Мирзиёев, Ўзбекистон, Тошкент: Саволлар кўп, жавоблар-чи?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистон ташқи сиёсатда фаоллашмоқчи. Мустақил ташқи муносабатлар ўрнатмоқчи. Минтақада етакчи ўйинчи давлатга айланмоқчи. Энди ташқи дунёда кўплаб ва турфа дўстлар орттирмоқчи. Толибон дипломатияси ҳам кучаймоқда. Ҳаракат янада кўпроқ дипломатик плацдарм ва легитимлик истайди...
Бу - Тошкентнинг Толибондан, Толибоннинг Тошкентдан истаги нима экани саволига қатор маҳаллий ва минтақавий таҳлилчилар жавобларининг умумий мазмуни.
Толибон сиёсий идорасининг ҳайъати ҳаракатнинг қарийб чорак асрлик тарихида илк бор ўтган ҳафта Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган. Пойтахт Тошкентда Ўзбекистон томони билан расмий музокаралар олиб борган.
Бу каби воқеълик Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида узоқ йиллик афғон можароси ечимида дипломатик воситачи бўлиш истагини изҳор этган бор-йўғи икки йилча вақтнинг ичида кузатилган.
Айрим таҳлилчилар буни янгича ўзбек дипломатияси, Ўзбекистон мустақил ташқи сиёсатининг қисқа вақтда қўлга киритган салмоқли ютуғига йўйишган.
Бошқалари эса, расмий Тошкент бу каби "ютуқ"қа Толибонга "бефарқ" бўлмаган минтақадаги икки қудрат - Россия ва Хитойнинг аралашувисиз ҳеч қачон муваффақ бўла олмаган бўлишини иддао қилишган.
Толибон сиёсий идораси ҳайъатининг бундан аввал бу икки давлатда бўлиб қайтгани, гўёки, айни мазмундаги даъволарга замин яратган.

Сурат манбаси, President.uz
Яна бирларига кўра, Афғонистонда ҳужумларига зўр бериш баробарида минтақада ўз сиёсий ҳозирлигини кучайтириш истагида бўлган Толибоннинг ўзи бундайин қулай имкониятни қўлдан бой бермаган, Тошкентдан "таклиф" бўлиши биланоқ, унга "лаббай", деб жавоб берган. Узоқ куттириб ўтирмаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг сўнгги ойлардаги баёнотлари эса, Толибон ҳайъати Тошкентга амалий ташрифининг изчил дипломатия ва музокаралар натижаси эканига оид хулоса чиқаришга асос берган.
Таъкидлаш жоиз, бундан олдин Афғонистонга бевосита чегарадош яна бир минтақа давлати - нейтрал Туркманистон ҳам бир эмас, бир неча бор афғон можаросига сиёсий йўл билан ечим топишга қаратилган тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифи билан чиққан.
Туркманистоннинг, таҳлилчилар эътирофида, аввалбошдан Афғонистон Толибон ҳаракати билан алоқалари бошқа ҳеч бир минтақа давлати билан бўлмагани каби "яхши" экани кузатилган эса-да, бу - Ўзбекистон мисолида Толибон сиёсий идораси ҳайъатининг бир Марказий Осиё давлатига уюштирган илк амалий ташрифи бўлган.
Шундай экан, Тошкент Толибонга, Толибон Тошкентга нега керак? Илк амалий ташриф нимани англатади? Афғон можаросининг Ўзбекистон аралашувидаги дипломатик ечимида қанчалик умидбах бўлишга асос беради?
