Рамазон: Нимани ейиш ва нимадан тийилиш керак? - Видео

Ифторлик дастурхони атрофида ўтирган уч инсон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Куннинг ёруғ пайтидаги овқатланмаслик ёки ўзбек тилидаги "рўза тутиш" Ислом динининг беш рукнидан бири бўлиб, барча мусулмонлар бажариши лозим бўлган фарз амаллардан ҳисобланади. Бутун Рамазон ойи мобайнида рўза тутилади.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар 2025 йил 1 мартидан Ислом тақвимидаги энг муқаддас ойлардан бири бўлган Рамазонни бошладилар.

Бу ой Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)га Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони Карим нозил бўлган вақтни белгилайди.

Рамазонда бир ой рўза тутилади.

Бу Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, барча мусулмонлар бажариши лозим бўлган фарз амаллардан ҳисобланади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар

Рамазон ойида мусулмонлар тонг отишидан олдин "саҳарлик" деб аталадиган эрта тонгги таомни истеъмол қиладилар.

Улар қуёш ботгандан кейин "Ифтор" деб аталадиган кечки овқат билан рўзаларини очмагунча ҳеч нарса емайдилар, ҳатто сув ҳам ичмайдилар.

Фақат соғлиги яхши бўлган кишиларгина рўза тутиши лозим – беморлар, балоғатга етмаган болалар, ҳомиладор, эмизикли боласи бор ёки ҳайз кўраётган аёллар ва сафардаги кишилар рўза тутишдан озод қилинади.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Саҳарликда нима ейиш керак?

Саҳарлик – бу рўза кунига тайёргарлик кўришдир. Саҳарликда куннинг охирида иштаҳани камайтириш учун тўғри овқатланиш муҳимдир.

"Рамазон ойида кун давомида танангиз учун зарур бўлган қувват ва озуқа моддаларини олиш учун оқсил, углевод, витамин ва минералларга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилишингиз ва етарли миқдорда сув ичишингиз керак," дейди парҳезшунос Исмет Тамер.

У енгил, соғлом ва тўйимли нонушта қилишни тавсия этади.

"Қуёш чиқишидан олдин сут маҳсулотлари ва пишлоқ, тухум, помидор, бодринг каби янги сабзавотларни истеъмол қилиш мумкин. Бундан ташқари, ҳар доим шўрва, зайтун ёғида пиширилган сабзавотлар ва мевалардан истеъмол қилишингиз мумкин," дейди у.

Сув ичаётган эркак ва аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Рўза тутган вақтда организмдаги сув балансини меъёрида ушлаб туриш учун ифторлик билан саҳарлик орасида икки литрдан уч литргача сув ичиш маслаҳат қилинади

Ифтор билан саҳарлик орасида икки-уч литр атрофида сув ичиш рўза пайтида танани сувсизланишдан сақлайди.

Диетолог Бриджит Бенеламнинг қўшимча қилишича, саҳарликда мураккаб углеводларни истеъмол қилиш фойдали, айниқса, тўлиқ донли маҳсулотлар, чунки бу энергиянинг секин ажралишига ёрдам беради.

"Шундай қилиб, сули, бутун донли нонлар ва ёрмалар саҳарлик учун яхши танлов," дейди у.

Баъзи тадқиқотлар кўрсатишича, ловия, нўхат ва мош каби манбалардан олинадиган толалар тўқлик ҳиссини 30 фоиздан кўпроққа ошириши мумкин.

"Шунингдек, сиз рўза тутишдан олдин сув ичишингиз керак," дейди Бенелам ва тузли нарсаларни емаслик ҳақида огоҳлантиради.

"Шўр таомлар чанқашни келтириб чиқаради, буни истамайсиз, албатта. Яна сув ичиш учун кўп соатлар керак бўлади."

Саҳарликда кофеин истеъмол қилмаслик ҳам чанқоқлик олдини олиш учун муҳим бўлиб, рўза пайтида сувга тўйиниш учун ифтор ва саҳарлик орасида икки-уч литр атрофида сув ичиш тавсия этилади.

Ифторда нима ейиш керак?

Биринчи марта оғиз очганда, одатда кўп суюқлик ва энергия учун баъзи табиий шакарли озиқ-овқатларни истеъмол қилиш тавсия этилади – масалан, Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) давридан бери оғиз очишда кенг тарқалган хурмо.

