Сурия: Ўзбек жангарилари ҳам қайта кучайдими? Видео

Видео тагсўзи, "Тавҳид ва Жиҳод" ҳамда "Имом Бухорий" катибаси ўз вақтида Сурия ҳамда Ироқда ўзининг Исломий Халифалигига асос солган ИШИД билан бирга ўзбеклар Яқин Шарқда жанг қилгани айтилган учта гуруҳдан иккитаси сифатида тилга олинган.
    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, bbc.com/uzbek
  • Ўқилиш вақти: 11 дақ

Саноқли кунларнинг ўзида яна Россиянинг фаол ҳарбий аралашувига сабаб бўлган ва Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалабнинг исёнчилар қўлига ўтишига олиб келган қақшатқич жанглар Ўзбек жангари гуруҳларининг тақдирига оид саволларни қайта кун тартибига олиб чиқди. Асосан Ўзбеклардан ташкил топгани айтилувчи “Тавҳид ва Жиҳод” ҳамда “Имом Бухорий” катибаси 2010-йиллар ўрталарида Суриядаги бугунги жанглар марказида турган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”нинг иттифоқчилари ва қўлловчилари сифатида кўрилишган. Уларнинг ҳам “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” каби айнан Ҳалаб ва Идлибда бошпана топиб келганликлари ишонилган. Бугун бу икки гуруҳ “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” билан бир сафда жанг қилаётган бўлиши мумкинми? Сўнгги кенг кўламли ҳужумлар Сурияда жон сақлаб келаётган қолган исёнчи гуруҳларнинг ҳам қайта кучайишга муваффақ бўлганига далолат қиладими?

Алоқадор мавзулар:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Бизга аъзо бўлинг:
"Ҳаёт Таҳрир аш-Шом" жангарилари

Сурат манбаси, HTS propaganda

Сурат тагсўзи, "Ал-Қоида" тармоғи билан алоқасини узганидан кейин ўзини "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом", деб қайта номлаган "Ал-Нусрат жабҳаси" Асад тузумига қарши курашаётган исёнчи ва жангари гуруҳлар орасидан энг жанговар ва ҳалокатлиларидан бири сифатида кўрилган.

Қўлловчилар ва иттифоқчилар...

“Тавҳид ва Жиҳод” ҳамда “Имом Бухорий” катибаси ўша пайтда Сурия ҳамда Ироқда ўзининг Исломий Халифалигига асос солган ИШИД билан бирга ўзбеклар Яқин Шарқда жанг қилгани айтилган учта гуруҳдан иккитаси сифатида тилга олинган.

Агар, айрим етакчи халқаро экспертларнинг баҳоларига таянилса, дастлаб Афғонистонда бўй кўрсатган Ўзбек жангарилиги айнан Сурия инқирози сабаб, Яқин Шарқда бошқа бир қиёфада намоён бўлган.

Уларга кўра, ўзбек жангарилари “Имом Бухорий” катибаси номи остида энг йирик гуруҳлардан бирига айланишган.

Аммо 2014 йилга келиб, гуруҳ сафларида парчаланиш юз берган. Бу жангарилардан айримлари ИШИДга қўшилишган. Бошқалари эса, кейинчалик суиқасд қурбонига айланишган.

Катиба лидери (амири) Шайх Салоҳиддин Ўзбекий ҳам ўлдирилганига оид хабарлар олинган.

2018 йилда АҚШ Давлат департаменти “Имом Бухорий” катибасини ўзининг халқаро террорчилар рўйхатига киритган. Давлат департаменти ўшанда уларни “ал-Қоида”нинг иттифоқчиси ва Яқин Шарқдаги ўзбек жангариларидан иборат энг катта гуруҳга нисбат берган.

“Тавҳид ва Жиҳод” гуруҳи аъзоларининг аксарияти эса, қирғизистонлик ўзбеклар, деб ишонилган.