Раҳимуллоҳ Юсуфзай,
Покистон, Толибон масалалари бўйича таҳлилчи:

Сурат манбаси, facebook
Менимча, Толибон Ўзбекистон ҳукуматининг таклифи билан Тошкентга сафар қилган. Чунки улар ўзларини таклиф қилган томонларга ҳеч қачон йўқ, дейишмайди. Дейлик, бундан аввал Россия, Хитой, Эрон ва бошқа давлатларда ҳам бўлишган. Бирор бир давлатга таклиф қилишса ва у ерга бора олишса, толиблар бундан фақат хурсанд бўлишади. Чунки бу каби сафар ва мулоқотлар уларга, таъбир жоиз, қонунийлик тусини беради. Толиблар афғон можаросининг муҳим иштирокчиси сифатида қабул қилинади. Шунинг учун улар бунга ўхшаш таклифларни ҳеч қачон рад қилишмайди. Ўзбекистон, айниқса, сўнгги ойларда афғон можаросига якун ясашга қаратилган саъй-ҳаракатларини ниҳоятда кучайтирган. Пойтахт Тошкент яқинда бу хусусда йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилди. Ҳар икки давлат мулозимларининг ўзаро ташрифлари фаоллашди. Ўзбекистон ҳукумати Толибон билан мулоқот ўрнатишга ҳам муваффақ бўлди. Демоқчи бўлганим, расмий Тошкент тинчлик жараёнида иштирок этмоқчи. Афғон можаросига чек қўйишга уриниб кўрмоқчи. Чунки Ўзбекистон Афғонистоннинг девор-дармиён қўшниси. Шунинг учун ҳам бундан чуқур манфаатдор. Ҳар икки томоннинг истаклари эса, уларнинг музокаралар ортидан чиқарган баёнотларида кўриниб турибди. Ўзбекистоннинг баёнотида сўз тинчлик жараёни, афғон можароси сулҳу мадора йўли билан ечилиши ҳақида боради. Толибон эса, ўзининг баёнотида хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан ортга сафарбарлиги масаласига ҳам тўхталган. Бу - ҳаракатнинг тинчлик музокаралари учун қўяётган асосий шарти. Менимча, улар бу мавзуларнинг барчасини муҳокама этишган. Шуни айтишим керакки, томонлар ҳозирги босқичда кўп нарсага эриша олмасликлари мумкин. Аммо бу - яна бир қўшни давлатнинг дипломатик воситачи бўлиш уриниши ва Ўзбекистон томонидан қўйилган ижобий бир қадам, яхши бир ташаббус. Қанча кўп давлат бу ишга бош қўшса, толиблар, афғон ҳукуматига босим ҳам шунча кўп ортади. Бу икки томон эса, шунча мамлакатнинг бундан манфаатдор эканини кўриб, алал-оқибат тинчлик жараёнини жонлантиришади. Бошқа томондан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам ўзаро муҳокамалар кун тартибидан бир четда қолмаган. Афғонистон тинч бўлиши учун маҳаллийси бўладими ва ёки хорижийси, барча исёнчи гуруҳлар бирдек урушишни бас қилишлари, бирдек қўлларидан қуролларини қўйишлари лозим. Бунга рози бўлмаганлари эса, маҳв этилиши керак бўлади. Расмий Тошкент Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Афғонистондаги ҳозирлигидан хавотирда. Улар ҳам афғон ҳукумати ва ҳам Толибоннинг ҳаракат ва бошқа исёнчи гуруҳларга бошпана беришларини исташмайди. Бу Ўзбекистон учун муҳим. Юқори мартабали Толибон мулозимининг "Тошкентда ўз сиёсий идораларини очганликлари"га оид гапи мен учун ҳам кутилмаган бўлди. Чунки ҳаракат сиёсий идорасининг ҳайъати бундан аввал, дейлик, Россия ва Хитойда ҳам бўлган. Аммо Толибон бундай иддао билан чиқмаган. Шуниси мени ҳайратга солди. Чунки афғон ҳукуматига хуш ёқмаслиги боис, Ўзбекистон томони бу масалада ниҳоятда эҳтиёткор бўлади. Бу - ҳақиқатдан йироқ бир даъво. Менимча, бу толибларнинг талаби, истак-хоҳиши бўлган бўлиши мумкин. Бошқа томондан, Қатардаги сиёсий идораси шундоқ ҳам фаол. Шундай бўлгач, уларга бошқа бир офис нега керак бўлиши мумкин? Устига устак, бунгача Бирлашган Араб Амирликлари бўладими, Саудия Арабистони ёки Туркия - кўплаб давлатлар Толибонга шундай таклиф билан чиқишган. Лекин Толибон шу пайтгача Қатардан бошқа бирор ерда ўз сиёсий идорасини очмаган-ку! Шу боис ҳам, бу хабардан ҳайратдаман. Жуда ғалати. Балки улар шу йўл билан янада кўпроқ давлатлар ўзлари билан алоқада, мулоқотда эканликларини кўрсатмоқчи бўлишгандир. Эҳтимол, ўзларига бориб, сиёсий идораларини очишни таклиф қилаётганлар озмунча эмаслиги, ўзларининг қанчалик керакли эканликларини намойиш этмоқчи бўлишган. Чунки аввал ҳам айтганимдек, Толибон легитимлик истайди. Ўзини Афғонистон масаласида муҳим шерик ва ўйинчи сифатида қабул қилишларини хоҳлайди. Ўзларисиз Афғонистонда тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини кўрсатмоқчи бўлади.