Хурмо солинган пиёла

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) замонларидан оғиз хурмо билан очилади

"Хурмо ва сув ифторликни бошлашнинг ажойиб усули," дейди парҳезшунос Бриджит Бенелам. "Улар энергия беради ва танани сувга тўйинтиради."

"Шўрва ҳам оғиз очиш учун ажойиб, чунки унда ловия, дуккаклилар, ясмиқ ва сабзавотлар каби кўплаб масаллиқлар бор – булар ортиқча юк бўлмасдан озуқа моддалар билан таъминлайди," дейди у.

"Узоқ кун овқатланмаганингиздан сўнг, дарҳол оғир ва ёғли нарсадан бошлашни хоҳламайсиз, чунки бу сизни толиқтиради, ўзингизни ланж ва бетоб ҳис қилишингизга олиб келади."

Оғиз очилгандан сўнг, ифтор таомлари турли маданият ва анъаналарда турлича бўлса ҳам, улар одатда бир неча таомдан иборат бўлади.

Ифторда истеъмол қилинадиган таомлар крахмалли озиқ-овқатлар, жумладан, бутун донли маҳсулотлар, толага бой сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотлари, гўшт, балиқ, тухум ва дуккаклилар каби оқсилга бой маҳсулотлар мувозанатини таъминлаш керак. Шунингдек, ортиқча вазнга олиб келиши мумкин бўлган ширин таомлар ва ширинликларни кўп истеъмол қилишдан тийилиш тавсия этилади.

Баъзи диетологлар ифторлик таомини битта катта овқат ўрнига иккига бўлиб истеъмол қилишни маслаҳат беришади. Бу қондаги глюкоза миқдори кескин кўтарилишини бошқаришга ва ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар хавфини камайтиради.

Рўза тутиш соғлик учун фойдалими?

Умуман олганда, рўза тутишнинг соғлик учун фойдали эканлиги исботланган. Ҳаттоки, вақти-вақти билан рўза тутиш вазн йўқотишнинг оммалашган усулига айланган.

Вақти-вақти билан рўза тутиш нима ейиш кераклигига эмас, балки қачон овқатланиш кераклигига эътибор қаратади. Бу ҳар куни маълум соатлар давомида овқат истеъмол қилмасликдир.

Ғоя шундан иборатки, тана шакар захираларини сарфлаб бўлгач, ёғларни ёқишни бошлайди ва вазн камаяди. Бу жараён метаболик ўзгариш деб аталади.

Тадқиқотлар кўрсатадики, вақти-вақти билан рўза тутиш натижасида қон босими ва холестерин пасайиши, яллиғланишнинг умумий камайиши, инсулинга сезувчанлик яхшиланиши ва 2-турдаги қандли диабет хавфи камайиши каби соғлиқ учун фойдали таъсирлар кузатилади.

Ифторлик дастурхони

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Яқиндаги тадқиқот Рамазон ойида рўза тутиш ўпка, йўғон ичак ва кўкрак саратони хавфини сезирларли даражада камайтиришини кўрсатди

Яқинда ўтказилган тадқиқот кўрсатдики, Рамазон рўзаси ўпка, йўғон ичак ва кўкрак бези саратони хавфини сезиларли даражада камайтирган.

Рамазон рўзаси вақт билан чегараланган узлукли рўзанинг деярли барча хусусиятларига эга.

Яқинда "The American Journal of Clinical Nutrition" журналида эълон қилинган тадқиқот Рамазон рўзаси ижобий метаболик ўзгаришлар ва сурункали касалликлар хавфи камайишига сабаб бўлишини аниқлади.

Тадқиқот натижаларига кўра, Рамазон рўзаси ўпка, йўғон ичак ва кўкрак бези саратони хавфини сезиларли даражада камайтирган.

Диетолог Бриджит Бенеламнинг айтишича, одатда одамлар Рамазон ойида бир килограмм атрофида вазн йўқотади. Аммо у огоҳлантиради: агар ифторда ҳаддан ташқари кўп овқатлансангиз, аксинча, вазнингиз ортиши мумкин.

"Инсонларда кўпроқ овқатланишга табиий мойиллик бор. Танлаш имконияти қанча кўп бўлса, шунча кўп овқатланамиз. Албатта, турли хил таомлар билан тўла ифторлик дастурхони бунга ёрқин мисол," дейди у.

"Бор ҳамма нарсани ейишингиз шарт эмас. Шунинг учун танлаб ва секин овқатланинг."