2014 йилда гуруҳ етакчиси Абу Салоҳ ўзларининг “ал-Қоида”га байъат келтирганликларини эълон қилган.

Аммо орадан беш йил ўтиб, “Тавҳид ва Жиҳод” гуруҳи лидерининг ўзгарганига оид хабарлар олинган.

Гуруҳнинг Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида фаол экани айтилган.

Аммо экспертлар ҳар икки гуруҳ мисолида ҳам улар аъзоларининг аниқ сонини айтиш имконсиз эканлигини таъкидлаб келишган.

ИШИД жангарилари

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Ўз вақтида ИШИД сафларида дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан ўн минглаб хорижий жангарилар жанг қилишган.

Ўзбек жангарилари

Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбекистонлик жангариларнинг сонига оид сўнгги рақамлар эса, ИШИД мисолида 2017 йилнинг охирида эълон қилинган.

Ўшанда Американинг “Soufan” тадқиқот маркази уларнинг сонини 1500 та эканини қайд этган.

Ўзбекистонлик жангарилар постсовет ҳудуди назарда тутилганда, россияликлардан кейин иккинчи йирик рақамни ташкил этганликлари кўрилган.

Ҳарбий экспертлар ҳар уч жангари гуруҳ аъзолари орасида ўтмишда Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида Афғонистонда жанг қилган ўзбеклар оз эмаслигини таъкидлашган.

Орада эълон қилинган бошқа халқаро ҳисоботларда эса, Яқин Шарқда жанг қилган Марказий осиёлик жангариларнинг кўпчилиги ҳам айнан ўзбекларга нисбат берилган.

Аммо ўшанда уларнинг аниқ қай бир давлат фуқаролари эканликлари бу каби ҳисоботларда очиқланмаган.

ИШИД мавҳ этилиб, Исломий Халифати қулаши, Ироқ, Сурия ҳукуматларининг ўз иттифоқчилари ва уларга кўмакка келган халқаро коалиция кучларининг ҳужумлари остида 2010-йиллар якунига келиб, ўз мамлакатлари назоратини деярли ўз қўлларига олишлари манзарасида эса, ўзбек жангариларининг сўнгги тақдири ноаён қолган.

Аксарият халқаро экспертлар томонидан айнан Ҳалаб ва Идлиб улар ҳам Яқин Шарқда бошпана топган сўнгги ҳудудлар сифатида ҳам тилга олинган.

Орада курдларнинг Сурияда фаолият олиб борувчи Миллий мудофаа отрядлари асир олган жангарилар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлигига оид хабарлар ҳам олинган.

2019 йилда Сурия илк бор ўз ҳудудида жанг қилган ўзбекистонлик жангариларни ҳам ортга қайтариш истагини билдирган.

Бу ҳақда Сурия курдларининг Москвадаги расмий вакили Ршад Биенаф Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги билан суҳбатида айтган.

Унинг сўзларидан ўзбекистонликлар Суриядаги курдлар асир олган мингдан ортиқ жангари орасида бўлишгани маълум бўлган.

Вакил ўшанда курдлар бу жангариларни ўз мамлакатларига қайтаришга тайёр экани, аммо "бу давлатлар аксариятининг ҳукуматлари эса, ўз фуқароларини ортга қайтариб олишга шошилишаётгани йўқ"лигини баён қилган.

Аммо шу ўринда унинг Ўзбекистон ҳукуматини ҳам кўзда тутган-тутмагани ва Сурия курдларининг бу истагига расмий Тошкентнинг ҳам муносабати ноаён қолганди.