Довуд Аъзамий,
Би-би-си Афғон Хизматининг муҳаррири:

Сурат манбаси, facebook
Толибон сиёсий идораси ҳайъатининг пойтахт Тошкентга илк амалий ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг фаоллашаётганини кўрсатади. Расмий Тошкентнинг Афғонистон масаласида фаол ўрин тутиш истагига далолат қилади. Бу ташриф Толибон учун ҳам муҳим. Чунки Ўзбекистон ўзлари билан музокаралар олиб бораётган ва ҳатто, ҳайъатларига мезбонлик қилган яна бир давлатга айланди. Яъни, ҳар икки томон учун ҳам бу - ижобий олдинга силжиш. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим давлатлардан бири. Устига устак, Афғонистонга бевосита чегарадош. Ўзбекистон, бундан ташқари, 90-йиллар бошларида Толибонга қарши курашида Афғонистондаги ҳозирда собиқ Шимолий Альянсни дастаклаган. Бугунга келиб эса, ташқи сиёсатини ўзгартирган, ўзига кўплаб ва турфа дўстлар орттириш истагидаги давлатга айланган. Ўз музокаралари ва қўлловини биргина афғон ҳукуматининг ўзи билан чекламаган. Толибон билан ҳам мулоқотлар олиб бориш ҳаракатига тушган. Ўзбекистон ҳам минтақадаги бошқа кўпгина давлатлар каби афғон можаросининг ҳарбий эмас, музокаралар йўлида ечим топишига ишонади. Шу боис ҳам, улар Толибон ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги бевосита музокараларга воситачилик қилишга уринишмоқда. Худди шу мақсадда Толибон билан музокаралар олиб боришаётганини айтишмоқда. Ўзбекистоннинг дипломатик жабҳада нега бунчалик фаоллашаётгани сабаби ҳам шунда. Бошқа томондан, Афғонистонда зўравонликлар давом этаверса, бунинг қўшниларига ҳам таъсири салбий бўлади. Чунки Афғонистонда афғон ҳукуматига қарши жанг олиб бораётган ёки афғон тупроғидан бошпана топган ўзбек жангарилари бор. Биз яқинда Ўзбекистонга қўшни Тожикистонда бир гуруҳ хорижлик сайёҳларга қарши уюштирилган ҳужумга гувоҳ бўлдик. Унга масъулиятни эса, ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиқди. Худди шунга ўхшаш воқеа, демак, бошқа бир Марказий Осиё давлатида ҳам юз бериши мумкин. Шу боис, бу давлатлар Афғонистондаги давомий зўравонликлар алал-оқибат ўзларининг миллий хавфсизликларига ҳам таҳдид солиши мумкинлигидан хавотирдалар. Ўзбекистон аллақачон Толибон ҳаракати ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги бевосита музокараларга мезбонлик қилиш таклифи билан чиқди. Аммо, сизга яхши маълумки, Толибон энг аввало Америка Қўшма Штатлари билан музокаралар олиб бормоқчи. Чунки ҳаракат уларни Афғонистондаги энг асосий ўйинчи куч сифатида кўради. Муаммо шунда. Ўзбекистон, бунга қарамай, янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида, айниқса, минтақада фаол ўйинчи давлатга айланмоқчи. Мустақил ташқи муносабатлар қурмоқчи. Умуман олганда ҳам, сўнгги пайтларда музокараларга бўлган қўллов ортмоқда. Ҳатто америкаликларнинг ўзлари ҳам толиблар билан мулоқот қилишимиз керак, дейишмоқда. Ўтган ой икки томон ўртасида илк музокаралар ҳам бўлиб ўтди. Яна бир неча ҳафтадан кейин эса, навбатдаги босқичининг бўлиб ўтиши кутилади. