Марҳум Оятуллоҳ Хоманаий қандай раҳбар эди?

Сурат манбаси, Getty Images
Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг қаттиққўл авторитар қарашлари ва сиёсати қарийб қирқ йил давомида Эрон ҳаётини шакллантириб келди. У 1989 йилда Руҳуллоҳ Хумайний вафотидан сўнг, 1979-йилги инқилобдан кейинги иккинчи олий раҳбар бўлди.
Хоманаий давлат раҳбари ва қуролли кучлар, жумладан, қудратли Инқилоб қўриқчилари корпуси бош қўмондони сифатида амалда мутлақ ҳокимият соҳиби эди.
Унинг бундай шиддатли воқеалар натижасида вафот этиши Эрон учун ҳам, бутун минтақа учун ҳам янги ва мавҳум келажакдан дарак беради.

Сурат манбаси, Getty Images
Диний тарбия
Али Хоманаий 1939 йилда Эроннинг иккинчи йирик шаҳри Машҳадда туғилган.
Унинг отаси шиа руҳонийси эди.
Хоманаий ўзининг "фақир, аммо тақводор" ўтган болалигини романтик бўёқларда тасвирлаб, кўпинча "нон ва майиздан" бошқа нарса емаганини айтарди.
У диний таълимни Машҳадда бошлаган, қисқа муддат Ироқнинг Нажаф шаҳрида бўлган, сўнг Эроннинг диний маркази Қум шаҳридаги мадрасада ўқиган.
Унга бир неча руҳоний, жумладан, кейинчалик Ислом Республикасига асос солган Хумайний ҳам сабоқ берган.

Сурат манбаси, Office of the Supreme Leader via EPA
Хоманаий 1979-йилги "Ислом инқилоби" натижасида тахтдан ағдарилган Эрон шоҳини танқид қилувчилар сафида эди.
Хоманаий йиллар давомида яширин ҳаёт кечирган ёки қамоқда сақланган.
Шоҳнинг махфий полицияси уни олти марта ҳибсга олган ва қийноққа солган.

Сурат манбаси, Getty Images
Инқилоб чоғида Хоманаий Оятуллоҳ Хумайнийнинг яқин сафдошлари орасида муҳим шахс эмас эди, бироқ қўзғолондан сўнг тезда юксалди.
У Инқилобий кенгашга аъзо бўлди. Шоҳ режими қулагач, бу кенгаш инқилобга раҳбарлик қилиб, муваққат бошқарув органига айланди.
Унинг Ислом Республикасидаги илк лавозими Мудофаа вазири ўринбосарлиги эди.
Ўша йили Хумайний уни Теҳрон жума намозларига имом-хатиб этиб тайинлади, бу лавозимни у умрбод эгаллади.
Али Хоманаийнинг бутун мамлакат бўйлаб эфирга узатилган сиёсий хутбалари уни янги раҳбарият сафидаги мавқеини мустаҳкамлади.
Суиқасд уриниши

Сурат манбаси, Khamenei.ir
1981 йил июнида Хоманаий суиқасддан омон қолди.
Мухолиф гуруҳ у ваъз ўқиётганда бомба портлатди.
Бу ҳужум унинг ҳаётини сақлаб қолган бўлиши мумкин.
Хоманаий инқилобдан кейинги раҳбарият ҳокимиятини мустаҳкамлашга ёрдам берган Ислом Республикаси партиясининг ҳаммуассиси ва етакчиси эди. Бироқ у партия штабига уюштирилган йирик портлаш пайтида аввалги суиқасд сабабли касалхонада бўлган.
Ҳужумдан сўнг унинг ўпкаси бир неча ойда тикланди, аммо ўнг қўли бир умрга майиб бўлиб қолди.
Ўша йил охирида у Эрон президентлигига номзод бўлди.

Ўша йил охирида у Эрон президентлигига номзод бўлди.
Номзодларни тасдиқловчи кенгашни Оятуллоҳ Хумайний назорат қиларди. Али Хоманаий 97 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.
Хоманаийнинг лавозимга киришиш нутқи унинг президент сифатидаги бошқарув йўлини белгилаб берди. У "залолат, либерализм ва Америка таъсиридаги сўлчиларни" қоралади.
Эрон-Ироқ уруши
Қўшни Ироқ сайловлардан бир неча ой олдин Эронга бостириб кирди.
Ироқ президенти Саддам Ҳусайн Эрон инқилоби унинг режимига путур етказишидан қўрқарди.
Хоманаий президент бўлишидан олдин, уруш бошида бир неча ойни фронт чизиғида ўтказди.
Саккиз йиллик уруш давомида ҳар икки томондан юз минглаб одам ҳалок бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
Уруш Хоманаийнинг Ироқни зимдан қўллаб-қувватлаган АҚШга нисбатан ишончсизлигини янада кучайтирди.

