Марказий Осиё ва Дунё: ИШИДнинг кейинги нишони ким? O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

ISHID Jangarilari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўз вақтида ИШИД Хуросон қаноти жангариларининг сони минглаб экани айтилган.
    • Author, Фрэнк Гарднер
    • Role, Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири

ИШИД 10 йилдан бери ҳамон хавф - унинг галдаги нишонида ким?

Алоқадор мавзулар:

Ўзини "Исломий Давлат" (ИД, баъзида ИШИД - Ироқ ва Шом Исломий Давлати) деб эълон қилган гуруҳ ўз халифалигини эълон қилганига 10 йил бўлди, буни унинг асосчиси Абу Бакр ал-Бағдодий Мосулдаги Нури масжидидан дунёга эълон қилганди.

Арабча ИШИД ёки Даиш номи билан ҳам танилган бу гуруҳ Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудларини эгаллаб, ўзининг қаттиқ шариатини жорий қилган, шафқатсиз жазолар ва қотилликларни амалга оширган, кейин эса видеоларни интернетга жойлаштирган эди.

Кейинги беш йил ичида ИШИД дунёнинг турли бурчакларидан минглаб жиҳодчиларни ўзининг утопик исломий халифалигига жалб қила олди. Аслида, ҳаётда ҳаддан ташқари зўравонлик ҳукмрон эди: шаҳар майдонлари панжараларига кесилган бошлар, патруллик қилувчи "ахлоқ полицияси" томонидан доимий таъқиблар ва АҚШ бошчилигидаги коалициянинг ҳаводан ҳужумлари...

70 дан ортиқ давлатдан иборат ушбу коалиция 2019 йилда ИШИДни Сурия шарқидаги Бағуздаги сўнгги бошпанасидан ҳайдаб чиқарди. Халифалик ҳудуди энди йўқ эди, лекин мафкура сақланиб қолди.

Хўш, бугун ИДга нима бўлди?

Iqtibos

Заифлашди, лекин йўқолмади...

Британия ҳукуматининг юқори мартабали мулозими гуруҳ мақомини "заифлашган, аммо йўқолмаган" деб тавсифлайди. Унинг камайиб бораётган раҳбарияти Сурияда қолмоқда, аммо ИД бир неча қитъалар бўйлаб ўз таъсирини кенгайтирди.

Унинг номидан амалга оширилган ҳужумларнинг асосий қисми ҳозир Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубида содир бўлмоқда. Европа ва Яқин Шарқда унинг энг хавфли тармоғи ИШИД-Хуросон шўъбаси бўлиб, бу йил Москва ва Эроннинг Кирмон шаҳарларида содир этилган оммавий хуружларда айбланмоқда.

ИШИД-Хуросон Афғонистон ва Покистон шимоли-ғарбида жойлашган бўлиб, Афғонистондаги ҳукмрон Толибонга қарши исён кўтарган.

Tolibon jangarilari

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Толибон Афғонистонда ИШИД жангариларига қарши курашиб келади

Толибон ўзининг экстремал шариат версиясини жорий этгани, аёлларнинг ишлаши ва ҳатто тегишли таълим олишини тақиқлаб, тошбўрон қилиш каби жазоларни қайта жорий қилганини ҳисобга олсак, бу ғалати туюлиши мумкин. Бироқ, Толибон ва ИШИД ашаддий рақибдир ва 20 йиллик исёндан сўнг, Толибон ҳозир браконьердан қўриқчига айланган.

ИД Сурия ва Ироқда халифаликка эга бўлганидан сўнг, у Туркияга бемалол уча оладиган, автобусда чегарага етиб бориб, сўнг Сурияга ўта оладиган жангариларни жалб қилиши мумкин эди.

Бу ишга ёлланганлар, асосан, на ҳарбий тажрибага, на Сурияни парчалаб ташлаётган фуқаролар уруши ҳақида тушунчага эга эди. Уларнинг кўпчилиги майда жиноятчилар ва ўтмишда гиёҳванд бўлганлар эди. Улар орасида Ғарбий Лондондан бўлган, асирлари "Битлс" деб лақаблаган, Ғарб ёрдам ходимлари ва журналистларни асир қилиб, уларни қийноққа солган тўрт киши бор эди.

Бугунги кунда улардан бири ўлган, қолганлари қамоқда, жумладан, иккитаси умрбод қамоқ жазосини АҚШдаги қаттиқ режимли қамоқхонада ўтамоқда.

Аммо ИД ўзининг онлайн оммавий ахборот воситалари орқали ҳужумлар уюштиришда давом этмоқда. Ҳозирда унинг иккита асосий шиори - Исроилнинг Ғазога тўққиз ойлик ҳужуми ва ИДнинг Сурия шимолидаги лагерларда сақланаётган аёллари ва болалари учун қасос олишга чақириқлар.

Африкага кўчиш

Ал-Қоида сингари ИД ҳам йўқолмаган ва тартибсизлик, умидсизлик ва ҳокимиятдагиларнинг нотўғри бошқаруви гуллаб-яшнайди.

Африканинг баъзи қисмларида ана шу уч турдаги шароит мавжуд. Сўнгги йилларда Саҳел мамлакатлар - айниқса, Мали, Нигер ва Буркина-Фасо - ҳарбий тўнтаришларни бошдан кечирди, бу эса беқарорлик кучайишига олиб келди.