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан бир четда қолмоқчи эмас. Минтақадаги жараёнларда ўзларининг ҳам ижобий ўрин тутишларини кўрсатмоқчи, намойиш этмоқчи. Ўзбекистон томони билан мулоқотлар Толибон учун ҳам ижобий воқеълик. Чунки улар имкон қадар кўпроқ давлат билан алоқада бўлишмоқчи. Уларнинг наздларида Ўзбекистон ҳам Толибонни афғон можаросидаги қудратли томонлардан бир сифатида эътироф этиб, музокаралар олиб бориш истагида бўлган яна бир давлат бўлади. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Толибон дипломатиясининг ҳам фаоллашиб бораётганига далолат қилади. Ҳозирги босқичда самараси борасида сўз юритишга жуда эрта экани боис, Толибон сиёсий идораси ҳайъатининг Тошкентга илк амалий ташрифига Ўзбекистон мустақил ташқи сиёсатининг муваффақияти сифатида баҳо беришга бироз шошмаган бўлардим.
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Франция

Сурат манбаси, facebook
Бу ерда ҳар икки томоннинг ҳам манфаатлари ҳақида гап кетади. Бир томони Тошкент, иккинчи томони толиблар. Маълумки, Афғонистон давлатчилиги ўта қийинчилик билан бўлса-да, шаклланаяпти. Афғонистон куч ишлатар тизимлари шаклланаяпти. Афғонистон полицияси, Мудофаа вазирлиги, Истихборат, хавфсизлик кучлари...Толиблар бу тенденция узоқ йиллар давом этадиган бўлса, ўзларининг аста-секинлик билан бўлса-да, мутлақ сиқиб чиқарилишларини билади. Демак, толибларни бугунги кунда хавотирга солаётган яна бир нарса - Ғарб коалициясининг Афғонистондан чиқмаслиги ҳам. Чунки Ироқ тажрибасидан кейин Афғонистонда бу хато такрорланмайди. Мана, кейинги йилларда АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам ўзларининг Афғонистондаги иштирокларини кучайтирса, кучайтираяптики, сусайтираётгани йўқ. Толиблар шундан хавотирга тушган. Яъни, олдингидек ҳарбий йўл билан, терактлар билан ҳокимиятга тўлақонли келолмасликлари аниқ. Худди шунинг учун ҳам, бир томондан терактларни амалга ошираяпти. Иккинчи тарафдан, дипломатияга урғуни кучайтираяпти. Энди, Ўзбекистоннинг манфаатларига келадиган бўлсак, расмий Тошкент толибларга нисбатан "бу - хавфли гуруҳ", деган дунёқарашдан воз кечгани йўқ. Лекин, толиблар ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон дипломатияси жудаям эҳтиёткорона йўл тутмоқда. Улар ҳақида салбий фикр билдирмаслик, жудаям мақтаб юбормаслик қабилидаги ёндашув пайдо бўлган. Ўзбекистоннинг манфаати бу - толиблар билан мулоқот ўрнатиш ва улардан Ўзбекистонга бўлиши мумкин бўлган зарарларни минималлаштириш. Энди, бугунги кунда толиблар Ўзбекистонга бостириб кира олмайди. Толибон 90-йиллар