Сурия жамлоғи: Болаларни ИШИД ғояларида тарбиялашаяпти - видео

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

ИШИД жангарилари

Сурат манбаси, Manbar.me

Сурат тагсўзи, 2010-йиллардаги дастлабки инқироз пайтида эса, аксарият етакчи экспертлар айнан Сурияни назарда тутаркан, Ўзбеклари илова у ерда жанг қилган хорижий жангариларнинг тақдири, уларнинг ортга, ўз она Ватанларига қайтиш-қайтмасликлари мазкур мамлакатдаги сиёсий ва ҳарбий вазиятнинг қандай якун топиши, узоқ йиллик бўҳроннинг қандай ечим топишига боғлиқ бўлишини таъкидлашганди.

Исёнчи гуруҳлар

Омон қолган ва Идлибдан бошпана топган бу жангариларни ким қурол-яроғ, ўқ-дори билан таъминлаётгани, улар, таъбир жоиз, қандай қилиб жон сақлашга муваффақ бўлишаётгани саволига келганда эса, орада Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган айрим халқаро экспертлар бунинг тагига етиш жуда муҳим масалалардан бири эканини таъкидлашган.

Экспертлар Сурия ичкарисидаги жангари гуруҳлар асосан хорижлик ҳомийларига орқа қилиб келишгани, аммо асосий манбаси Суриянинг ичкарисида эканини айтишаркан, бунинг сабабини уруш, жанг шароитида қурол-яроғ ва уларни сотиб олиш учун лозим маблағнинг ўз-ўзидан айланавериши билан изоҳлашган.

Шунинг баробарида, бу масалани чуқур тадқиқ қилмасдан туриб, тагига етиш, аниқ бир нима дейиш қийинлигини ҳам эътироф этишган.

Суриянинг шимоли, шимоли-шарқи ва шимоли-ғарбидаги ўттиз фоизча ҳудуд ҳозир ҳам ғоялари ва Туркия бўладими, АҚШ, ИШИД ёки “ал-Қоида” - қўлловчилари турлича, аммо барчасининг мақсади Асад режимини ағдариш экани айтилувчи исёнчи кучлар назорати остида.

Суриянинг саҳроларида эса, ҳалиям ИШИД жангариларини учратиш мумкинлигини айтилади.

Би-би-си суҳбатлашган айрим экспертга кўра, Сурияда ИШИД жангари гуруҳининг аъзолари бўлган ўзбек жангарилари ҳам ҳали-ҳануз топилади.

Асад ҳукуматининг бу минтақалар назоратини ҳам ўз қўлига олиш уринишлари яқин-яқингача иш бермаган, вазият боши берк кўчага кириб қолиши ортидан, 2020 йилда томонлар Россия ва Туркия воситачилигида Идлиб шимоли-ғарбида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олишган ва бу келишув шу пайтгача амалда бўлган.

Аммо исёнчи кучлар орасидан айнан “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” қолган барча рақибларидан устун келиб, Ҳалаб ва Идлибда ўзининг мавқеини мустаҳкамлаб олган, ҳатто ҳудудни бошқариш учун ўзининг “Сурия Нажот ҳукумати”га асос солган ягона гуруҳ сифатида номи тилга олинган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Суриянинг икки асосий иттифоқчиси саналувчи Россия ва Эрон ўзлари бош қўшган урушлар билан банд ва улар натижасида бир қадар заифлашган бир пайтга тўғри келган.

Шундай экан, асосан Ўзбеклардан ташкил топгани айтилувчи бу икки гуруҳ – “Тавҳид ва Жиҳод” ҳамда “Имом Бухорий” катибаси бугун “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” билан бир сафда жанг қилаётган бўлиши мумкинми? Сўнгги кенг кўламли ҳужумлар Сурияда жон сақлаб келаётган қолган исёнчи гуруҳларнинг ҳам қайта кучайишга муваффақ бўлганига далолат қиладими?

