Уйқумда бақириб юборардим: суриялик алавий аёллар ўғирланиши ва зўрланиш ҳақида сўзлаб бермоқда

- Author, BBC News Араб хизмати
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Диққат: Ушбу хабарда айрим ўқувчилар дилини хира қиладиган жинсий зўравонлик ва шафқатсизлик тафсилотлари мавжуд.
Рамия Сурия ғарбидаги Латакия вилоятидаги қишлоғида жазирама ёз кунида оилавий сайил учун тайёргарлик кўраётганда, оқ автомобил келиб тўхтаганини айтди.
Ундан учта қуролланган эркак тушиб, ўзларини ҳукумат хавфсизлик ходими деб таништирган ва ўсмир қизни машинага судраб олиб чиққан. Хавфсизлиги ва шахсини ҳимоя қилиш мақсадида исми ўзгартирилган бу қиз ўз кечмиши ҳақида Би-би-си Жаҳон хизматига сўзлаб берди.
Унинг айтишича, эркаклар уни калтаклаган, йиғлаб қичқира бошлаганида янада қаттиқроқ урган.
"Улардан бири менинг сунний ёки алавий эканлигимни сўради. Алавий деб жавоб берганим заҳоти улар эътиқодимни ҳақоратлашга тушди", дея қўшимча қилди у.
Рамия 2024 йил декабрда Башар Асад диктатураси ағдарилганидан бери ўғирлаб кетилгани хабар қилинган ўнлаб аёллардан биридир.
Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Сурия феминистик лоббиси" (СФЛ) ташкилоти оилалар, ОАВ ва бошқа манбалар орқали бедарак йўқолган 80 дан ортиқ аёл ҳақидаги маълумотларни қайд этганини билдирди. Ташкилот уларнинг 26 нафари ўғирлаш билан боғлиқлигини тасдиқлаган.
Бедарак йўқолганларнинг деярли барчаси Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этадиган ва ағдарилган президент мансуб бўлган шиаликнинг алавий мазҳабига мансуб аёллардир.

Сурат манбаси, Kenana Hendawi/Anadolu via Getty Image
Мазҳабий асосдаги зўравонлик
Икки алавий аёл ва яна уч нафарининг оила аъзолари ўғирлаш ва зўравонлик тафсилотларини Би-би-си билан бўлишди. Хавфсизлиги ва махфийликни сақлаш мақсадида уларнинг барча исмлари ўзгартирилди.
Уларнинг барчаси муваққат ҳукуматнинг полиция вазифасини бажараётган Умумий хавфсизлик хизмати тўлақонли тергов ўтказмаганини таъкидлади. Улардан бири айтишича, ўз бошидан ўтганларини хабар қилганида, ходимлар уни масхара қилган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ноябрь ойида 42 та ўғирлик ҳолати текширилгани, биттасидан ташқари ҳаммаси "сохта" эканини маълум қилганди. Би-би-си мурожаат қилганида, қўшимча изоҳ бермаслигини билдирди. Бироқ хавфсизликка алоқадор манба Би-би-сига ўғирлаш ҳолатлари бўлганини, жумладан, баъзиларида хавфсизлик хизмати аъзолари ҳам иштирок этганини ва улар ишдан бўшатилганини айтди.
СФЛ қайд этган ўғирлаш ва бедарак йўқолиш ҳолатлари 2025 йил февралидан декабрь ойи бошигача даврни қамраб олади. Бу воқеалар март ойидан олдин ҳам, кейин ҳам содир бўлган. Ўша пайтда соҳил ҳудудларида мазҳабий асосдаги зўравонлик оқибатида 1400 дан ортиқ одам, асосан алавий тинч аҳоли ҳалок бўлганди. Сунний исломчилар бошчилигидаги ҳукуматга содиқ кучлар Асад тарафдорларининг ҳалокатли ҳужумидан сўнг қасос олиш мақсадида қотилликлар уюштирганликда айбланган.
Асад режими элитасининг кўплаб аъзолари алавийлар эди, аммо мазҳабнинг бошқа аъзолари собиқ президентга қарши чиққани учун таъқибга учраган.
"Ўз жонига қасд қилишга уринишлар"
Рамия бурқага ўранишга мажбурлангани ҳақида гапирди. Уни ертўладаги хонага қамаб қўйишган, у ерда ётоқ ва устида гигиена буюмлари ҳамда презерватив турган шкаф бор эди.
Ўша ерда икки кун ушлаб турилган, бир марта қочишга уринган ва икки марта ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.
Мени тутиб турган шахс араб тилида равон гапирмайдиган "осиёча қиёфали эди", дейди у, унинг ниқобини ечиб, суратга олганини қўшимча қилар экан.