бошидагига ўхшаш "Рамазон рўзасини Самарқанд ва Бухорода нишонлаймиз" каби баёнотларини бугун бермайди, бера олмайди. Лекин Ўзбекистоннинг хавотири Афғонистоннинг қайта бошдан ўзбек муҳожирларига полигон ёки иккинчи бир давлат бўлмаслиги. Расмий Тошкентда ана шундай бир хавотир ҳам бор. Президент Мирзиёев Афғонистонга муносабатларини комплекс равишда ўзгартирди. У марҳум Ислом Каримов маъмуриятиникидан кўра бошқача. Афғонистон фақатгина хавфсизлик эмас, Афғонистон бу - иқтисодиёт, геосиёсат, у ердаги этник ўзбеклар билан ҳамкорлик - ана шундай комплекс муносабатни шакллантираяпти. Агар, эътибор берсангиз, Афғонистоннинг асосан учта қудратли қўшниси бор. Бу - Покистон, Эрон ва Ўзбекистон. Демакки, толиблар Покистон билан, бир томондан, доимий зиддиятда, конфликтда. Иккинчи томондан, "ҳар доим улар билан ҳамкорликда". Демакки, бугун Покистон толиблар ва ташқи дунё ўртасида воситачи бўла олмайди. Икковлон ўртасидаги зиддият етарлича. Энди Эронга келсак, Эрон бунга ўхшаш ташаббус билан чиқа олмайди. Толиблар билан Эрон ўртасида маълум бир даражада, чекланган бир даражада ҳамкорлик, манфаатдорлик бўлиши билан бирга, Эронга нисбатан мафкуравий қараш ҳам бор. "Улар шиа, биз сунниймиз", деган фундаментал мана шундай бир омил бор. Энди, Ўзбекистонда ҳокимиятнинг ўзгариши, янги ҳукуматнинг қудратга келиши бу - толиблар учун қулай бир сиёсий фурсат. Яъни, толиблар учун, Афғонистон учун Ўзбекистоннинг репутацияси, янги ҳокимиятнинг репутацияси бу - мутлақ бир янги ҳолат. Ва икки томон ҳам - толиблар ҳам, Ўзбекистон ҳам янги шаклланган вазиятдан фойдаланишга ҳаракат қилаяпти. Ўзбекистон тарафи, агар, эътибор берсангиз, Афғонистон бўйича ҳам, толиблар бўйича ҳам ҳеч қандай бир шарт қўймаяпти. Фақатгина Ўзбекистон томонининг билдираётган позицияси шундан иборатки, афғон можаросига тинч йўл билан ечим изланиши керак ва толибларни тўлиғича инкор қилиб, Афғонистонда тинчликка эришиб бўлмайди. Бўлди. Яъни, бу ерда учинчи бир нуқта мавжуд эмас. Лекин Ўзбекистоннинг асосий манфаатдорлиги - Афғонистонда ҳозирги ҳокимият қолсин, коалиция чиқиб кетмасин, лекин толиблар билан ҳам қандайдир контактлар, келишувлар бўлиши керакки, балким, босқичма-босқич толиблар ва жорий афғон ҳукумати ўртасида бир ишонч нуқталари яратишга муваффақ бўлармиз, деган бир умид бор, холос. Толиблар эса, бугунги кунда ўзлари учун бир қанча дипломатик плацдармлар излаяпти. Жумладан, бу - Бирлашган Араб Амирликлари бўлсин, Қатар бўлсин, ҳаттоки Саудия Арабистони, Покистон бўлсин, жумладан, Ўзбекистонни ҳам мана шу қаторга қўшаяпти. Демак, бир нечта нуқталардан, бир қанча йўналишлар орқали ташқи дунёга сигнал бериш ва бир томондан босим ўтказиш, иккинчи томондан дипломатик алоқаларни олиб боришни Толибон ўзининг олдига мақсад қилиб қўйган.