Би-би-си Ўзбек хизмати Суриядаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида шу ва яна бошқа қатор саволлар билан BBC Monitoring нинг жиҳодчи медиа бўйича мутахассиси Мина ал-Ламийга мурожаат қилди:

Mina al Lamiy
skrinshot
O‘zbek guruhlari juda yashirin, o‘zlarini ataydan yashirishadi, muloqotdan tiyilishadi. Hatto mustaqil media vositalari yo‘q. Faoliyatlari haqida deyarli xabar berishmaydi.
Mina al-Lamiy
BBC Monitoring ning jihodchi media bo‘yicha mutaxassisi (batafsil: bbc.com/uzbek da)

Мина ал-Ламий: 27 ноябр куни “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги бир қанча исёнчи гуруҳ Ҳалабни босиб олиш мақсади билан Сурия шимолида кенг кўламли ҳужумга ўтди. Кейин ҳужумлари миқёсини янада кенгайтирди. Ҳама ва Идлибга ҳам юриш қилди. Ҳужумларидан мақсад эса, Суриянинг муҳим вилоятлари назоратини Асад ҳукуматидан қайтариб олиш. Юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, бу ҳужумларга “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилик қилмоқда. “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ўз вақтида “ал-Қоида”нинг Суриядаги тармоғи бўлган. Аммо 2016 йилда “ал-Қоида” билан алоқаларини узган. Ўшандан буён маҳаллий аҳоли билан тил топишиш, АҚШ бошчилигидагиси бўладими ёки бошқа, турли халқаро коалициялар ҳужумларининг нишонига айланмаслик учун ўзини кўпроқ исёнчи, миллатчи гуруҳ сифатида тақдим этишга ҳаракат қилиб келади.

Савол: Сурияда “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”ни қўллаган ёки унинг иттифоқчиси бўлган аксарияти ўзбеклардан иборат икки жангари гуруҳ “Тавҳид ва Жиҳод” ва “Имом Бухорий” катибаси ҳам жанг қилган. ИШИД мавҳ этилганидан сўнг, уларнинг айнан Ҳалаб ва Идлибдан бошпана топганликлари айтилган. Ҳозир бу икки асосан ўзбеклардан иборат жангари гуруҳи “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” билан бирга жанг қилаяпти деб айта оламизми? Бу гуруҳнинг сўнгги тақдири ҳақида нималар маълум?

Мина ал-Ламий: Сурия, хосан Идлибда жанг қилган хорижий бўлинмаларнинг аксарияти “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”га қўшилиб кетган. Улар “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” шамсияси остида жанг қилиш ёки Идлибни тарк этиш танлови қаршисида қолдирилган. Агар кичикроқ хорижий жангари гуруҳлар мисолида айтадиган бўлсак, улардан айримлари “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” томонидан қамоққа ташланган. Аммо улардан кўпчилиги тарқатиб юборилган ва “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” томонидан ўзига қўшиб олинган. Демак, Сурияда Ўзбек гуруҳлари мавжуд бўлса, улар катта эҳтимол билан “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” байроғи остида жанг қилишмоқда.

Савол: Бу икки жангари гуруҳнинг бугунги қудрати, лидерлари ва аъзоларининг сони ҳақида нима дея оласиз? Улар қанчалик кучайишга муваффақ бўлган? Агар муваффақ бўлган бўлса, қандай қилиб? Марказий Осиё ёки постсовет ҳудудига қанчалик таҳдид солиши мумкин?

Мина ал-Ламий: Бу Ўзбек гуруҳлари қанчалик катта ва уларнинг ресурслари қандай эканлигини аниқ айтиш жуда қийин. Чунки улар жуда яширин, ўзларини атайдан яширишади, мулоқотдан тийилишади. Ҳатто ўзларининг мустақил медиа воситалари ҳам йўқ. Амалиётлари ёки фаолиятлари ҳақида деярли хабар беришмайди. Умуман олганда эса, ўзининг байроғи остидаги барча бўлинмалар ва жангарилар номидан “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” баёнотлар бериб келади. Аммо у ҳам хорижий бўлинмалар ҳақида гапиришдан ўзини олиб қочади. Чунки халқаро ҳамжамият ва Америка Қўшма Штатлари ўзининг сафларида хорижий жангарилар борлигини билса, мамнун бўлмаслигини билади. Шунинг учун, менимча, Ўзбек гуруҳлари ҳам, “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ҳам ўзларининг оммавий ахборот воситаларида улар ҳақида атайдан гапиришмайди. Шунинг учун ҳам уларнинг қудрати, фаолияти ва ўз давлатларига қандай таҳдид солишлари ҳақида аниқ бир гап айтиш қийин.