Сурат манбаси, Getty Images
Олий раҳбарлик
1989 йилда Оятуллоҳ Хумайний вафот этди. Раҳбарлик бўйича экспертлар кенгаши Хоманаийни унинг вориси этиб сайлади.
Баъзилар бу янги раҳбарнинг диний илми саёз деб ҳисобларди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Мен сернуқсон бир одамман, оддий бир толиби илмман", деб тан олганди у лавозимга киришиш чоғидаги илк нутқида.
"Бироқ, зиммамга масъулият юкланди ва мен бу оғир юкни кўтариш учун бор қобилиятим ва қодир Аллоҳга бўлган бутун иймонимни ишга соламан".

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо кейин у суд-ҳуқуқ тизими, полиция, оммавий ахборот воситалари, руҳонийлар элитаси, парламент, Инқилоб қўриқчилари корпуси ва разведка идораларида ўзига содиқлар тармоғини ярата олди.
Вашингтондаги Карнеги Халқаро тинчлик жамғармаси ходими Карим Саджадпур BBC News'га берган интервьюсида Хоманаий "муросасиз руҳонийлар ва зумда бойиб кетган инқилоб қўриқчиларининг ўзаро жипс картелига" таяниб қолганини айтган эди.
Эрон давлат оммавий ахборот воситалари уни Теҳронда рафиқаси, фарзандлари ва набиралари билан камтарона ҳаёт кечираётган шахс сифатида тасвирларди.

Сурат манбаси, Getty Images
Норозиликларни бостириш
Хоманаий ўз ҳукмронлиги даврида мухолифатни тор-мор этди.
1999 йилда талабаларнинг норозилик намойишлари бостирилди.
Ўн йил ўтиб, сайловлар сохталаштирилганига қарши бошланган исён чоғида намойишчиларга қалампир асосли кўзни ёшлантирувчи газ сепилди, улар калтакланди, ўққа тутилди.

Сурат манбаси, AFP
2019 йилда ёқилғи нархлари кескин ошиши кўча намойишларига сабаб бўлди, расмийлар интернетни тўсиб қўйди.
"Amnesty International" ташкилотига кўра, полиция намойишчиларни отиб ўлдирган.
Ҳижоб ўрашга қарши чиққан аёллар қийноққа солинди, бир кишилик камераларда сақланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича аёл адвокатлардан бирига жами 38 йиллик қамоқ ва 148 дарра уриш тайинланди.
2022 йилда ҳижоб ўрамагани учун ҳибсга олинган 22 ёшли курд аёл Маҳса Аминийнинг полиция ҳибсхонасида вафот этгани ортидан энг катта норозиликлардан бири келиб чиқди.
АҚШда жойлашган Эрон Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги (HRANA) кейинги норозилик намойишларида ҳалок бўлган 400 дан ортиқ одамнинг исм-шарифи рўйхатини олганини маълум қилди.

Сурат манбаси, EPA
2025–2026 йил қишида иқтисодий инқироз туфайли Эронни бир қатор кўча намойишлари қамраб олди.
Ҳукумат қатағонларни кучайтирди. Хоманаий минглаб одамлар ўлдирилганини тан олди, бироқ зўравонликларни уюштирганликда ташқи душманларни айблади.
"Исроил ва АҚШ билан алоқадор бўлганлар катта зарар етказди, бир неча минг кишини ўлдирди", деди у ва уларни тартибсизликларни қўзғаганликда айблади. Улар "жиноят ва оғир туҳматга қўл урдилар", деди у.

Сурат манбаси, User generated content
HRANA ҳукумат "ўлимга олиб келувчи куч" қўллаганини билдирди.
Унга кўра, 7000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти намойишчилар бўлиб, қурбонларнинг 200 дан сал кўпроғини "ҳарбий ва ҳукумат кучлари" ташкил этган.
.
Ковид вакцинасига тақиқ
ВВС Форс хизмати 2022 йилда ўтказган суриштирувга кўра, пандемия даврида Эронда Ковид қарийб 300 000 кишининг ўлимига сабаб бўлган – бу ўша пайтдаги расмий айтилган рақамдан икки баравар кўп.