Маҳаллий ҳукуматларга жиҳодчилар таҳдидини енгишга ёрдам бериб келган (ҳар доим ҳам муваффақиятли эмас) француз, америкалик ва европалик қўшинлар асосан қувиб чиқарилди ёки рус ёлланма жангарилар билан алмаштирилди.

Айни пайтда ИДнинг Африкада бешта филиали мавжуд бўлиб, уларни вилоятлар (вилоятлар) деб атайди, улар Ғарбий Африка, Чад кўли минтақаси, Конго Демократик Республикаси ва Мозамбик шимолида жойлашган.

Afrika

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, ИШИД ўз тармоқларига Саҳрои Кабирдаги Африка мамлакатлари, жумладан, Чадда асос солганини ҳам эълон қилган.

Бу ерда ҳам ИД Ал-Қоида билан тўғридан-тўғри рақобатда ва кўпинча қарама-қаршиликда фаолият кўрсатади. ИД ўз фаолиятини ҳам, назорати остидаги ҳудудларни ҳам кенгайтираётгани билан фахрланади. У баъзида ўзи курашаётган ҳукуматларга қараганда чаққонроқ кўринади, кўпинча олис ҳудудларда ўнлаб аскарлар ёки қишлоқ аҳолисини ўлдирадиган кутилмаган, ҳалокатли рейдлар ва пистирмалар уюштиради.

Африка 10 йил аввал Сурияда бўлгани каби халқаро жиҳодчилар учун географик магнитга айланганича йўқ. Туркия-Сурия чегарасида ёки ундан олдин Покистон шимоли-ғарбий қисмидаги қабилавий ҳудудларда бўлгани каби Африкага кўнгиллилар оқими йўқ. Аммо ИДга ҳали ҳам кўплаб ёлланганлари бор, асосан маҳаллий йигитлар.

Африкадаги кичик, маҳаллий, аммо ўта шиддатли можаролар Европа қирғоқларидан минглаб километр узоқликда содир бўлиши мумкин, аммо жиҳодчилар таҳдиди кучайгани сари, бу муқаррар равишда Африкадан кўпроқ муҳожирларни Европада хавфсизроқ ҳаёт излашга ундайди.

Европа ҳали ҳам нишон

2010-йиллар ўрталарида ўз қудратининг энг юқори чўққисида ИД Европада 2015 йилда Париждаги "Батаклан" концерт залига ҳужум қилиб, 130 киши ўлимига сабаб бўлган ҳужумларни уюштира олди.

Қотиллар Сурияда ўқитилиб, жўнатилган, кўплаб чегараларни осонлик билан кесиб ўтган ва Болқонда Калашников каби кучли автоматик қуролларни осон қўлга киритган.

Ўшандан бери ва Европа шаҳарларида содир этилган кўплаб ҳужумлардан сўнг полиция ва хавфсизлик идоралари ўртасида разведка маълумотлари алмашинуви сезиларли яхшиланди. Британия расмийлари ишонишича, ҳозир ИД ёки Ал-Қоида учун 2005 йилги Лондон портлашлари ёки 2015 йилги Батаклан каби яхши режалаштирилган ва мувофиқлаштирилган ҳужумларни уюштириш анча қийин (аммо имконсиз эмас).

Fransiya

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, ИШИДнинг Париждаги 2015 йилги ҳужуми Франция тарихидаги энг қонлиси бўлган.

Бунинг ўрнига, улар яккахон террорчилардан кўпроқ ташвишда: улар онлайн жиҳодчи тарғибот сабабли радикаллашган экстремистлар ва социопатлардир.

Буюк Британияда MI5 томонидан олиб борилаётган аксилтеррор тадбирларида асосан ИД ёки Ал-Қоидадан илҳомланган ҳужумларга эътибор қаратилмоқда. Европа ҳозир ҳам ИДнинг радарида турибди ва 2024 йил март ойида 140 дан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлган Москвадаги Крокус Сити Ҳоллга қилинган ҳужум ИДнинг Украинадаги урушда чалғиган душманга зарба бериш имкониятидан фойдаланиши мумкинлигини кўрсатди.

Бошқарув муаммолари

ИДнинг онлайн оммавий ахборот воситалари илгаригидек шиддатли эмас, аммо у нафрат ва қасос олишга чақириқларни тарқатиш учун истеъдодли график ва веб-дизайнерларни ёлламоқда.

Яқинда тарқатилган видеолардан бирида сунъий интеллект ёрдамида яратилган араб тилида сўзлашувчи маърузачининг шахсини ошкор қилмай ўз хабарини етказадиган жуда реалистик аватари тасвирланган эди.

2019 йилда Абу Бакр ал-Бағдодий ўлимидан сўнг ИД раҳбариятидаги шахсларни хавф таъқиб қилмоқда. "Ал-Қоида"нинг собиқ етакчиси Усама бин Ладенга хос доимий, харизматик онлайн чиқишлар бўлмаса, еткчиларнинг ўз издошлари билан алоқаси узилиб қолиши мумкин.

Бироқ, бу жиҳодчиларнинг қисқа умр кўриши билан мувозанатланади. Улар оммага қанча кўп чиқиш қилса, шунча тез ўз жойини ошкор қилиб қўйиши ва ҳужумга учраши мумкин.

ИДнинг амалдаги раҳбари ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002