Савол: “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”га Суриядаги муҳим вилоятлар назорати нега айнан ҳозир керак бўлиб қолди? Нега айнан бугунга келиб, гуруҳ бу каби қарши ҳужумга ўтди?

Мина ал-Ламий: Идлиб асосан “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”нинг қўлида. Гуруҳ Ҳалаб муҳим бўлгани учун, йилларки, уни ўз назорати остига олишга ҳаракат қилиб келади. Чунки Ҳалаб Туркияга чегарадош. Ўзаро чегарада муҳим назорат-ўтиш нуқталари жойлашган. Улар орқали гуруҳга яхши тушум келиши мумкин. Шунинг учун ҳам “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бу ҳудудларда олдинга силжиш илинжида. Аммо яқин-яқингача уларнинг бу уринишлари иш бермаган. Чунки бошқа рақиб гуруҳлар “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” билан ҳамкорликка боришмаган. Улар “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ҳамиша ўзларига душман, деб билишган. Бизни ўзига бўйсиндириш истагида, деган хаёлда бўлганлар. Шунинг учун ҳам бу гуруҳлар “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”га қўшилишдан бош тортиб келишган. Ҳозирги катта фарқ шундаки, “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” Ҳалабдаги ҳукумат назорати остидаги ҳудудларни босиб олиш учун бу гал рақиб гуруҳларни ҳамкорликка кўндиришга алал-оқибат муваффақ бўлган. Улар биргина Ҳалаб билан кифояланмай, ҳозир унга яқин Ҳамага ҳам кўз тикишган. Кейин эса, эҳтимолки, Туркиянинг қўллови билан Ҳалабнинг курдлар назорати остидаги ҳудудларига юриш қилишади.

Савол: “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” Сурияда ўз вақтида ИШИД асос солгани каби Исломий Халифат барпо этиш ёки уни қисман қайта тиклаш истагида бўлиши мумкинми? Шундай дейишимиз қанчалик асосли бўлади?

Мина ал-Ламий: Йўқ. “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ИШИДга ўхшамайди. Чунки “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”, йилларки, уларнинг қаттиқ жиҳодий асосларига орқа ўгириб келган. Гуруҳ ИШИДни ҳам, “ал-Қоида”ни ҳам қоралаган. Ўзининг улар билан алоқаларини ўзганлигини ҳам эълон қилган. “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ўзи истаган ҳудудларни қўлга киритган тақдирда, ИШИД каби қаттиқ Шариат талаблари асосида бошқарилувчи исломий давлат барпо этмаса-да, бошқаруви қандай бўлмасин, у исломий хусусиятга эга бўлади. Чунки “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”, барибир, исломчи гуруҳ ва ўзининг назорати остидаги ҳудудларда Шариат бошқарувининг қандайдир шаклини ўрнатиш, жорий этишни истайди.

Савол: Бугун бўй кўрсатиб турган сўнгги қуролли можарога ҳам дипломатик, сиёсий йўл билан барҳам этишга даъватлар янграмоқда. Сизнингча, бу галги низо қандай ечим топади? Бу уч жангари гуруҳнинг кейинги тақдири нима бўлади? Дунё, Яқин Шарқ, айниқса, Марказий Осиё ва қолган постсовет ҳудуди назарда тутилганда, улар бундан кейин ҳам таҳдид ўчоғи сифатида қолиши мумкинми?