Сурат манбаси, NurPhoto / Getty Images
Хоманаий ҳеч қандай далил келтирмасдан: "Айтишларича, бу вируснинг бир қисми эронийлар генетикаси бўйича маълумотлардан фойдаланиб, айнан Эрон учун яратилган", деб даъво қилди.
Асосан АҚШ ва Европа фармацевтика компаниялари бошчилигида вакциналарни глобал миқёсда тарқатиш бошланганда, у АҚШ ва Британия вакциналари импортини тақиқлади.
Кейинчалик хабарларда унинг шахсан ўзи Эронда ишлаб чиқарилган бир неча вакциналардан бирини қабул қилгани айтилди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
АҚШга қаршилик
1979-йилги инқилобдан кўп ўтмай, Хумайнийга содиқ университет талабалари АҚШ элчихонасини эгаллаб, тахтдан ағдарилган шоҳга бошпана берганига норозилик сифатида дипломатлар ва ходимларни гаровга олди.
Гаров 444 кун давом этди ва бу АҚШ ҳамда Ғарбга қарши позициянинг расмий давлат сиёсати сифатида мустаҳкамланишига ёрдам берди.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШдаги 11 сентябрь ҳужумларидан сўнг Президент Буш Эронни "Ёвузлик ўқи"даги давлат деб атади.
Эрон Ливандаги қуролли шиа гуруҳи – "Ҳизбуллоҳ"ни Исроил билан доимий можарода ўзининг ишончли кучи сифатида қўллаб-қувватлади.
Хоманаий АҚШни танқид қилди, аммо унинг сиёсати на Вашингтон билан муроса қилди, на унга тўғридан-тўғри қарши чиқди.
Ядро дастури

Сурат манбаси, Office of Iranian Supreme Leader / WANA via Reuters
Хоманаий ядро қуролини исломга зид деб атаган ва 2003 йилда уни ишлаб чиқишга қарши фатво чиқарганди.
Бироқ Исроил ва Ғарб Маҳмуд Аҳмадинажод президентлиги даврида Эрон ядровий қурол яратиш салоҳиятини ниқоблаш учун ядро энергетикаси ва мураккаб ракета дастурларига эга бўлган, деб ҳисоблади.
Натижада жорий этилган санкциялар мамлакатни қашшоқлаштирди.

Сурат манбаси, Khamenei.ir
2015 йилда Эрон, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Россия ва Германия Эроннинг уран бойитишини чеклаш бўйича келишувга эришди.
Бироқ Доналд Трамп ўзининг биринчи президентлик даврида келишувдан чиқди ва уни "қотил режим фақат тинч ядровий энергетика дастурини хоҳлаши ҳақидаги улкан уйдирма" деб атади.
Эрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини, Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам унинг келишувга риоя қилаётганини тасдиқлаганини таъкидлади.
Келишувни имзолаган собиқ президент Обама эса келишув амалда "ишлаётганини" ёзган эди.
АҚШ келишувдан чиққач, Франция, Германия ва Буюк Британия бундан "афсусда эканликларини" билдирди.
Трампнинг биринчи президентлик муддати якунланар экан, АҚШ Инқилоб қўриқчилари корпусининг юқори мартабали офицери Қосим Сулаймонийни ўлдирди. Хоманаий Россия ва Хитой билан яқинлашиб, қасос олишга онт ичди.

Сурат манбаси, Iraq Security Media Cell via EPA
2025 йилда Исроил Эроннинг ядровий дастури, олимлари, ҳарбийлари ва юқори мартабали амалдорларига қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлади, жумладан, турар жойларга ҳужумлар уюштирди.
Бунга жавобан Эрон Исроилга ракета зарбалари берди.

Сурат манбаси, Maxar via EPA
Исроил ҳужумларига АҚШ ҳам қўшилди. Хоманаий таслим бўлмасликка ваъда берган бўлса-да, аввалгидан заифроқ кўринарди.
2026 йил 28 февралда АҚШ ва Исроил биргаликда Эронга ҳаво ҳужумлари уюштирди. Трамп бу ҳужумни Эрон "ҳеч қачон ядро қуролига эга бўла олмаслиги" учун деб оқлади.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса бу ҳаракат Эрон томонидан юзага келтирилган "экзистенциал таҳдид"ни бартараф этиш учун қилинганини айтди.
Исроил Эрон унга қарши жавоб зарбалари берганини маълум қилди, айни пайтда Форс кўрфазининг бир қатор давлатларида портлашлар юз берди.

Сурат манбаси, Abedin Tahaerkenareh / EPA
Хоманаий Эрон сиёсатида ҳокимият дастакларини қаттиққўллик ва кўпинча шафқатсизлик билан ушлаб турди.
Баъзан олий раҳбар ислоҳотчилар ва консерваторлар ўртасидаги тортишувларга юқоридан назар ташлаб, ўзини гўё сиёсатдан устундек кўрсатарди. Аммо Оятуллоҳ Хоманаий сиёсатга нисбатан норозилик ўзи маъқулламаган тарзда авж олишига камдан-кам йўл қўярди.
Эрондаги ҳаёт у жорий этган қонунлар билан тартибга солинди. Унинг ўрнини ким эгаллашини ва шунга кўра қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини ҳеч ким аввалдан айта олмайди.
