Рамиянинг айтишича, шу бинода яшовчи, ўзини ўша эркакнинг хотини деб таништирган аёл суратдан мақсад "сотиш нархини аниқлаш" бўлганини тушунтирган.
Унинг сўзларига кўра, аёл ундан олдин ҳам "кўплаб" аёллар ўғирлаб кетилгани, уларнинг баъзилари зўрланиб, қўйиб юборилгани, бошқалари эса "сотилгани"ни айтган.
Би-би-си ўғирланган аёллар сотилганини тасдиқлай олмади, аммо фаоллар хабар беришича, жабрланганлар уларни сотиш ёки мажбурий никоҳлаш билан таҳдид қилишганини сўзлаб беришган.
"Бир неча марта зўрланган"
Ўттиз ёшлардаги она Несма Би-би-сига айтишича, уни Латакия вилоятидаги қишлоғидан ойналари парда билан тўсилган фургонда олиб кетишган.
Телефонда унинг овози титраб чиқарди, у етти кун давомида саноат корхонасига ўхшаш жойда баланд деразали хонада ушлаб турилганини ва уч эркак унинг қишлоқдошлари ва собиқ тузум билан алоқаси бор-йўқлиги ҳақида сўроқ қилганини айтди.
Унинг айтишича, уларнинг барчаси ниқоб таққан ва сурияча араб лаҳжасида гаплашган. Улар унга "Алавия аёллари сабая бўлиш учун яратилган" дейишган. Бу "чўри" маъносини англатувчи эскирган арабча сўз бўлиб, баъзи исломий экстремистлар жинсий қул сифатида фойдаланиладиган аёлларни шундай атайди.

Сурат манбаси, Abdulvacit Haci Isteyfi/Anadolu via Getty Images
Асир олувчилар уни бир неча бор зўрлашган. У шундай деди: "Мен фақат ўлим ҳақида ўйлардим – ўлиб, боламни онасиз қолдиришдан қўрқардим."
Яна бир ўсмир қиз Лин калтаклаш, қурол билан қилинган таҳдид ва кундалик жинсий зўравонликка дучор бўлгани ҳақида гапирди унинг онаси Ҳасна Би-би-си билан суҳбатда.
Уни тутқун қилган эркак юзини яширган, араб тилида яхши гапира олмаган ва март ойидаги зўравонликларда алавийларни ўлдиришда қатнашгани билан мақтанган, деди Ҳасна.
"У бизнинг қизларимизни сабая деб атарди, чунки "улар Худога ишонмайди" дерди", дейди Ҳасна. Баъзи сунний экстремистлар алавийларни адашганлар деб ҳисоблайди.
Би-би-си, шунингдек, хотини Нур ўғирлаб кетилгани ва бир неча ҳафта давомида ушлаб турилганини айтган Али ҳамда ўсмир қизининг "кетма-кет 10 кун давомида" жинсий зўравонликка учраганини айтган она Сумая билан ҳам суҳбатлашди.
«Телефон орқали таҳдид»
Несма Би-би-сига айтишича, у ўғирлаб кетилганини хабар қилгани борганда, хавфсизлик ходимлари унга "масхара ва ҳурматсизлик билан" муносабат қилган: "Улар менга "сайилда бўлгандирсан-да" дейишди."
Рамиянинг айтишича, дастлаб полициячилар унинг иши билан шуғуллангандек кўринган, аммо уни ўғирлаган шахс аниқлангач, қўнғироқларига жавоб бермай қўйишган. Оила аъзоларига телефон қилиб, бу ҳақда "гапирсангиз, бадалини ўтайсиз" деб таҳдидлар қилишган. Шу сабабли улар мамлакатдан қочишга мажбур бўлишди.
Али Би-би-сига шундай деди: "Улар ўғрини ҳибсга олишди, аммо кейин нима бўлганини билмаймиз". У ўғри қўйиб юборилишидан ва ўзларини "таъқиб қилишидан" қўрққани ҳақида гапирди.
Линнинг онаси айтишича, қизи хавфсизлик ходимлари томонидан бир неча бор "қизиқиш ва ҳамдардлик билан" сўроқ қилинган, аммо бир неча ой ўтса ҳамки, тергов натижаларидан дарак йўқ. Сумая содир бўлган воқеа ҳақида хабар берганини, бироқ ҳеч қандай янгилик олмаганини айтди.
Ноябрь ойида Умумий хавфсизлик хизматини назорат қилувчи Сурия Ички ишлар вазирлиги 42 та одам ўғирлиги ҳолати бўйича матбуот анжумани ўтказди.
Вазирлик матбуот котиби Нуриддин ал-Бобонинг айтишича, фақат битта ҳолат "ҳақиқий ўғирлик" бўлган. Унинг сўзларига кўра, қолганлари "ихтиёрий қочиш", "қариндошлари ёки дўстлари билан қолиш", "оиладаги зўравонликдан қочиш", "ижтимоий тармоқларда ёлғон даъволар" ёки "фоҳишалик ва товламачилик билан шуғулланиш" деб изоҳланган, тўрттаси эса "айбдорлар қамалган жиноий ҳуқуқбузарликлар" экан.
У вазирлик бундай хабарларга "ўта жиддий ва масъулият билан" ёндашганини таъкидлади.
Ноябрь ойи охирида Би-би-си тўпланган маълумотларга муносабат олиш учун вазирлик билан боғланди. Вазирлик бошқа изоҳ бермаслигини айтди.

Сурат манбаси, OMAR HAJ KADOUR/AFP via Getty Images
Қирғоқбўйи ҳудудидаги хавфсизлик манбаси Би-би-сига анонимлик шарти билан шундай деди: "Баъзи шахслар молиявий товламачилик, ўзбошимчалик ёки аввалги тузум давридан қолган шахсий сабаблар туфайли одам ўғирламоқда."
Унинг сўзларига кўра, бундай шахслар орасида Умумий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам бор. "Баъзи офицерлар одам ўғирлашни қасос сифатида кўради, – деди у. – Айрим ҳолатлар фош этилиб, айбдор ходимлар дарҳол ишдан бўшатилди."
Би-би-си билан суҳбатлашган тўрт нафар аёл ва уларнинг оила аъзолари ўғриларнинг кимлигини билмасликларини айтишди. Биттаси билишини, аммо у хавфсизлик хизматидан эмаслигини айтди. Иккитаси жамоатчилик босими туфайли қўйиб юборилганини, қолганлари эса нима учун озод қилинганини билмасликларини айтишди.
"Жазосизлик муҳити"
Ular menga "Alaviy ayollari sabaya bo‘lish uchun yaratilgan" deyishdi. Men faqat o‘lim haqida o‘ylardim – o‘lib, bolamni onasiz qoldirishdan qo‘rqardim.
Июль ойида Халқаро Амнистия ташкилоти уч ёшдан 40 ёшгача бўлган камида 36 нафар алавий аёл ва қизлар ўғирлангани ҳақида ишончли хабарлар олганини, саккизта ҳолатни батафсил ҳужжатлаштиргани ҳақида маълум қилди.
Ташкилотнинг минтақавий директори ўринбосари Кристин Беккерле Би-би-сига берган интервьюсида, улар ҳужжатлаштирган "деярли барча" ҳолатларда оилалар "тергов натижаси бўйича ҳеч қандай тайинли маълумот олмагани ҳақида" гапирган.
Германияда истиқомат қилувчи суриялик ҳуқуқ ҳимоячиси ва ёзувчи Ямен Ҳусайннинг фикрича, омон қолганларнинг ҳикоялари ўғирлашлар "мағлуб томонни таҳқирлашга асослангани" ва "алавий аёллар орасида қўрқув уйғотиш" кўзланганини кўрсатади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Бироқ, унинг қўшимча қилишича, "умумий жазосизлик муҳити" ҳеч қандай мафкуравий мақсади бўлмаган гуруҳларни ҳам одам ўғирлашга рағбатлантирган.
СФЛ маълумотларига кўра, оз сонли друз ва сунний аёллар ўғирлаб кетилгани хабар қилинган, аммо кейинчалик улар озод қилинган. Ташкилот маълумотига кўра, 16 нафар аёлдан – уларнинг барчаси алавийлар – ҳануз дарак йўқ.
Би-би-си суҳбатлашган оилалар ҳамон қўрқиб яшамоқда – улар гапирганлик учун қасосдан ҳам, жинсий таҳқирланганлик билан боғлиқ ижтимоий исноддан ҳам қўрқмоқда.
Лин доим хавотирда яшайди, эшик тақилласа юраги ўйнайди, дейди онаси. Несманинг турмуши барбод бўлди. "Уйқумда бақириб юборардим", дейди Рамия. У терапевтга мурожаат қилаётганини, аммо ҳали ҳам ухлашга қийналаётганини ва "таскин тополмаётганини" айтди.
Алининг Би-би-сига айтишича, у ва Нур адолат излашдан жуда қўрқишган. Сумая эса қизи мактабга қайтганини, аммо "атрофдаги ҳеч ким бўлиб ўтган воқеадан хабардор эмаслигини" айтди.
"Бизга нима бўлганини инкор этмаслигимиз, шу билан бирга ўзимизни хавф остига ҳам қўймаслигимиз керак", дейди у.

