Мина ал-Ламий: Менимча, бу кўп жиҳатдан келаси бир неча кун ёки ҳафталар ичида воқеалар ривожи қандай тус олиши, бундан ташқари, Суриянинг асосий қўлловчилари – Россия ва Эроннинг нима қилишига боғлиқ бўлади. Улар Башар ал-Асад ҳукуматини қаттиқ қўллаб, исёнчи ёки исломчи гуруҳларни ортга қайтаришга ёрдам беришадими ёки бирлари Украина, бошқалари Ғазо уруши билан банд экан, уни дастаклашга қўллари калтаклик қиладими? Агар “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” Сурияда кенгаядиган бўлса, бу хавфсизлик бўшлиғини юзага келтириши мумкин. Бу каби ҳолат эса, ҳудудда ИШИДнинг ҳам қайта бўй кўрсатишига имкон бериши мумкин. Чунки ИШИД Сурия шарқи ва марказида аллақачон ташланиш ва яна бош кўтаришга шай. Шунинг учун ҳам, менимча, воқеалар шу каби тус олса, ИШИДнинг ҳам ундан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилиши тайин. Аммо, фикримча, у қолган исёнчи гуруҳлар билан ҳамкорликка бормайди. Бир мамлакат исломчи жангари гуруҳлар назорати остида бўлса, сўзсизки, қўшни давлатлар, хорижий жангарилар келиб чиққани илова минтақа учун кўпроқ потенциал хавф мавжуд бўлади.

Савол: Агар бу галги можаро ҳам муроса йўли билан ечим топса-чи, у ҳолда нима бўлади? Қайта сулҳ эҳтимоли қанчалик ҳақиқатга яқин?

Мина ал-Ламий: Бу борада нима бўлишини айтиш қийин. Туркия билан Сурия ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашаётгани ёки исёнчилар билан қандайдир эришувга эришилгани ҳақидаги гаплар чиқди. Аммо уларнинг ҳеч бири ҳақиқатда амалга ошмади. Шунинг учун ҳам, бу жуда қийин. Айни ўринда Туркиянинг мавқеи жуда муҳим. Агар Туркия исёнчиларни очиқча қўллашга ўтса, шунда улар жиддий сиёсий фойда олиш учун кўпроқ имкониятга эга бўлишлари мумкин. Аммо Туркия ҳозирча исёнчиларнинг Сурия шимолидаги олға силжишларига ўзининг ҳеч бир алоқаси йўқлигини айтиб турибди.

Асад тузуми исёнчиларга қарши: Россия ва Эрон ёрдам берадими видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 3
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 3

"Ҳаёт Таҳрир аш-Шом" жангарилари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ИШИД мавҳ этилиб, Исломий Халифати қулаши, Ироқ, Сурия ҳукуматларининг ўз иттифоқчилари ва уларга кўмакка келган халқаро коалиция кучларининг ҳужумлари остида 2010-йиллар якунига келиб, ўз мамлакатлари назоратини деярли ўз қўлларига олишлари манзарасида эса, ўзбек жангариларининг сўнгги тақдири ноаён қолган.

Буёғи нима бўлади?

Агар, минтақадан олинаётган сўнгги хабарларга таянилса, “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ва ҳамкорларининг бу яқин ўн йилликда кўрилмаган амалиётлари манзарасида Сурия кучлари Ҳалабда қаайта ҳужумга ўтишга ҳозирлик кўришмоқда ва минтақада ўзларининг “ҳимоя чизиқларини ҳам мустаҳкамлашган”.

Суриянинг Яқин Шарқдаги яқин иттифоқчиси бўлган Россия эса, ўзининг мўлжалга аниқ қаратилган ҳужумларига янада зўр берган.

Расмий Дамашқ қўшинлари қатор шаҳарлар назоратини яна ўз қўлларига олишгани, исёнчиларнинг йўлини кесишга муваффақ бўлишгани ва улар минтақани тарк этишаётганига оид даъволар билан ҳам чиққан.

