Яқин Шарқ: Суриядаги ўзбек жиҳодчиларининг раҳбари ўзгарди

Сурат манбаси, BUHORIY.COM/
Суриядаги "Ҳаёт Таҳрир-уш-Шом" гуруҳи билан бирга ҳаракат қиладиган асосан ўзбеклардан иборат "Тавҳид ва Жиҳод катибаси"га янги раҳбар тайинланган.
Бу ҳақда жиҳодий гуруҳ ўзининг Телеграм каналида хабар бермоқда.
Би-би-си Мониторинг хизмати ўрганган хабарда айтилишича, гуруҳнинг "Абу Салоҳ" номи билан билинган (ҳақиқий исми Сирожиддин Мухтаров) раҳбари ўз ваколатларини "Абдулазиз" исмли шахсга топширган.
Сўнгги олти йилда гуруҳга раҳбарлик қилиб келган Абу Салоҳ асли ўшлик деб ишонилади.
Унинг ўз ихтиёрига кўра раҳбарликдан истеъфо бергани айтилган.
12 апрель куни гуруҳнинг Телеграм каналида тарқатилган баёнот "Тавҳид ва Жиҳод катибаси" вебсаҳифаси ва Инстаграм каналларида ҳам жойлаштирилган.
Янги раҳбар - Шайх Абдулазизнинг жиҳодга ўзини бағишлагани тва етарли тажриба ҳамда илмга эга экани таъкидланган.
Баёнотда гуруҳ аъзолари Шайх Абдулазизнинг буйруқларига бўйсунишга даъват этилади.
"Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи аъзоларининг аксари қирғизистонлик ўзбеклар деб ишонилади.
2014 йилда гуруҳ етакчиси Абу Салоҳ "Ал-Қоида"га байъат берганини эълон қилганди.
Гуруҳ Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида фаол экани айтилади.
Сурия ва Ироқдаги ўзбек жангариларининг учта гуруҳи маълум.
Уларнинг сони бир неча юз кишини ташкил этиши айтилади.
Сурия ва Ироқдан қайтган қатор собиқ жангариларга Ўзбекистонда узоқ йиллик қамоқ жазолари берилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












