициялари киритилишини кўзда тутди.

Хитой "узоқни кўзлайди"

Тарихан, Хитойнинг Эрон-Исроил ва Эрон-АҚШ можароларига ёндашуви стратегик ҳимояга асосланиб келган.

Мухбиримизнинг сўзларига кўра, аввалги кескинлашувлар, жумладан, 2025 йил ёзида 12 кунлик Исроил-Эрон уруши пайтида, Хитой доимий равишда "тийилиш"га чақирган ва "ташқи аралашув"ни қоралаган - бу АҚШ сиёсатига унчалик ҳам яширин бўлмаган ишора, дейди мухбиримиз.

Эрон ва Исроил ўртасидаги аввалги тўқнашувларда Хитой Теҳрон учун дипломатик қалқон вазифасини ўтаб, БМТ резолюцияларини сусайтириш йўлида вето ҳуқуқидан фойдаланган ёки ундан фойдаланиш таҳдидини ишга солган. Бироқ, Хитой ҳеч қачон тўғридан-тўғри ҳарбий аралашувни таклиф қилмаган.

Мухбиримизнинг сўзларига кўра, Пекиннинг стратегияси ҳар доим АҚШни Яқин Шарқда ботқоқликда ушлаб туриш, ва айни дамда глобал нефт нархларини кескин оширадиган тўлиқ минтақавий қулашни келтириб чиқармайдиган ҳолатда кўриш бўлган.

Теҳронда Ғарбпараст режим барпо этилса, бу Хитой учун ҳалокатли геосиёсий мағлубият бўлади, чунки Теҳрон уни нафақат энергия таъминоти билан таъминлайди, балки сиёсий жиҳатданАҚШнинг минтақадаги таъсирига қарши катта қаршилик кўрсатиб келади.

Эрон БРИКС ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг аъзоси бўлиб, Марказий Осиё, Қофқоз ва Яқин Шарқни боғлайдиган асосий географик ришта бўлиб хизмат қилади.

Ислом Республикасининг қулаши Москва ва Пекин мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган кўп томонлама механизмларга бўлган ишончни пасайтириши мумкин.

АҚШ-Исроил Эронга тўлиқ бостириб кирмаса, у ердаги сиёсий ва ҳарбий тузилмалар сақланиб қолиши ҳам мумкин.

Пекин, одатдагидек, "узоқ ўйин"ини ўйнайди, Эрон раҳбари сифатида Хоменеийнинг ўрнини эгаллашни истаган ҳар бир киши билан яхши муносабатда бўлиш йўлларини қидиради. Россия ҳам бунда ўз имкониятларини излайди.