Фарҳод Толибов,
Сиёсий таҳлилчи, Тошкент

Сурат манбаси, facebook
Бундай контактлар олдин, Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов даврида ҳам бўлган. Масалан, Мулла Умар Толибон ҳаракатига бошчилик қилган пайтда ҳам Ўзбекистоннинг дипломатик вакиллари у билан ҳам учрашиб, турлича каналлар орқали алоқалар ўрнатиб, музокаралар олиб боришга ҳаракат қилишган. 6+2 контакт гуруҳи доирасида мана шундай ҳаракатлар, ташаббуслар бўлган эди. Лекин, биз биламиз, аслида бундай музокаралар, бундай учрашувлар қандайдир бир натижага олиб келгани йўқ. Афғонистонда вазият, барибир, барқарорлашмаган. Охир-оқибат у ерда фуқаролар уруши авж олиб кетди. Шунинг учун ҳам, энди Толибон ҳайъати билан учрашув бўлганидан кейин вазият қанчалик ўзгараркин, билмадим. Мен фақатгина ўша олдинги тажриба, олдинги тарихга назар ташлаб, бу - биринчи учрашув эмас, деган ҳолда бироз пессимистик кайфиятда турибман, бироз пессимистик фикрларим мавжуд. Лекин, умид қиламиз, кўрайлик-чи, вазият қанчалик ҳақиқатан ҳам ўзгариб, бундай учрашувлар, бундай музокаралар ўз самарасини бераркин...Бу масала кўп жиҳатдан Афғонистондаги ички вазиятга ҳам бориб тақалади. Афғонистонда ҳанузгача аниқ, конкрет бир қиёфага кирган, марказлашган давлатчилик унсурлари, элементлари, институтлари қурилмаган. Мавжуд эмас. Бу жуда заиф, парокандага учраган давлат бўлганлиги учун ҳам, ички вазият мана шундай - биз гувоҳ бўлиб турганимиздек бўлиб турибди. Яъни, жамият ҳам, миллат ҳам, давлат ҳам бир якдил бўлиб, инглиз тилида буни "nation building" дейди, шу жараён охирига етмаган. У ерда турли қабилалар, турли сиёсий кучлар бир-бирлари билан келишиб, якдил бўлиб, бир миллатни ҳали шакллантирмаган. Худди шунинг учун ички вазиятнинг ўзи ҳам турлича беқарорликларга сабаб бўлаяпти. Шу боис , агарда, биз ташқи кучларнинг, халқаро ҳамжамиятнинг ҳиссаси бўлиши керак, ёрдам бериши керак, десак бу ҳам тўғри бўлади. Лекин, шу билан бирга, Афғонистоннинг халқи, жамияти, ҳукумати ҳам мамлакатнинг ичкарисидан лозим чораларни кўриб, ҳаракатларни қилиши керакки, ўша ўтмишдан, тарихдан қолган турлича ижтимоий иллатлар бартараф этилиши керак, деб ўйлайман.
Би-би-си: Афғонистонда асос солган Исломий Амирлиги 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан қулатилган Толибон ҳаракати афғон тупроғида жанг қилаётган ва минтақада фаол бўлган энг йирик жангари гуруҳи саналади. Халқаро ҳарбий доираларда гуруҳ аъзоларининг сони ҳануз бир неча ўн мингга нисбат берилади. 1996 йилда асос солинган бу ҳаракат билан ҳеч бир томоннинг орада кечган вақт давомида тинчлик музокаралари олиб бориш уринишлари самара бермаган. Ҳаракатнинг бунинг учун асосий шарти - бирор бир хориж ҳарбийсининг афғон тупроғида қолмаслиги бўлиб келади. Катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг ортга сафарбарлиги ортидан кечган тўрт йил ичида Толибон яна бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишга муваффақ бўлган. Афғонистонда берилаётган қурбонлар сони эса, ҳар йили бир-бирини янгиловчи рекорд сонга етган. Янги президенти Дональд Трамп бошчилиги остида янги АҚШ маъмурияти, аксинча, янги стратегияси доирасида Афғонистондаги қўшинлари сонини қайта оширишга қарор қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