Россия каби Эрон ҳам “Сурия ҳукумати ва Қуролли кучларини қаттиқ қўллаши”ни баён қилган.

2010-йиллардаги дастлабки инқироз пайтида эса, аксарият етакчи экспертлар айнан Сурияни назарда тутаркан, Ўзбеклари илова у ерда жанг қилган хорижий жангариларнинг тақдири, уларнинг ортга, ўз она Ватанларига қайтиш-қайтмасликлари мазкур мамлакатдаги сиёсий ва ҳарбий вазиятнинг қандай якун топиши, узоқ йиллик бўҳроннинг қандай ечим топишига боғлиқ бўлишини таъкидлашганди.

"Ўзбекистонга қайтиш-қайтмасликлари масаланинг геосиёсий жиҳати билан боғлиқ. Чунки, яхши биласиз, Россия Сурия масаласига жуда фаол бош қўшган. Улар ортга қайтиш ниятида бўлган бу каби жангариларни назоратсиз қолдирмасликлари аниқ. Шу боис ҳам, менимча, бу имконсиз бир иш. Бошқа томондан, жангарилар ўз ғояларидан воз кечмасликлари, қайтиб, Ўзбекистонда жанг қилиш каби бир мақсадларини фарзандлари онгига сингдиришлари ҳам мумкин. Аммо логистик, геосиёсий нуқтаи назардан улар бунга қанчалик имконли бўлишади, бунга аниқ жавоб бериш қийин. Бундан ташқари, ўзбек жангарилари аниқ Афғонистонга кетишади, деб ҳам ҳеч ким айтолмайди. Балки, улардан айримлари Суриянинг ўзида қолар. Бошқалари, у ерда ўзбеклар борлигини назарда тутиб, Туркияга йўл солар. Яна бирлари Ўзбекистонга ҳам қайтишга уриниб кўришар, балки...", дея ўз фикрлари билан ўртоқлашганди, жумладан, ўша пайтда Би-би-сининг Би-би-сининг Яқин Шарқ ва Шимолий Кавказдаги жангари гуруҳлар бўйича эксперти бўлиб фаолият олиб борган Мурад Батал Шишаний.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил сентябрь ойида афв тўғрисида махсус фармон қабул қилган.

Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутади.

Унинг қабул қилиниши ортидан, қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.

Орада айрим Ғарб нашрларида бўй кўрсатган хабарларга таянилса, ҳозирга қадар Ироқ қамоқларида сақланган Марказий Осиёлик жангари эркаклар ва аёллар судланиб, жазога тортилган.

Ироқ қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган фуқаролари борасида расмий Тошкентнинг муносабати ҳозирча имконли эмас.

Яқин Шарқдаги ўзбекистонлик жангарилар оилалари ва фарзандларини ортга қайтариш учун Ўзбекистон президентининг ташаббуси билан амалга оширилган "Меҳр" инсонпарварлик амалиёти ортидан, Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи бу инсонларни Сурияга нима етаклагани саволини очиқча кун тартибига ҳам олиб чиққан.

"Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган?", - деяркан, "Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!", - дея бунда, таъбир жоиз, "ўз айблари"ни ҳам ишкора эътироф этган.

"Биз ҳаммамиз бу ҳолатни чуқур ўйлашимиз керак", - деганди Ўзбекистон Президенти Мирзиёев.

Бу каби ошкора эътироф мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилгани билан ўшанда четдаги кўпчиликнинг эътиборини ҳам ўзига тортган.

Унгача матбуотда Сурия ва Ироқдан қайтган қатор собиқ жангариларга Ўзбекистонда узоқ йиллик қамоқ жазолари берилганига оид хабарлар ҳам кўрсатган.

Ўзбекистон президенти фармони қабул қилиниши ортидан, аниқ қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.

Мавзуга алоқадор: