Таҳлил: Аҳвол таҳликали, аммо АҚШ ва Исроил фурсатни бой бермоқчи эмас

Зарбадан кейин Теҳрон устидан тутун кўтарилмоқда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Зарбадан кейин Теҳрон устидан тутун кўтарилмоқда
    • Author, Жереми Боуен
    • Role, Халқаро масалалар бўйича муҳаррир
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ
Видео тагсўзи, Теҳрон маҳалласига зарба берилгандан кейин кейин вазият издан чиққан манзаралар кузатилди

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши янги уруши оқибатларини олдиндан айтиб бўлмайдиган ўта таҳликали вазиятни юзага келтирмоқда. Исроил ўз ҳужумини оқлаш учун "превентив зарба" атамасини қўллади.

Далилларга қарасак, бу душманнинг эҳтимолий ҳужумидан аввалроқ зарба беришни англатувчи "превентив зарба"га ўхшамайди. Аксинча, бу ўйлаб танланган урушдир.

Исроил ва АҚШ ҳозир Эрондаги Исломий режимни заиф аҳволда деб ҳисоблади: у оғир иқтисодий инқироз, йил бошида намойишчиларга қарши шафқатсиз тазйиқлар оқибатлари билан курашмоқда, мудофаа тизими эса ўтган ёзги урушда жиддий зарарланган. Афтидан уларнинг хулосаси шундай бўлган: бу бой бериб бўлмайдиган фурсат.

Бу ҳужумлар аллақачон ҳилвиллаб қолган халқаро ҳуқуқ тизимига берилган яна бир зарба бўлди.

Президент Доналд Трамп ҳам, Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ҳам ўз баёнотларида Эрон ўз мамлакатлари учун хавф эканини таъкидлади – Трамп ҳатто уни глобал хавф деб атади. Исломий режим, шубҳасиз, уларнинг ашаддий душмани. Бироқ бир томондан АҚШ ва Исроил, иккинчи томондан Эрон ўртасидаги кучлар нисбатидаги улкан тафовутни ҳисобга олсак, бу ҳужумларни ўз-ўзини ҳимоя қилиш мақсадида бўлаётганини қандай ҳуқуқий асослаш мумкинлигини тушуниш қийин.

Уруш – сиёсий ҳаракат. Қуролли можаролар бошлангандан сўнг уни назорат қилиш табиий қийинлашади. Раҳбарларда аниқ мақсадлар бўлиши керак.

Бенямин Нетаняҳу ўнлаб йиллардан бери Эронни Исроилнинг энг қаттол душмани деб билади. Унинг учун ҳозир Теҳрондаги режимга ва Эроннинг ҳарбий салоҳиятига кўпроқ зарар етказиш имконияти пайдо бўлди. Нетаняҳуни йил охирида умумхалқ сайловлари кутмоқда. Хамас билан икки йиллик уруш тажрибаси кўрсатадики, у Исроил уруш ҳолатида бўлганда ўзининг сиёсий мавқеи мустаҳкамланишига ишонади.

Доналд Трампнинг мақсадлари эса ўзгарувчан, йўналишини алмаштириб туради. Январь ойида у Эрондаги намойишчиларга ёрдам яқинлигини айтган эди. Ўша пайтда АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг аксарияти Венесуэла раҳбарини ағдариш билан банд бўлгани боис унда ҳарбий чора режаси йўқ эди.

АҚШ минтақага иккита авиаташувчи зарба берувчи гуруҳни ҳамда қуруқликдаги салмоқли кучларини жойлаштираётган бир пайтда, Трамп Эроннинг ядровий истаклари хавфи ҳақида бот-бот гапирди. Ваҳоланки, ўтган ёзги урушдан кейин унинг ўзи Эрон ядро дастури "йўқ этилганини" эълон қилган эди.

Эрон режими ядровий қуролга эга бўлиш истагини доим рад этиб келган, аммо уранни тинчлик мақсадида ишлатиладиган даражадан кўпроққа бойитган. Ҳеч бўлмаганда, у бомба яратиш имкониятига эга бўлишни истаётган кўринади. Исроил ва АҚШ Эрон буни амалга ошириш арафасида эканига далил тақдим этганича йўқ.

Трамп ўз видеосида Эрон халқига "озодлик соати" яқинлигини айтди. Нетаняҳу ҳам шунга ўхшаш хабар йўллаб, бу уруш Эрон халқига режимни ағдариш имкониятини беражагини таъкидлади. Бу эса мутлақо аниқ эмас.

Қуруқ ҳаво ҳужумлари орқали режимни ўзгартириш мумкинлигига бирорта ҳам мисол йўқ. Саддам Ҳусайн 2003 йилда АҚШ бошчилигидаги улкан ишғолчи кучлар томонидан ағдарилган. Муаммар Қаддофий 2011 йилда НАТО ва айрим араб давлатларининг ҳаво кучлари билан дастакланган исёнчи гуруҳлар томонидан ағдарилган эди. Иккала ҳолатда ҳам натижа давлатнинг парчаланиши, фуқаролар уруши ва минглаб қотилликлар бўлди. Ливия ҳамон абгор давлатлигича қолмоқда. Ироқ эса босқин ва ундан кейинги хунрезликлар оқибатлари билан курашади.

Агар бу фақат ҳаво кучлари билан режимни ағдаришнинг илк намунаси бўлган тақдирда ҳам, Исломий режим ўрнини инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган либерал демократия эгалламайди. Сургунда навбат кутиб турган ишончли муқобил ҳукуматнинг ўзи йўқ.

Ижтимоий тармоқлардан олинган ва Реутерс ахборот агентлиги томонидан тасдиқланган ушбу тасвир АҚШ ва Исроил зарбаларидан кейин Теҳрондаги манзарани кўрсатмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Қарийб ярим аср давомида Эрон режими мафкура, коррупция ва зарур бўлганда бешафқат куч ишлатишга асосланган мураккаб сиёсий тизимни яратди. Теҳрон режими январь ойида намойишчиларни ўлдиришга тайёрлигини кўрсатди. Унинг хавфсизлик кучлари кўчаларда тузумга қарши чиққан ва озодлик талаб қилган минглаб фуқароларни отиб ўлдириш ҳақидаги буйруқларга бўйсунади.

Балки АҚШ ва Исроил олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаийни ўлдиришга уринаётгандир. Исроил суиқасднинг стратегик кучига ишонади. Сўнгги икки йилда у Ғазодаги Хамас ва Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" етакчиларини ҳамда уларнинг кўплаб ёрдамчиларини ўлдирди.

Эрондаги Исломий режим эса бошқа масала. У қуролли ҳаракатга эмас, давлатга раҳбарлик қилади. Бу бир кишининг томошаси эмас. Агар олий раҳбар ўлдирилса, унинг ўрнини бошқа биров, катта эҳтимол билан, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўллаб-қувватлайдиган бошқа бир оятуллоҳ эгаллайди. Инқилоб қўриқчилари корпуси анъанавий қуролли кучлар билан бир қаторда мавжуд бўлиб, унинг аниқ вазифаси режимни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишдир.

Трамп уларга қуролларини топширса дахлсизлик, акс ҳолда, муқаррар ўлимни ваъда қилди. Инқилоб қўриқчилари корпуси унинг таклифига учиши даргумон. Шаҳидлик Ислом Республикаси мафкураси ва шиалик учун тамал ғоядир.

Трамп сиёсат ва ҳаётдаги асосий ҳаракатлантирувчи куч – ўзаро манфаатли келишувлар деб ҳисоблайди; ўз китобида таъкидлаганидек, битимлар туза олиш санъатидир. Бироқ Эрон билан муомала қилишда мафкура ва эътиқод кучини ҳам инобатга олиш талаб этилади. Буни ўлчаш эса анча мушкул.

Йил бошидан буён инқироз кучайиб, Америка ўз армадасини тўплар экан, Теҳрон раҳбарияти урушни муқаррар деб ҳисоблаётгани аломатлари кўпаймоқда.

Улар на АҚШга, на исроилликларга ишонади. Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида Эроннинг ядровий дастурини чеклаган, Обама маъмуриятининг ташқи сиёсатдаги энг ёрқин ютуғи саналган Эрон ядровий келишувидан чиқиб кетган эди.

Эрон, ҳеч қурса вақтдан ютиш учун, ядровий келишувнинг иккинчи талқинини қабул қилишга тайёрлигига ишоралар бор эди. Бироқ АҚШ ҳам, ўз навбатида, Эроннинг ракета дастурини, Исроил ҳамда АҚШга қарши бўлган иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашини кескин чеклашни талаб қилаётган кўринади.

Бу талаблар Эрон учун номақбул бўлиб, таслим бўлиш билан баробар эди. Ракеталар ва иттифоқчилардан воз кечиш, Эрон раҳбарияти назарида, мамлакатни ҳужум таҳдидидан ҳам кўра режим ўзгариши хавфи остида қолдириши мумкин.

Эрон раҳбарлари энди урушдан қандай эсон-омон чиқиш, қандай омон қолиш ва унинг оқибатларини қандай бартараф этиш ҳисобини қилади. Саудия Арабистони бошчилигидаги қўшни давлатлар эса бугунги воқеаларнинг ноаниқ ва эҳтимолий оқибатларидан чуқур хавотирга тушиб қолган.

Яқин Шарқнинг муаммоларни "экспорт қилиш" салоҳиятини инобатга олсак, бу ерда шиддатли урушнинг авж олиши минтақадаги нотинчликни янада чуқурлаштиради, шусиз ҳам зўравонликка тўла бўлган дунёдаги нотинчликни баттарлаштиради.